Марказий банк ва Халқаро молия корпорацияси (IFC) Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон банклари ассоциацияси ва «Norma» профессионал ривожланиш маркази билан биргаликда, мамлакат тижорат банклари билан ҳамкорликда янги йилдан бошлаб кичик бизнес вакиллари, хусусий тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий саводхонликни ошириш дастурини жорий этишни режалаштирмоқда.
Тошкентда Дастур тақдимоти ўтказилди. У Жаҳон банки гуруҳининг Озарбайжон ва Марказий Осиёда молиявий инфратузилмани мустаҳкамлаш лойиҳаси (ACAFI) доирасида ишлаб чиқилган. Унинг мақсади – тадбиркорлар ва аҳолига молияни бошқариш масалаларида билим ва кўникмаларни оширишда ёрдам бериш.
Дастурни ишлаб чиқишга ундаган омиллар тўғрисида сўзларкан, унинг муаллифлари таъкидладиларки, кўплаб бизнес раҳбарлари:
● молиявий ҳисоб-китобларга асосланиб, бизнесга оид қарорларни интуиция ва эҳтирослар таъсирида қабул қиладилар;
● бухгалтерлар имзо чекиш учун уларга тақдим этадиган молиявий ҳисоботларни «ўқиш»ни билмайдилар;
● энг яхшиларини танлаб олиш учун молиявий институтларнинг кредитга оид таклифларини таҳлил қила олмайдилар.
Тадбиркорлар ўз бизнесларининг молиявий моделини тузиш ва асосий молиявий ҳисоботларни тушунишни ўрганадилар. Ўқув материаллари тушум, операция харажатлари, фойда, пул оқимини режалаштириш, молиялашни жалб этиш сингари мавзуларни қамраб олади.
Аҳоли саводхонлигини ошириш дастурида чакана банк маҳсулотлари билан ишлайдиган банк ходимларининг маслаҳат бериш кўникмаларини ошириш ҳам эътибордан четда қолмаган.
Тингловчилар бир вақтнинг ўзида ҳам ишлаб, ҳам таълим ола билишлари имконияти Дастурнинг афзалликларидан биридир. Бунга масофадан ўқитишнинг замонавий усулларидан фойдаланиш ҳисобига эришилади. Чунончи, таълимнинг бир қисми аудиторияларда, қолган қисми онлайн дарслар, вебинарлар шаклида ўтади. Таълим якунлари бўйича ҳар бир тингловчи малака имтиҳони топшириши керак.
Озарбайжон ва Марказий Осиёда молиявий инфратузилмани мустаҳкамлаш бўйича IFC лойиҳаси маслаҳатчиси Жаҳонгир Нурмуротовнинг айтишича, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш самарали ва шаффоф молия бозори учун зарур омил ҳисобланади. Молиявий билим ва кўникмаларни ошириш ривожланаётган Ўзбекистоннинг молия тизими учун айниқса муҳим. Мазкур ташаббус мамлакат молия тизимида депозитларни кўпайтириш ва молиявий фаолликни оширишга кўмаклашишга қаратилган.
Саида ЖОНИЗОҚОВА,
«Norma Online» мухбири.