Norma.uz

Шаҳар транспортида кўпроқ йўловчилар бепул юра оладилар

 

Пенсионер сафарга йўл олди, бироқ узоқ вақт бўлмаганида пенсиясини ким олишини билмайди. Пенсионер учун эслатмани ўқисангиз, бу саволга жавоб топасиз.

Ўқувчилар пенсия энг кам ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин-мумкин эмаслигини ҳам билиб оладилар. Ишловчи пенсионерларга пенсияни карточкада тўлаш мумкинми? Шу ва бошқа саволларга ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппарати мутахассиси жавоб беради.

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.

 

 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

 

Шаҳар транспортида кўпроқ йўловчилар бепул юра оладилар

 

ҚҲТБТ порталида «Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунга тузатишлар лойиҳаси жойлаштирилган.

 

Айни пайтда мамлакатимизда яшовчи, ядро полигонларида ва бошқа ядровий-радиация объектларида ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларнинг умумий сони 254 кишини ташкил этади.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг маълумотларига кўра, улардан 103 киши (42 нафари шаҳарларда яшайди) – ёшга доир ва (ёки) ногиронлик бўйича пенсионерлардир, деб хабар қилинади қонун лойиҳасига тушунтириш хатида.

Бундан ташқари, Президентнинг 30.05.2002 йилдаги ПФ-3079-сон Фармони билан фуқароларнинг ушбу тоифасига имтиёзлар, шу жумладан истиқомат жойида маъмурий туман доирасидаги қишлоқ жойларда жамоат фойдаланадиган автомобиль транспортида (такси бундан мустасно), шунингдек шаҳар атрофида қатновчи темир йўл транспортида ва шаҳар атрофи йўналишларидаги автобусларда бепул юриш имтиёзи тақдим этилган.

Шу муносабат билан ядро полигонларида ва бошқа ядровий-радиация объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар жумласига кирувчи ногиронларни Қонун билан тасдиқланган имтиёзга эга фуқаролар рўйхатига киритиш таклиф этилди.

Шуни эслатиб ўтамизки, Қонунга мувофиқ шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқи фақат:

1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари жумласидан бўлмиш ҳарбий хизматчилар;

1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс;

1941–1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар;

Афғонистон Республикасида ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналмилалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқаролар;

ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахслар;

кўзи ожиз ногиронлар ва кўзи ожиз ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахс.

 

Лойиҳа 2017 йил 30 июнгача муҳокама қилинади, унга ўзгартириш, қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Олег Заманов, «Norma Online» эксперти.

 

Маълумот учун!

ПЕНСИЯЛАРГА солиқ СОЛИНМАЙДИ.

 

 

Расмий жавоб

 

Ҳар бир ой ҳисобга олинавермайди

 

70-йилларда олий ўқув юртининг кундузги бўлимини тугатган ҳамкасбим пенсияни расмийлаштир­япти. Йиллар сони яхлит бўлиши учун унга 1 ой етмаяпти. Илгари олий ўқув юртининг кундузги бўлимида ўқиган вақт учун «муддат» – 4 йилу 10 ой беришарди. Шунингдек 1 ойлик таътил берилар, у тугаганда ишга тушишимиз керак бўларди. Ишга киргач, корхона раҳбарига йўл пули беришни сўраб мурожаат қилардик. Уларни ойлик маош миқдорида тўлар, амалда дипломдан кейинги таътил пулини тўлаган бўлишарди. Дипломдан кейинги бир ойлик таътил пенсия тайинлаш учун стажга қўшиб ҳисобланадими?

Л.Г. Тошкент ш.

 

Олий таълим муассасаларида (шу жумладан, уларда ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган ҳарбий-таълим муассасаларида), аспирантурада (стажёрлар-тадқиқотчилар-изланувчилар институтида), докторантурада (катта илмий ходимлар-изланувчилар институтида) ва клиник ординатурада кундузги ўқиш вақти дипломлар, шунингдек маълумотномалар ва архив маълумотлари асосида берилган ва ўқиш даврлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланади.

Ҳужжатларда бундай маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ўқиш даврининг исботи сифатида, ҳужжатларда тўлиқ ўқув йилини тамомлаганликка кўрсатма мавжуд бўлиши шарти билан, тегишли йилларда мазкур таълим муассасасида ўқиш даври давомийлиги тўғрисидаги маълумотномалар тақдим қилинади (Низомнинг 63-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова). Амалиётда Пенсия жамғармаси бўлимлари талабалар сафидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинадиган санагача ўқув йилининг бошидан бошланган даврни иш стажига киритадилар.

Баён этилганлардан келиб чиқишича, олий таълим муассасаларида тўлиқ ўқув йили ўқиш даври иш стажига киритилади. Тегишинча, ўқишдан кейинги таътил ойи стажга қўшиб ҳисобланмайди.

 

 

Стаж бўлмаганда

 

Холам 55 ёшга тўлди, бироқ пенсия олиш учун мурожаат қилганида стажи камлиги сабабли рад жавоби бердилар. Пенсия жамғармаси ходимлари ҳақлимилар?

Екатерина Н. Чирчиқ ш.

 

– Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда; аёллар – 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси, бундан кейин – Қонун).

Сизнинг ҳолатда ҳатто зарурий энг кам (камида 7 йил) стаж бўлмаса керак (Қонуннинг 8-моддаси). Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсия эса бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади (Қонуннинг 29-моддаси). Бироқ бунинг учун Қонун 37-моддаси 1-қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 7 йил иш стажи – фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, башарти бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш мавжуд бўлиши зарур.

Қонуннинг 37-моддаси 1-қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган 7 йилдан кам иш стажи мавжуд бўлиб, ёшга доир пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсия тайинланади. Мазкур пенсия аёлларга – 60 ёшга етганларида, эркакларга – 65 ёшга етганларида тайинланади (Низом, ВМнинг 7.04.2011 йилдаги 107-сон қарорига 2-илова).

 

Энг кам миқдордан оз

 

Пенсия миқдори (иш стажи тўлиқ бўлмаганда) ёшга доир энг кам пенсиядан оз бўлиши мумкинми?

Акчурин. Тошкент ш.

 

– Зарур иш стажи Қонуннинг 7-моддасида белгиланган, унга мувофиқ, эркаклар 25 йил иш стажига, аёллар 20 йил иш стажига эга бўлишлари зарур.

Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсия бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади, бироқ:

► ёшга доир пенсиялар, II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсиялари ва оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 50%идан;

► I гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсиялари ва ҳам отаси, ҳам онасидан жудо бўлган (чин етим) ҳар бир болага боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 100%идан кам бўлмаслиги лозим.

Тўлиқ бўлмаган иш стажи ҳолатида пенсия қуйидаги тарзда мавжуд стажга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқилади: дастлаб тегишли тўлиқ пенсия аниқланади; ушбу пенсия талаб этиладиган иш стажи ойлари сонига бўлинади; олинган сумма амалдаги иш стажи ойлари сонига кўпайтирилади (252-сон Низомнинг 130-банди).

 

Иккитасидан бири

 

Бувам – пенсионер. У оғир касалликни бошидан кечириб, ногирон бўлиб қолди. У яна ногиронлик бўйича пенсияни ҳам олишга ҳақлими?

Мария И. Тошкент ш.

 

Йўқ, бир вақтнинг ўзига пенсиянинг иккита тури тайинланмайди. Давлат пенсияларининг турли хилларини олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга уларнинг ўзлари танлаган битта пенсия тайинланади (Қонуннинг 4-моддаси).

Агар амалдаги (тўланаётган) пенсия, масалан, ёшга доир пенсия миқдори бошқа пенсия, масалан, боқувчисини йўқотганлик пенсиясидан кам бўлса, пенсионер энг юқори миқдордагисини танлашга ҳақли.

Пенсияларнинг бир турини олган пенсионер Қонунга мувофиқ унга бўлган ҳуқуқ мавжуд бўлган тақдирда пенсиянинг бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказишда тайинланган пенсияни тўлаш тўхтатилади ва қонун ҳужжатлари билан қўйиладиган талабларга мувофиқ бошқа турдаги пенсия тайинланади (252-сон Низомнинг 133-банди).

Янги тайинланган пенсия ариза берилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб тўланади.

 

Фақат нақд шаклда

 

Корхонамизда пенсиянинг 50%ини олувчи пенсионерлар ишлайди. Биз уни қандай шаклда тўлашимиз керак: нақд кўринишдами ёки пластик карталаридами?

З.Йўлдошева, бухгалтер.

 

– Президентнинг «Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (2.02.2017 йилдаги ПҚ-2753-сон) билан белгиланишича, 2017 йилнинг февраль ойидан бошлаб барча турдаги пенсиялар бутун мамлакат ҳудудида ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда берилади.

Шундан келиб чиқилса, ишловчи пенсионерларга ҳам пенсиялар нақд шаклда тўланиши керак.

 

Имтиёзлими ёки оддий?

 

Аёлларга 54 ёшдан пенсия тайинлаш учун, гарчи қонун ҳужжатларида 10 йил учун маълумотномани тақдим этиш кўрсатилган бўлса ҳам, 20 йиллик иш ҳақи тўғрисида маълумотномани талаб қилаётган Пенсия жамғармаси ходимлари ҳақлими?

Р.Урматова. Тошкент ш.

 

– Пенсияга имтиёзли шартларда – 54 ёшга тўлганда чиқиш учун Қонун 37-моддасининг 1-қисми «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 20 йиллик иш стажига эга бўлиш керак (Қонуннинг 12-1-моддаси).

Қуйидагилар 54 ёшдан пенсия олиш ҳуқуқини белгилаш учун талаб этиладиган 20 йиллик иш стажига қўшиб ҳисобланади:

а) фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса;

б) ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш;

в) идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;

г) якка тартибдаги меҳнат фаолияти, шу жумладан якка (гуруҳли) ижара шароитидаги ёки шахсий ёрдамчи, деҳқон (фермер) хўжалигидаги фаолият, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда.

Қуйидагилар талаб этиладиган 20 йиллик иш стажига қўшиб ҳисобланмайди:

д) I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача бўлган ногирон болага, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган (даволаш муассасасининг хулосасига кўра) 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт;

е) олий таълим муассасаларида, аспирантурада, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтида, докторантурада, катта илмий ходим-изланувчилар институтида ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан чет элда ўқиш;

ж) бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил;

и) Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг хотини (эри) чет элда бўлган, лекин 10 йилдан ошмаган давр.

Тегишинча, аёллар 54 ёшдан пенсия олиш ҳуқуқини белгилаш учун Қонун 37-моддасининг 1-қисми «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган 20 йиллик иш стажини тасдиқлашлари зарур.

 

МИСОЛ. Аёл 24 йиллик иш стажига эга. Шундан 3 йили – болани парваришлаш таътили ва 4 йили – олий ўқув юртидаги ўқиш даври. Бу ҳолда у 54 ёшда пенсия олиш ҳуқуқига эга эмас, сабаби унинг стажи 17 йилни (24 – (3 + 4)) ташкил этади. Болани парваришлаш таътили ва ўқиш даври (3 + 4 = 7) зарур стажни ҳисоблаб чиқаришда инобатга олинмайди. Бошқача айтганда, ходим суғурта бадаллари тўланган 20 йиллик ҳар қандай иш стажига эга бўлиши зарур, шундан кейингина уларга бола туғиш ва парваришлаш таътилида бўлган, ўқиш ва ҳ.к. даврлар қўшилади.

 

Шуни қайд этиш зарурки, меҳнат дафтарчасида аёлларнинг ҳомиладорлик ва туғиш, болани парваришлаш, иш ҳақи сақланмайдиган таътилларда ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврида бўлган даврлари акс эттирилмайди. Шу сабабли бу даврларни архив маълумотномалари билан тасдиқлаш талаб этилади.

Қонун ҳужжатларига кўра, Қонун 37-моддасининг ­1-қисми «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган иш стажи 252-сон Низомга 12 ва 13-иловаларга мувофиқ расмийлаштириладиган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома асосида аниқланади.

20 йиллик иш стажига эга бўлмаган аёлларга пенсия тайинлаш рад этилади, Қонуннинг 7 ва 8-моддаларига мувофиқ 55 ёшга тўлганларида ёшга доир пенсия тайинланади.

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси
ижроия аппаратининг пенсиялар тайинлаш услубияти бўлимининг бошлиғи.

 

 

 

Мутахассис тушунтиради

 

Директор учун шартнома

 

Баъзан ташкилот раҳбарининг пенсияга чиқиши кадрлар бўлими инспекторида бир қатор саволларни юзага келтиради. Айниқса директор МЧЖда узоқ вақт ўриндошлик асосида ишлаётган бўлса. Агар у пенсионер бўлса, меҳнат муносабатлари қандай расмийлаштирилади? Иш ҳақи суммаси пенсия тўловларини олишга таъсир кўрсатадими? ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппарати пенсияларни тайинлаш услубияти бўлимининг бошлиғи Зафаржон Хўжаев шу ва бошқа саволларга жавоб беради.

 

– Пенсионер ўриндошлик асосида МЧЖ директори сифатида ишлаши мумкинми, бунинг учун қандай ҳужжатларни расмийлаштириш зарур? Жамият Пенсия жамғармасига қандай ҳужжатларни тақдим этади?

– Пенсионернинг ўриндошлик асосида директор сифатида меҳнат фаолиятини амалга ошириши қисмида бирон-бир чекловлар мавжуд эмас.

Ўриндошлик асосида ишловчи пенсионерларга пенсия асосий иш жойидан тўланади (АВ томонидан 30.04.2011 йилда 2222-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 4-банди). Қонун ҳужжатларига кўра Пенсия жамғармасига у ҳақдаги маълумотлар ва унинг ҳужжатларини у ўриндошлик асосида ишлаётган МЧЖ эмас, балки асосий иш жойидаги кадрлар бўлими тақдим этади. МЧЖда ўриндош пенсионер ишлаётганлиги ҳақида Пенсия жамғармасига хабар бериш мажбурий эмас.

– Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-1-бандига мувофиқ, директор билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани тузиб, 100 фоиз пенсия олиши учун ёшга доир пенсиянинг минимал миқдоридан ортиқ бўлмаган суммани тўлашимиз мумкинми?

– Сиз фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани туза олмайсиз, чунки ташкилот директори билан фақат меҳнат шартномаси тузилади ва бу вазиятда муносабатлар Меҳнат кодекси билан тартибга солинади. Штат жадвалига кўра доимий тусдаги функционал вазифаларни бажариш шартнома предмети ҳисобланади.

Меҳнат шартномаларига кўра ишловчиларга пенсия 50% миқдорида тўланади (уни тўлиқ миқдорда олиш ҳуқуқига эга пенсионерлардан ташқари).

Меҳнат шартномасига кўра энг кам иш ҳақи Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси (ВМнинг 21.07.2009 йилдаги 206-сон қарори билан тасдиқланган) 1-разряди бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан, яъни 2,476 х ЭКИҲнинг 1 баравари = 370 842,9 сўмдан кам бўлиши мумкин эмас (МКнинг 16, 155-моддалари).

Пенсионер тўлиқ ёки тўлиқсиз иш кунида банд бўлишидан қатъи назар, пенсия 50% миқдорида тўланади (пенсияларини тўлиқ миқдорда олиш ҳуқуқига эга пенсионерлардан ташқари) (Низомнинг 24-банди).

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишлайдиган ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган ёшга доир пенсияларнинг минимал миқдоридан паст даромад (гонорар, мукофот ва бошқалар) оладиган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.

Бир марталик, доимий тусга эга бўлмаган ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатиш бундай шартнома предмети ҳисобланади. Буюртмачи билан ижрочи ўртасидаги муносабатларни Фуқаролик кодекси тартибга солади. Улар корхона штатида бўлмайдилар, МКда назарда тутилган талаблар, нормалар ва имтиёзлар (масалан, ҳақ тўланадиган меҳнат таътили, ҳафтада 40 соатлик иш вақти, энг кам иш ҳақи ва ҳ.к.) уларга нисбатан татбиқ этилмайди.

– Пенсияга чиқишдан олдинги ва кейинги ойда иш ҳақини ҳисоблаб ёзиш тартибини тушунтириб берсангиз.

– Пенсияга чиқишдан олдин ва кейин иш ҳақи миқдорларини ўзгартириш юзасидан ҳеч қандай чекловлар ёки ҳуқуқий нормалар белгиланмаган. Яъни пенсияга чиққанларнинг иш ҳақи чекланмайди ва оширилмайди. Пенсияларни тўлаш қисмида чекловлар мавжуд. Юқорида айтилганидек, даромади ёшга доир пенсиянинг минимал миқдори билан чекланган тақдирда пенсияни тўлиқ миқдорда олиш тартиби меҳнат шартномалари бўйича ишловчиларга татбиқ этилмайди. Ушбу норма фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича олинган даромадларгагина татбиқ этилади. Шу ўринда пенсионер бир нечта ташкилотда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишласа, пенсияни тўлиқ миқдорда ёки 50% миқдорида тўлаш учун даромаднинг бутун суммаси ҳисобга олинишини қайд этиб ўтаман.

 

 

 

Буни билган яхши

 

Пенсионер учун эслатма

 

Кўпгина кексалар пенсияга чиққан заҳоти саёҳат билан машғул бўладилар ёки вақтинча яшаш учун, масалан, бошқа давлатдаги фарзандларининг ҳузурига йўл оладилар. Қайтганларида низоли вазиятлар юзага келмаслиги учун қуйидаги қоидаларни ёдда тутиш ва бажариш зарур.

 

1. Узоқ вақтга кетиши муносабати билан пенсия тўловларини тўлаш тўхтатиб турилиши ҳақида ПЖ бўлимини хабардор қилиш.

Тайинланган пенсияни тўлаш бу тўғрисида пенсионер томонидан ариза берилганда тўхтатиб турилади (252-сон Низомнинг 172-банди).

Бундай мурожаат пенсионернинг ўз манфаатларига хизмат қилади, бу билан ўзи ишонмайдиган киши (масалан, инсофсиз қариндоши) пенсиясини олишидан ўзини ҳимоялаган бўлади.

 

2. Пенсияни ишончнома берилган шахс олиши мумкин.

Ўз пенсиясини олишни бошқа шахсга ишониб топширган шахс Пенсия жамғармаси бўлимига бир йилда камида 1 марта келиб, тайинланган пенсияга бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқлаши керак. Ўз навбатида ишончли вакил пенсия тўлашга таъсир этиши мумкин бўлган, ўзига маълум барча ҳолатлар тўғрисида Пенсия жамғармаси бўлимига хабар бериши шарт (252-сон Низомнинг 160-банди).

 

3. Пенсия пластик карточкада олинганда ҳар 6 ойда Пенсия жамғармаси бўлимида ўзининг пенсия суммасини олиш ҳуқуқини тасдиқлаши зарур.

Тижорат банкининг филиали орқали пенсия оладиган пенсионер ҳар 6 ойда пенсия тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига келиш йўли билан ўзининг пенсия суммасини олиш ҳуқуқини тасдиқлаши зарур (252-сон Низомнинг 158-банди). Пенсионер белгиланган муддатда Пенсия жамғармаси бўлимига келмаган тақдирда, ПЖ бўлими ходимлари 10 кун мобайнида:

► унинг тирик эканлиги;

► ишга жойлашганлиги;

► яшаш жойи ўзгарганлиги ёки чет элга кетганлиги;

► жазони ўташ жойларида эканлиги;

► кексалар ва ногиронларнинг интернат уйларида (пансионатларида) яшаётганлиги ҳолатларини аниқлаш учун пенсионер яшайдиган жойга борадилар.

Олинадиган пенсияга пенсионернинг ҳуқуқи тасдиқланган тақдирда пенсияни тўлаш навбатдаги 6 ойга давом эттирилади.

Пенсионернинг ҳуқуқлари тасдиқланмаган тақдирда, пенсияни тўлаш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тегишли органи вакиллари ва қўшнилар иштирокида Пенсия жамғармаси бўлими ходимлари томонидан тузилган далолатнома асосида тўхтатиб турилади.

 

4. Саёҳатдан қайтган заҳоти пенсияни, шу жумладан олинмаган пенсияни тўлашни тиклаш тўғрисидаги ариза билан ПЖга мурожаат қилиш лозим.

Пенсияни тўлаш пенсионер ёки унинг васийси Пенсия жамғармаси бўлимига келгандан сўнг ва у ариза тақдим этгандан, шунингдек шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатгандан сўнг тикланади (252-сон Низомнинг 172-банди).

 

5. Ўтган давр учун пенсия фақат 12 ой учун тўланади.

Пенсионерга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин унинг томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги 12 ойдан ошмаган давр учун тўланади (Қонуннинг 59-моддаси).

 

6. Доимий яшаш жойидан кетаётганда пенсияни:

доимий яшаш (прописка қилинган) жойидан;

6 ой аввал;

турар жойдан рўйхатдан чиққан ойнинг охиригача олиш мумкин.

Агар турар жой сотилганлиги муносабати билан аввалги турар жойингиздан рўйхатдан чиққан, бироқ хорижий давлатга кетгунингизга қадар, масалан, ҳужжатларни расмийлаштириш ва ҳ.к. учун муайян оралиқдаги вақт керак бўлса, пенсия олиш учун бошқа турар жойда вақтинча ёки доимий пропискадан ўтишингиз зарур.

Агар пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартнома тузилмаган хорижий давлатга доимий яшаш учун кетаётган бўлсангиз, Пенсия жамғармаси бўлимига кетиш тўғрисида ариза берилган кундаги пенсия миқдори ҳисоб-китобидан келиб чиқиб, жўнаб кетишдан 6 ой аввал пенсия олишингиз мумкин. Олти ойлик давр доимий яшаш учун кетишдан аввалги пенсия тўлаш учун аризада кўрсатилган санадан бошлаб ҳисоблаб чиқилади.

Ўзбекистон пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган давлатларга доимий яшаш учун кетилган кунгача тайинланган пенсия турар жойдан рўйхатдан чиққан ойнинг охиригача тўланади.

Ўзбекистон ташқарисига доимий яшаш учун кетаётган фуқароларга пенсияни тўлаш унинг аризаси ва «Доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқарилди» деган белги бўлган шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида тўхтатилиши мумкин (252-сон Низомнинг 177-банди).

Пенсиялар миқдорлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзгарганда, 6 ой аввал тўланган пенсия қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.

 

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

Ишсизлар учун пенсия

 

Пенсиялар муддатидан аввал тайинланиши ҳақида эшитиб қолдим. Бу қандай пенсиялар?

Рамизов. Тошкент ш.

 

– Ҳақиқатан ҳам, Қонуннинг ­14-моддаси билан ёшга доир пенсияларни муддатидан олдин тайинлаш назарда тутилган. У технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахслар:

► эркакларга – 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда;

► аёлларга – 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда тайинланади.

Ана шу мақсадда муддатидан олдин пенсияни тайинлашни сўраб ариза бераётганда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги туман (шаҳар) Бандлик марказининг шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги тақдимномасини ҳам илова қилиш зарур (252-сон Низомнинг 12-банди «п» кичик банди).

 

Битта қоғозга камайди

 

Пенсияни қайта ҳисоблаш тўғрисидаги ариза қанча муддатда кўриб чиқилиши керак? Қайси ҳолларда пенсияни қайта ҳисоблаш тўғрисида ариза бериш мажбурий эмас?

Ерметов. Тошкент ш.

 

Пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисидаги ариза Пенсия жамғармаси бўлими томонидан 5 кун муддатда кўриб чиқилади (252-сон Низомнинг 150-банди).

Қуйидаги ҳолларда пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисида ариза бериш талаб қилинмайди:

► қонун ҳужжатларига мувофиқ энг кам ойлик иш ҳақининг миқдори ўзгарганда;

► тайинланган пенсия миқдори камайишига олиб келган ҳолатлар юз берганда;

► оиланинг 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган аъзоларидан бири таълим муассасасидан берилган унинг ўқувчи эканлиги ҳақидаги маълумотномани тақдим этган тақдирда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчи оила аъзолари сони ўзгарганда;

► ногиронлик гуруҳи ўзгарганда (252-сон Низомнинг 149-банди).

 

Шартнома бўлмаса, йиғмажилд берилмайди

 

Мен Литвага доимий яшаш учун кетаяпман. Пенсия жамғармаси бўлимида пенсия йиғмажилдимни беришдан бош тортдилар. ПЖ ходимлари ҳақлими?

Л.Маркова. Тошкент ш.

 

Пенсия жамғармаси бўлимининг ходимлари ҳақли. Агар пенсионер Пенсия таъминоти соҳасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги қатнашчилари бўлган давлатларнинг фуқаролари ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида Битим (Москва, 13.03.1992 йил) қатнашчилари бўлган давлатларга ва ижтимоий таъминот (пенсия таъминоти) тўғрисидаги икки томонлама шартномалар қатнашчилари бўлган давлатларга доимий яшаш учун жўнаб кетаётган бўлса, пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди пенсионерга (ишончли вакилга) берилиши мумкинлиги ҳисобга олинади (252-сон Низомнинг 197-банди).

Литва ижтимоий таъминот (пенсия таъминоти) тўғрисидаги халқаро шартномалар имзоланган давлатлар таркибига кирмайди. Бинобарин, пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди берилмайди ва у Пенсия жамғармаси бўлими архивида сақланади (252-сон Низомнинг 198-банди).

 

Маълумот учун!

Ташкилот раҳбари пенсионерни ИШГА қабул қилганда уни ишга қабул қилганлиги ҳақида (фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилганда) пенсионернинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига 5 КУН ичида хабар бериши ва буйруқдан кўчирмани (фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома нусхасини) тақдим этиши ШАРТ.

 

 

 

Маълумот учун!

 

Уруш қатнашчилари учун имтиёзлар

 

Уруш қатнашчиларига тенглаштириладиган шахслар (252-сон Низомга 1-илова) доирасига ҳарбий ҳаракатлар кетаётган мамлакатларда ўз байналмилал бурчларини адо этган, тинчлик ўрнатувчи кучлар таркибида иштирок этган ҳарбий хизматчилар, ички ишлар ва МХХ органларининг бошлиқлар ва оддий ходимлар таркибидан бўлган шахслар ҳам киради.

 

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун билан улар учун бир қатор имтиёзлар назарда тутилган:

1) ЭКИҲнинг 50%и миқдорида пенсияга устама ҳақ (Қонуннинг 28-моддаси «ж» банди);

2) ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш стажга 3 ҳисса баробарида қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг 38-моддаси);

3) ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланади (20.11.1995 йилдаги ПФ-1289-сон);

4) уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича ЭКИҲнинг 45%и миқдорида ҳар ойда компенсация пул тўловларини олиш ҳуқуқи. Ушбу компенсация суммаси жисмоний шахсларнинг жами даромадига киритилади ҳамда ишловчи ва ишламайдиган пенсионерларга иш ҳақи (пенсия, нафақа) тўланадиган муддатларда берилади (14.04.2015 йилдаги ПФ-4715-сон Фармонга 1-илова);

5) 2 йилда бир марта (навбат асосида) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг санаторий-соғломлаштириш муассасаларига бепул санаторий-курорт йўлланмаларини олиш (АВ томонидан 27.04.2012 йилда 2356-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқнома).

 

 

 

Уларда қандай

Стажни тасдиқланг

 

РФ ҳукумати суғурта пенсияларини ҳисоблаб ёзиш учун стажни ҳисоблаш ва тасдиқлаш тартибини ўзгартирди. Хусусан, I гуруҳ ногиронини, ногирон болани ёки 80 ёшдан ошган кексани парваришлаш даврларини тасдиқлаш осонлашади. Бундай даврлар якка тартибдаги ҳисоб маълумотлари билан тасдиқланади.

 

Пенсия қонунчилигига мувофиқ, кўрсатилган тоифадаги кишиларни парваришлаётган кишининг парваришлаш даври ҳар йил учун 1,8 пенсия балли миқдорида суғурта стажи сифатида ҳисобга олинади. Бу парваришлаётган шахс суғурта пенсиясини олиш учун ўз пенсия ҳуқуқларини шакллантиришига имкон беради.

Шунингдек қоидалар бир нечта янги бандлар билан тўлдирилди. Хусусан, фуқаро асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги сабабли ишдан четлаштирилган давр стажга қўшилади.

«Қабул қилинган қарорлар фуқароларнинг пенсия ҳуқуқлари тўлиқроқ ҳисобга олинишини ва келгусида амалга оширилишини таъминлаш имконини беради», – дейилади қарорга тушунтириш хатида.

2015 йилдан бошлаб кексаликка доир суғурта пенсияси фақат якка тартибдаги пенсия коэффициенти мавжуд бўлганда тайинланади. Уни олиш учун муайян миқдорда балл тўплаш лозим. Бу миқдор эса ҳар йили ошиб боради. Агар 2016 йилда 9 балл тўплаш кифоя қилган бўлса, 2017 йилда 11,4 балл тўплаш зарур. 2018 йилда 13,8 балл керак бўлади ва ҳоказо – 2025 йилда 30 баллга етади.

Суғурта пенсияси ҳисоблаб ёзиладиган пенсия ёши эркаклар учун 60 ёшни, аёллар учун эса 55 ёшни ташкил этади.

 

Интернет тармоғи материалларидан.

 

 

Мавзувий сонни мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 2066 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика