Norma.uz

Ҳакамлик судлари мавқеини ошириш йўлида

 

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган демократик ислоҳотлар авваламбор одил судловнинг сифат ва самарадорлигини оширишга қаратилмоқда. Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида (Президентнинг 21.10.2016 йилдаги ПФ-4850-сон Фармони билан тасдиқланган) ҳакамлик судлари фаолиятини ташкил қилишнинг қонуний асосларини ва улар томонидан қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни такомиллаштириш, ҳакамлик судларига қўйиладиган талабларни аниқлаштириш вазифалари қўйилган.

 

Мамлакатимизда 2006 йилдан бошлаб давлат судларига ёрдамчи, нодавлат, демократик суд органи сифатида ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарда ҳакамлик судлари самарали фаолият кўрсата бошлади. Ўтган давр оралиғида мазкур муқобил суд органларида салмоқли натижаларга ҳам эришилди. Лекин ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиз тезкор суръатларда ўзгараётгани ва бугунги замон талабларини инобатга олиб, давлат суд органлари соҳасида қилинган ижобий ўзгаришлар каби, ҳакамлик суд органлари жабҳасида ҳам бир қатор ислоҳотларни ўтказиш, фаолиятларини кенгайтириш учун уларга қўшимча ваколатлар бериш, ҳар томонлама ривожланишларига тўғаноқ бўлаётган қонун нормаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лозим бўлмоқда.

Аввало айтиш керакки, республикамизда «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонун (16.10.2006 йилдаги ЎРҚ-64-сон, кейинги ўринлардаҚонун) қабул қилинганидан буён унинг нормаларига деярли бирор-бир ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмаган. Шу боис Қонундаги айрим нормаларнинг ҳозирда ҳакамлик судлари ривожланишига тўсқинлик қилаётгани билиниб қолмоқда.

Таъкидлаш жоизки, республикамиз Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (5.10.2016 йилдаги ПФ-4848-сон) мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, тадбиркорлик субъектлари ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берган тақдирда давлат божидан озод этилиши амалиётга жорий этилди, бу фақатгина тадбиркорлик субъектлари учун яратилган имтиёз бўлиб, уни бошқа шахсларга нисбатан татбиқ этиш мумкин эмас. Айнан шу ҳолат ҳакамлик судларида тараф сифатида иштирок этаётган, тадбиркорлик субъекти бўлмаганларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Яна бир муаммо – бу ҳакамлик судлари ҳал қилув қарорларининг мажбурий ижрога қаратилиши. Ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари улар эълон қилингандан бошлаб қонуний кучга кириши туфайли уларни дарҳол – ижро варақасисиз мажбурий ижрога қаратиш лозим. Бу эса келгусида фуқароларнинг ҳакамлик судларини қулай, тезкор, тежамкор суд органлари деб эътироф этишларини, колаверса уларнинг янада самарали фаолият юритишларини таъминлайди.

Ҳозирда тадбиркорлик субъектлари ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижрога қаратиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза билан ваколатли суд органларига мурожаат қилганларида, улар ушбу ариза бўйича юритилган ишни кўриш ва ҳал қилиш жараёнида қатнашиб, кўп вақт сарфлашмоқда, айрим пайтда суд органлари «жавобгар ишга қатнашмади, келмади» деган баҳона билан ишни кўришни пайсалга солган ёки ижро варақасини бериш баҳонасида ишни қайта мазмунан кўрган ҳоллар ҳам амалиётда бўлган.

Бу борада ривожланган мамлакатларнинг тажрибаси эътиборлидир. Масалан, Германияда самарали фаолият юритаётган ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари эълон қилингандан кучга киради ва дарҳол ижрога қаратилади. Уларнинг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижрога қаратиш учун ваколатли суд органларига ижро варақасини бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиб ўтирилмайди.

Маълумки, Қонун талабига кўра, ҳакамлик судлари юридик шахс мақомига эга эмас, улар юридик шахс ҳузурида ташкил қилиниши мумкин. Уларни ташкил қилган юридик шахс, ўз навбатида, судларнинг фаолиятига ҳар хил йўсинда аралашишга ҳақли эмас, яъни ҳакамлик суди низоларни мустақил, қонун ҳужжатларига асосан ҳал қилиши керак. Бироқ амалиётда айрим ҳолларда ҳакамлик суди фаолиятига аралашиб, уни ташкил қилган юридик шахс раҳбарларининг «ҳакамлик судидан фойда йўқ, иш унда кўрилмасин, ҳакамлик судини очиб, наф кўрмадим» деган мазмундаги турли баҳоналар билан ҳакамлик суди фаолиятини тўхтатган, суд раисини лавозимидан озод қилиб ёки судьялар рўйхатини қайта-қайта ўзгартиришга эришмоқчи бўлган ҳолларни ёки баъзида юридик шахс бўлмаган ваколатхона ёки филиал ҳузурида ҳакамлик судини ташкил қилаётганларни ҳам кузатиш мумкин. Бунга мисол қилиб Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси ҳузуридаги ваколатхона мамлакатимиздаги ҳар бир вилоят ва туманда ҳакамлик судларини ташкил қилганлигини келтирса бўлади. Ваҳоланки, Фуқаролик кодексининг тегишли нормаларига кўра ваколатхона юридик шахс мақомига эга эмас.

Мазкур қонунбузилиш ҳолатларига барҳам бериш учун Қонунда белгиланган «ҳакамлик судлари юридик шахс бўлмайди» ёки «ҳакамлик суди юридик шахс... ҳузурида фаолият кўрсатади» (Қонуннинг 5–6-моддалари) деган нормаларни «ҳакамлик суди юридик шахс мақомига эга» ва «олий юридик маълумотга эга бўлган, якка ёки бир неча жисмоний шахслар томонидан юридик шахс сифатида ҳакамлик суди ташкил қилиниши мумкин» деган нормалар билан алмаштириш керак.

 

Олий хўжалик суди Пленумининг «Хўжалик судлари томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳамда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ишларни кўришда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарорининг (15.06.2012 йилдаги 238-сон) 5.1-бандида низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатларни ҳакамлик суди фойдасига ундириш талаби ХПКнинг 20-2-бобида белгиланган қоидалар асосида кўриб чиқилмаслиги, шу боис, низони ҳакамлик судида ҳал қилишда тарафлар томонидан тўланиши лозим бўлган харажатларни тўлаш ҳакамлик суди томонидан кечиктирилган тақдирда, ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс ҳакамлик муҳокамасининг тегишли тарафидан ушбу харажатларни ундиришни сўраб ваколатли судга умумий тартибда даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли эканлиги тўғрисида тушунтириш берилган.

Ушбу тартиб амалиётда ҳакамлик судларини ташкил этган юридик шахсларга суд харажатларини ундириш бўйича ваколатли судга умумий тартибда давлат божи тўлаш ва даъво аризаси билан мурожаат қилиш жараёнида ортиқча харажат, қоғозбозлик ҳамда оворагарчиликларга сабаб бўлмоқда, бу ҳолат ҳакамлик судларининг нуфузи, обрў-эътибори ва салоҳиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларида тарафлар томонидан тўланиши лозим бўлган харажатларни тўлаш учун ихтиёрий ижро муддати белгиланиб, мазкур ихтиёрий ижро муддати давомида тўлов амалга оширилмаган тақдирда, низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатларни тегишли тарафдан ундириш ушбу суднинг ҳал қилув қарори асосида, давлат божи тўловисиз ва ижро варақасисиз амалга оширилиши, ҳакамлик суди томонидан дарҳол мажбурий ижрога қаратилиши лозим.

 

Давлат судлари каби ҳакамлик судлари ҳам низоларни қонун ҳужжатлари асосида мустақил ҳал қилишларини таъминлаш, уларнинг фаолиятига ҳар хил йўсинда аралашувларга барҳам бериш учун, аввало, уларнинг ўзини бирор-бир юридик шахс ёки юридик шахс раҳбарига тобе қилмасдан, олий юридик маълумотга эга бўлган, якка ёки бир неча жисмоний шахслар томонидан алоҳида тарзда, юридик шахс мақоми билан ташкил қилиш, ваколатларини ошириш, етарлича шарт-шароитлар яратиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, келгусида нотижорий, фойда кўришни мақсад қилмаган, нодавлат ҳакамлик суд органларининг барқарорлиги ва ривожланишининг омилидир.

 

Ориф Қандахоров,

«Export import consulting group» МЧЖ ҳузуридаги ҳакамлик суди раиси.

Прочитано: 1514 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика