Norma.uz

Сменали иш графиги: нималарга ¬эътибор бериш лозим

 

Корхонадаги 6 кунлик иш ҳафтасида сменали иш графиги йўлга қўйилган.

1-сменанинг иш вақти – 8.00 дан 16.00 гача, тушлик – 12.00 дан 13.00 гача, 2-сменанинг иши – 16.00 дан 24.00 гача, танаффус – 22.00 дан 23.00 гача, тунги смена – 24.00 дан 8.00 гача, танаффус – 6.00 дан 7.00 гача.

Иш вақти ва ҳисоби тўғри ташкил этилганми? Бухгалтерия учун буйруқ тайёрлаш зарурми?

Газетхон.

 

– МКнинг 122-моддасига мувофиқ, 1 кун дам олинадиган 6 кунлик иш ҳафтаси шароитида смена бўлиб ишланаётган жойда иш графиги тўғри тузилган: 6 кунлик иш ҳафтасида иш вақти 7 соатдан ошмайди (тушлик учун танаффус иш вақтига кирмайди).

Иш ҳафтасининг тури ва иш вақти режими (кундалик иш вақтининг (сменанинг) муддати, ишнинг бошланиш ва тугаш вақти, ишдаги танаффуслар вақти, сутка давомидаги сменалар сони, иш кунлари ҳамда ишланмайдиган кунларнинг навбат билан алмашиниши, ходимларнинг сменадан сменага ўтиш тартиби) корхонада ички меҳнат тартиби қоидалари, бошқа локал норматив ҳужжатлар билан, бу ҳужжатлар бўлмаганда эса, – ходим билан иш берувчининг келишувига биноан белгиланади (МКнинг 120-моддаси). Бу бухгалтерия ҳисоб-китоб қилиши учун асос бўлиши лозим. Қўшимча буйруқларни чиқариш керак эмас.

Тунги вақтдаги (22.00 дан 6.00 гача) ишнинг ҳар бир соати учун камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланади (МКнинг 158-моддаси). Саволда кўрсатилган иш графигида кечки сменадаги 2 соат – 22.00 дан 24.00 гача тунги вақтга тўғри келади; тунги сменага 6 соат – 00.00 дан 6.00 гача тўғри келади.

Қуйидагиларни албатта ҳисобга олиш лозим:

√ байрам кунлари арафасида смена муддати барча ходимлар учун камида 1 соатга қисқартирилади (МКнинг 121-моддаси), ишлаб чиқаришда иш графигини ўзгартириб бўлмаганда эса ортиқча ишланган вақт иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади ва унинг учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади (МКнинг 157-моддаси);

√ байрам кунлари арафасида 3-сменадаги ишни бекор қилиш, сабаби иш вақти янги (байрам) суткасига тўғри келади, ёхуд бунинг имкони бўлмаганда – байрам кунидаги иш каби камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўлаш зарур.

МКнинг 220-моддаси 5-қисми, 228 ва 245-моддаларида белгиланган чекловларга риоя қилган ҳолдагина ходимларни тунги вақтдаги ишларга ва иш вақтидан ташқари ишларга жалб қилишга йўл қўйилади:

√ ногиронларни – уларнинг розилиги билангина, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса;

√ ҳомиладор аёлларни ва 14 ёшга тўлмаган боласи, 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларни – уларнинг розилиги билан. Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади;

√ 18 ёшга тўлмаган шахсларни жалб этиш тақиқланади.

 

Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.

Прочитано: 3140 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика