Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 48 / Таклифим бор

Солиқлар: 100% йиғилувчанликни таъминлаш учун

 

Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш 2018: иш ўринлари яратиш учун ислоҳот» йиллик маърузасига биноан Ўзбекистон бизнес соҳасида 5 та ислоҳот ўтказди ҳамда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича жаҳондаги етакчиларнинг ўнталигига учинчи бор кирди.

 

Жаҳон банки экспертларининг фикрича, Ўзбекистон кўрган чоралар (тадбиркорлик субъектларини онлайн рўйхатдан ўтказиш, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари зиммасидаги солиқ юкини камайтириш ва ҳ.к.) сабабли:

● бизнесни очиш таомили жадаллашди ва енгиллашди;

● рухсатнома олиш ва энергия таъминоти тизимига уланиш жараёни соддалаштирилди;

● миноритар инвесторлар ҳимояси кучайтирилди, корпоратив шаффофликка талаблар оширилди;

● солиқларни тўлаш тизими соддалаштирилди;

● қурилишга рухсатнома бериш таомили соддалаштирилди.

Натижада Ўзбекистон бизнес юритиш осонлиги даражаси бўйича жаҳон рейтингидаги ҳолатини анча яхшилаб, рейтингга киритилган 190 мамлакат орасида 74-ўринни эгаллади. Комилликнинг эса чеки йўқ...

Ўзбекистон халқаро савдо ва солиқ солиш соҳасидаги ислоҳотларни фаол давом эттиришни ва 2022 йилга келиб Жаҳон банки рейтингида 40-ўрингача кўтарилишни режалаштирмоқда.

 

Ўзгариш даркор

Ўзбекистон иқтисодиётида, собиқ совет маконидаги кўпгина мамлакатлардан фарқли равишда, кичик ва хусусий бизнес соҳасида банд бўлган аҳоли улуши кўрсаткичи жуда юқори – қарийб 80% эканлиги сир эмас. Ушбу далилни ҳисобга олиб ҳамда солиқ солиш тизимларини изчил соддалаштириш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш орқали солиқ юкини камайтириш, солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш, солиқ маъмуриятчилигининг замонавий усулларини жорий этишни назарда тутувчи 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига амал қилган ҳолда кичик бизнес учун солиқ солиш тизими ва солиқ маъмуриятчилигини жиддий ўзгартиришга доир бир нечта таклифларни киритмоқчимиз. Қуйидаги ишлар амалга оширилса, кичик бизнес учун янги солиқ тизими самара беради:

1) солиқ тўловчининг деярли иштирокисиз унинг фаолият юритиши таъминланса;

2) солиқ тўловчилар ва давлатнинг солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ чиқимлари камайтирилса;

3) барча солиқ тўловчиларнинг 100 фоиз қамраб олиниши таъминланса;

4) солиқларни тўлашдан ҳар қандай бўйин товлаш имкони истисно этилса;

5) иқтисодиёт мавжуд барча «нақдлаштириш» чизмаларидан ҳимоя қилинса.

Башарти Ўзбекистон қуйидагича йўл тутса, солиқ солишнинг бундай тизими рўёбга чиқарилиши мумкин:

● хорижий нақд валютанинг тўлов воситаси сифатида айланишига доир амалдаги қонунчилик чекловларини сақлаб қолса;

● нақд пул маблағларини ички молиявий оборотдан чиқариб ташласа;

● амалдаги барча имтиёзлар ва преференцияларни бекор қилиш орқали бозордаги ҳамма иштирокчиларга солиқ юки тенг тушишини таъминласа.

Бугунги кунда Ўзбекистонда амал қилувчи кичик бизнес учун солиқ тизими қуйидагиларга солиқ солишни ўз ичига олади:

1) хўжалик юритувчи субъектларга (кичик корхоналар, фермерлар, хусусий тадбиркорлар ва кичик бизнесга киритиш мумкин бўлган бозордаги бошқа иштирокчилар);

2) хўжалик юритувчи субъект фаолияти билан алоқадор бўлган жисмоний шахсларга.

Янги тизимда солиқ солишнинг амалдаги алгоритмини сақлаб қолиш таклиф этилади.

Солиқ тўловчига хизмат кўрсатувчи банкни тизимдаги асосий элемент деб белгилаш мақсадга мувофиқ.

Хизмат кўрсатувчи банк даражасида солиқларни шакллантириш ва уларни давлат бюджетига ўтказиш таклиф этилади. Бу ҳолда солиқ тўловчи солиқларнинг ҳисоблаб чиқарилиши ва бюджетга ўтказилишига қандайдир таъсир ўтказиш имконига эга бўлмайди.

 

Таклиф этилаётган ўзгартиришлар

Хўжалик юритувчи субъектга солиқ солиш

Солиқ тўловчининг ҳисоб-китоб счётига ҳар қандай пул маблағларини ўтказиш чоғида банк мустақил, автоматик равишда, солиқ тўловчининг ҳар қандай иштирокисиз тўлов ҳажмининг 5%ини махсус транзит солиқ счётида бронлайди ва ушбу маблағларни банк куни давомида бюджетга ўтказади. Дарвоқе, Ўзбекистонда солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг бундай тажрибаси мавжуд.

Истеъмол фондига солиқ солиш

Солиқ тўловчининг жорий фаолияти билан боғлиқ бўлган, жисмоний шахсларнинг фойдасига пул маблағлари (иш ҳақи, дивидендлар, моддий ёрдам ва истеъмол фонди билан боғлиқ бошқа тўловлар), солиқ тўловчининг ҳисоб-китоб счётида ҳисобланган сумманинг 20%и миқдорида солиқ тўлаш учун етарли пул маблағлари бўлса, тўланиши мумкин. Бунда банклар кўрсатилган солиқни мустақил равишда ҳисоблаб, бюджетга ўтказадилар.

Таклиф этилаётган солиқ тизими Ўзбекистон ҳудудига товарлар ва хизматлар импорти ҳамда акциз солиғи солинадиган товарлар ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалдаги солиқлар, божлар ва мажбурий тўловларни бекор қилмайди.

 

Хулосалар

Солиқ солиш тизимидаги таклиф этилаётган муҳим ўзгартиришлар нима беради?

Биринчидан, тавсифланган солиқ тизими солиқ тўловчининг деярли иштирокисиз амал қилади.

Иккинчидан, кичик бизнес субъектларига реал солиқ юки қуйидаги миқдорни ташкил этади:

● солиқ тўловчининг ҳисоб-китоб счёти бўйича дебет обороти ҳажмидан 5%;

● солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган, жисмоний шахсларнинг фойдасига пул маблағлари тўлаш ҳажмидан 20%.

Учинчидан, солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш алгоритми солиқ органларига қандайдир солиқ ҳисоботларини шакллантириш ва топшириш заруратини истисно этади, бинобарин, давлат ва солиқ тўловчилар – солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ кичик бизнес субъектларининг харажатларини анча қисқартириш имконини беради.

Тўртинчидан, таклиф этилаётган тизим солиқ органларига солиқ тўловчиларнинг ҳисоб-китоб счётларига жами кирим ва истеъмол фонди бўйича уларнинг пул маблағлари жами чиқимини фақатгина кузатиб, банкларнинг солиқларни тўғри ҳисоблаб чиқариши ва тўлашини ҳар куни, тўлиқ ва масофадан туриб назорат қилиш имконини беради.

Бешинчидан, нақд хорижий валютадан фойдаланишга доир амалдаги чекловлар сақланган ва нақд пул маблағлари Ўзбекистон ички молиявий муомаласидан чиқарилган тақдирда таклиф этилаётган тизим солиқларнинг тезкор 100 фоиз йиғилувчанлигини таъминлайди.

Олтинчидан, муайян имтиёзлар, махсус солиқ режимлари, ушланмалар ва истисноларсиз, барча кичик бизнес субъектлари учун солиқларни ҳисоблаш ва тўлашга доир ягона қоидалар:

● ушбу тоифадаги солиқ тўловчилар зиммасидаги солиқ юкини камайтириш имконини беради;

● бозордаги барча сегментларда тенг рақобат муҳитини яратади;

● иқтисодиётнинг энг самарали соҳаларига капитал эркин оқиб келишини таъминлайди;

● бозор рақобатдош товарлар ва хизматлар билан жадал бойитилишига замин яратади.

Кичик бизнесга солиқ солишнинг таклиф этилаётган чизмаси Президентнинг «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонидаги (18.07.2017 йилдаги ­ПФ-5116-сон) деярли барча вазифалар ва талабларни амалга ошириш имконини беришини ҳам қайд этиб ўтишни истардик.

 

Григорий ЗОМЕРФРАЙНД,

молиячи.

Прочитано: 1536 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика