Norma.uz

Прогул учун ишдан бўшатиш: муаммони бартараф этиш йўллари

 

Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш қонунга қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилиши лозим. Зеро нотўғри ишдан бўшатганлик учун иш берувчи ходимнинг мажбурий прогул вақтига ҳақ тўлашига, шикоят қилиш харажатларини компенсациялашига ва маънавий зарарни қоплашига тўғри келади. Жуда қўпол хатоликка йўл қўйилган ҳолларда раҳбар ушбу харажатларнинг бир қисмини ўз ҳамёнидан тўлашга мажбур бўлади. Бироқ ходим ҳатто ишга ҳам кун ора келса, у билан хайрлашишдан ўзга чора қолмайди. Шарҳимизни ўқиб, буни қандай қилиб ортиқча хатарларсиз амалга ошириш мумкинлиги ҳақида билиб оласиз.

 

«Мунтазамлиги» бўйичами ёки бир йўла

Қонун прогулчилар билан меҳнат муносабатларини бекор қилишнинг 2 хил йўлини тутишга рухсат этади:

1) МКнинг 100-моддаси 2-қисми 3-бандига кўра ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги учун меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқариш. Барча ташкилотларда бунга йўл қўйилади. Аввал ходимга нисбатан ҳайфсан ёки жарима қўлланади. Таъсир чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил мобайнида такроран ножўя ҳаракат содир қилингандагина меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилади;

2) МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига кўра ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқариш. Прогул меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш деб ҳисобланадиган ички меҳнат тартиби қоидалари, интизом ҳақидаги низом ва уставлар амал қиладиган ташкилотларда шундай қарор қабул қилинади.

Агар танлаш имкони бўлса, қай бирининг қўлланиши иш берувчига боғлиқ.

 

Мунтазам бузиш ҳолларида кўриладиган чоралар

Иш вақти режимини бузганлик сабабли ҳам интизомий чорани қўллаш учун бир нечта қоидага риоя этиш зарур.

1. Ходим уларни бузганлик учун зиммасига жавобгарлик юклатиладиган меҳнат вазифалари билан олдиндан таништирилиши лозим. Меҳнат мажбуриятлари корхонада қабул қилинадиган ички меҳнат тартиби қоидалари, интизом ҳақидаги устав ва низомлар, локал ҳужжатлар (жамоа шартномалари, йўриқномалар ва ҳ.к.), меҳнат шартномаларида аниқлаштирилади. Ушбу ҳужжатлар билан тилхат олиб таништирган маъқул. Таништирганлик далилини шу тариқа исботлаш осонроқ бўлади. Бироқ қонунда ходимнинг имзосини олиш (меҳнат шартномасидан ташқари) тўғридан-тўғри талаб қилинмаган (МКнинг 178-моддаси). Буни билиш муҳим, сабаби ходим судда ҳеч нимани имзоламаганлигини, демак, ҳеч нимани билмаганлигини кўрсатишга албатта уриниб кўради. Низо юзага келмаслиги учун иш режими ва бошқа мажбуриятларни меҳнат шартномасида қайд этган ишончлироқ. Ҳатто меҳнат тартиби қоидалари ёки лавозим мажбуриятлари билан танишиш журналида имзоси бўла туриб, ходим танишиб чиққан пайтида ушбу локал ҳужжатларда у ёки бу қоидалар бўлмаган ва раҳбар фойдасини кўзлаб ўтган сана билан атайин киритилган деб баёнот берган ҳоллар бўлган.

2. Бузиш далилини шундай қайд этиш лозимки, келгусида иш берувчи қилмиш содир этилганлигини инкор этиб бўлмайдиган далилларга эга бўлсин. Ташкилотнинг бир нечта ходими имзолаган далолатномалар шу мақсадни кўзлаб тузилади. Улар ҳамкасбларига нисбатан интизомий чора кўрилишидан манфаатдор бўлмасликлари муҳим аҳамиятга эга. Ишдан бўшатилган киши кўпинча ўзини ҳимоялаш истагида раҳбарият ва бошқа ҳамкасблари уни шахс сифатида ёқтирмасликларини далил қилиб келтиради. Шу сабабли фақат маъмурий-бошқарув ходимлари имзолаган далолатнома судда осонгина рад қилиниши мумкин. Шу муносабат билан бошқа бўлим ва хизматлар ходимларини далолатномалар тузишга жалб этибгина қолмай, объектив далиллардан ҳам фойдаланиш ортиқчалик қилмайди. Прогулда видеокузатув камераларининг ёзувлари, иш вақтини автоматик ҳисобга олиш тизими кўрсаткичлари ва бошқалар ана шундай далил бўлиши мумкин.

3. Ходим бузишда айбдор бўлиши шарт. Агар айби бўлса – бузишга йўл қўйилган, айби бўлмаса – бузиш ҳам бўлмаган. МКнинг 102-моддаси 5-қисми, 104-моддаси 1-қисмидан ана шундай хулоса келиб чиқади, уларда ходимнинг айбли (атайин ёки эҳтиётсиз) хатти-ҳаракатлари учун интизомий жазолар қўлланиши кўрсатилган. Ходимнинг айбини исботлаб бериш жуда мушкул, бу эса иш берувчининг мажбурияти саналади (МКнинг 111-моддаси; ОСПнинг 17.04.1998 йилдаги 12-сон қарори 46-банди).

 

Ходим эрталаб автобусда келаётган эди, дейлик. Транспорт бузилиб қолди. Натижада ходим ишга кеч қолди.

 

Иш берувчининг позицияси: Ходим вақтлироқ йўлга чиқиши керак эди, ана шунда кеч қолмасди. Иш жойига ўз вақтида етиб келиш – ходимнинг мажбурияти. Бузиш ҳолати яққол кўриниб турибди.

 

Ходимнинг позицияси: Ходим жамоат транспортининг ҳаракатланиш вақтини ҳисобга олиб уйдан чиқди. Рейсга чиққан барча автобусларнинг техник ҳолатини олдиндан била олмас ва буни билиши ҳам керак эмас эди, зеро қонун ҳужжатларига кўра жамоат транспорти рейсга чиқишдан олдин техник кўрикдан ўтиши шарт. Таксига пули бўлмаганлиги учун ходим бошқа автобусни кутишга мажбур бўлди. Ўз меҳнат вазифасини бажариши учун объектив имконияти, демак, айби ҳам бўлмаган.

 

Кўриб турганимиздек, бу ҳолда «кечикдингми – жазоланасан» принципига таяниб масалани ҳал этиб бўлмайди. Ҳар битта ҳолат ечимини топиш учун қуйидагича йўл тутиш зарур:

► ходимдан тушунтириш беришни расман талаб қилиш. Агар у оғзаки талабга кўра тушунтириш хатини ёзишдан бош тортса, буни қандайдир объектив, энг яхшиси, ёзма усул билан (олганлиги ҳақида хабар берган ҳолда почта орқали, суҳбатни аудио– ёки видеоёзув воситасида қайд этган ҳолда ва ҳ.к.) талаб қилган маъқул. Бу тушунтириш беришни рад этганлик тўғрисидаги далолатномани тузишда тил бириктиришда айблашдан қочиш имконини беради;

► ходим тушунтириш беришдан бош тортишда давом этса, – имзоловчи шахслар таркиби ҳақида тилга олинган тавсияларни инобатга олган ҳолда бу ҳақда далолатнома тузиш. Мабодо шартнома бекор қилингандан кейин меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки ходимни оқловчи бошқа ҳужжатлар тақдим этилса, шу тариқа ўзингизни ҳимоялай оласиз;

► агар ходим тушунтириш хатини ёзса, ўзини ҳимоялаш ниятида баён этган барча далил-исботларини иш берувчи виждонан текшириб кўриши лозим. Ходимдан сўзларини исботлашни талаб қилиш, буни уддалай олмаса – интизомий жавобгарликка тортиш билан чекланиб бўлмайди. Мустақил равишда муай­ян чоралар кўриш лозим. Бунинг учун иш берувчига қилмиш содир этилганлиги аён бўлган пайтдан бошлаб бир ой муддат берилади.

 

Ёдингизда бўлсин, исботлаб бериш юки иш берувчининг зиммасида бўлади, суд, прокуратура ва меҳнат ҳуқуқ инспектори эса қоидабузарликлари учун ходимни эмас, иш берувчининг хатти-ҳаракатлари қонунийлигини текширади;

 

► ходимнинг далиллари асоссизлиги аниқлангандан кейингина – унга нисбатан интизомий жазони қўллаш. Тегишли буйруқ ҳақида тилхат олиб ходимга маълум қилинади. Агар шундай қилинмай, ундирув ҳақида жамоа йиғилишида эълон қилиб, эълонлар тахтасига осиб, ҳужжатлар алмашиш электрон тизими орқали тарқатиб қўя қолинса – интизомий жазо қўлланмаган ҳисобланади. Кўпинча бу ҳақда унутиб қўядилар. Ходим буйруқни имзолашдан бош тортса, бу ҳақда ҳам далолатнома тузилади, интизомий жазо қўллангани ҳақида расмий хабарномани почта орқали йўллаган маъқул;

► ходимга нисбатан илк интизомий жазо қўлланиши тўғрисидаги буйруқ билан – ҳайфсан ёки жарима қўллаш. Кўпинча айрим раҳбарларнинг «огоҳлантиришлари» интизомий жазога кирмайди.

Аввалги интизомий жазо қўлланилган кундан ­эътиборан бир йил мобайнида ҳар қандай бошқа ножўя ҳаракат такроран содир этилганда, шу жумладан прогул қилинганда меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилади*. Бунинг учун юқорида кўрсатилган барча таомилларга риоя этиш ва 3 кун аввал ходимни ишдан бўшатилиши ҳақида хабардор қилиш зарур. Агар хабардор қилишни истамаса, шу давр учун тўғри келадиган компенсацияни тўлаш лозим.

Иш берувчи иш ҳақи бўйича ҳисоб-китобни меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда амалга ошириши (агар миқдори юзасидан низолашилса – рад қилиб бўлмайдиган қисмини тўлаши) шарт. Ходим амалда ишламаса, тўлов ҳақида талаб қилинган кунда ҳисоб-китоб қилинади.

Меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда меҳнат дафтарчасини ҳам бериш зарур. Одатда уни ҳеч ким дарҳол олиб кетмайди. Шу сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда почта орқали ходимга уни олиб кетиши мумкинлиги ҳақида хабарнома жўнатиш керак. Фақат ходимнинг розилиги билан меҳнат дафтарчасини почта орқали жўнатиш мумкин.

Бир марта қўпол равишда бузганлик учун ишдан бўшатишда нималарни билиш лозим

Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги ҳар қандай меҳнат шартномасини бекор қилишга асос ҳисобланади (МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-банди). Бироқ қонун ҳужжатларида бундай бузишлар рўйхати мавжуд эмас. Юқорида эслатиб ўтганимиздек, у қуйидаги ҳужжатлардан бирида олдиндан қайд этилган бўлиши шарт:

► ички меҳнат тартиби қоидаларида;

► корхона мулкдори билан корхона раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шартномасида;

► айрим тоифадаги ходимларга нисбатан қўлланиладиган интизом ҳақидаги низом ва уставларда.

Шу ўринда хусусий ташкилотлардаги бир марта қўпол бузишларнинг аниқ рўйхати ички меҳнат тартиби қоидаларида кўрсатилган бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтамиз. Гап шундаки, фуқаролик тузилмаларида интизом ҳақидаги низом ва уставлар деярли амал қилмайди (улар стратегик аҳамиятга эга бўлган алоҳида, шу жумладан ҳарбий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, темир йўл ва бошқа соҳалар учун мўлжалланган). Оддий ходим билан тузилган меҳнат шартномасида ҳам қўпол қилмишларни кўрсатиб бўлмайди (фақат ташкилот раҳбари билан тузилган шартномада қайд этиш мумкин).

Корхонада ички меҳнат тартиби қоидаларини жорий этиш учун унда касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи фаолият юритиши керак, мазкур қоидалар у билан албатта келишилган бўлиши шарт (МКнинг 174-моддаси). Суд биринчи навбатда айни шуни текширади.

Шунингдек қоидаларда прогул бир марта қўпол равишда бузиш деб ҳисобланиши тўғридан-тўғри кўрсатилган, қандай ҳолатларни (бир, икки, уч ва ҳ.к. соат давомида иш жойида бўлмаслик) прогул деб ҳисоблаш кераклиги ҳам баён этилган бўлиши шарт.

Бу – муҳим! Ҳатто у ёки бу турдаги қилмиш корхонанинг локал ҳужжатларида бир марта қўпол равишда бузиш сифатида лозим даражада акс эттирилган бўлса ҳам, содир этилган қилмишнинг ҳамда мазкур қоидабузарлик олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлган оқибатларнинг оғирлигидан келиб чиқиб, ҳар бир аниқ ҳолатда қўпол тусга эга бўлган-бўлмаганлиги масаласи ҳал этилади. Яъни суд ходимнинг қилмиши ҳеч қандай жиддий оқибатга олиб келмади деб ҳисобласа, уни ишга тиклашга ҳақли бўлади.

Бошқа жиҳатдан расмийлаштириш таомиллари, меҳнат шартномасини бекор қилиш учун фақат битта бузиш ҳолатини қайд этиш далилини инобатга олмаганда, меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлик ҳолатидагига ўхшаш.

Юқорида айтилганлардан хулоса чиқариб, меҳнат шартномасини бекор қилишда арзимас жиҳатлар бўлмаслигини қайд этиб ўтамиз. Раҳбар ҳар бир жиҳатга алоҳида эътибор бериши ва имкон қадар кадрлар хизмати ишини шахсан назорат қилиши даркор.

 

Самир Латипов, 

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 4907 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика