Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 23 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Таомнинг ҳаммаси ҳам фойдали бўлавермайди

 

Ҳаммамиз тўкин дастурхонни яхши кўрамиз. Лекин баъзида сифатсиз озиқ-овқат тайёрлашда шундай жиноятлар учраб турадики, улар асосан кишиларнинг, айниқса болаларнинг соғлиғига жиддий, баъзан ўнглаб бўлмайдиган даражада зарар етказиши мумкин. Сифатсиз маҳсулот истеъмол қилиниши натижасида кўпинча ўткир ошқозон-ичак касалликлари юзага келади, айрим ҳолларда эса у ўлим билан хотима топади.

 

Озиқ-овқатдан заҳарланиш ошқозон-ичак касалликларининг анча кенг гуруҳини ташкил этади. Бундай заҳарланишларнинг сабаблари турлича, бироқ уларнинг аксарияти инсон учун хавфли бўлган бактериялар таъсирига учраган озиқ-овқат маҳсулотини истеъмол қилиш натижасида юзага келади. Бактериявий заҳарланишларнинг авж олиши одатда ўнлаб, баъзан юзлаб одамлар, биринчи ўринда бу касалликка мойиллиги кучли бўлган болаларга дахл этади.

Келиб тушаётган хом ашёнинг сифатини синчиклаб текшириш, уни сақлашнинг лозим даражадаги шарт-шароитларини таъминлаш, овқат тайёрлаш технологияси, уни сақлаш ва сотиш қоидаларига қатъиян риоя қилиш умумий овқатланиш корхоналари барча ходимларининг, энг аввало улар раҳбарларининг асосий мажбуриятларига киради. Қабул қилиш–сақлаш–тайёрлаш–сотиш ҳалқасининг бирорта бўғинида йўл қўйилган қоидабузарлик энг оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, тайёр таом хона ҳароратида бир кеча сақланиши натижасида юқумли касаллик қўзғатувчиси кўпайиши ва овқатдан заҳарланишни келтириб чиқарадиган миқдорда токсинлар тўпланиши мумкин.

Оғир оқибатларга олиб келадиган қоидабузарликлар жиноят ишларини қўзғатиш ва айбдорларни аниқлаш ҳамда келгусида бу хил жиноятларга йўл қўймаслик мақсадида пухта тергов ўтказиш учун асос ҳисобланади.

Озиқ-овқатдан заҳарланишлар тергов қилинган бир нечта анча мураккаб жиноят ишларини мисол сифатида келтириш мумкин.

 

Болалар салат ейишган эди...

Бир вилоятдаги шаҳарнинг болалар боғчасида нонуштадан кейин овқатдан оммавий заҳарланиш юз берди, шу муносабат билан жиноят иши қўзғатилди. Экспертлар ёрдамида ўтказилган терговда заҳарланишга салат истеъмол қилиш натижасида патоген стафилококк микробларининг ривожланиши сабаб бўлганлиги аниқланди. Текширувнинг кўрсатишича, бош ошпаз П., ошпаз З. ва ошхона ходими О. заҳарланиш манбалари бўлишган, яъни уларнинг кўлларида жароҳатлар ва йиринг чиқиб турган жойлар бўлган.

Ҳамма нарса тушунарлидек эди. Бироқ мазкур шахслар салатни бевосита тарқатишдан олдин ­тайёрлаганликларини айтишди. Махсус адабиётлардан «стафилококклар термик ишлов берилган маҳсулотлар узоқ вақт сақланганда ва улар иссиқ жойда сақланганда яхши кўпайиши ва энтеротоксин ҳосил қилиши»ни билган терговчи эса бундай кўрсатмаларга ишонмади. Унинг тахминича, салат кечқурун тай­ёрланган ва зарур шартларга риоя этилмасдан сақланган. Қўпол қоидабузарликларга йўл қўйган озиқ-овқат блоки ходимлари эса жавобгарликдан қўрққанликлари боис ушбу ҳолатни яширишган.

Терговчи ушбу масала бўйича озиқ-овқат блокининг барча ходимларини батафсил сўроққа тутди, кейин эса тергов экспериментини ўтказишга қарор қилди. Сўроқ қилинган шахслар ўша куни эрталаб қачон иш бошлаганликларини айтишди. Улар салатни қандай, нимадан ва қандай кетма-кетликда тайёрлашганлиги, ким қандай ишни бажарганлигини билдиришди. Улар бунда қандай ошхона анжоми ва ускунасидан фойдаланганликларини кўрсатишди.

Терговчи эксперимент шарт-шароитларини текширилаётган воқеа ҳолатларига имкони борича яқинлаштириш учун ушбу масалаларнинг ҳаммасини аниқлади ва ойдинлаштирди.

Озиқ-овқат блоки ходимлари эксперимент чоғида салат тайёрлаш жараёнини тезлаштириш учун терговдан яширган ҳолда (бу нарса кейинроқ маълум бўлди) қўлларидан келган ҳамма ишни қилишган: плитадаги конфоркани бундан қувватлироғига алмаштирганлар, сабзавотларни олдиндан ювишган ва тозалашган, улар миқдорини камайтирганлар ва ҳоказо.

Бироқ, шунга қарамай, эксперимент натижалари улар эрталаб, нонуштага қадар, талаб қилинадиган салат миқдорини тайёрлай олмасликларини кўрсатди. Кейинги текширувнинг тасдиқлашича, салат таркибий қисмларининг бир қисми, тахмин қилинганидек, кечқурун тайёрланган ва кечаси билан ошхонада очиқ ҳолда турган.

Озиқ-овқат тайёрлаш ва уни сақлаш шартларининг аниқ бузилиши шу тариқа аниқланди, бу бошқа ҳолатлар билан бир қаторда, болалар боғчаси мудири С. (йўл қўйилган совуққонлик ва ўз ходимларининг фаолияти устидан назорат қилмаганлиги учун) ва бош ошпаз П.га қўйилган айбловга асос бўлди.

 

Сальмонеллали котлетлар

Бир завод ишчилари ўртасида юз берган овқатдан оммавий заҳарланиш тўғрисидаги жиноят иши яна бир мисол бўла олади. Мазкур ишда умумий овқатланиш корхонаси ходимлари ва маҳсулот етказиб берувчиларнинг биргаликдаги айби аниқланган эди. Тергов давомида касаллик – сальмонеллёз – завод ошхонасида котлет ва қовурилган макаронни истеъмол қилиш натижасида юзага келганлиги аниқланди. Маълум бўлишича, ошхонада санитария қоидалари, овқат тайёрлашнинг технологик жараёни ва уни сақлаш шароитлари қўпол равишда бузилган. Ушбу ҳолатлар овқатдан заҳарланишнинг юзага келишига имкон берган. Инфекциянинг бевосита манбаини аниқлаш учун ошхонада ўтказилган текширув билан бир вақтда терговчи ошхонага заҳарланган хом ашёнинг келиб тушиши мумкинлиги тўғрисидаги тахминни ҳам текширди. Ушбу тахмин ўз тасдиғини топди. Ошхона мудири Ф.нинг совуққонлиги туфайли, сальмонелла билан оғриган сигир мажбурий сўйилиши боис унинг гўшти қабул қилинганлиги аниқланди.

Хом ашёга термик ишлов бериш режими бузилганлиги туфайли микробларнинг ҳаммаси ҳалок бўлмаган ва тайёр овқат узоқ вақт хона ҳароратида сақланганлиги боис, улар кўпайган ва оммавий заҳарланишга олиб келган. Агар тайёрлаш ва тайёр маҳсулотни сақлаш технологияси бузилмаганда, тегишли термик ишлов берилганда микроблар ҳалок бўлган ва маҳсулотни совутиш камераларида сақлаш эса унинг нормал сифатини таъминлаган бўлар эди. Бироқ, афсуски, ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчининг айбига кўра зарарланган гўштдан фойдаланилган. Бунинг устига, тайёрлаш ва тайёр овқатни сақлаш қоидалари ҳам бузилган, бу эса кишиларнинг оммавий заҳарланишига олиб келган.

Ўлдирилган ҳайвонларнинг ветеринария кўриги ҳамда гўшт ва гўшт маҳсулотларининг ветеринария-санитария экспертизаси қоидаларини бузишга йўл қўйган ошхона мудири Ф. ва сут фермасининг катта ветеринария врачи М. жиноий жавобгарликка тортилдилар ва суд қилиндилар.

 

Ольга Маршанская.

 

Прочитано: 1727 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика