Яқинда Астанада бўлиб ўтган «Геолокация афзалликлари: Марказий Осиё глобал транзит маркази сифатида» Халқаро минтақавий анжумани доирасида Марказий Осиёдаги тўртта божхона брокерлари уюшмаси раҳбарлари учрашдилар. Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон* божхона брокерлари уюшмалари ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида баённома имзоланди. Ўзбекистон ББУ номидан уни Уюшма директори Арсен Айрапетьянц имзолади.
Учрашувда божхона расмийлаштируви хизматларини кўрсатиш соҳасида ягона ахборот маконини шакллантириш ҳақида аҳдлашувга эришилди. Шунингдек Марказий Осиёда божхона расмийлаштируви ва транзитга тааллуқли ахборотнинг очиқ-ойдинлигига эришишда кўмаклашиш, ТИФ иштирокчилари тақдим этаётган брокерлик хизматларини соддалаштириш ва бирхиллаштириш тўғрисида келишиб олинди. Бунинг учун миллий уюшмалар фойдаланувчиларнинг божхона хизматлари соҳасидаги долзарб ахборотдан фойдаланишларини таъминлашга йўналтирилган модулларни ўз сайтларида ишлаб чиқиш ва қувватлаб туришда ўз ваколатлари доирасида қатнашишга тайёрлар.
Баённома иштирокчилари брокерлик компаниялари рейтинг тизими ягона услубиятини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни ҳам режалаштирмоқдалар. Бунда тарафларнинг ҳар бири мазкур услубиятни миллий даражада божхона органларига кўриб чиқиш учун киритиши ва рейтингда етакчи бўлган компанияларга преференциялар бериш мақсадида таваккалчиликларни бошқариш бўйича божхона тизимларида ҳисоб-китоблар натижаларидан фойдаланишни уларга таклиф этиши зарур.
Божхона брокерлари миллий уюшмалари вакилларининг фаоллигига қараганда, Баённома ўзаро ҳамкорлик доирасида фойдали қўшма тадбирлар учун асос бўлиши мумкин. Ҳужжат тарафлар томонидан имзоланган пайтдан бошлаб кучга кирди, брокерлик компаниялари тақдим этаётган хизматлар сифатини яхшилаш, шунингдек уларни стандартлаштириш ва бирхиллаштиришдан манфаатдор бўлган ҳар қандай божхона брокерлари уюшмаси ҳамда бошқа ташкилотлар унга қўшилиши мумкин.
*Тожикистонда божхона брокерларининг 2 та профессионал ташкилоти борлиги сабабли улар ҳужжатга қўшилишнинг ташкилий шаклини миллий даражада муҳокама қилганларидан сўнг Баённомага кейинчалик қўшилишлари ҳақида келишиб олинди.
Гулнора АБДУНАЗАРОВА, махсус мухбиримиз.