Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 48 / Ислоҳот одимлари

Солиқ мониторинги: ўзаро ишонч ва ҳамкорликка асосланган назорат

 

2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари ўз ичига солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш сиёсатини давом эттириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва тегишли рағбатлантирувчи чораларни кенгайтиришни ҳам олган1.

 

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чораларни амалиётга жорий этиш мақсадида республика Президентининг «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (18.07.2017 йилдаги ПФ-5116-сон) қабул қилинди. Фармонга кўра 2018 йил 1 январидан бошлаб мамлакатимизда солиқ назоратининг янги шакли – солиқ мониторинги жорий этилиши белгиланган.

Солиқ органлари солиқ тўловчининг жорий молиявий ахборотларидан кенг кўламда фойдаланадилар ва бу орқали тадбиркорлик фаолияти субъектлари амалга ошираётган операцияларни назорат қилиб боришлари ҳамда қонун ҳужжатларини бузиш ҳолларининг олдини олишлари мумкин. Бунда, аввало назорат тадбирларини ўтказиш учун давлат харажатлари камаяди, чунки одатда, солиқ текширувлари ўтказишга зарурат қолмайди. Солиқ мониторинги солиқ тўловчилар учун ҳам фойдали, бинобарин, улар қонун ҳужжатларидаги ноаниқликларга дуч келиб қолган тақдирда, ўз хатти-ҳаракатларининг солиқ қонунчилигидаги оқибатлари ҳақида олдиндан тезкорлик билан хулоса олиш имкониятига эга бўладилар.

Шуни айтиб ўтиш муҳимки, мазкур солиқ назорати шаклини Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилигига киритиш бўйича ҳаракатлар 2015 йилдан бошлаб амалга ошириб келинмоқда. Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ мониторингини солиқ назорати шакли сифатида Солиқ кодексига киритиш бўйича қонун лойиҳаси www.regulation.gov.uz порталида муҳокама учун кенг омма эътиборига тақдим этилган.

Солиқ мониторинги турли давлатлар қонунчилиги ва амалиётида турли тарзда амалга оширилган бўлса-да, улардаги қуйидаги умумийликни кўришимиз мумкин:

√ солиқ мониторингини амалга ошириш бўйича келишув асосан давлат солиқ органлари ҳамда йирик солиқ тўловчи бўлган компаниялар ўртасида тузилади;

√ cолиқ тўловчи ва давлат солиқ органлари ўртасидаги муносабат ўзаро ишонч ва ҳамкорликка асосланади;

√ cолиқ мониторинги қўлланилаётган солиқ тўловчига нисбатан камерал назорат ёки солиқ текшируви каби бошқа солиқ назорати шакллари қўлланилмайди;

√ cолиқ мониторингининг асосий мақсади солиқ тўловчи тақдим этган маълумотларни таҳлил қилиш ва қўшимча маълумотларни сўраб олиш орқали унинг солиқ қонунчилигига риоя қилишини назорат қилиш ҳисобланади;

√ cолиқ тўловчи солиқ солиш масалалари бўйича муаммоли ёки солиқларни тўлаш бўйича баҳсли ҳолатларни келтириб чиқарувчи операциялар бўйича ҳар қандай пайтда солиқ органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, мазкур солиқ назорати шаклининг жорий этилиши давлат солиқ хизмати органларига ҳам, солиқ тўловчилар учун ҳам бир қанча афзалликларга эга. Давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчининг молиявий-хўжалик операцияларига оид ҳужжатларини ўрганиш имкониятига эга бўлса, солиқ тўловчи муаммоли ва баҳсли ҳолатлар бўйича ўз вақтида жавоб олиш ҳамда ўз солиқ мажбуриятини тўғри бажариш имконига эга бўлади.

 

Хорижий тажриба

Солиқ назоратининг янги шакли – горизонтал мониторинг иқтисодий ривожланган давлатларда 2000 йилларнинг бошларидан амалиётга кенг татбиқ этиб келинмоқда. Бундай мониторинг дастлаб 2005 йилда Голландияда амалга киритилган бўлиб, мазкур солиқ назорати шаклини амалиётга киритишдан асосий мақсад мамлакатда фаолият юритаётган трансмиллий корпорациялар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш билан боғлиқ эди. Мазкур қоидага кўра горизонтал мониторинг ўтказилаётган компаниялар ўз хоҳишларига кўра қўшимча маълумотларни солиқ органларига тақдим этадилар. Шу тариқа компания ва солиқ хизмати ўртасида тузиладиган келишув бўйича солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ҳисоботлар ҳамда қўшимча маълумотлар асосида солиқ мажбуриятларининг қандай бажарилаётганлиги ҳолати назорат қилиниб борилади.

 

Солиқ назоратининг мазкур шакли солиқ тўловчи, яъни тадбиркорлик субъекти ва солиқ органлари ўртасида ихтиёрий ўзаро ҳамкорликка асосланган ҳолда амалга оширилади. Солиқ органларининг солиқ тўловчи билан муносабатлари солиқ текширувидаги каби «вертикал» эмас, балки ўзаро ҳамкорликка асосланган горизонтал муносабатлар ҳисобланади.

 

Гронинген университети (Голландия) тадқиқотчилари фикрига кўра, горизонтал мониторингнинг асосий афзалликларидан бири солиқ органлари мазкур тадбир туфайли ўз моддий ресурсларини солиқ қонунчилигини бузиш хавфи юқорироқ бўлган корхоналарни назорат қилишга йўналтиришлари мумкинлигидадир2.

Голландиядан ташқари жаҳоннинг бир қанча иқтисодий ривожланган давлатларида горизонтал мониторинг солиқ назорати амалиётига киритилган. Масалан, 2008 йилда Австралияда, 2009 йилдан бошлаб эса Жанубий Кореяда қўлланиб келинмоқда. МДҲ давлатларидан Озарбайжон Республикасида мазкур солиқ назорати шакли 2013 йилдан буён қўлланиб келинаётган бўлса, Россия Федерацияси солиқ қонунчилигига солиқ мониторинги солиқ назорати шакли сифатида 2015 йилда киритилди.

 

Бир сўз билан айтганда, солиқ мониторинги, яъни горизонтал мониторинги давлат органи ҳамда солиқ тўловчи ўртасида ўзаро келишув ва ишончга асосланган муносабат бўлиб, у вертикал муносабат, яъни маъмурий бўйсунишга асосланган назоратдан кўра самаралироқдир. Чунки бунда давлат солиқ хизмати органларининг солиқ маъмуриятчилиги бўйича харажатларини қисқартиришга, ходимлар юкламасини камайтиришга ва бунинг натижасида давлат солиқ хизмати органларининг фаолияти самарадорлигини оширишга эришилади. Пировардида солиқ тўловчиларнинг солиқ қонунчилигига риоя этиш даражаси янада ортади.

 

Ихтиёржон ТЎРАБОЕВ,

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси.

 


1Президентнинг 7.02.2017 йилдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида» ПФ-4947-сон Фармони.

2D.W.Colon, D.M. Swagerman, Enhanced relationship preparedness in Dutch multinational context: A tax control framework, Journal of Accounting and Taxation, 2015, Vol 7(1), pp 13-18.

 

 

Солиқ мониторинги (Tax monitoring) ёки горизонтал мониторинг (Horizontal monitoring) – солиқ органлари ва солиқ тўловчи ўртасида тузилган келишувга асосан солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш, яъни доимий мониторинг қилиш орқали амалга ошириладиган солиқ назорати.

 

Солиқ мониторингини жорий этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонида солиқ мониторинги солиқ органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида уларга жорий солиқ солиш масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи солиқ назорати шакли эканлиги белгиланган. Демак, солиқ мониторинги ҳар қандай солиқ тўловчи билан эмас, балки ҳалол солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилади.

Прочитано: 1864 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика