Савдо корхонаси (МЧЖ) ўз товарини харидорга ўз машинасида етказиб беради. Корхонада икки киши – директор ва ҳайдовчи ишлайди. Йўл варақасини расмийлаштиришда диспетчер, шифокор ва механикнинг имзолари бўлиши зарур.
1. Диспетчер ва механик вазифаларини корхона директори зиммасига юклаш мумкинми?
2. Тижорат асосида юкларни ташиш хизматларини кўрсатмайдиган корхонада ҳайдовчини тиббий кўрикдан ўтказиш мажбурийми?
Е.Чернова, бош бухгалтер.
1 |
Ҳа, диспетчер ва механик вазифаларини директор зиммасига юклаш мумкин.
Сизнинг ҳолатда бу бир неча лавозимда ишлаш ҳисобланади. Ходим томонидан меҳнат шартномасида кўрсатилган ўзининг асосий иши билан бир қаторда айни шу ташкилотда асосий касб ва лавозим бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган иш вақти давомида бошқа касб ва лавозимдаги қўшимча ишни бажариш бир неча касбда ва лавозимда ишлаш ҳисобланади (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 20-банди). Шуни қайд этиш лозимки, бир неча касбда ва лавозимда ишлашга шундай касб ва лавозим бўйича бўш иш ўрни мавжуд бўлганда ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ходим томонидан вақтинчалик йўқ бўлган ходимнинг вазифаларини бажаришда йўл қўйилади. Ходим қўшимча ишни бажарадиган муддат, унинг мазмуни ва ҳажми иш берувчи томонидан, ходимнинг ёзма розилиги бўйича белгиланади (Низомнинг 22-банди). Касблар ва лавозимларда бир неча касб ва лавозим асосида ишлаганлик учун қўшимча ҳақ тўланади. Бунда унинг миқдори, агар жамоавий шартномада ёхуд иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишган ҳолда қабул қилинган бошқа ички ҳужжатда ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, томонларнинг келишуви бўйича белгиланади. Бюджет ташкилотларида бир неча касб ва лавозимда ишлаганлик учун қўшимча ҳақ тўлаш миқдори бир неча касб ва лавозимда ишланаётган лавозим бўйича маошнинг (тариф ставкасининг) 50%идан ортиқ бўлиши мумкин эмас, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ҳолатлар бундан мустасно. У бюджет ташкилотларининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондида назарда тутилган маблағлар доирасида тўланади (Низомнинг 25-банди).
2 |
Ҳа, тиббий кўрикдан ўтказиш мажбурий.
Иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан айрим тоифадаги ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт (МКнинг 214-моддаси). Шунингдек Меҳнат шароити ноқулай ишлар ва бажарилаётганида дастлабки тарзда ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтилиши лозим бўлган бошқа ишлар рўйхатида (АВ томонидан 29.08.2012 йилда 2387-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга 2-илова) тўғридан-тўғри транспорт воситаларини, шу жумладан ташкилот ичида ҳаракатланадиган транспорт воситаларини бошқариш билан боғлиқ ишлар назарда тутилган. Юқорида кўрсатилган ишларда банд бўлган ходимлар 2 йилда 1 марта тиббий кўрикдан ўтказилиши керак.
Шу тариқа, ташкилотингиз фаолият туридан қатъи назар, унинг директори ҳайдовчи тиббий кўриклардан ўтишини ташкил қилиши шарт (ишга қабул қилиш чоғида дастлабки тарзда ва вақти-вақти билан – 2 йилда 1 марта).
Саодат Усмонова,
«Norma» МЧЖ эксперти.