Norma.uz

Газчилар билан муносабатларда 22 ихтилофли вазият

 

Газ етказиб берувчилар қонунни четлаб ўтиб, асоссиз тўлов ҳисоблаб ёзишлари мумкин. Бу қандай ҳолларда юз беришини кўриб чиқамиз.

 

1

Истеъмолчиларни газни ҳисобга олиш приборини текширувдан ўтказиш оралиғи ўтаётганлиги ва текширувни белгиланган муддатларда ўтказиш зарурати ҳақида ўз вақтида хабардор қилмаслик.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Тегишли ҳудуддаги газ таъминоти корхонаси (бундан кейин – тумангаз) газни ҳисобга олиш приборини даврий текширувдан ўтказишнинг амал қилиш муддати тугашидан 30 кун олдин истеъмолчини газни ҳисобга олиш приборини даврий текширувдан ўтказиш зарурлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантириши керак. Тумангаз раҳбари газни ҳисобга олиш приборини даврий текширувдан ўтказиш зарурлиги ҳақида истеъмолчиларнинг ўз вақтида огоҳлантирилиши учун масъулдир (АВ томонидан 30.07.2014 йилда 2604-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 5-банди, бундан кейин – 2604-сон Низом).

Етказиб берувчи текширувдан ўтказиш муддати тугашидан камида 1 ой олдин газни ҳисобга олиш приборини давлат текширувидан ўтказиш ҳақида чакана истеъмолчини ёзма кўринишда олдиндан хабардор қилиши, шунингдек ундан ўтиш тартибини тушунтириши шарт (Шартноманинг 4.4-банди, бундан кейин – Шартнома).

 

2

Газ таъминоти корхонаси ходими истеъмолчининг газни ҳисобга олиш приборини текширувдан ўтказиш учун ечишни сўраб ёзган аризасига муносабат билдирмайди.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Тумангаз мутахассиси истеъмолчи ариза бергандан сўнг 5 иш куни ичида газни ҳисобга олиш приборини текширувдан ўтказиш учун истеъмолчи иштирокида ечиб олади (2604-сон Низомнинг 9-банди).

Етказиб берувчи истеъмолчининг талабномасига кўра белгиланган тартибда давлат текширувидан ўтказиш учун газни ҳисобга олиш приборини ечиб олиши, ўрнатиши ва буни тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштириши шарт (Шартноманинг 4.4-банди).

 

3

Текширувдан ўтказмаганлиги учун истеъмолчини газ тармоғидан узиб қўйиши.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Қонун ҳужжатларида ўз вақтида текширувдан ўтказмаганлик учун истеъмолчини газ тармоғидан узиб қўйиш назарда тутилмаган.

Қуйидаги ҳолларда газ етказиб беришни чеклашга йўл қўйилади:

 якка тартибдаги меҳнат фаолиятида (ЯТМФ) фойдаланиладиган автоном сув иситкичлар ва тандирлар учун қозонлар, овқат пишириладиган қозонлардан иссиқхоналар ва оранжереяларни иситиш учун газдан фойдаланилганда, шунингдек ЯТМФ билан боғлиқ бошқа мақсадларда табиий газдан фойдаланилганда. Газдан кўрсатилган мақсадларда фойдаланиш қонун ҳужжатларида белгиланган тарзда тартибга солинади;

 етказиб берувчининг тегишли билдиришномаси олингандан кейин 10 кун ичида етказиб берилган газ учун қарз тўланмаганда;

 авария ҳолатини ва ҳаёт учун таҳдидни юзага келтираётган газдан фойдаланиш ускунаси қониқарсиз аҳволда бўлганда;

 таъмирлаш ишлари ўтказилганда, авариялар ёки бошқа форс-мажор ҳолатлар юзага келганда (Шартноманинг II бўлими). Абонент фойдаланган газ ҳақини тўламаганлиги муносабати билан, башарти етказиб берувчи газ етказиб бериш шартномасини ижро этишдан бош тортишидан камида бир ой олдин абонентни огоҳлантирган бўлса, шартномани ижро этишдан бир томонлама тартибда бош тортиши мумкин (АВ томонидан 14.10.1997 йилда 370-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қоидаларнинг 15.4-банди, бундан кейин – Қоидалар).

 

4

Истеъмолчи газ таъминоти ташкилоти ходимига текширувдан ўтказилганлик тўғрисида сертификатни ўз вақтида топширган бўлса ҳам, тумангаз маълумотлар базасида ҳисобга олиш прибори текширувдан ўтказилганлиги ҳақидаги ахборотнинг йўқлиги.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Тумангаз ходими ҳисобга олиш приборини ўрнатишдан олдин унинг текширувдан ўтказилганлиги ҳақидаги сертификатнинг мавжудлиги ва пломбаларининг бутлигини текширади. Истеъмолчи унга газни ҳисобга олиш приборининг текширувдан ўтказилганлиги ҳақидаги сертификат нусхасини тақдим қилиши лозим (2604-сон Низомнинг 27-банди). Яъни маълумотлар базасига текширув ҳақида ахборот бериш – тумангаз вакилининг иши. Истеъмолчи тумангаз вакилига текширувдан ўтказилганлик ҳақидаги сертификатни тилхат олиб топшириши тўғрисида 2604-сон Низомга қўшимча киритиш мақсадга мувофиқдир.

Тумангаз ходими газни ҳисобга олиш приборини ўрнатгандан сўнг, истеъмолчини газ тармоғига улаш штуцерларини пломбалайди ва 2604-сон Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда 2 нусхада далолатнома тузади ҳамда далолатноманинг 1 нусхасини истеъмолчига беради (2604-сон Низомнинг 28-банди). Яъни далолатнома ҳисобга олиш прибори текширувдан ўтказилгандан кейин ўрнатилганлиги далилини тасдиқлайди.

Етказиб берувчи шу жумладан охирги текширув саналари, навбатдаги текширувдан ўтиш муддатлари ҳақида огоҳлантириш, етказиб берувчининг вакили ҳисобга олиш приборини тамғалаганлиги тўғрисида далолатномани кўрсатган ҳолда ҳар бир чакана истеъмолчига шахсий счёт очади (Шартноманинг 6.8-банди).

 

5

Ҳисобга олиш приборини визуал кўздан кечириш асосида носоз деб топиш.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Етказиб берувчида қарзни ҳисоблаб ёзиш учун салмоқли асос бўлиши керак.

Давлат метрология хизмати вакили буни ҳужжатлар билан тасдиқлаган ҳолда ҳисобга олиш приборининг техник ҳолати тўғрисида хулоса бериши керак. Ушбу тартиб Шартномада ҳам, Қоидаларда ҳам акс эттирилмаган ва ҳуқуқий жиҳатдан ишлаб чиқишни талаб қилади.

 

6

Ҳисобга олиш приборини визуал кўздан кечириш асосида носоз деб топиш ва унинг ишлаши назоратчилар даъвосига сабабчи бўлмаган ўтган давр учун тўлов ҳисоблаб ёзиш.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Шартномада ва Қоидаларда ҳисоблаб ёзиш даври ва миқдорини белгилашга асос бўлувчи етказиб берувчининг айланиб чиқиш вақтида ҳисобга олиш приборининг техник ҳолатини далолатнома тузиб тасдиқлаш, айланиб чиққанлик далилини журналда қайд этиш мажбуриятини белгиловчи норма мавжуд эмас. Бунда абонент далолатнома ва айланиб чиқиш дафтарини имзолаши керак, усиз далолатнома ва дафтардаги ёзув ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Ушбу қўшимчаларни Шартномага киритиш зарур.

 

7

Ҳисобга олиш прибори кўрсаткичларини солиштириш ва унинг техник ҳолатини назорат қилиш мақсадида айланиб чиқиш даврийлиги белгиланмаган.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Шартноманинг 4.3–4.4-бандлари, шунингдек Қоидаларда етказиб берувчининг истеъмолчи газ ускунаси техник ҳолатини мунтазам кўздан кечириш ҳуқуқи белгиланган. Бироқ Шартнома ва Қоидаларда газ истеъмолини ҳисобга олиш прибори ҳолатини назорат қилиш ва унинг кўрсаткичларини солиштириш мақсадида айланиб чиқиш даврийлигини белгиловчи норма мавжуд эмас. Ахир ҳисобланмалар миқдори шунга боғлиқ-ку.

 

8

Етказиб берувчига тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда оила таркиби ўзгаргани тўғрисидаги ахборотни маълумотлар базасига киритмаслик (ёки ундан чиқариб ташлаш). Натижада бир неча йилдан кейин абонентга катта миқдорда сохта қарз ҳисоблаб ёзишлари мумкин.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Шартноманинг 4.2-бандида назарда тутилишича, оила аъзолари таркиби ўзгарганда (туғилганлик, вафот этганлик, ҳарбий хизматга чақирилганлик ва ҳ.к.) ёки узоқ вақт бўлмаганда (хорижга чиқиш, хизмат сафари ва ҳ.к.) истеъмолчи газ таъминоти корхонасининг ҳисоб-китоб бўлимини бир ой ичида хабардор қилиши; тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши, яшаш жойи ўзгарганда эса – уни газ тармоғидан узиб қўйиш ҳақида ёзма ариза бериши керак. Кўрсатилган талаблар узрсиз сабабга кўра бажарилмаганда қайта ҳисоб-китоб қилинмайди ва исботлаш юки истеъмолчи зиммасига юклатилади.

Бироқ кўпинча оила таркиби ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқотилади, буни газ таъминоти ташкилоти ходимларининг мансабига совуққонлик билан қараши деб баҳолаш мумкин. Етказиб берувчига оила таркиби ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тилхат олиб, 2 нусхада беришни назарда тутувчи қўшимчани Шартномага киритиш таклиф этилади.

 

9

Газни ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозланмаган квартираларда ҳақиқатда яшовчи фуқароларни самарали ҳисобга олиш тизимининг йўқлиги. Кўпинча бу қўшнилардан сўраб-суриштириш орқали амалга оширилади, уларнинг ахборотига асосланиб қарз ҳисоблаб ёзилади.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Кўп ҳолларда асосан рўйхатдан ўтмасдан, квартира эгаси билан шартнома тузмасдан яшовчи ижарачилар муаммо туғдирадилар. Шу сабабли яшовчиларнинг ҳақиқий сонини аниқлаштириш мушкул. Ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозланмаган квартираларда ҳисобга олинмаган истеъмолчилар етказиб берувчи салмоқли газ йўқотишига олиб келади. Шартноманинг 4.2-бандида оила аъзолари таркиби ўзгарганда етказиб берувчига маълумотларни зудлик билан тақдим этиш назарда тутилган.

Ҳисобга олинмаган истеъмолчиларни фош этиш бўйича мониторинглар кам ўтказилади. Баъзан маълумотлар ҳақиқатдаги ҳолатдан хабардор бўлмаган қўшниларнинг гапига асосланиб шакллантирилади, бироқ у асоссиз қарз ҳисоблаб ёзилишига олиб келади. Айрим ҳолларда ҳақиқатга тўғри келмайдиган яшовчилар сонини қўшиб ёзишга асосланиб, қарз шакллантирилади.

 

10

Ўтган анча давр (5–10 йил) учун сохта қарз ҳисоблаб ёзиш.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Давлат ва хусусий уй-жой фондларида кўрсатиладиган коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар тўлаш ўтган ойдан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай ҳар ойда амалга оширилиши керак. Давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорларига, ижарага, арендага олувчиларига коммунал хизматлар кўрсатиш мажбурий тўловлар 3 ойдан ортиқ тўланмаган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб турилади (УЖКнинг 134-моддаси).

