Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 48 / Солиқ солиш

Улуш олди-сотдисининг солиқ оқибатлари

 

Корхона (МЧЖ) логистика билан шуғулланади. Устав капиталидаги улушлар жамият иштирокчилари ўртасида фоиз эквивалентида тақсимланган: А муассиси – 60%, Б муассиси – 40%. Б муассиси муассислар таркибидан чиқишга ва ўз улушини номинал қиймати бўйича А муассисига сотишга қарор қилди.

1. Бир муассис улушни бошқасига қандай қийматда сотиши мумкин – номинал қийматидами ёки сотиш кунидаги ҳақиқий қиймати бўйичами?

2. Улушни номинал қийматида сотиб олаётган муассисда, улушни сотувчида, шунингдек жамиятда солиқ мажбуриятлари юзага келадими?

3. Муассисларнинг жамият соф фойдасини тақсимлаш ва дивидендлар тўлашни рад этиши қандай солиқ оқибатларига олиб келади?

 

1

Бир муассис ўз улушини бошқасига қандай қийматда сотиши шартлиги қонун ҳужжатларида белгиланмаган. Жамият иштирокчисининг улуши қисмидагина чеклов мавжуд: агар сотиш пайтида иштирокчи улуш ҳақини тўлиқ тўламаган бўлса, унинг фақат тўланган қисмини сотиши мумкин («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддаси). Бундай битимни амалга ошириш учун, агар жамият уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамиятнинг ёки жамият бошқа иштирокчиларининг розилиги талаб қилинмайди.

Улушни жамиятнинг ўзи олган тақдирда унинг ҳақиқий қийматини аниқлаш ва уни иштирокчига тўлаш зарур (Қонуннинг 22-моддаси). Қуйидаги ҳолларда шундай вазият юзага келади:

√ жамиятнинг бошқа иштирокчилари иштирокчилардан бирининг улушини олишни рад этсалар, жамиятнинг уставида эса ундан учинчи шахслар фойдасига воз кечиш тақиқланган бўлса;

√ улушдан жамиятнинг бошқа иштирокчиси ёки учинчи шахс фойдасига воз кечиш учун розилик олиш жамиятнинг уставида назарда тутилган, бундай розилик эса олинмаган бўлса.

Шу тариқа, жамият иштирокчиси ўз улушини бошқа иштирокчига шартномавий нархда сотишга ҳақли, у улушнинг номинал қийматига мувофиқ келиши ҳам, ундан кўп ёки кам бўлиши ҳам мумкин.

 

2

Улушлар, эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш объектлари бўла оладиган пайлар, ҳиссалар, пул маблағлари, қимматли қоғозлар, шунингдек бошқа моддий ҳамда номоддий объектлар билан бир қаторда мол-мулк деб тан олинади (Солиқ кодексининг 22-моддаси). Жисмоний шахсларга тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар (мулкий даромадлар) мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади. Уни олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати даромад деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 176-моддаси ­4-банди).

Жамият устав фонди унинг иштирокчилари улушлари номинал қийматидан иборат. Жамиятнинг таъсис ҳужжатларида иштирокчи устав фондига киритмоқчи бўлган ёки киритган улушнинг айни номинал қиймати қайд этилган бўлади. Бошқача айтганда, уставда (ёки таъсис шартномасида) декларацияланадиган улуш миқдори номинал қиймат деб аталади.

Муассис ўз улушини номинал қиймати бўйича сотаётган бўлса, мол-мулкни реализация қилишдан даромад бўлмайди, улушнинг сотилиши уни сотувчида солиқ мажбуриятлари юзага келишига олиб келмайди. Бунда улушнинг номинал қиймати таъсис шартномаси, устав, мол-мулкнинг устав капиталига ҳисса сифатида киритилишига доир ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

Муассис – улушни олувчида ҳам солиқ мажбуриятлари юзага келмайди.

Жамият учун ҳам муассисларнинг алмашиши солиқ оқибатларига олиб келмайди. Жамиятнинг бухгалтерия ҳисобида фақат ­8330-«Пай ва улушлар» счётининг аналитик қисми ўзгаради: улуш суммаси бир муассиснинг (улушни сотувчининг) ёрдамчи счётидан бошқа муассиснинг (улушни олувчининг) ёрдамчи счётига ўтказилади.

 

3

Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши йилнинг ҳар чорагида, ярим йилда 1 марта ёки бир йилда 1 марта жамиятнинг соф фойдасини унинг иштирокчилари ўртасида дивидендлар тарзида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир (Қонуннинг 25-моддаси). Яъни дивидендлар тўлаш учун соф фойдани тақсимлаш ёки тақсимламаслик тўғрисидаги қарорни иштирокчилар мустақил равишда қабул қиладилар. Тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилинмаса, соф фойда тақсимланмай қолдирилади. Бу муассислар ёки жамиятда солиқ мажбуриятлари юзага келишига сабабчи бўлмайди.

Тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилинган ва дивидендлар ҳисобланган бўлса, 2 турдаги солиқ оқибатлари юзага келиши эҳтимол.

Биринчиси – иштирокчилар уларга тўланиши лозим бўлган дивидендлардан жамият фойдасига воз кечганда. Жамиятда қуйидаги солиқ мажбуриятлари юзага келади:

√ ҳисобдан чиқарилган мажбуриятлар тарзида бошқа даромад олинганда, қўлланиладиган солиқ солиш тизимига қараб фойда солиғи (Солиқ кодексининг 128, 132-моддалари) ёки ЯСТ бўйича (Солиқ кодексининг 353, 355-моддалари);

√ муассислар дивидендлардан жамият фойдасига воз кечиш тўғрисида қарор қабул қилган санада дивидендлардан солиқ тўлаш бўйича.

Иккинчиси – иштирокчилар уларга тўланиши лозим бўлган дивидендлардан воз кечиб, уларни жамият устав фондини кўпайтиришга йўналтирганда. Бу ҳолда дивидендлар тарзидаги даромадларга:

√ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 19-банди). Бироқ ушбу имтиёз қўлланилганидан сўнг бир йил ичида муассислар таркибидан чиқилганда ёхуд тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки унинг муассислари ўртасида тақсимланганда илгари солиқ солишдан озод қилинган даромадларга умумий асосларда солиқ солиниши керак;

√ ЯСТ солиш объекти сифатида (Солиқ кодексининг 355-моддаси 4-қисми 1-банди) ва фойда солиғи бўйича даромад сифатида (Солиқ кодексининг 129-моддаси 3-қисми 1-банди) қаралмайди.

 

Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1527 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика