Norma.uz

Кадрларга оид ҳужжатлар: турлари ва расмийлаштирилиши

 

Кадрлар ишини юритишда ходимлар меҳнат фаолиятининг ҳужжатлаштирилиши мажбурий бўлиб, кўп сонли ҳужжатларни талаб қилади. Уларни тузиш ва расмийлаштириш қоидалари анча мураккаб. Ушбу ҳужжатлар мулкчиликнинг турли шаклидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда иш берувчи билан ходим ўртасидаги меҳнат муносабатлари тартибга солинишини таъминлайди.

Кадрларга оид ҳужжатларни юритишга қўйиладиган талаблар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган. Кадрларга оид ҳужжатларнинг турлари меҳнат соҳасидаги ўзгарувчи қонуности ҳужжатларга боғлиқ. Ушбу ҳужжатлар рўйхати анчагина катта. Бироқ кадрлар билан ишловчи ҳар бир ходим уларни қандай тузиш ва амалиётда қўллаш кераклигини билмоғи ва англамоғи даркор.

 

Мажбурий ҳужжатлар

Мулкчилик шаклидан қатъи назар, ташкилотлар юритиши керак бўлган кадрларга оид ҳужжатларга қуйидагилар киради:

√ штат жадвали (МКнинг 72-моддаси 1-қисми);

√ ички меҳнат тартиби қоидалари (МКнинг 174-моддаси);

√ меҳнат шартномаси (контракти) (МКнинг 72-моддаси);

√ тўлиқ моддий ёки жамоа (бригада) моддий жавобгарлиги тўғрисидаги шартномалар (МКнинг 203-моддаси);

√ ходимнинг шахсий варақаси (Т-2 шакли) (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқномага 4-илова);

√ лавозим йўриқномалари (агар меҳнат шартномаларида барча лавозим мажбуриятлари қайд этилмаган бўлса) (МКнинг 176-моддаси);

√ шахсий таркиб бўйича буйруқлар (фармойишлар): ишга қабул қилиш тўғрисида (МКнинг 82-моддаси); бошқа ишга ўтказиш тўғрисида (МКнинг 92-моддаси); таътил бериш, уни узайтириш, бошқа муддатга кўчириш ва ундан чақириб олиш тўғрисида (МКнинг 133, 145, 147-моддалари);

√ интизомий жазони қўллаш ва олиб ташлаш тўғрисидаги буйруқлар (фармойишлар) (МКнинг 181–183-моддалари);

√ ходимларни рағбатлантириш тўғрисидаги буйруқлар (фармойишлар) (МКнинг 180-моддаси);

√ ўриндошлик асосида ишлаш ва бир неча касбда (лавозимда) ишлаш тўғрисидаги буйруқлар (фармойишлар) (МКнинг 160-моддаси);

√ меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқлар (фармойишлар) (МКнинг ­97-моддаси);

√ шахсий таркиб бўйича буйруқларни рўйхатдан ўтказиш журнали.

Шахсий таркиб бўйича барча буйруқларни кадрлар хизмати, у мавжуд бўлмаганда эса – ушбу ҳужжатлар билан ишлаш учун жавоб берадиган ходим тайёрлайди.

Ташкилот раҳбарининг топшириғига кўра бўлинмалар раҳбарлари мутахассисларни жалб этган ҳолда асосий фаолият бўйича қуйидаги буйруқларни тайёрлайдилар:

√ раҳбарлик лавозимига қабул қилиш тўғрисидаги (МКнинг 82-моддаси 2-қисми);

√ штат жадвалини амалга жорий этиш тўғрисидаги;

√ меҳнат дафтарчаларини юритиш, сақлаш, ҳисобини олиб бориш ва бериш учун масъул ходимни тайинлаш тўғрисидаги (402-сон Йўриқноманинг 1.6, 3.1, 6.1, 6.2-бандлари);

√ хизмат сафарлари тўғрисидаги (МКнинг ­166-моддаси);

√ муайян қарорлар қабул қилинишига асос бўладиган бошқа буйруқлар;

√ бинода ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун жавобгар шахсни тайинлаш тўғрисидаги ва ҳ.к.

Бундан ташқари, ҳар бир иш берувчида қуйидагилар бўлиши шарт:

√ асосий фаолият бўйича буйруқларни рўйхатдан ўтказиш журнали;

√ меҳнат шартномаларини (контрактларини), хизмат сафари гувоҳномаларини рўйхатдан ўтказиш журналлари;

√ меҳнат дафтарчаларини қабул қилиб олиш ва сарф қилиш китоблари (бухгалтерия томонидан юритилади) (402-сон Йўриқномага 1, 2-иловалар);

√ меҳнат дафтарчалари ҳисобини олиб бориш китоби (402-сон Йўриқномага 3-илова);

√ таътиллар жадваллари (МКнинг 144-моддаси);

√ тушунтириш хатлари ва ёзма докладлар, аризалар ва буйруқларни чиқариш учун бошқа асослар;

√ меҳнат дафтарчалари (МКнинг 81-моддаси);

√ иш вақтини ҳисобга олиш табели (МКнинг 125-моддаси);

√ ишга қабул қилиш пайтида талаб қилинадиган ҳужжатлар (МКнинг 80-моддаси);

√ жамоа шартномаси (МКнинг 29-моддаси);

√ аттестация ўтказиш тўғрисидаги низом ва тегишли ҳужжатлар (корхонада аттестация ўтказиладиган ҳолларда);

√ меҳнатга ҳақ тўлаш ва ходимларни мукофотлаш тўғрисидаги низом (МКнинг 153-моддаси);

√ тижорат сири тўғрисидаги низом (МКнинг 32, 202-моддалари);

√ смена жадвали (сменали иш мавжуд бўлганда) (МКнинг 120-моддаси);

√ бўлимлар тўғрисида низом.

 

Бу ҳар бир корхона учун зарур бўлган кадрларга оид ҳужжатларнинг намунали рўйхати. Уларнинг асосийларини тавсифлаб ўтамиз.

 

Ички меҳнат тартиби қоидалари

Ҳар бир корхонада ички меҳнат тартиби қоидалари ишлаб чиқилган бўлиши керак. Улар иш берувчининг буйруғи билан ходимларнинг вакиллик органи фикрини инобатга олган ҳолда тасдиқланади (МКнинг 174-моддаси).

Бу корхонанинг локал норматив ҳуқуқий ҳужжати бўлиб, ходимларни ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш тартиби, меҳнат шартномаси тарафларининг асосий ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, иш режими, дам олиш вақти, ходимларга нисбатан қўлланадиган рағбатлантириш ва жазолаш чоралари, шунингдек корхонадаги меҳнат муносабатларини тартибга солишнинг бошқа масалаларини белгилайди.

 

Штат жадвали

Штат жадвали тузилиши ва тасдиқланиши ташкилот учун ходимларни танлаб олиш имконини беради. Ушбу ҳужжат билан штатдаги ходимлар сони, шунингдек лавозимлар ва касблар рўйхати (ташкилотнинг фаолият йўналишига қараб белгиланади), лавозим маошлари, устамалар белгиланиб, меҳнатга ҳақ тўлаш фонди шакллантирилади. У корхона мулки эгаси, у вакил қилган орган ёки корхонани бошқариш ҳуқуқи берилган корхона кенгаши, бошқаруви ёхуд бошқа органнинг буйруғи (қарори) билан тасдиқланади.

Штат жадвалини ишлаб чиқиш, ишга қабул қилиш пайтида Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори (ВМнинг 4.10.2017 йилдаги 795-сон қарори билан тасдиқланган) талабларига қатъий амал қилиш зарур.

Классификатор:

√ хизматчилар лавозимлари ва ишчилар касблари номларидан фойдаланиш юзасидан – ходимларнинг меҳнат дафтарчаларига ёзувларни қайд этишда, меҳнат шартномалари тузишда, буйруқларни расмийлаштиришда, хизматчиларнинг лавозимларини ходимлар тоифаларига киритишда мажбурий ҳисобланади;

√ ишга қабул қилишда ходимлар маълумотининг энг паст даражаси, ишчилар касблари бўйича малака разрядларини белгилаш юзасидан – давлат корхоналари, давлат муассасалари ва устав капиталида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган бошқа давлат ташкилотларида қўлланилиши мажбурий ҳисобланади, бошқа ташкилотлар учун эса – тавсия хусусиятига эга;

√ таълим йўналиши юзасидан – барча ташкилотлар учун тавсия хусусиятига эга.

 

Меҳнат шартномаси (контракти)

У ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир.

Меҳнат шартномаси ёзма шаклда тузилади ҳамда ходим ва иш берувчи томонидан имзоланади. Меҳнат шартномасининг мазмуни МКнинг 73-моддасига мувофиқ белгиланади. Меҳнат шартномасида мажбурий шартлар сифатида амалдаги норматив ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланган меҳнат ва унга ҳақ тўлаш шартлари кўрсатилади (МКнинг VI боби). Улар фақат тарафларнинг келишувига кўра ва ёзма шаклда ўзгартирилиши мумкин (МКнинг 88-моддаси).

 

Ходимнинг меҳнат дафтарчаси

Меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир. Ходим ишга қабул қилинаётганда уни тақдим этиши шарт. Иш берувчи эса корхонада 5 кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шарт, ўриндошлик асосида ишловчилар бундан мустасно (МКнинг 81-моддаси). МК ва 402-сон Йўриқномага мувофиқ, меҳнат дафтарчаларини юритиш ва сақлаш учун жавобгарлик иш берувчи зиммасига юклатилади.

Ўзбекистонда «Электрон меҳнат дафтари» тизими жорий этилмоқда (24.05.2017 йилдаги ПФ-5052-сон Фармон). Қуйидагиларнинг меҳнат стажлари электрон ҳисобга олишга босқичма-босқич ўтказилади:

1.01.2018 йилдан бошлаб – якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари аъзолари, қорамол ўстириш ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланаётган шахслар, шунингдек юридик шахс мақомига эга бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бошқа субъектлар;

1.01.2019 йилдан бошлаб – қолган ташкилотлар (ВМнинг 4.07.2017 йилдаги 462-сон қарори).

Шу муносабат билан биринчи маротаба ишга кираётган ходимларга 1.01.2019 йилдан бошлаб қоғоз кўринишидаги меҳнат дафтарчаларини бериш тўхтатилади.

 

Таътиллар жадвали

Йиллик ҳақ тўланадиган таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади. Ҳар бир иш берувчи таътиллар жадвалини тузиши шарт.

Ҳар бир ходим эса таътил бериш вақти ҳақида у бошланишидан камида 15 кун олдин хабардор қилиниши керак.

Бироқ шундай тоифадаги ходимлар борки, таътил уларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилиши керак. Уларга қуйидагилар киради:

√ 14 ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз она (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналар) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинлари;

√ I ва II гуруҳ ногиронлари;

√ 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахслар;

√ 18 ёшга тўлмаган шахслар;

√ таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганлар (МКнинг 250-моддаси).

Жамоа шартномаси, келишувида таътилларни беришнинг бошқа ҳоллари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Ишлаётган эркакларга йиллик таътил уларнинг хоҳишларига биноан хотинларининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилади. Ўриндошлик асосида ишлаётганларга эса таътил асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда берилади.

Таътиллар жадвалини тузаётганда буларнинг барини инобатга олиш зарур. Таътилдан фойдаланишнинг жадвалда белгиланган вақти ходим билан иш берувчининг келишувига биноан ўзгартирилиши мумкин (МКнинг 144-моддаси).

 

Иш вақтини ҳисобга олиш табеллари

Иш берувчи ҳар бир ходимнинг ҳақиқатда ишлаган иш вақтини, шу жумладан иш вақтидан ташқари ишлаган вақтини ўз вақтида аниқ ҳисобга олиб бориши шарт (МКнинг 125-моддаси).

Иш вақтини ҳисобга олиш табелларида ҳар бир ходимнинг бир ойдаги иш вақти қайд этилади, мослашувчан иш графигида эса иш вақтининг жамлама ҳисоби юритилади. Иш вақтини ҳисобга олиш табелида одатда ҳар бир ходимнинг табель рақами, унинг Ф.И.О., ойнинг ҳар бир санасидаги иш вақти тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлади. Уни табелчи ёки раҳбар буйруғи билан тайинланган табель учун масъул шахс юритади, у кадрларни назорат қилиш ва корхона бухгалтериясида меҳнат ҳақини ҳисоблаш учун хизмат қилади.

 

Ходимнинг шахсий варақаси

Кадрлар хизмати ходими буйруқ (фармойиш) асосида меҳнат дафтарчасига (қўшимча вараққа) қайд этиладиган ҳар битта ёзув билан ушбу дафтарча эгасини Т-2 шаклидаги шахсий варақага имзо чектириб таништириши шарт. Ходимнинг меҳнат дафтарчасида қайд этиладиган ёзувлар ходимнинг шахсий варақасига кўчириб ёзилади. Унда ходимнинг бошқа шахсий маълумотлари, яъни меҳнат муносабатлари ўрнатилганлиги сабабли иш берувчи учун зарур ва ёзилиши шарт бўлган муайян ходимга тааллуқли ахборот ҳам мавжуд бўлади.

 

Мукофотлаш тўғрисидаги низом

Мукофот – ишдаги юксак миқдор ва сифат кўрсаткичлари учун ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш шаклларидан бири.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг мукофотлаш тизимида олдиндан белгиланган мукофотлаш шартлари асосида муайян шахслар доирасига мукофот тўланиши назарда тутилади.

Мукофотлаш тўғрисидаги низом иш берувчининг буйруғи билан ходимларнинг вакиллик органи билан келишган ҳолда тасдиқланади (МКнинг 153-моддаси). Унда рағбатлантирилиши лозим бўлган ходимлар, кўрсаткичлар ва мукофотлаш шартлари, мукофотларнинг миқдорлари (ҳар бир касб, лавозим бўйича энг юқори ва аниқ) ҳамда муайян сабабларга кўра мукофотдан маҳрум қилинадиганлар кўрсатилади.

Амалиётнинг кўрсатишича, ташкилотда кадрларга оид ҳужжатларнинг мавжуд бўлмаслиги муайян хатарлар билан боғлиқ бўлади. Корхонада меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш натижаларига кўра қонунбузарликлар аниқланган бўлса, назорат органлари иш берувчига ҳам, унинг мансабдор шахсларига ҳам маъмурий жарима солиши (МЖТКнинг 49-моддаси), шунингдек йўл қўйилган қонунбузарликлар бартараф этилиши тўғрисида ижро учун мажбурий кўрсатма бериши мумкин.

Бунда Давлат меҳнат ҳуқуқи инспекцияси ушбу вазифани бажариш учун кенг ҳуқуқлар ва катта имкониятларни қўлга киритганини ёддан чиқармаслик лозим. Таъсир чоралари билан бир қаторда у зарур ҳолларда ҳуқуқий мажбурлаш чораларини қўллашга ҳам ҳақли.

Ходим ва иш берувчининг муносабатларини аниқ тартибга солувчи зарур ҳужжатларнинг мавжуд бўлмаслиги ходимлар билан низолар юзага келишига замин яратади. Оқибатда бу Прокуратура, Давлат меҳнат ҳуқуқи инспекцияси ёки судга шикоят қилиш учун асос бўлади.

 

Абдусалом Рисқуллаев, «Norma» МЧЖ етакчи эксперти.

Прочитано: 31829 раз(а)

Комментарии к статье (7)

Ошибка: Xbb_Tags_Quote не найден. Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2019-12-05 10:12:19, Гость_Мукаддамхон:
Катта раҳмат маълумот учун. ўзимни ўзим текшириб олдим. :)
2020-02-14 14:18:38, Гость_:
Баркамол авлод болалар мактабларининг ташкил этишбуйича низомнинг мазмун мохияти ва уни бошкаришдагихукукий меъёрий хужжатлар билан ишлаш
2020-04-15 17:43:43, Гость_:
Маълумотлар учун катта рахмат. Қани энди шу маълумотларни кўчириб олишнинг иложи бўлганда эди, аъло устига аъло нур бўлар эди. Соғ бўлинглар.
2020-07-13 15:58:01, Гость_:
ишга кабул килиш тугрисида буйруклар
2020-09-02 22:31:00, Гость_:
Гость_
Маълумотлар учун катта рахмат. Қани энди шу маълумотларни кўчириб олишнинг иложи бўлганда эди, аъло устига аъло нур бўлар эди. Соғ бўлинглар.
Шу фикрга қўшиламан!
2020-10-17 03:46:19, Гость_шариф:
давлат ташкилотида-масалан мактаб, богча, туман ҳокимлиги, унинг бўлимлари ва майда чуйда давлат бюджетидан иш ҳаққи олувчи ташкилотларда ишловчи ҳодимлар рўйхати ўша ташкилотлардан мустақил орган томонидан талаб асосида олса бўладиган ёки батамом оиқ бўлиши керак. баъзи ташкилотларда кимлар ишлаб кимлар иш хаи олаётгани жудақоронғу бўлиб қолмоқда. илгари ведомостьларда куриб қолиш мумкин бўларди. энди эса тўртта бошқарувчи ходимдан бошқалар билиши қийин ва бу коррупцияни ривожланишига олиб келади
2020-11-20 13:53:10, Гость_Рустам:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика