МЧЖ (ягона ер солиғи тўловчиси) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиради (иссиқхоналарда). Биз янги ташкилотмиз, бугунги кунда ҳажмлар катта эмас, етиштирилган маҳсулотларни узоқ сақлашга имконимиз йўқ. Улгуржи савдога шартномалар тузмаганмиз.
1. Савдони қандай қилиб тўғри ташкиллаштириш мумкин?
2. Иссиқхона ёнида савдо шохобчасини ташкиллаштира оламизми?
3. Ўзимиз етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (помидор, қулупнай) сотишда харидорларга қандай ҳужжатларни тақдим этишимиз зарур?
С.Йўлдошева, бош бухгалтер.
1 |
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг чакана савдосини ташкиллаштиришда Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон қарори билан тасдиқланган) ҳамда Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига (ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон қарорига 1-илова) риоя этиш лозим.
2 |
Сиз нафақат турғун савдо шохобчасини ташкиллаштиришингиз мумкин, балки шарт.
Турғун чакана савдо шохобчаси – ажратилган ер участкаларида лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича қурилган, санитария ва ёнғин хавфсизлиги нормалари ва талабларига жавоб берадиган, савдо залига, савдо асбоб-анжомларига ҳамда товарларни сақлаш, сортларга ажратиш ва қадоқлаш учун хоналарга эга бўлган, шунингдек назорат-касса машиналари билан жиҳозланган объект (бино, иншоот) (407-сон Низомнинг 2-банди).
Шу тариқа, чакана савдо қилишда объект турғун савдо шохобчасига қўйиладиган талабларга мувофиқ келиши шарт. Иссиқхона ёнида бундай савдо шохобчасини ташкиллаштира олмасангиз, уни бошқа жойда очишга ёки шу мақсадда бинони ижарага олишга ҳақлисиз.
Товарларни сотишда аҳоли билан пулли ҳисоб-китоблар НКМ мажбурий тартибда қўлланган ҳолда амалга оширилиши шарт, ВМ томонидан белгиланадиган хўжалик юритувчи субъектлар бундан мустасно (Низомнинг 2-банди, ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарорига 1-илова).
Ўз фаолияти хусусиятига кўра аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни НКМни қўлламасдан амалга ошириши мумкин бўлган бундай хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатига (ВМнинг 306-сон қарорига 3-илова) деҳқон бозорларида савдо ўринлари ташкил этган ҳолда ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шунингдек сўйилган моллар гўшти билан савдо қиладиган (якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар бундан мустасно) шахслар ҳам кирадилар.
Шуни ҳам инобатга олиш лозимки, турғун савдо шохобчаларида банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалининг мавжудлиги таъминланиши керак (407-сон Низомнинг 19-банди).
3 |
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини турғун савдо шохобчаси орқали аҳолига сотишда қўйиладиган асосий талаб – товарнинг ҳақи нақд пул билан тўланганда харидорга НКМ чекини ёки банк пластик карточкасидан фойдаланиб нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилганда тўлов терминали чекини бериш (Қоидаларнинг 22-банди).
Бундан ташқари, сотувчи харидорнинг талабига кўра:
√ товарни тайёрловчининг номи ва жойлашган жойи (юридик манзили), харидорлардан эътирозларни қабул қилиб олишга ва товарни тузатувчи ва унга техник хизмат кўрсатувчи тайёрловчи (сотувчи) томонидан вакил қилинган ташкилот (ташкилотлар)нинг жойлашган жойи тўғрисидаги ахборотни;
√ сертификатнинг асл нусхаси эгаси ёки сертификатни берган товарларни сертификатлаш бўйича орган томонидан тасдиқланган сертификатнинг нусхасини (мажбурий тартибда сертификатланиши шарт бўлган маҳсулотларни сотишда);
√ тайёрловчи ёки етказиб берувчи (сотувчи) томонидан зарур тарзда расмийлаштирилган товарга илова қилинадиган ҳужжатларни тақдим этиши шарт (Қоидаларнинг 14-банди).
Шунга эътиборингизни қаратамизки, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим тоифаси мажбурий тартибда сертификатланиши керак (Рўйхат, ВМнинг 28.04.2011 йилдаги 122-сон қарорига 1-илова).
Александр Лобанов, «Norma» МЧЖ эксперти.