Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 24-25 / Хўжалик юритиш қоидалари

Ускунани сотаётганда техпаспортни илова қилинг

 

Ташкилотимиз электр техника ускунасини (туркум эмас, якка тартибдаги буюртмалар бўйича, масалан, қуруқ қурилиш қоришмаларини ишлаб чиқарувчи ускуна) тайёрлашни режалаштирмоқда.

1. Ушбу фаолият тури лицензияланиши керакми?

2. Олди-сотди шартномасига кўра тайёрланган электр техника ускунаси келгусида сотилганда илова қилинувчи ҳужжатлар пакети рўйхатида нималар бўлиши керак (паспорт, сертификатлар ва ҳ.к.)?

К.Сайдалиев.

 

1

Йўқ, мазкур фаолият тури лицензияланмайди. Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатида (Олий Мажлиснинг 12.05.2001 йилдаги 222-II-сон қарорига 1-илова) электр техника ускуналарини тайёрлаш (агар у қурол-яроғ ва унинг ўқ-дори захиралари, ҳимоя воситалари, ҳарбий техника, эҳтиёт қисмлар, бутловчи элементлар ва уларнинг анжомларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаса) қайд этилмаган.

 

2

Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотувчи сотиб олувчига ашёни бериш билан бир вақтда унга мансуб ашёни, шунингдек қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган ашёга алоқадор ҳужжатлар (техник паспорти, сифат сертификати, фойдаланиш бўйича йўриқнома ва ҳоказолар)ни топшириши шарт (ФКнинг 388-моддаси 2-қисми). Хусусан, қонун ҳужжатларида назарда тутилишича, маҳсулотларни тайёрловчилар:

► агар мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлса, уни сертификатлаштиришга тақдим этишлари;

► уни сертификатлаш органлари берган сертификат мавжуд бўлган тақдирдагина реализация қилишлари;

► унинг норматив ҳужжатлар талабларига мос бўлишини таъминлашлари;

► илова қилинган техник ҳужжатда маҳсулот мувофиқ келиши лозим бўлган сертификатлаштириш тўғрисидаги маълумотларни ҳамда норматив ҳужжатларни кўрсатишлари;

► бу маълумотлар истеъмолчи (харидор, буюртмачи) эътиборига етказилишини таъминлашлари шарт («Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддаси 1–3 ва 7-хатбошилари).

Яъни тайёрланаётган электр техника ускунаси Мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхатида (ВМнинг 28.04.2011 йилдаги 122-сон қарорига 1-илова) кўрсатилган (ТИФ ТН коди бўйича) бўлса, уни сертификатлаштиришга тақдим этиш зарур. Бу ускунани мувофиқлик сертификати мавжуд бўлгандагина сотишга ҳақли бўласиз. Ҳужжатлар орасида сиз тасдиқлаган сертификат нусхаси бўлиши шарт. Агар ускуна кўрсатилган Рўйхатга кирмаса, уни ихтиёрий асосда сертификатлашга ҳақлисиз (Қонуннинг 17-моддаси).

Электр техника ускунасини қўллаш юқори хавф манбаи – электр энергияси билан алоқадор. Ундан фойдаланаётганда инсонлар ҳаёти, соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига, атроф муҳитга зарар етказиш хавфи юзага келади. Шу сабабли етказиб берувчи харидорга ундан фойдаланишга доир ҳужжатни топшириши зарур. У қандай номланиши (техпаспорт, йўриқнома ёки қўлланма) муҳим эмас.

Норматив ҳужжатларсиз маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотишга йўл қўйилмайди. Мамлакатимизда стандартлаштиришга доир қуйидаги тоифадаги норматив ҳужжатлар қўлланилади: халқаро (давлатлараро, минтақавий) стандартлар; ЎзРнинг давлат стандартлари; ташкилотнинг стандартлари; хорижий мамлакатларнинг миллий стандартлари («Стандартлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси 1 ва 6-қисмлари).

Сиз «Ўзстандарт» агентлигидан контрагентларнинг буюртмаларига кўра тайёрлашингиз мумкин бўлган электр техника ускунаси турларига доир норматив ҳужжатлар мавжудлиги (йўқлиги) ҳақидаги ахборотни сўрашга ҳақлисиз («Стандартлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси 3-қисми). Ташкилотингиз юқоридаги Агентликда экспертиза қилиниши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши керак бўлган унга доир норматив ҳужжатни ишлаб чиқишга ўзи буюртма бериши ёки уни ишлаб чиқиши мумкин (АВ томонидан 11.11.2004 йилда ­1422-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 5, 32 ва 48-бандлари).

Одатда, норматив ҳужжатларда товарнинг сифатини текширишга нисбатан мажбурий талаблар белгиланади. Агар улар назарда тутилган бўлмаса, товарнинг сифати иш муомаласи одатларига ёки олди-сотди шартномаси бўйича топширилиши лозим бўлган товарни текширишнинг одатда қўлланиладиган бошқа шартларига мувофиқ текширилиши лозим (ФКнинг ­407-моддаси). Демак, фикримизча, сотувчи харидорнинг талабига кўра унга товарнинг сифати текширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (синов, таҳлил, кўрикдан ўтказганлик далолатномаси ва ҳ.к.) тақдим этиши кераклиги аён бўлади.

Санаб ўтилган ҳужжатлар билан бир қаторда, сотилаётган ускуна билан бирга харидорга топшириладиган ҳужжатлар пакетида ҳисобварақ-фактура ҳам бўлиши керак (Солиқ кодексининг ­222-моддаси 3-қисми).

Харидорга бир вақтнинг ўзида топширилиши қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ёки унинг маъносидан келиб чиқмайдиган бошқа ҳужжатларга келсак, уларни тарафлар шартноманинг ўзида кўрсатишлари мумкин (масалан, ишлаб чиқарувчи давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси, ишлаб чиқарувчи-етказиб берувчининг кафолат мажбуриятлари).

 

Норматив ҳужжатларсиз маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотишга йўл қўйилмайди.

 

Камол Музаффаров, «Norma Online» етакчи эксперти.

Прочитано: 1564 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика