Сўнгги пайтда ижтимоий тармоқларда ширкатларни капитал таъмирлаш учун кредитлар олишга зўрлаётганлари ҳақидаги гап-сўзлар кўпайиб кетди. Уларга қандай турдаги ишларга қанча миқдорда қарз маблағлари олишни буюраётганликларини ёзмоқдалар. Қайси пудратчи билан шартнома тузиш ва материалларни қаердан сотиб олишни кўрсатаётган эмишлар. Ширкатлар учун том, ертўла, электр хўжалиги биринчи навбатдаги ишлар бўлcа-да кўпинча видеокузатув камералари, пластик ромлар ўрнатиш, ҳудудни (дарвоқе, кадастр билан ХУМШга бириктирилмаган) бетонлаш устувор вазифаларни четга cуриб қўяди. Баъзан кредит олиш таклифига рад жавоби берилганда ХУМШга босим ўтказила бошлайди. Буларнинг бари – қонун ҳужжатларини бузиш, унинг фаолиятига қўпол аралашиш.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ХУМШ билан ўзаро муносабатлари ширкатнинг ўз фаолиятини мустақил амалга оширувчи, уй-жой мулкдорлари ўзини ўзи бошқаришининг ҳақиқий институти сифатидаги мақомидан келиб чиқиб, ортиқча йўл-йўриқлар кўрсатмаган ҳолда ташкил этилиши белгиланган («Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси, бундан кейин – ХУМШ тўғрисидаги Қонун).
Айни пайтда давлат ширкатларнинг ва ширкат аъзоларининг ҳуқуқлари таъминланиши ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди, ХУМШнинг ривожланиши ва мустаҳкамланишига кўмаклашади (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 7-моддаси). Агар ширкатдаги уйлар таъмирталаб бўлса, давлат ҳокимияти органлари вакиллари кредит ёрдамида уйни тартибга келтиришни уй аҳлига тавсия қилишга, тушунтиришга, уларни бу ҳақда хабардор қилишга ҳақли. Бироқ бунда ўз ваколатларини оширмасликлари лозим.
Амалиётда айрим ХУМШ қарз маблағларидан фаол фойдаланадилар, бу уларга уйларини муваффақият билан тартибга келтириш имконини беради. Улар қийинчиликсиз кредитларни сўндирадилар ва ҳатто уларни муддатидан олдин тўлайдилар. Булар умумий мулкни сақлаш иши яхши ташкиллаштирилган, уй аҳли эса бадалларни ўз вақтида тўлайдиган ширкатлардир. Моҳиятан олганда, бундай ХУМШ кредитдан бош тортишлари ва ўз маблағлари ҳисобига капитал таъмирлаш ишларини бажаришлари мумкин. Бироқ бунинг учун маблағ тўплашга вақт кетади. Улар учун кредит – уйдаги муаммонинг тезкор ечими.
Бошқа ширкатларда шундай қиладилар ҳам: маблағ тўплаб, капитал таъмирлашни ўз кучлари билан, кредитсиз бажарадилар. Учинчиларида – уйлар ташландиқ аҳволда, бадаллар ўз вақтида тўланмайди. Бироқ қайтариш ҳақида ғам чекмай, бирин-кетин кредит оладилар. Бунда кўпинча ширкат аъзоларини қарз маблағлари ҳақида хабардор қилмайдилар, шу сабабли ихтилофлар юзага келади. Айрим ХУМШда уй аҳли етарлича ахборотга эга эмаслиги боис кредитдан бош тортади. Шу сабабли қарз маблағларини олишдаги афзалликлар, эҳтимолий таваккалчилик ҳақида уларга тушунтириш бериш муҳим. Кредитни расмийлаштиришдан олдин ХУМШ қарзларини қисқартириш ишини олиб бориш лозим.
Агар ширкат кредитсиз уйни тартибга келтирса, унга эса қарз олишни тавсия этсалар, у ўз кучи ва имкониятларини чамалаб кўриши даркор. Қарз маблағларидан бош тортганда буни ёзма равишда асослаши, капитал таъмирлаш доирасида қанча ҳажмдаги ишларни бажарганлигини, қайси маблағлар ҳисобига яна қандай ишларни бажаришни мўлжаллаётганлигини, молиявий имкониятлари қандайлигини кўрсатиши мумкин.
ХУМШга яққол босим ўтказилганда у прокуратурага мурожаат этишга ҳақли.
ХУМШ аъзолари кредит олиш ва ўзлаштиришда қандай қоидабузарликларга тўқнаш келишлари мумкин
1. ХУМШ раҳбари ширкат аъзоларининг фикрини инобатга олмай, кредит олиш ҳақида қарор қабул қилади.
2. Банк, солиқ органлари, ҳокимлик, бошқа тузилмалар вакиллари ширкатларни кредит олишга мажбурлайдилар.
Қарз маблағлари олиш, шу жумладан, банк кредитлари олиш тўғрисида қарор қабул қилиш ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг ваколатларига киради (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддаси).
Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ваколатига киритилган масалалар бўйича қарор, агар ХУМШ аъзоларининг 50%идан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 22-моддаси). Сиртдан овоз бериш, квартирама-квартира сўров ўтказиш йўли билан қарор қабул қилишга йўл қўйилади.
ХУМШ кредит олиш учун тақдим этадиган ҳужжатлар орасида уй-жой мулкдорлари йиғилишининг уни олиш зарурлиги ҳақидаги баённомаси албатта бўлиши керак (АВ томонидан 18.04.2002 йилда 1126-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 8-банди).
3. Ширкатларга қандай мақсадларга (устувор вазифаларни инобатга олмай) ва қанча миқдорда кредит олиш ҳақида кўрсатма берадилар.
ХУМШга кредитлар қуйидаги мақсадларга ажратилади:
турар жойларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини ва умумий фойдаланиладиган жойларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирини амалга оширишга;
жорий ва капитал таъмирлашни амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник захираларни, жиҳозлар ва ускуналарни сотиб олишга (Низомнинг 4-банди).
Бироқ аниқ вазиятда ХУМШ аъзолари уларга бошқарув тақдим этган асосланмага (смета, қарз маблағларини сўндириш жадвали ва ҳ.к.) кўра қандай мақсадлар учун қанча миқдорда банк кредити олиш ҳақидаги қарорни умумий йиғилишда қабул қиладилар.
4. Кредит олиш учун ширкат капитал таъмирлашни молиялаштириш сметасини оширади.
Низомда банк вакиллари сметани дастлабки экспертизадан ўтказиши назарда тутилмаган. Ҳажмларни оширишга (бу ХУМШ аъзолари гарданига тушади) йўл қўймаслик учун капитал таъмирлаш сметаси ҳисоб-китобини ХУМШ бошқаруви назорат қилиши лозим.
5. Ширкатни материаллар сотиб олиш учун муайян пудратчини ёллашга мажбурлайдилар.
Ширкат бошқаруви уй-жой фондига хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш ишлари танлов асосида тузилган шартномаларга мувофиқ ташкил этилиши учун ХУМШ аъзолари олдида жавобгардир.
Пудратчиларни танлов асосида танлаган ҳолда умумий мол-мулкка хизмат кўрсатиш ҳамда уларни таъмирлаш учун буюртмачи вазифаларини бажариш ширкат ваколатига киради (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 25-моддаси).
Кредит олишда пудрат ташкилотини танлаш танлов савдолари (тендер) натижалари бўйича амалга оширилади (Низомнинг 16-банди).
Ширкатга капитал таъмирлашни бажариш учун пудратчини тавсия этишлари мумкин, бироқ якуний қарорни ХУМШ қабул қилади.
6. Аъзоларининг бадалларни тўлаш юзасидан қарзи катта бўлган, раҳбарлари шубҳа уйғотувчи, кредитга ноқобил ХУМШга қарз маблағларини бериш.
Кредит бериш ҳақида қарор қабул қилишда банк мижознинг кредитни қайтара олиш қобилияти билан бир қаторда, ХУМШ раҳбарининг обрўсини (олдинги иш жойлари, малакаси, илгари олинган кредитлар ўз вақтида қайтарилишини таъминлаганлигини ва ҳ.к.) эътиборга олади (Низомнинг 13-банди).
7. Қарз маблағларидан мақсадга мувофиқ фойдаланмаслик.
Кредит ходимлари амалга ошириладиган тўловларнинг мақсадли йўналишини қатъий назорат қилиб боришлари лозим (Низомнинг 15-банди).
Тижорат банклари кредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида доимий мониторингни амалга ошириб борадилар. Мониторинг жараёнида мижознинг хўжалик-молиявий фаолияти таҳлил қилинади. Банк қарз олувчининг кредитга лаёқатлиги бўйича доимий мониторингни амалга оширади. Кредитдан самарали ҳамда мақсадли фойдаланилиши кредит шартномасида жойида ўрганилади.
Капитал таъмирлаш ва бошқа ободонлаштириш ишларини молиялаштиришга ажратилган кредитлар бўйича, амалга ошириладиган мониторинг жараёнида банк кредитланган объектда бажарилган ишлар ҳажмининг назорат ўлчовини кредит шартномасида белгилаб қўйилган шартлар ва муддатларда амалга оширади (Низомнинг 19-банди).
Кредит шартномасида кредитдан мақсадга мувофиқ фойдаланмаганлик учун, шу жумладан, бажарилган ишлар ҳажмини ошириб кўрсатилганлиги учун, жарима санкциялари кўзда тутилган бўлиши керак (Низомнинг 20-банди).
8. Кредит ҳисобига ишларни сифатсиз бажариш.
ХУМШ бошқаруви таъмирлаш ишларининг сифатли бўлиши ҳамда ўз вақтида бажарилиши учун жавобгардир (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 25-моддаси).
Пудрат ташкилоти шартномага мувофиқ бажариладиган ишлар сифати учун жавоб беради.
Банк кредитдан самарали фойдаланилаётганини ўрганади (Низомнинг 20-банди).
Айрим ширкатларда кредит маблағлари ҳисобига капитал таъмирлаш ўтказилаётганда ХУМШ аъзоларининг фаоллари орасидан таъмирлаш ишларининг боришини назорат қилувчи комиссиялар тузилади. Улар пудрат ташкилотларининг иш сифатини назорат қиладилар.
Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.