«Эшитдингизми? Ширкатлар бўлмас эмиш...»
Эркин мавзудаги иншолар
Миш-мишлар қанчалик ғаройиб бўлса, уларга шунчалик кўп ишонадилар. Ҳар биримизга бевосита алоқадор бўлган уй-жой соҳасида бугунги кунда улар жуда кўп. Оғиздан-оғизга яшин тезлигида ўтиб, ақлларни жунбушга келтирмоқда, ижтимоий тармоқларда тарқатилиб, уларга ҳар хил фикрлар билдирилмоқда. Кимдир уларни жамоатчилик фикри барометри деб ҳисоблайди. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, у ҳолда ушбу барометр меъёридан ортиқ ишлаб, капитал таъмирга муҳтож бўлиб қолди. «Бу йилдан бошлаб ширкатлар бўлмас эмиш, аввалги уй-жойдан фойдаланиш идораларини (ЖЭК) қайтарармишлар». «Ҳаммага бир хил тариф белгиланармиш». «Уйдаги ҳар битта қаватга алоҳида бадал солинармиш». «Бир уйли ХУМШлар тақиқланармиш». «Хусусий бошқарувчи компаниялар ёпилармиш». «Барча бухгалтерлар ишдан бўшатилармиш». «Ширкатлардан муҳрлар олиб қўйилармиш» ва шу сингари ваҳимали гаплар. Мана шундай ўй-хаёллар ва фаразлар ҳукм сурмоқда.
УКХни ислоҳ қилиш доирасидаги ўзгаришлардан фуқароларнинг бехабарлиги, ХУМШ, бошқарувчи компаниялар (БК), ҳокимликлар ходимларининг (ана шу ўзгаришлар тезроқ рўй бериши уларга боғлиқ бўлганларнинг) улар моҳиятини тўлиқ англамаслиги бундай фикрлар юзага келишига замин яратмоқда. Бироқ асосий сабаб – уй-жой соҳасини янада такомиллаштиришга йўналтирилган қонун ҳужжатларига тузатишлар киритилмаганлигида, улардаги бир қатор нормалар амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга зид. Уларга киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар, шунингдек янги ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш босқичида турибди. Бироқ бу пайтда ақл бовар қилмайдиган миш-мишлару, очиқ-ойдин нотўғри маълумотлар қулоққа чалинмоқда.
Аҳоли ва ширкатлар раҳбарларини тинчлантирмоқчимиз. ХУМШ амалдаги қонун ҳужжатлари доирасида ишлашда давом этмоқда. Бошқа ҳаммаси бекор гап!
Уй-жой соҳасининг ижтимоий аҳамияти инобатга олинса, бу мавзудаги «иншолар» оғизга тушишини англаш мумкин. Уларга ҳуқуқий саводсизлик, очиқ-ойдин уйдирма, ҳозирча ишлаб чиқиш босқичида бўлган бир қатор янгиликларни рўёбга чиқариш учун ҳуқуқий дастакларнинг йўқлиги қўшилса, истеъмол учун хавфли таом ҳозир бўлади.
Бу миш-мишларни беғараз деб бўлмайди. Улар аҳолининг норозилигига, ўзгаришларга ишонмаслигига олиб келиб, уларнинг илгари сурилишига тўсқинлик қилади. Бўлажак ва бошланган ўзгартиришларнинг бундай талқин этилиши ғаразли ниятда қилинмаётганлигига ишонгимиз келади. Эскилик доим янгиликка қарши чиқади. Айниқса УКХ сингари мураккаб соҳадаги янгилик ўз ўрнини исталганидек тез эгалламайди. Шу сабабли ўз ишини хотиржам давом эттириш лозим.
Яна бир жиҳат. Ўтган йилларда уй-жой соҳасида ислоҳотларни рўёбга чиқариш амалиёти улар пойтахтда эмас, балки минтақаларда тезроқ ҳаётга татбиқ этилганлигини намоён этди. Маърифатли пойтахт янгиликларга бирмунча юқоридан туриб, танқидий назар билан қараган, оқибати қандай бўлишини кузатган. Ҳозирги вазият ҳам ўша тажрибани ёдга солмоқда. Минтақаларда бу жараён бир маромда кечади. Улар ўзгартиришларни яхшироқ қабул қиладилар деб ҳисоблаш мумкинми? Билмайман. Бироқ у ерда ХУМШ мавзусида шунча фикр эшитмаслигингиз тайин.
Яхши заминга сепилган уруғ баракали ҳосил беради, албатта. Шу боис ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш учун у тайёрланган бўлиши керак. Бунинг учун, биринчи навбатда, улар ҳақида аҳолини, шунингдек ислоҳотларга жалб этилган барча тузилмаларни ҳуқуқий жиҳатдан кенг хабардор қилиш даркор. Авваламбор бу Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, ХУМШ уюшмалари, профессионал бошқарувчи ва уй-жой фондига хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг вазифаси. Бунинг учун вақт бор. Янги ҳужжатларни кутамиз. Бу соҳадаги ўзгаришлар авж олиши учун биз, аҳоли ҳам бир чеккада кузатувчи бўлиб турмаслигимиз лозим. Келинг, ушбу ўзгаришларни қучоқ очиб кутиб олайлик. Миш-мишларга эса ишонмайлик.
ХУМШ тўғрисидаги ўринсиз миш-мишлар
1. «2018 йилда ХУМШ бўлмас эмиш...»
Ширкатлар – умумий мулкни биргаликда бошқариш ва тутиб турилишини, уй-жой фонди сақланиши ва таъмирланишини таъминлаш учун ташкил этиладиган хусусий уй-жой мулкдорлари бирлашмаларидир. Амалдаги қонун ҳужжатлари доирасида улар уй-жой соҳасида фаолият юритувчи асосий шахслар бўлиб қолмоқда. Ислоҳот улар иши самарадорлигини оширишга йўналтирилган.
2. «ХУМШ ўрнига йирик уй-жойдан фойдаланиш идоралари (ЖЭК) бўлармиш»
Мамлакатимизда ЖЭКлар давлатга тегишли кўп квартирали уй-жой фонди хусусийлаштирилгунча амал қилган. Уйларни қандай ва қачон таъмирлашни, уларга жорий хизмат кўрсатишни у ҳал қилган. Хусусийлаштиришдан кейин аҳоли турар жойлар мулкдорига айлангач, умумий мулкни сақлаш учун ХУМШ ташкил этилди. Турар жойлар биз, фуқароларга хусусий мулк ҳуқуқида тегишли экан, ЖЭКлар уй-жой соҳасига қайта олмайди. Бунинг учун уй-жой фондини хусусийлаштиришдан чиқариш зарур, биз квартираларимизни давлатга қайтаришимизга тўғри келади.
3. «Бир уйли ХУМШ бўлмасмиш. Уларни йирик ширкатларга бирлашишга мажбурлашармиш»
ХУМШга бирлашган уйлар сони юзасидан қарор қабул қилиш ширкат аъзолари умумий йиғилишининг хос ҳуқуқидир. Умумий мулк бошқаруви ва сақланишини қандай ҳамжамиятларда самарали йўлга қўя олишларини уларнинг ўзи ҳал этиши керак. Баъзилар учун бу – бир уйли ширкатлар, бошқалар учун эса – оптимал ва йирик ширкатлар.
4. «Мулкдорлар жамоасининг ХУМШ ташкил этмасдан кўп квартирали уйни бевосита бошқаришини тақиқлайдилар»
Кўп квартирали уй-жой фондини бошқаришда ХУМШ афзал кўрилади. Бироқ юридик шахсни ташкил этмасдан мулкдорлар жамоаси томонидан бевосита бошқариш варианти қонун ҳужжатларида назарда тутилган. Уй-жой мулкдорлари қайси бири – ХУМШ ёки ширкат ташкил этмасдан бевосита бошқариш маъқуллигини танлашга ҳақлилар.
5. «Уй-жой хизматлари бозорида ХУМШга хизмат кўрсатувчи профессионал бошқарувчи компаниялар бўлмасмиш. «Таъмирлаш-тиклаш хизматлари» ДУК тимсолидаги давлат тузилмалари қолармиш»
Уй-жой соҳасидаги давлат сиёсати кўп квартирали уйларнинг техник жиҳатдан сақланишига профессионал ёндашувни таъминлаш, бозор муносабатларини янада ривожлантириш, хизматлар сифатини оширишга қаратилган. Бунинг учун «Таъмирлаш-тиклаш хизматлари» ДУК ташкил этилмоқда, улар жорий ва авариявий хизмат кўрсатиш, кўп квартирали уйларни таъмирлаш хизматларини таклиф этадилар. Бошқарувчи компаниялар тимсолидаги тижорат тузилмалари бозорда ишлашда давом этади.
6. «ХУМШда ижрочи директор бўлмасмиш, Ширкатлар ДУКка қарармиш»
Кўп квартирали уйларни бошқариш, хизмат кўрсатиш, сақлаш усулини танлаш турар жойлар мулкдорларининг ҳуқуқи. Улар шартнома бўйича хизматларни кимга: давлат, хусусий тузилмага буюртириш ёхуд ХУМШнинг кучи билан уйга хизмат кўрсатишда давом этиш юзасидан умумий йиғилишда қарор қабул қиладилар. Ширкатлар тегишли малака ва кўникмаларга эга бўлмаган тасодифий шахсларга эмас, уй-жой фондининг профессионал бошқарувига йўналтирилмоқда. Акс ҳолда бу хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш сифатида ўзини намоён этади, мажбурий бадаллар самарасиз сарфланишига, белгиланган норма ва қоидаларга амал қилмай бажарилган иш учун масъулият йўқлигига олиб келади. Ширкат муваффақиятли ишласа, штатида уйларни сақлаш ишларини изга сола олган моҳир ижрочи директор бўлса, у бир маромда ишлайверади.
7. «ХУМШда бухгалтерлар бўлмасмиш. Бухгалтерияни «Таъмирлаш-тиклаш хизматлари» ДУКга топширишга мажбурлашармиш»
Уй-жой соҳасидаги ислоҳот бухгалтерия юритишга профессионал ёндашувни белгилайди. Кўпгина ширкатлар ишлар режаси, даромадлар ва харажатлар сметасини тўғри тузиб, мажбурий бадал миқдорини тўғри ҳисоблаб чиқара олмасликлари сабабли самарали ишлай олмайдилар. Булар ХУМШ фаолиятига таянч бўладиган бошланғич ҳужжатлардир. Уларнинг барчаси ҳам мажбурий бадаллар бўйича қарздорликни ундириш ишини йўлга сола олмайди, баланс, солиқ ва статистика ҳисоботларини тўғри туза олмайди. Бу хизматларни шартномавий асосда ДУК тақдим этади. Бухгалтерия билан мустақил шуғулланиш ёки хизматларни ДУКга буюртиришни танлаш ҳуқуқи ХУМШда қолади. Умумий йиғилишда ширкат аъзолари кўпчилик овоз билан бу ҳақда қарор қабул қиладилар. ХУМШда билимли бухгалтер ишлашда давом этса, ягона биллинг тизими яратилганда маълумотларни биллинг тизимига киритиш учун ДУКга ҳисобот тақдим этишига тўғри келади.
8. «Умумий мулкни сақлаш учун мажбурий бадал миқдорини ХУМШ аъзолари белгиламасмишлар. Бу билан УКХ вазирлиги шуғулланармиш»
9. «УКХ вазирлиги республикадаги барча уйлар учун битта бадал миқдорини белгилармиш»
10. «Ҳар битта қаватга алоҳида тариф белгиланармиш»
Президентнинг 24.04.2017 йилдаги ПҚ-2922-сон қарори билан УКХ вазирлигига ҳар йили мажбурий бадалларнинг энг кам миқдорларини тасдиқлаш вазифаси юкланди. Планка белгиланиб, ундан кам миқдорни белгилаш мумкин бўлмаслиги, ундан юқори белгиланишига эса рухсат берилиши назарда тутилмоқда. Ширкатлар бадалларни ҳисоблашда ушбу минимумни инобатга оладилар. Ҳозирча энг кам тариф белгиланмаган, ишлаб чиқиш босқичида турибди – ҳаммаси аввалгидек қолмоқда: ХУМШ даромадлар ва харажатлар сметаси асосида бадал миқдорини ҳисобламоқдалар.
Бадалларнинг энг кам миқдори минтақа, кўп квартирали уйнинг техник ҳолати, кўп квартирали уйларни сақлашнинг белгиланган норма ва қоидаларини ҳисобга олган ҳолда қавати, сақлаш ва таъмирлашга реал эҳтиёжига қараб белгиланиши мўлжалланмоқда. Бадал кўп квартирали уйнинг ҳар битта қавати учун белгиланмайди.
Аксарият ХУМШларда бадаллар миқдори кўп квартирали уйларнинг реал техник ҳолатини инобатга олмаслиги, аслида уларни сақлаш харажатлари шунга қараб ҳисобланиши лозимлиги қонунчиликка ушбу норма киритилишига сабабчи бўлди.
11. «Аҳолининг барча бадаллари Таъмирлаш-тиклаш хизмати ёки Ягона ҳисоблаш маркази счётларига ўтказилармиш»
Уй-жой мулкдорларининг умумий мулкни сақлашга бадаллари ширкатнинг ҳисоб-китоб счётига ўтказилади. ХУМШ аъзолари умумий йиғилишда бухгалтерия хизматларини ЯҲМга ёки техник хизмат кўрсатишни ТТХга буюртириш ҳақида қарор қабул қилсалар, ширкат ушбу тузилмалар билан шартнома тузади, унга асосан хизматлар ҳақи тўланади.
Жавоблар айни пайтда амал қилаётган қонун ҳужжатлари асосида тайёрланди.
Бошқалар учун ўрнак
Шаҳар тозалиги учун масъулият
Ахлат йиғиш бизнесини қандай ташкил этиш мумкин
Илгари қаттиқ маиший чиқиндиларни (ҚМЧ) олиб чиқиш хос ҳуқуқи фақат давлат тузилмаларига тегишли эди. Сўнгги йилларда уни хусусий тадбиркорлар фаол ўзлаштирмоқдалар. Фуқароларимиз ивирситишни яхши уддалайдилар, шу сабабли ҚМЧни йиғиш хизматлари – аҳоли ва юридик шахслар орасида барқарор талабга эга бўлган фойдали бизнес. Бу соҳанинг ўзига хос жиҳатлари ва таваккалчиликлари мавжуд.
Бозордаги иккита оператор
Уй-жой соҳаси вакилларининг кўпчилиги УКХда хусусий бизнеснинг келгуси тақдирини қизғин муҳокама қилаётган паллада Олмалиқдаги «Сиҳат Саломатлик Строй» ИЧБТ ХК (бундан кейин – бошқарувчи компания, БК) раҳбари Абдураҳим Юсупов ўз ишини йўлга солиб олди. Бу соҳада гап-сўзга ўрин йўқ. БК «Тоза Ҳудуд» ДУК билан биргаликда шаҳар тозалиги, ҚМЧ олиб чиқилиши учун жавоб беради. Илгари бу билан Олмалиқ санитария тозалаш бошқармаси шуғулланган, бироқ ҳажмларни уддалай олмаган. Ҳозир 2 та – давлат ва хусусий оператор ишга солинган. Янги давлат тузилмаси Президентнинг 21.04.2017 йилдаги ПҚ-2916-сон қарорига мувофиқ ташкил этилиб, ярим йил аввал ишга киришди. Хусусий компания бу соҳада ўз ўрнига эга, 5 йилдан буён ишламоқда.
Бозорда 2 та хўжалик юритувчи субъект мавжуд экан, тўлақонли рақобат хусусида сўз юритиб бўлмайди. Бироқ вазият ўзгариши тайин. Ҳозир чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш, шаҳар ва туманлар санитария ҳолатини яхшилаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. ПҚ-2916-сон қарор билан ушбу йўналишдаги туб чора-тадбирлар белгилаб берилган. Унда бозор муносабатларини янада ривожлантириш, шу жумладан унга хусусий бизнесни фаол жалб этиш ҳам назарда тутилган.
Ўз фаолиятини бошлаш чоғида «Сиҳат Саломатлик Строй» кўрсатадиган хизматлар рўйхатида ҚМЧни олиб чиқиш арзимас улушни ташкил этган бўлса, ҳозир – қарийб 70%. Тадбиркорлар 164 та кўп квартирали уй аҳолисига хизмат кўрсатадилар. 10 287 та абонент билан шартномалар тузилган. Кўп квартирали уйларда яшовчи 24 863 та фуқаро хизмат билан қамраб олинган. Жисмоний шахслардан ташқари, абонентлар орасида 83 та юридик шахс мавжуд.
БК ушбу соҳани энди ўзлаштира бошлаётганда қўл остида 2 та тиркамали трактор, самосвал, автоюкортгич бор эди. Бугун 28 та турғун ахлат йиғиш пункти, 114 та контейнерга эга. Ҳозирча улар хусусий корхонага текин фойдаланиш учун берилган. Бу давлат билан хусусий сектор шерикчилигининг яхши намунасидир, маҳаллий давлат ҳокимияти муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этувчи хусусий бизнес учун шарт-шароитлар яратиб, уни қўллаб қувватламоқда. Дарвоқе, бундай ташаббусларни татбиқ этишга йўналтирилган давлат билан хусусий секторнинг шерикчилигига доир қонун лойиҳаси 2017 йил июнда ҚҲТБТ порталида муҳокама учун эълон қилинган эди.
Махсус техника сотиб олиб, ташиш ҳажмини оширдилар
Хусусий бизнес ишсиз аҳолини ишлаб чиқаришга жалб этиб, иш ўринлари яратмоқда. «Сиҳат Саломатлик Строй» штатида 25 нафар киши ишлаб, вақтида маош олади. Булар – 10 та назоратчи, 6 та юк ортувчи, 3 та ҳайдовчи, тракторчи, пайвандловчи, механик, бош бухгалтер, ҳисоб-китоб бухгалтери, ижрочи директор.
Бугунги кунда БК яхши комплектланган моддий-техника базасига эга. ҚМЧни йиғиш бўйича самарали иши туфайли 2014–2015 йилларда республика шаҳарларида санитария жиҳатидан тозалаш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотларни махсус техника билан жиҳозлаш дастурига (ВМнинг 3.12.2013 йилдаги 315-сон қарорига 1-илова) киришга муваффақ бўлди. Тадбиркорлар қиймати 312 млн сўмлик 2 та замонавий пресс ўрнатилган ахлат йиғиш машинасини лизингга олиш имконини қўлга киритдилар (уларни йилига 9%лик 5 йилга берилган кредит ёрдамида сотиб олдилар). 2014 йилда битта шундай машина баҳоси 156 млн сўм эди, ҳозир – 487 млн сўм. Махсус техника ташиладиган чиқиндилар ҳажмларини ошириш, рейслар сонини қисқартириш, бензин тежаш имконини берди.
Олмалиқда жисмоний шахслар учун ҚМЧ олиб чиқиш хизмати қиймати ҳар бир кишидан 2 000 сўмни, юридик шахслар учун эса – 1 м3 учун 32 880 сўмни ташкил этади. Тўловлар йиғилиши даражаси анча юқори – қарийб 95%. Бу билан тўлов терминалларига эга назоратчилар шуғулланади. Улар БК ва банк билан уч томонлама шартнома имзолайдилар. Иш ҳақидан ташқари, уларга тўловлар йиғилишидан фоизлар ҳисобланади. Айрим абонентлар иш ҳақидан ушлаб қолиш йўли билан ахлат ҳақини тўлашни афзал кўрадилар.
Хусусий тадбиркорлар шаҳар ҳокимлиги, СЭХ ва Давлат экология қўмитаси тасдиқлаган жадвалга кўра чиқиндиларни кунора олиб чиқадилар. «Сиҳат Саломатлик Строй» «Биллинг» автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимига уланган, бу абонентлар ҳисобини юритиш, тўлов учун счётлар тақдим этиш ишини анча осонлаштиради.
– Истеъмолчилар билан ҚМЧ олиб чиқиш учун шартнома тузилади, – дейди Абдураҳим Юсупов. – Бироқ кўпинча контейнерларга қурилиш ахлати, санитария мақсадида кесилган дарахт шохларини ташлайдилар. Машина уларни пресслай олмайди – бузилади, фақат ҚМЧга мўлжалланган. Буларнинг бари, шунингдек уюмларни йиғиштириш – қўшимча хизматлар, БК уларни алоҳида ҳақ эвазига олиб чиқиши мумкин. ХУМШ, маҳалла қўмиталари, хизмат ҳақини тўлашда ўз назоратчиларимиз орқали буни аҳолига тушунтирамиз.
Битта ахлат йиғиш машинаси кунига қарийб 4 тонна чиқиндини пресслайди. Ойига барча машиналар қарийб 360 тонна чиқиндини олиб чиқади. БК махсус транспорти Оҳангаронда жойлашган ахлатхонага кунига 3–4 марта қатнайди. Бориб келиш масофаси – 34 км. Ҳар бир машинадан ҚМЧ туширганлик учун полигонда 41 минг сўм тўлаймиз. Ойига қарийб 4 млн сўмга айланади. Давлат тузилмаси бундай харажат қилмайди.
Хизматлар рўйхатида яна нималар бор?
Абдураҳим Юсупов УКХ соҳасида 10 йилдан ортиқ ишлаб келаётган тажрибали мутахассис. Доим ўзгаришлар ва янгиликларни тез қабул қилган, ислоҳотлардан ортда қолмаган. Кўп квартирали уйларни бошқариш илмини ўрганаётган ёшлар ундан ўрнак олсалар арзийди! 2000 йилда у Олмалиқда 3 та уйни бирлаштирган дастлабки ХУМШни очган. Олмалиқ ХУМШ уюшмаси раиси бўлган. Биринчилардан бўлиб уй-жой фондига хизмат кўрсатувчи хусусий корхона ташкил этган. Ҳозир «Сиҳат Саломатлик Строй»дан ташқари 9 уйли (454 та квартирали) «Уй Жой Хизмати» ширкатига бошчилик қилади, Ўзбекистон уй-жой фондини профессионал бошқарувчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар уюшмаси муассиси ҳисобланади.
Шаҳар тозалиги хусусидаги ташвишлардан ташқари, «Сиҳат Саломатлик Строй» том, йўлаклар, фасадларни таъмирлаш, муҳандислик коммуникацияларини алмаштиришга ихтисослашган. Бу ишларни бажаришга мутахассислар вақтинчалик шартномалар бўйича жалб этилади. Шаҳарда 36 та ХУМШ, 3 та бошқарувчи компания фаолият юритади. Ширкатлар асосан кўп уйларни бирлаштирадилар, шу сабабли ўз кучлари билан хизмат кўрсатишни афзал кўрадилар. Хусусий корхонага капитал ва жорий таъмирлаш доирасидаги ишларни буюртирадилар. Ҳозир республикадаги аксарият ширкатлар кредит тўламоқда, бу эса БК хизматларига талаб камайишига олиб келмоқда. Бироқ бу вақтинчалик ҳолат.
– Янги йилни катта умид ва режалар билан кутиб олдик, – дейди Абдураҳим Юсупов. – Шаҳримизни янада озода, уйларни эса янада шинам қилишга ҳаракат қиламиз. Ўтган йилда ахлатни ажратиб тўплашни бошлаганмиз. Бу соҳа катта истиқболга эга, ушбу йўналишда ҳаракатланишда давом этамиз. Ҳозир шаҳарда кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи авария-диспетчерлик хизматини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Биз уй-жой соҳасида иш тажрибасига, мутахассисларга, моддий-техника базасига эгамиз ва уни ташкил этишда ёрдам кўрсата оламиз. Ҳозир УКХ ривожланишнинг янги босқичига ўтмоқда. Ислоҳот кўп квартирали уйларни бошқариш ва сақлашда туб ўзгаришларни назарда тутади. Яъни аҳоли турмуш шароитини яхшилаш йўлида катта ишларни бажаришга тўғри келади.
Хусусий бизнес учун таваккалчиликлар
Хусусий бизнесдан фарқли равишда, ПҚ-2916-сон қарор билан «Тоза Ҳудуд» давлат корхоналарига энг қулай режим тақдим этилган. 2022 йилгача улар солиқ имтиёзларига эга, бино ва хоналар, лизинг асосида махсус техника билан таъминланади ва ҳ.к. Ҳокимликлар ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаларининг мулки (махсус транспорт, ускуналар ва бошқалар) уларга берилади. Бундай имтиёзларга эга бўлмаган хусусий тадбиркорларнинг яхши жиҳозланган давлат тузилмалари билан рақобатлашишига тўғри келади.
Республикада кўп квартирали фондга хизмат кўрсатувчи ва таъмирловчи «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» ДУК ташкил этилмоқда. Давлат тузилмалари ҳам кенг, шу жумладан солиқ имтиёзларига, кредит олиш имкониятига эга. Тўғри, бозорнинг ўз қонунлари бор. Бироқ тадбиркорларга худди шундай шарт-шароитларнинг тақдим этилиши рақобат ривожланишига замин яратади, хизматлар истеъмолчиларининг кўп сонли таклифлар орасидан танлаш ҳуқуқини таъминлайди, умуман бозордаги вазиятни яхшилайди.
Ниқобларни ечамиз
Манманлик намойиши ёки ким аслида ким
Бир неча йил аввал уй-жой соҳасида «округ бошлиғи» номли янгилик, у билан бирга эса бутун бошли шажара – «округ бошлиғи ёрдамчиси», «округ бошлиғи ўринбосари» юзага келди. Уларнинг айримларига округ бошлиғи кийими тез орада сиғмай қолиб, ўзларини «кичик ҳокимлар» деб атай бошлайдилар. Айтишларича, улар маҳаллий давлат ҳокимияти органи номидан иш тутар, ХУМШ ишига кўмаклашиш топшириғини олган эмишлар. Бироқ амалиётда – ижтимоий тармоқлардаги гапларга қараганда, аслида бунинг акси бўлиб чиқмоқда. Округ кураторлари «ҳокимликларнинг кўрсатмаларини» пеш қилиб, ширкатлар ишига аралашадилар, уларга босим ўтказадилар, кредитлар билан «пресслайдилар», қатъий маъмуриятчиликни қўллайдилар, қонунчиликни бузадилар. Бу маҳаллий давлат ҳокимияти органлари нуфузини туширади, ўзини ўзи бошқариш ва хусусий мулк ҳуқуқларини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган давлат сиёсатини бузиб кўрсатади. Тўғри, ширкатларга ҳақиқатан ёрдам бераётган округ бошлиқлари бор. Улар янада кўпайишини истардик.
«Округ бошлиқлари» ўзи ким ва қаердан пайдо бўлди? Ҳудудий жиҳатдан туманлар округларга бўлинган. Кўп квартирали уйлар ва туташ ҳудудларни сақлашда ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳар бир округга ҳар хил тузилмалар раҳбарлари «кураторлик қиладилар». Уларнинг ўз иши етарли, тешик қувурлар, ифлос йўлаклар, тозаланмаган ҳудудлар масалалари билан шуғулланишга вақтлари йўқ. Кўпинча улар доим округ ҳудудида бўлиб, ширкатлар билан ҳамкорлик қилувчи «югурдакларни» тайинлайдилар. Бироқ тайинланганлар бир зумда ўзгариб қоладилар. Ўзларини ҳудуд хўжайинидек тутадилар. Кўпинча бу соҳада билимсизликлари ва ҳуқуқий жиҳатдан саводсизликлари, ХУМШ муаммоларини тушунишни истамасликлари сабабли «салланинг ўрнига каллани олиб келадилар». Кўпгина округ «хўжайинлари» ўзларини ҳокимлар ва ҳоким ўринбосарлари ёрдамчиларидек кўрсатадилар. Аслида улар ким?
Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторида (ВМнинг 19.06.2015 йилдаги 164-сон қарори билан тасдиқланган) «округ раҳбари», «округ раҳбари ёрдамчиси» ва «мини-ҳоким» лавозими мавжуд эмас. Бундай лавозимлар йўқ экан, қонуний лавозим ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳам йўқ. Бундай шахс ҳеч қандай маъмурий ҳуқуқ ва лавозим ваколатларига эга эмас. Унинг ХУМШ ишларига аралашиши қонунга зид.
Энди ўзини «ҳоким ёрдамчиси» ёки «ҳоким ўринбосарининг ёрдамчиси» деб ҳисоблашига келсак. Президентнинг «Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (22.12.2016 йилдаги ПҚ-2691-сон) билан Тошкент шаҳри туманлари ҳокимликлари бошқарув аппаратининг намунавий тузилмаси (2г-илова) назарда тутилган.
Унга мувофиқ, Тошкент шаҳри ҳокимида фақат битта ёрдамчи бўлиши мумкин. Туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосарида ёрдамчилар назарда тутилмаган – фақат битта бош мутахассис. Демак, «округ бошлиқлари» фаолияти ўзини аллаким деб кўрсатмоқчи бўлган шахснинг уринишидан бошқа нарса эмас. Бошқача айтганда, манманлик намойишими?
«Округ бошлиғи» лавозими норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилмаган. Ҳоким жойлардаги ҳолатни ўрганиш, вазиятни аниқлаш, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёзма шаклда чиқарилган ўз қарорларини ижро этиш учун қайсидир участкаларга ҳокимликнинг айрим ходимларини йўллаши мумкин. Фақат шундай қарорлар юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижро этилиши шарт. Бунда жойга юборилган ходим айни қандай ёзма қарорнинг қайси банди ижро этилишини талаб қилаётганини маълум қилиши керак.
Бироқ амалда қонун ҳужжатларига зид иш қилинмоқда, сабаби «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасида белгиланишича, давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бу борада қандай фикрдалар? Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳоким ўринбосарининг ушбу мавзудаги хатидан кўчирмани эътиборингизга ҳавола этамиз. Уни бизга Фейсбукдаги «ХУМШ ва у билан қандай яшаш керак» гуруҳи маъмури Максим Черников тақдим этди. У ЯИДХПга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилган: қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида «округ бошлиғи» лавозими жорий этилган ва у қайси давлат органи тузилмасига киради; «округ бошлиғи» қандай ваколатларга эга?
Ҳоким ўринбосарининг жавобига кўра «округ бошлиғи» – туман ҳокимликларига қарашли тузилмалар ходимлари зиммасига юклатилган, норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан белгиланмаган жамоатчилик топшириғи. Маҳалла қўмиталари ва ХУМШ вакиллари билан куз-қиш даврига тайёргарлик кўриш тадбирларини яхшилашда кўмаклашиш «округ бошлиқлари» мажбуриятига киради».
Шундай экан, «округ бошлиғи» – қандайдир маъмурий-фармойиш бериш ваколатларига эга мансабдор шахс эмас, жамоатчилик топшириғи экан. Булар эса бошқа-бошқа тушунчалар. У жамоатчилик топшириғи чегарасидан чиқса, бу бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш ҳисобланади, бунинг учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган.
Тажриба алмашиш
«Pro House» уй-жойларни самарали бошқаришда ёрдам беради
«Ўзбекистонда уй-жой фондини профессионал бошқариш» –«Pro House» лойиҳаси доирасида Тошкентда бўлиб ўтган семинар мавзуси ана шундай номланди. Уни Евроиттифоқ молиявий кўмагида «Шарқий Европада уй-жой хўжалиги» (IWO, Берлин) ташаббуси амалга оширади. Германия бошқарувчи компаниялари ер ассоциациялари иттифоқи (DDIV), бизнинг тарафдан – Ўзбекистон уй-жой фондини профессионал бошқарувчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар уюшмаси лойиҳа ҳамкорлари сифатида чиқдилар.
Республикада УКХ соҳасида ислоҳотлар ўтказилаётганда лойиҳа мақсади унинг устувор вазифаларига монанд келади, улар сирасида уй-жой соҳасини бошқариш ва сақлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳам бор. Хусусан, у уй-жой секторида профессионал бошқарувчи компаниялар имкониятларини кенгайтириш учун шарт-шароит яратиш, кўп квартирали уйларни сақлаш хизматлари бозори, рақобат муҳитини ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган.
Семинар ишида уй-жой фондини профессионал бошқариш ғоялари ва тажрибасини илгари сурувчи немис мутахассислари, Ўзбекистон Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги вакиллари, республиканинг қатор минтақаларидаги БК раҳбарлари, Уюшма аъзолари иштирок этдилар.
«Pro House» уй-жой коммунал хизматлар бозорида ишловчи бизнинг БКларга нималарни таклиф этиши мумкин? Аввало энг қимматлиси – тажрибани. Европа мамлакатлари, хусусан, Германиядаги яшаш учун мўлжалланган кўчмас мулкни бошқариш тажрибасини. IWO лойиҳа координатори сифатида уй-жойлар профессионал бошқарилишини яхшилаш истагидаги ҳамкорларни бирлаштирувчи ваколатли эксперт, ўзига хос платформа ҳисобланади.
Семинар пайтида Шарқий Европа мамлакатлари ва собиқ Иттифоқ мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистондаги кўп квартирали уй-жойларнинг кўпчилиги қурилиш ва бошқарув соҳасидаги ислоҳотларга профессионал ёндашувга муҳтожлиги қайд этилди. Бунда қулайликни ошириш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилаш учун кўчмас мулкни таъмирлаш, санация қилиш, модернизациялаш, бошқариш ҳақида сўз бормоқда. Бунинг учун ахборот алмашиш, барча манфаатдор иштирокчилар: уй-жой мулкдорлари, кўчмас мулкни бошқарувчи сервис компаниялари, хизматларни етказиб берувчилар, давлат маъмуриятлари, молиявий тузилмалар, ОАВ ва бошқаларни бирлаштириш – яъни ҳамкорлик қилиш учун тармоқ яратиш талаб этилади.
2001 йилдан бошлаб IWO барча тарафлар учун ана шундай муҳим ҳамкорга айланди. Бугун ушбу нодавлат ташкилоти уй-жой соҳасида ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашиш учун мамлакатлар, минтақалар, профессионал гуруҳлар ўртасида алоқалар ўрнатмоқда. Бунга маслаҳат бериш, профессионал ўқитиш, ҳамкорлик тармоғини ривожлантириш, иттифоқлар ва уюшмалар тузиш, энергия тежамкор лойиҳаларни жорий этиш ташаббуси билан чиқиш ва амалга ошириш орқали эришилмоқда. Тармоқнинг ҳар бир иштирокчиси асосий вазифани ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшади. Пировардида якка ҳолда кўриладиган чоралардан кўра қимматлироқ натижага эришилади.
Тошкентдаги семинарда немис экспертлари маҳаллий БКлар сингари йўлни босиб ўтганликларини, худди шу муаммоларга тўқнаш келганликларини қайд этдилар. Биздаги бошқарувчи компанияларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, улар моҳиятан олганда уй-жой фондига хизмат кўрсатувчи тузилмалар ҳисобланади. Германия ва Европада кўчмас мулк бошқарувчилари фақат бошқарув вазифаларини бажарадилар ҳамда ширкатлар ва уй-жой коммунал хизматлар кўрсатувчи ихтисослаштирилган ташкилотлар ўртасида воситачи ҳисобланадилар.
Ўзбекистон уй-жой фондини профессионал бошқарувчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар уюшмаси лойиҳа доирасида БК фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини, уларни ижро этиш амалиётини таҳлил қилди. Ушбу тузилмаларни ташкил этишда қўйиладиган талаблар; уй-жой коммунал хизматлар бозорининг аҳволи ва унинг салоҳияти; БКни ривожлантириш учун давлат органлари қўллаётган рағбат чоралари; бошқарувчи компаниялар самарадорлигини оширишда Уюшманинг роли ва бошқалар эътибор марказида бўлди. Таҳлил натижаларига кўра яшаш учун мўлжалланган кўчмас мулкни бошқариш ишини яхшилашга доир тавсиялар ишлаб чиқиш кўзланмоқда.
Лойиҳа мақсадларига эришиш учун дастаклар орасида – семинарлар, конференциялар ўтказиш, давра суҳбатида масалаларни муҳокама қилиш, тренинглар, сўровлар уюштириш, БКнинг ижобий тажрибасини тарқатиш ва ҳ.к. бор.
Мамлакатда уй-жой соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларнинг устувор вазифаларидан бири кўп квартирали уйларни бошқариш ва сақлашга профессионал ёндашувни кучайтириш саналади. Мамлакатимизда 350 дан ортиқ хусусий бошқарувчи компаниялар фаолият юритади. Республиканинг барча минтақаларида «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» ДУК ташкил этилмоқда. Кўп квартирали уй-жой фонди 33 300 бирликдан ортиқ. Республикада 4 мингдан ортиқ ХУМШ мавжуд.
«Электрон поликлиника» тизими жорий этилди
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтириш, соҳа ходимлари малакасини ошириш, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида ўтган асрнинг ўрталарида қурилган икки қаватли кўримсиз бинода фаолият олиб бораётган Наманган шаҳридаги 4-оилавий поликлиникага тўрт қаватли бошқа бино ажратилиб, у ерда 2 миллиард 400 миллион сўмликдан зиёд қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида клиник диагностика хоналари, лаборатория, ЭКГ, УЗИ, марказий стерилизация, физиотерапия бўлимлари, рўйхатхона, умумий амалиёт шифокорлари учун санитария меъёрлари талабига жавоб берадиган замонавий хоналар, 20 ўринли кундузги шифохона, ходимлар учун алоҳида хоналар ташкил этилди. Замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Энг сўнгги русумдаги ахборот-коммуникация технологиялари асосида «Электрон поликлиника» тизими жорий этилди.
– Шаҳарнинг 14 маҳалласида истиқомат қилаётган 55 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатаётган поликлиникада яратилган шароитни илгари тасаввур ҳам қила олмасдик, – дейди шифокор Манзура Тўйчиева. – Эски бинода ҳар йили қанча маблағ сарфлаб қилинадиган жорий таъмирлар билан кунига атиги 150 нафарга яқин беморга тиббий хизмат кўрсатилар эди. Энди қатновлар сонини икки баробар ошириш мумкин. Бу ерда ишлайдиган 20 умумий амалиёт шифокори, 54 патронаж ҳамшираси ва бошқа мутахассислар ўз вазифасини сидқидилдан адо этиши учун барча шароит яратилди.
ЎзА.
Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.