Абонент истеъмол қилган газ ҳақини ҳар ой тугагандан кейин 10 кун ичида тўлаши керак (Шартноманинг 6.2-банди). Белгиланган муддатда ҳақ тўланмаган тақдирда етказиб берувчи истеъмолчини 10 кун муддатда уни тўлаш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириши шарт (Шартноманинг 6.3-банди). Истеъмолчи огоҳлантириш олгандан кейин 10 кун ичида етказиб берилган газ қийматини тўламаганда газ таъминоти тармоғидан узиб қўйилади. Бундан кейин қарз суд тартибида ундирилади (Шартноманинг 6.4-банди).

Худди шу талаблар Табиий газ истеъмолчилари ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисидаги низом (Низомнинг II бўлими, ВМнинг 26.05.2005 йилдаги 132-сон қарорига 1-илова) билан белгиланган.

Етказиб берувчининг ҳақ тўлаш тўғрисида талабнома бермаслиги ёки ўз вақтида бермаслигини мансабига совуққонлик билан қараши деб ҳисоблаш мумкин.

Мансабга совуққонлик билан қараш – мансабдор шахснинг ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида уларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, ЭКИҲнинг 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади (ЖКнинг 207-моддаси).

 

11

5–6 йилги квитанцияларни талаб қилиш. Уларнинг қайси биридир бўлмаганда бу давр учун ҳисобланма ёзишлари мумкин.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Абонентнинг газ ҳақи тўланганлиги ҳақидаги квитанцияни сақлаш муддати қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган. ФКнинг 150-моддасига мувофиқ, шахс поймол бўлган ҳуқуқини даъво тақдим этиш йўли билан ҳимоялаши мумкин бўлган умумий даъво муддати 3 йилни ташкил этади.

 

12

Истеъмолчиларни ҳисобланмалар ҳақида олдиндан хабардор қилмай, қарз сунъий равишда ҳосил қилинганлигини исботлаш имконини қолдирмай, суд буйруқлари асосида сохта қарзни ундириш.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Агар талаб ёзма битимга асосланган ва жавобгар томонидан тан олинган бўлса, суд буйруғи чиқарилади (ФПКнинг 238-2-моддаси). Ушбу нормадан келиб чиқишича, қарздор қарз юзасидан талаблар мавжудлиги ҳақида хабардор қилинган бўлиши ва судга ариза берилгунча уни тасдиқлаши (тан олиши) керак.

Суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан 10 кунлик муддат ичида қарздор арз қилинган талабга қарши ўз эътирозларини буйруқни чиқарган судга юборишга ҳақли (ФПКнинг 238-9-моддаси).

 

13

Етказиб берувчи узоқ танаффус ва кам босим билан газ етказиб берганда қайта ҳисоб-китоб қилишдан бош тортиши.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Етказиб берувчи Шартномада кўрсатилган шартларга мувофиқ белгиланган сифатдаги газ барқарор етказиб берилишини таъминлаши шарт (Шартноманинг 4.4-банди).

Етказиб берувчи тарафларнинг келишувига кўра газ етказиб беришда танаффус қилиниши, етказиб бериш тўхтатилиши ёки чекланишига йўл қўйишга ҳақли. Газ таъминоти ташкилоти абонентни бу ҳақда огоҳлантириши шарт.

Газ таъминоти ташкилоти тизимидаги авариянинг олдини олиш ёки тугатиш бўйича шошилинч чоралар кўриш зарурати юзага келганда абонент билан келишмасдан ва уни огоҳлантирмасдан, бироқ уни дарҳол хабардор қилган ҳолда газ етказиб беришда танаффус қилиш, етказиб беришни тўхтатиш ёки чеклашга йўл қўйилади (Қоидаларнинг 15.5-банди).

Етказиб берувчи қуйидаги ҳолларда қарз сўндирилгунга қадар ёки аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилгунга қадар газ етказиб беришни олдиндан огоҳлантирмай туриб тўхтатишга ҳақли:

а) уйга (квартира, боғ уйи, бошқа хоналарга) ўзбошимчалик билан газ ўтказилганда;

б) газ ўтказилган хоналар ўзбошимчалик билан қайта режалаштирилганда, газ ускуналари қайта ўрнатилганда;

в) авария хавфини ҳамда газдан фойдаланувчиларнинг соғлиғи ва ҳаётига таҳдид туғдирувчи газ ускуналари ва уй ичидаги газ тармоқлари қониқарсиз аҳволда бўлганда;

г) мўрилар, вентиляцион каналлар созлиги ҳақида далолатномалар ўз вақтида тақдим этилмаганда, ертўла хоналари ва турар жойларнинг ертўлаларига бошқа коммуникациялар кириш йўллари герметизацияланмаганда;

д) қўшимча газ приборлари ўзбошимчалик билан ўрнатилганда (Қоидаларнинг 15.6-банди).

Етказиб берувчи шартномавий ҳажмдан паст даражада газ етказиб бериши ёки тўлиқ етказиб бермаганлиги натижасида истеъмолчига зарар етказса, етказилган реал зарарни қоплайди (Шартноманинг 8.1-банди).

Газ шартномавий ҳажмлардан паст даражада етказиб берилганда етказиб берувчи муддати кечиктирилган ҳар бир кун учун шартномавий мажбуриятлар бажарилмаган қисмининг 0,4%и, бироқ етказиб берилган газ қийматининг 50%идан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлайди (Шартноманинг 8.2-банди).

 

14

Ҳисобга олиш приборини текширувдан ўтказишда ечиб олганлик–ўрнатганлик учун тўлов ундириш.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

2604-сон Низом ва Шартномада ҳисобга олиш приборини текширувдан ўтказишда ечиб олганлик–ўрнатганлик учун тўлов ундириш назарда тутилмаган.

 

15

Баъзан фирибгарлар ўзларини тумангаз ходимларимиз деб таништирадилар.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Тумангаз ходимлари турар жойлардаги газ қувурлари ва газ ускуналарини кўздан кечириш ва таъмирлаш чоғида хизмат гувоҳномасини тақдим этишлари шарт (Қоидаларнинг 17.8-банди).

 

16

Назоратчининг мансаб ваколатларини ошириши, товламачилик қилиши, масъулиятсизлиги. Тумангаз вакиллари ҳақиқий ёки қалбаки қоидабузарликларни фош этиб, баъзан истеъмолчига «келишишни» таклиф қиладилар.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Бундай хатти-ҳаракатлар 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖКнинг 165-моддаси).

 

17

Квартирани сотиб олаётганда аввалги мулкдорнинг газ истеъмоли учун ёхуд ҳисобга олиш приборини текширувдан ўтказмаганлиги учун қарзи юзага чиқиши мумкин. Тумангаз уни қоплаш учун жавобгарликни янги мулкдор зиммасига юклайди.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Қоидалар, шунингдек Шартномада турар жой мулкдори алмашганда янги квартира соҳиби учун регламент белгиланмаган. Шартноманинг 4.2-бандида истеъмолчи яшаш жойини ўзгартирганда бу ҳақдаги маълумотларни етказиб берувчига дарҳол тақдим этиши назарда тутилган, холос.

Мазкур вазиятда ҳам абонент газ истеъмоли ҳақини тўламаганда Шартноманинг регламентни белгиловчи талаблари амал қилади (юқоридаги 10-бандга қаранг).

Агар етказиб берувчи квартиранинг аввалги соҳибига мавжуд қарзни тўлаш ҳақидаги талабномани ўз вақтида бермаган бўлса, демак, у белгиланган қонун ҳужжатларини бузган.

 

18

Етказиб берувчи ўтган узоқ давр учун (10 йилгача) ҳисобланмаларни ёзиши мумкин.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Қуйидаги ҳолларда етказиб берувчилар истеъмолчига ҳисобланмалар ёзиши мумкин бўлган давр белгиланмаган:

1) текширувлар оралиғи доирасида ҳисобга олиш приборининг носозлиги аниқланганда;

2) ҳисобга олиш приборини текширувдан ўтказаётган вақтда унинг носозлиги аниқланганда;

3) маълумотлар базасида қуйидагилар ҳақида ахборот йўқлиги аниқланганда:

газни ҳисобга олиш прибори текширувдан ўтказилганлиги;

яшовчилар сони ўзгаргани;

4) текширув ўз вақтида ўтказилмаганлиги.

 

19

Газ ускунасини тафтиш ва профилактик кўрикдан ўтказишда ноҳақ йиғим ундириш.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Кўрсатилган хизматлар ҳақи қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган прейскурантларга кўра тўланиши керак (Шартноманинг 4.4-банди).

Ушбу қоидага риоя этмаслик товламачилик деб тан олиниши ва ЖКнинг 165-моддасига мувофиқ жазоланиши мумкин.

 

20

Кўп йил аввал истеъмолчининг ўзи ёки илгариги квартира соҳиблари газ плитасини балконга олиб чиққанлиги учун жарима солиш.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Приборларни ўзбошимчалик билан бошқа жойга кўчириш, янгиларини, мавжудларини ва тумангаз томонидан ўчирилганларини улаш Қоидаларни бузиш ҳисобланади (Қоидаларнинг 28-банди).

Бошқа газ приборлари мавжуд бўлмаганда турар жойлардаги тармоққа уланган газда ишловчи газ плиталарига техник хизмат кўрсатиш (уларни тафтишдан ўтказиш) 2 йилда 1 марта амалга оширилиши керак (Қоидаларнинг 14.12-банди; Шартноманинг 4.4-банди).

Турар жойларда газ таъминоти тизими ҳолатини текшириш газ таъминоти ташкилотининг мажбурияти ҳисобланади (Қоидаларнинг 14.10-банди).

 

21

Нотариусга тақдим этиш мақсадида қарз йўқлиги ҳақида маълумотнома бераётганда етказиб берувчининг газни ҳисобга олиш приборини ўрнатишни талаб қилиши.

Етказиб берувчининг жавобгарлиги:

Қонун ҳужжатларида нотариал идорага қарз йўқлиги ҳақида маълумотнома бераётганда етказиб берувчининг газни ҳисобга олиш приборини ўрнатиш ҳақидаги талаби назарда тутилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 28.03.2002 йилдаги 99-сон қарори билан 2005 йил 1 сентябрдан бошлаб газни ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозланмаган квартиралар ва якка тартибдаги уйларга газ етказиб бермаслик белгиланган.

Бироқ Президентнинг 20.04.2017 йилдаги ПҚ-2907-сон қарорининг 5-бандида белгиланишича, маиший истеъмолчиларга табиий газни ҳисоблаш замонавий электрон ускуналарини харид қилиш ва ўрнатиш «Ўзтрансгаз» АКнинг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, кейинчалик табиий газни ҳисоблаш ускуналари қийматини маиший истеъмолчилар 1 йил ичида тўлайдилар.

Айни пайтда етказиб берувчи истеъмолчиларни газни ҳисобга олиш приборлари билан таъминлаш имконига эга эмас. Шундан келиб чиқилса, нотариусга маълумотнома тақдим этишда газни ҳисобга олиш приборини ўрнатишни талаб қилиш ҳуқуққа зид.

 

22

Истеъмолчилар ва газ етказиб берувчиларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг такомиллашмаганлиги.

Истеъмолчилар ва газни етказиб берувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларга тааллуқли бир қатор норматив ҳужжатларни инвентаризациядан ўтказиш, замонавий шароитларни ҳисобга олган ҳолда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати аллақачон етилган. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маиший газдан фойдаланиш қоидалари ҳамда Шартнома истеъмолчи учун асосий ҳужжатлар бўлиб қолмоқда. Қоидалар 20 йил аввал – 1997 йилда тасдиқланган. Шубҳасиз, улар эскирган, соҳада улкан ўзгаришлар юз берган, ҳужжатлар эса шу муносабат билан тарафларнинг ўзаро муносабатларининг барча жиҳатларини ҳисобга олмайди. Масалан, Қоидаларда газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш зарурати ва улардан фойдаланиш ҳақида биронта сўз айтилмаган. Шартномада ҳам, Қоидаларда ҳам ўта муҳим саволга жавоб йўқ: истеъмолчи Шартноманинг турли хил талабларини бузганда етказиб берувчи ҳисобланма қилиш учун қайси даврни олиши керак. Яшовчилар сонини мониторинг қилишнинг аниқ механизми йўқ. Тарафларнинг ўзаро муносабатлари амалиёти газ таъминоти ташкилотлари ходимлари қонун ҳужжатларини бузганлиги, йўл қўядиган турли суиистеъмолликлари учун жавобгарликни кучайтиришни талаб қилмоқда.

Барча коммунал хизматлар етказиб берувчилари учун ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш хизматларини кўрсатувчи ягона марказни ташкиллаштириш йўли билан ҳисобга олиш приборлари текширувини «ягона дарча» орқали ўтказиш механизми шу билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиши мумкин эди. Истеъмолчида уни мустақил равишда ўтказиш ёхуд ягона марказга мурожаат қилиш йўлини танлаш имкони бўлар эди. Бу текширув ҳақидаги маълумотларни базага киритмаслик муаммосини бартараф этишда кўмак берар, у ўтказилганлиги ҳақидаги сертификат нусхасини «ягона дарча» ёки Ўзстандарт лабораторияси ходимлари истеъмолчининг иштирокисиз тўғридан-тўғри тумангазга тақдим этишлари мумкин бўлар эди.

Ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш ва яшовчиларни мониторингдан ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш яшовчиларни реал ҳисобга олиш муаммосини ҳал этиш имконини беради. ТИИБ ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари билан биргаликда, тегишли ҳужжатларни албатта тузган ҳолда уларнинг сони аниқлаштирилиши лозим.

Етказиб берувчилар истеъмолчиларга ҳеч нима билан асосланмаган (шу жумладан нореал) кўп йиллик ҳисобланмаларни ёзаётганликларини инобатга олган ҳолда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга ижрочи (сотувчи) истеъмолчига ёзма кўринишда ундан шахсан тилхат олган ҳолда топшириладиган талабномани тақдим этиш пайтидан 3 йилдан ортиқ бўлмаган давр учун товарлар (хизматлар) ҳақини тўлашни талаб қилишга ҳақлилиги ҳақида қўшимча киритишни таклиф этамиз.

 

Таҳририятдан. Мақолада келтирилган вазиятлар рўйхатини тўлиқ деб бўлмайди. Тажрибанинг кўрсатишича, истеъмолчилар, яъни сиз билан биз, қадрли ўқувчилар, ўзимизнинг ҳақлилигимизни ва газ хизматининг ҳисобланмалари асоссизлигини жуда кўп исботлашимизга тўғри келади.

Агар сиз шунга ўхшаш вазиятга тўқнаш келган бўлсангиз, gazeta@norma.uz электрон почтасига хат ёзинг. Экспертларимиз истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳам, етказиб берувчининг жавобгарлигини ҳам тушунтириб берадилар.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 2181 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика