Шу йил баҳорда асалари оилалари Ўзбекистондан Қозоғистоннинг чегарага туташган тоғ зонасида жойлашган жойга вақтинча олиб чиқилган эди.
Асал қўшни мамлакатда етиштирилган бўлса, уни олиб кириш чоғида ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулот деб ҳисобланадими? Ёки бож тўлашимизга тўғри келадими?
Ҳозир асаларичилар учун қандайдир имтиёзлар жорий этилган деб эшитдим. Улар нималарга тааллуқли?
Станислав А.
– Товар тўлиқ ишлаб чиқарилган ёки Божхона кодексининг «Товар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш» деб номланган 50-бобида белгиланган талабларга мувофиқ етарли даражада қайта ишланган мамлакат товар ишлаб чиқарилган мамлакат ҳисобланади. Ушбу мамлакатда етиштирилган ўсимлик маҳсулотларидан олинган маҳсулот мазкур мамлакатда тўлиқ ишлаб чиқарилган деб ҳисобланади (БКнинг 359-моддаси).
Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (29.09.2017 йилдаги ПҚ-3303-сон) 1-иловада табиий асал (ТИФ ТН коди – 0409 00 000 0) учун товар божхона қийматининг 10%и миқдорида божхона божи ставкаси белгиланган.
Бироқ Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Эркин савдо тўғрисида битим (Алмати, 2.06.1997 йил, ЎзР ВМнинг 11.07.1997 йилдаги 348-сон қарори билан тасдиқланган) имзоланган, шу сабабли божхонада расмийлаштириш пайтида товар ушбу мамлакатдан келиб чиққанлиги тўғрисида сертификат тақдим этилганда асал бож тўламасдан олиб кирилади.
Табиий асалга акциз солиғи назарда тутилмаган. Уни олиб кириш чоғида фақат ҚҚС – солиқ солинадиган базадан 20% (Солиқ кодексининг 206-моддаси; ПҚ-2699-сон қарорнинг 3-банди) ва божхона расмийлаштируви учун йиғим – олиб кирилаётган товар божхона қийматининг 0,2%и, бироқ 25 АҚШ долларидан кам ва 3 000 АҚШ долларидан кўп эмас (ВМнинг 30.04.1999 йилдаги 204-сон қарори) тўлаш керак бўлади.
Имтиёзлар ҳақида
2023 йилнинг 1 январигача белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича «Ўзбекистон асаларичилари» уюшмасига аъзо ташкилотлар томонидан олиб келинадиган наслли материаллар (маҳсулот), асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарлар ва ускуналар, асалари уяларини ташиш учун махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари ва препаратлар, асалари уялари ишлаб чиқариш учун ёғоч ва зарур материаллар, пенополиуретан, уларга ёрдамчи ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлари, мумпарда ва мум маҳсулотлари божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилади (16.10.2017 йилдаги ПҚ-3327-сон қарорнинг 11-банди).
Шунингдек, Уюшманинг буюртманомасига асосан асаларичилик хўжаликларига – Уюшма аъзоларига асалари оилаларини асал йиғиш мавсуми давомида ўрмон фонди ерлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (давлат қўриқхоналари, биосфера резерватининг қўриқланадиган зонасидан ташқари), тоғ ва тоғолди ҳудудлари, табиий пичанзор ва яйловлар ҳамда қишлоқ хўжалиги ерлари фойдаланишга бепул берилади (ПҚ-3327-сон қарорнинг 8-банди).
Гулнора АБДУНАЗАРОВА,
махсус мухбиримиз.