Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 23 / Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

Молия вазирлиги Давлат бюджетининг ижроси бўйича ҳисобот берди

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар парламент назорати доирасида Ўзбекистон Республикаси молия вазири томонидан тақдим этилган Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йилдаги ҳамда 2017 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.

 

Таъкидланганидек, «World Economic Outlook» Халқаро валюта фонди маълумотларига кўра, 2016 йилда жаҳон иқтисодиёти ўртача 3,1 фоизга ошди, ташқи савдо ҳажми эса атиги 1,9 фоизга ошган бўлиб, бу эса инвестициялар ҳажмининг 2015 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 13 фоизга пасайгани билан боғлиқдир.

Ушбу шароитда, Давлат бюджети тасдиқланган кўрсаткичларга мувофиқ ва 132 млрд сўмдан ортиқ миқдорда профицит билан ижро этилди. ЯИМнинг ўсиши 7,8 фоизни, саноат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми тегишинча 6,6 фоизни ташкил этди. Бундан ташқари, аҳоли жон бошига реал ялпи даромадлар 11 фоизга, бюджет ташкилотлари ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар миқдори тегишинча 15 фоизга ошди.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил I чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш давомида депутатлар ушбу соҳадаги ишларнинг жорий ҳолатини танқидий равишда таҳлил қилдилар. Таъкидланганидек, жаҳон бозорларида конъюнктура барқарор эмаслигини ва рақобат кучайиб бораётганлигини ҳисобга олган ҳолда инвестицияларни жалб этишда 2017 йилги Инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларнинг сўзсиз бажарилишига биринчи даражали эътиборни қаратиш даркор.

Давлатимиз раҳбарининг парламент томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланган ташаббусига кўра Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар ойда мамлакатимизнинг турли ҳудудларига борадилар ва 10-12 кун мобайнида жойлардаги ишларнинг ҳақиқий аҳволини ўрганадилар. Бундай амалиёт кўплаб муаммоларнинг ҳақиқий сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш имконини беради. Ўрганишлар якунлари шундан далолат берадики, уй-жой коммунал хизмат тизимидаги, транспорт ва йўл хўжалигидаги, аҳоли бандлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларини таъминлашдаги, яъни ривожлантирилиши учун Давлат бюджетининг салкам 60 фоизи сарфланадиган ижтимоий йўналишдаги камчиликлар мамлакатимиз минтақалари аҳолисини ташвишлантираётган энг долзарб масалалар ҳисобланади.

Бу борада бугунги кунда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини ижро этиш мақсадида йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилишга, соғлиқни сақлаш тизимини, таълим ва спортни такомиллаштиришга қаратилган 100 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Ўз навбатида, қабул қилинган қонун ҳужжатларида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун жиддий молиявий маблағлар талаб этилади.

– Фуқаролар манфаатларини таъминлаш бевосита тадбиркорликни ривожлантиришга, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини бажаришга, самарали бюджет-солиқ сиёсатини юритишга, шунингдек, инвестициялар ҳажмини изчил кўпайтиришга боғлиқдир, – дейди Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А.Шодмонов. – Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида замонавий ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилмоқда, янги иш ўринлари яратилмоқда, шу орқали, хусусан, мамлакатимизда аҳолининг турмуш даражаси ва сифати ошмоқда. Бугунги мажлисга тайёргарлик давомида депутатлар жорий йилнинг 30 май куни Тошкентда бўлиб ўтган ҳамда инвестиция лойиҳалари амалга оширилишининг боришини танқидий таҳлил этиш ва баҳолашга бағишланган видеоселектор кенгашида давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифаларни ўргандилар ва таҳлил қилдилар.

Мажлис давомида депутатлар вазирликлар ва идоралар билан биргаликда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга оширишда халқ депутатларининг тегишли Кенгашлари билан ҳамкорлик қилиш борасида олдинда турган аниқ вазифаларни белгилаб олдилар.

Мажлис якунларига кўра Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йилдаги ҳамда 2017 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати материали асосида.

Прочитано: 1656 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика