Корхонамиз кореялик муҳандисни таклиф қилиб, уни расман ишга қабул қилди, у солиқ инспекциясида СТИР олди.
1. Расман ишга қабул қилинган чет эллик ходим учун меҳнат дафтарчасини юритиш зарурми?
2. Агар чет эллик шахс меҳнат дафтарчасисиз ишласа, иш берувчида қандай оқибатлар юзага келиши мумкин?
Д.Одилхўжаева.
1 |
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаётган чет эл фуқароларига ҳам татбиқ этилади (МКнинг 11-моддаси).
Меҳнат қонунчилигида иш берувчи 5 кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шартлиги назарда тутилган (МКнинг 81-моддаси 2-қисми; АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 1.1-банди).
Бинобарин, сизнинг ҳолатда чет эллик ходим учун ҳам меҳнат дафтарчасини юритиш зарур.
2 |
Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартибини бузган мансабдор шахслар энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдордаги жарима кўринишида маъмурий жавобгарликка тортиладилар (МЖТКнинг 49-моддаси, Йўриқноманинг VIII бўлими).
Жўрабек Муротов,
«Norma Online» эксперти.