Norma.uz

Ҳайдовчи қоидани бузади, фирма эса «пулга тушади»

 

Ташкилотларда автомобилни бошқаришни кўпинча ёлланма ҳайдовчиларга ишониб топширадилар. Иш вақтида машина раҳбарият назаридан четда бўлади, шу сабабдан у ҳайдовчининг Йўл ҳаракати қоидаларини бузишини бартараф эта олмайди. Ҳатто йўл-транспорт ҳодисаси рўй бермаса ҳам, чорраҳаларда камералар ишга тушгани муносабати билан юридик шахс Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг жарима тўлаш тўғрисидаги қарорини олиш хавфи остида бўлади. Мазкур шарҳимизда шундай воқеа рўй берганда қандай йўл тутиш лозимлиги ҳақида сўз юритамиз.

 

Директор ҳаммаси учун жавобгар

Балансида ҳеч бўлмаганда битта автомобиль бўлган ҳар бир ташкилотда юридик шахснинг транспорт воситаларидан фойдаланишга масъул шахсни тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқаришни тавсия этамиз. Буни меҳнат шартномасида ҳам акс эттириш лозим (ушбу шахс тилхат олиб таништирилган ички меҳнат тартиби қоидаларида, жамоа шартномасида ёки лавозим йўриқномасида белгилаш мумкин). Ҳайдовчининг ўзини шундай шахс қилиб тайинлаган маъқул. Агар ҳайдовчилар иккита ва ундан ортиқ бўлса, ким қайси транспорт воситаси учун жавобгар эканлигини кўрсатинг.

Гап шундаки, илгари: қоидабузарлик оқибатлари йўқми – корхона учун муаммо ҳам йўқ деган оддий қоида амал қиларди. Зеро ЙҲҚни бузишнинг ўзи маъмурий (МЖТКнинг XI боби) ва жиноий тартибда (ЖКнинг XVIII боби) жазоланади. Бунда жисмоний шахслар – қоидабузарларга нисбатан санкциялар қўлланилади. Юридик шахслар маъмурий ва жиноий жавобгар бўлмайдилар.

Ҳайдовчи кимгадир зиён етказганда корхонага саволлар туғиларди. ФКнинг 999-моддасига мувофиқ, транспорт воситаларининг эгалари ошиқча хавф манбаи учинчи шахсларга етказган зарарни, агар зарар бартараф қилиб бўлмайдиган куч ёки жабрланувчининг қасддан қилган ҳаракати оқибатида юзага келганини исботлай олмасалар, тўлашлари шарт. Яъни зарарни тўлаш корхона зиммасига юклатилади (суғурта билан ҳам қопланади).

Шу тариқа, ЙҲҚ бузилганда фақат ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузилар эди (АВ томонидан 5.07.2011 йилда 2240-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 5-банди).

Бироқ Тошкент шаҳрида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари фойдаланишга жорий этилганлиги муносабати билан МЖТК ва тилга олинган 2240-сон Йўриқномага тузатишлар киритилди. Ташкилотнинг автомобили ЙҲҚни бузгани камера орқали қайд этилган тақдирда юридик шахснинг транспорт воситаларидан фойдаланиш учун масъул шахс давлат олдида жавобгар бўлади. Қонун нуқтаи назаридан у ҳайдовчининг ўзи бўлиши шарт эмас.

Яъни расман олганда корхона аввалгидек жавобгар бўлмайди. Бироқ раҳбар ва ҳайдовчининг бошқа ҳамкасблари ўртасида шахсий муаммолар юзага келиши мумкин.

Чунончи, Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида бизга шуни маълум қилдилар:

«Хусусий ташкилотларнинг автомобиллари ЙҲҚни бузганда жарима солиш тўғрисидаги қарор юридик шахс – транспорт воситаси мулкдори манзилиги юборилади. Жарима солинган аниқ фуқаро кўрсатилмайди».

Шу тариқа, ташкилот раҳбари жарима тўланишини таъминлашга мажбур, акс ҳолда 60 кундан кейин машинани хатлаб қўйишлари мумкин. Агар транспортдан фойдаланиш учун масъул шахс олдиндан тайинланмаса, жаримани директор тўлашига тўғри келади.

 

Директорнинг қандай алоқаси бор?

Биринчидан, корхоналар автотранспорти ҳайдовчиларининг марказлаштирилган базаси мавжуд эмас, ДЙҲХХ бевосита ҳайдовчиларга нисбатан жарималарни автоматик равишда қўллай олмайди. Бу транспорт воситаларини бошқаришга юридик шахсларнинг ишончномалари нотариал тасдиқланмаслиги ва ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказилмаслиги билан боғлиқ (ВМнинг 7.03.2006 йилдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган Низом).

Иккинчидан, агар иш жаримани мажбуран ундиришгача етиб борса, юридик шахс бунга алоқадор эмас бўлиб чиқади. Зеро у ходимларнинг жарималари юзасидан жавоб бермайди.

Учинчидан, юридик шахснинг транспорт воситаларига ўз-ўзидан (алоҳида буйруқсиз) масъул бўлган алоҳида мансабдор шахслар (гаражлар мудирлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассислар, фойдаланиш бўлими бошлиқлари ва ходимлари, катта ва оддий диспетчерлар) фақат лицензия бўйича йўловчиларни ташувчи (автобус парклари ва таксопарклар), шунингдек автомобилда юк ташувчи (шу жумладан ўз эҳтиёжлари учун) ташкилотларда назарда тутилади.

Тўртинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз эҳтиёжлари учун енгил автомобилга эга бўлган хусусий ташкилотларда ким нима учун жавоб бериши тўғрисида аниқлаштиришлар келтирилмаган. 2016 йил май ойида НҲТБТ порталида жойлаштирилган Юридик шахснинг хизмат ва навбатчи енгил автомобили йўл варақасини тайёрлаш, ҳисобга олиш ва тўлдириш бўйича йўриқнома лойиҳаси ҳанузгача қабул қилинмади. Бинобарин, катта бўлмаган хусусий ташкилотда бу шахс раҳбарнинг ўзи бўлади. 

 

Ҳайдовчи масъул шахс этиб тайинланмаганда...

Бу ҳолда ҳайдовчи учун жаримани директор тўлайди. У ҳайдовчидан тўланган товон миқдорини регресс тартибида талаб қилишга ҳам (ФКнинг 1001-моддаси), унинг манфаатини кўзлаб топшириқсиз ҳаракат қилишга ҳам ҳақли эмас (ФКнинг 47-боби). Ҳайдовчи айбдорми, демак, унинг ўзи жаримани тўлаши шартдек кўринади, бироқ қонун уни амалда бундан озод қилган. Транспорт воситаларидан фойдаланишга масъул шахс сифатида ҳайдовчи учун буйруқ чиқарилмаганми – жавобгарлиги ҳам йўқ.

Мазкур ҳолда иш берувчи (ташкилот) ва ходим ўртасидаги эмас, балки бир фуқаро (реал қоидабузар – ҳайдовчи) ва бошқа фуқаро (айбсиз, бироқ қонунан жаримага тортилган – директор) ўртасидаги муносабатлар ҳақида сўз бормоқда. Шу сабабли раҳбар тўлаган маъмурий жарима суммасини ҳайдовчининг иш ҳақидан ушлаб қолиш мумкин эмас, зеро ташкилотга эмас, балки бошқа ходимга (директорга) зиён етказилган.

Ҳайдовчига нисбатан фақат интизомий жазо: ҳайфсан, интизомий жарима (одатда, ўртача иш ҳақининг 30%и) қўллаш ёхуд меҳнат интизомини бузганлиги учун меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин. Бу жарима тўлаш харажатларини компенсацияламайди, бироқ ҳайдовчининг жазоланишини таъминлайди.

Бунинг учун бир қатор шартларга риоя этиш зарур. Масалан, келгусида бўлиши мумкин бўлган суд учун автомобилни ҳайдовчи бошқаргани ҳақидаги далил-исботларни (йўл варақалари, ишончномалар) тўплаш. ДЙҲХХ ҳеч ким қайд этилмаган жарима солиш тўғрисидаги қарорни бера олади, холос. Бунинг устига, ички ишлар органлари ташкилот ичидаги ишларга аралашишга ҳақли эмас.

 

Ташкилот ўзи тўлашга қарор қилган бўлса...

Нодавлат юридик шахсларнинг ходимлар учун жарима тўлашлари тўғридан-тўғри тақиқланмаган. Шу сабабли компания шундай қарор қабул қилган бўлса, ўз ходими учун пул ўтказишга ҳақли. Давлат ташкилотларида буни смета-штат интизомини бузиш деб ҳисоблашлари мумкин.

Бундай тўловлар амалга оширилганда бухгалтер ким учун пул ўтказилаётганлигини билиши, шунингдек жарима солиш тўғрисидаги қарор рақамини кўрсатишининг ўзи етарли. Айрим ташкилотлар банкнинг бундай тўловларни ўтказишдан бош тортишига тўқнаш келиб улгурдилар. Бунда тўлов топшириқномасида ким учун жарима тўланаётганлиги қайд этилмаганлиги сабаб қилиб кўрсатилган.

Бундай операцияларга солиқ солиниши керак. Ташкилот ходим учун тўлаган жарима суммасига унинг моддий наф тарзидаги даромади сифатида қаралади (Солиқ кодексининг 177-моддаси) ва умумий асосларда ЖШДС солинади.

Сўзимиз якунида МЖТКнинг 171-1-моддаси ва 2240-сон Йўриқномага ўзгартиш киритиш зарурати юзага келганлигини қайд этиб ўтмоқчимиз. Агар автомобилни аниқ ҳайдовчи бошқаргани белгиланса, юридик шахснинг транспорт воситаларидан фойдаланишга масъул шахслар жавобгарликдан озод қилинишига доир ҳуқуқларини уларда акс эттириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шунингдек Юридик шахснинг хизмат ва навбатчи енгил автомобили йўл варақасини тайёрлаш, ҳисобга олиш ва тўлдириш бўйича йўриқномани тез орада қабул қилган маъқул. Ушбу йўриқномада транспорт воситасини бошқарган ходимга нисбатан жаримани қўллаш учун уни тез аниқлаш механизми белгиланиши лозим.

 

Самир Латипов, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1262 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика