Бухгалтериямизда ходимларнинг ҳеч бирини на ёзма, на оғзаки огоҳлантирмаган ҳолда овоз ёзадиган видеокузатув камерасини ўрнатдилар.
Офисда видеокузатув камерасининг ўрнатилиши қандай қилиб тўғри расмийлаштирилади?
Л.Алиева.
– Ходимларни кузатиш учун видеокамералар ўрнатиш далили иш берувчи томонидан меҳнат шарт-шароитларининг ўзгартирилиши (меҳнат шартларининг ўзгартирилиши) ҳисобланади.
Видеосуратга олиш ходимларнинг ҳуқуқларини бузмаслиги учун қуйидагича хатти-ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқ:
1) видеокузатувни тартибга солувчи, видеокамералар ўрнатишдан мақсад белгиланган ички локал ҳужжатни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
2) камида 2 ой олдин ходимларни видеокузатув камералари ўрнатилиши ҳақида тилхат олган ҳолда хабардор қилиш, ходимларни меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида огоҳлантириш. Кўрсатилган муддатни қисқартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Ушбу таомил жорий этилишидан олдин: «Диққат! Видеокузатув» ёки «Видеокузатув олиб борилмоқда» деб ёзилган маълумот тахтачаларини жойлаштириш.
«Кузатув остида» ишлашга рози бўлмаган ходим билан меҳнат шартномаси у янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли бекор қилиниши мумкин, бунда ходимга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади (МКнинг 89-моддаси).
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» етакчи эксперти.