Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 34 / Хўжалик юритиш қоидалари

Буюртмачи ишни қабул қилмаяптими? – Судга боринг!

 

Фирма қурилиш ишлари билан шуғулланади ва ҚҚСни ихтиёрий асосда тўлаган ҳолда ЯСТ тўловчиси ҳисобланади. Буюртмачи ва ёрдамчи пудратчи билан ишларни бажаришга шартнома тузилган эди. Ёрдамчи пудратчи ўз мажбуриятларини бажарди. Биз ундан ишлар ҳажмини қабул қилиб, ҳақини тўладик. Бироқ буюртмачи 3 ойдан буён ишларни қабул қилишдан бош тортмоқда, бажарилган ишлар далолатномаси солинган хатларга ҳеч қандай муносабат билдирмаяпти. Илгари у деярли бажарилган ишлар миқдорида аванс тўлаган.

Буюртмачи қурилиш пудрати шартномаси бўйича бажарилган ишлар далолатномасини қабул қилмаётган бўлса, нима қилиш керак?

Р.Голоскова.

 

– Қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 666-моддаси).

Қурилиш ишларини бажариш муддати, буюртмачининг пудратчи томонидан бажарилган ишларни қабул қилиш муддати ва тартиби пудрат шартномасида назарда тутилган бўлиши керак. Агар шартномада ушбу шартлар қайд этилмаган бўлса, пудратчидан бажарилган ишлар натижаси топширишга тайёр эканлиги тўғрисида хабар олганидан кейин буюртмачи дарҳол уни қабул қилиб олишга киришиши шарт.

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи ишлар натижасини қабул қилиб олишни ўз ҳисобидан ташкил этади ва амалга оширади. Қабул қилиб олиш якунлари бўйича буюртмачи ва пудратчи далолатномани имзолайди. Тарафлардан бири далолатномани имзолашдан бош тортса, бу тўғрида унга ёзиб қўйилади ва далолатномани иккинчи тараф имзолайди. Суд далолатномани имзолашдан бош тортиш сабабларини асосли деб топсагина, мазкур бир тарафлама далолатномани ҳақиқий эмас деб топиши мумкин (ФКнинг 680-моддаси). Бинобарин, бажарилган ишлар далолатномасини имзолашдан бош тортиш сабаблари асоссиз1 ҳисобланса, ушбу далолатнома ҳар қандай ҳолда пудрат ишлари бажарилганлиги далилини тасдиқлайди.

Ёрдамчи пудрат шартномасига келсак: агар буюртмачи билан тузган шартномангизда ишларни ўз кучи билан бажариш мажбурияти белгиланмаган бўлса, фирма ёрдамчи пудрат шартномасини тузишга ҳақли. Бироқ буюртмачи олдида ишларнинг сифати учун фирма жавоб беради (ФКнинг ­634-моддаси). Бинобарин, ёрдамчи пудратчи зиммасига олган мажбуриятларни бажарган бўлса, фирма у бажарган ишларни қабул қилиб ва ҳақини тўлаб, тўғри иш қилган. Шу тариқа, фирма ўз навбатида ёрдамчи пудратчи олдидаги мажбуриятларини бажарган.

Бажарилган ишларни буюртмачига топшириш учун шартнома бўйича ишлар якунланганлиги ва қабул қилиб олиш зарурлиги ҳақида уни ёзма равишда хабардор қилиш лозим. Шу тариқа фирма ишлар вақтида бажарилмаганлиги учун эҳтимолий талабномалар ва жарима санкцияларидан озод бўлади.

Бунинг устига, бажарилган ишлар далолатномаси сизнинг олдиндан ҳақ олганингиз қонунийлигини тасдиқлайди ва шартномани бажариш муносабати билан қилган харажатларингизни акс эттиради. Бажарилган ишлар далолатномаси расмийлаштирилмаган ҳолда буюртмачи даъво муддати2 мобайнида сизга тўланган суммани қайтаришни суд тартибида талаб қилиши мумкин. Бироқ бунда ушбу ишлар бажарилганлигини судда исботлаш керак бўлади. Салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида буюртмачига талабнома билдиришга, унга муносабат билдирмаганда эса – шартнома бўйича мажбуриятларни бажаришга мажбурлаш тўғрисидаги даъво аризаси билан иқтисодий судга мурожаат қилишга ҳақлисиз (ХПКнинг 24-моддаси). Даъво аризасида буюртмачи шартномани бажармаганлиги муносабати билан юзага келган зарарларни қоплашини талаб қилишга ҳам ҳақлисиз («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддаси).

 

Сабоҳат Султонова,

«Norma Online» эксперти.

 


1Яъни ишларнинг сифати ва ҳ.к. юзасидан даъво йўқ.

2Умумий даъво муддати 3 йилни ташкил этади ­(ФКнинг 150-моддаси).

Прочитано: 1680 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика