Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 15 / Бизнес имкониятлари

Ўзингиз қарз олиб, фирмага кўмак беринг

 

Биз доменларни расман рўйхатдан ўтказамиз ва истеъмолчиларга хостинг хизматларини кўрсатамиз. Хостинг хизматини кенгайтириш ва янада ривожлантириш учун бизга ўзимизнинг IP-манзиллар диапазони керак. Биз Амстердам (Голландия) шаҳрида рўйхатдан ўтказилган RIPE NCC халқаро марказига мурожаат этдик ва IP-манзиллар диапазонини олиш тўғрисида у билан шартнома имзоладик. Улар бизга барча ҳужжатлар, шу жумладан шартномани жўнатдилар. IP-манзил ажратиш учун 3 400 евро тўлаш керак. Биз ҳисоб-китоб счётимиз очилган банкка зарур суммани ажратишни сўраб мурожаат этдик. Банк валютадаги ҳисоб-китоб счётини очишга тайёрлигига қарамай, афсуски, илтимосимизни рад этди ва бизни биржага юборди. Бироқ бунга кўп вақт керак, бизда эса у тиғиз. Муассис корхона счётига ушбу суммани ўзи ўтказишга қарор қилди. 

1. Муассиснинг корхона манфаатларини кўзлаб хизматлар ҳақини тўлашини қандай расмийлаштириш лозим? Бу суммани корхонага кейинчалик қайтариш шарти билан қарз сифатида бериш ёхуд унга текинга совға қилиш мумкинми?

2. Муассис корхона учун хизматлар ҳақини тўлаганда қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?

3. Банк суммани хорижий ҳамкорнинг счётига ўша куниёқ ўтказадими ёки банкнинг ҳақ тўлашига доир муайян чекловлар борми?

Э.Сувонова,

бош бухгалтер.

 

1

 Ушбу ҳолатни расмийлаштиришнинг бир нечта усули бор.

 

Валютадаги маблағларни корхона счётига ўтказиш

Муассис устав фондига ҳисса сифатида корхонанинг валютадаги счётига пул маблағлари ўтказиши, уларни текинга ёхуд қарзга бериши мумкин.

Тегишинча:

● устав фонди кўпайтирилиши тўғрисида баённома (қарор);

● ҳадя шартномаси;

● қарз шартномасини расмийлаштириш зарурати юзага келади.

Устав фондига ҳисса киритилганда жамият иштирокчиси томонидан қўшимча ҳисса қўшилиши ҳисобига устав фонди кўпайтирилиши тўғрисида жамият умумий йиғилишининг қарорини олдиндан қабул қилиб, унда қўшимча ҳиссанинг умумий қийматини ва иштирокчининг уни тўлиқ қўшиш муддатини кўрсатиш зарур.

У тўлиқ тўлангандан кейингина устав фондини кўпайтиришга йўл қўйилади.

Устав фондини кўпайтириш тўғрисидаги қарор билан бир вақтда жамиятнинг таъсис ҳужжатларига иштирокчининг қўшимча ҳисса қўшиши ҳисобига устав фондининг миқдори кўпайиши билан боғлиқ ўзгартишлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Қўшимча ҳиссаларни қўшишнинг муддати тугаган кундан эътиборан 1 ойдан кечиктирмай жамият иштирокчиларининг уни қўшиш якунларини тасдиқлаш ҳақида, шунингдек устав фонди миқдорини кўпайтириш билан боғлиқ ўзгартишларни таъсис ҳужжатларига киритиш тўғрисида жамиятнинг умумий йиғилиши томонидан қарор қабул қилиниши керак («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддаси).

Агар муассис қарз шартномасига кўра пул маблағларини киритган бўлса, кейинчалик мажбуриятни янгилаш ҳақида битим тузилиши мумкин, унга мувофиқ қарз текинга совға қилинган сумма деб тан олинади ёхуд валютадаги қарзни қайтариш мажбурияти қарзни бошқа шаклда (ТМЗ, миллий валютадаги пул маблағлари ва ҳ.к.) сўндириш мажбуриятига алмаштирилади.

Мажбуриятни янгилаш ФКнинг ­347-моддасига асосан ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади. Мажбуриятни янгилаш мустақил битим ҳисобланиши боис ФКнинг битимлар тузиш ва шартномалар имзолашга доир умумий масалаларни тартибга солувчи қоидалари унга нисбатан ҳам қўлланади.

ФКнинг 342-моддасида мажбуриятларни бекор қилиш усулларидан бири сифатида белгиланган воз кечиш ҳақидаги битимни имзолаб, хорижий валютадаги қарзни қайтариш мажбуриятини бекор қилиш ҳам мумкин.

Корхона хорижий валютадаги пул маблағларини олганидан кейин ­IP-манзилларни берган хорижий ҳамкорининг хизматлари ҳақини ўз валюта счётидан тўлайди.

 

Муассиснинг ўзи хорижий ҳамкорга ҳақ тўлаши

Ҳисоб-китоб қилишнинг бошқа вариантлари ҳам мавжуд. Корхона хорижий ҳамкор билан шартнома тузиши мумкин. Агар у олдиндан тўлов олмасдан хизматлар кўрсатишга рози бўлса, корхонангиз зарур IP-манзилларни олади. Сўнгра талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш тўғрисида шартнома расмийлаштирилади, унга кўра муассис хорижий корхонага қарзни тўлайди ва сизнинг кредиторингизга айланади.

Ёхуд муассис ва хорижий ҳамкор ўртасида шартнома тузилиши мумкин. Бунда хизматлар ҳақи тўлангандан кейин битим тузилади, унга кўра IP-манзилларни олиш ҳуқуқи корхонангизга ўтади. Бу ҳолда охир-оқибат муассисингиз яна кредиторингиз бўлиб чиқади.

ФКнинг 313-моддасига мувофиқ талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномасини тузиш имконияти берилади, унда мажбурият асосида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқ битим бўйича бошқа шахсга ўтказилиши (талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш) назарда тутилган.

Хўжалик шартномасидан келиб чиқадиган талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечишни оддий ёзма шаклда тузилган битим кўринишида расмийлаштириш тавсия этилади (ФКнинг 320-моддаси).

Талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномаси шартларидан юзага келган муассис олдидаги мажбурият юқорида келтирилган усуллардан бири воситасида сўндирилиши мумкин.

 

Уч томонлама шартнома

Уч томонлама шартнома тузиш ҳам ўзаро ҳисоб-китоб қилиш вариантларидан бири бўлиши мумкин.

Фуқаролик қонунчилиги кўп томонлама шартномалар тузишни назарда тутади (ФКнинг 102-моддаси 1-қисми, 353-моддаси 1-қисми). Сизнинг ҳолатда уч томонлама шартнома тузиш мумкин, унда етказиб берувчи, кўрсатилган хизматларни қабул қилувчи ва ҳақини тўловчи иштирок этади.

Бунда корхонангиз билан муассис ўртасида ҳам шартномавий ҳуқуқий муносабатлар расмийлаштирилади, унда жисмоний шахс корхона учун қандай шартларда ҳақ тўлаши кўрсатилади. Бунинг учун корхона ва жисмоний шахс қарз шартномаси (ФКнинг ­732-моддаси), ҳадя шартномаси (ФКнинг 502-моддаси) тузиши ёхуд устав фондини кўпайтириш ҳақида қарор қабул қилиши лозим.

2

Агар муассис тузилган ҳадя шартномасига асосан МЧЖ қарзларини тўласа, корхонангиз текинга олинган мол-мулк (мулкий ҳуқуқлар) қийматини бошқа даромадлар таркибида ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базага киритади ва МЧЖнинг асосий фаолият тури ставкасида солиқ солади (Солиқ кодексининг 132, 135, 353-моддалари).

Муассис корхонанинг қарзидан кечганда ҳам солиқ солиш тартиби худди шундай бўлади (Солиқ кодексининг 132, 353-моддалари).

Корхонангиз қарздан ўзганинг фойдасига воз кечиш натижасида даромад олганда ҳам солиқ оқибатлари юзага келади, у асосий қарз талаблари бўйича қарздор томонидан тўланган суммалар, шу жумладан қарздор томонидан асосий қарздан ташқари тўланган суммалар билан солиқ тўловчи томонидан олинган қарз қиймати ўртасидаги ижобий фарқ тарзида аниқланади (Солиқ кодексининг 137-моддаси).

3

Қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда юридик шахсларнинг устав фондига бадални тўлашда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд хорижий валютани қабул қилишга йўл қўйилади (АВ томонидан 12.08.2002 йилда 1165-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 1-банди). Таъсис ҳужжатларининг мавжудлиги ваколатли банк кассаларига нақд хорижий валютани қабул қилишнинг мажбурий шарти ҳисобланади (Низомнинг 5-банди).

Валюта счётларидаги маблағлар счёт эгасининг топшириғига кўра жорий халқаро операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ тўловлар бўйича ўтказилиши мумкин (АВ томонидан 22.10.1998 йилда 511-сон билан рўйхатдан ўтказилган Тартиб).

Мижознинг тўлов топшириқномаларини бажаришнинг аниқ муддатлари банк томонидан хизмат кўрсатиш шартномасида қайд этилади.

 

Лилия ХИСМАТОВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1638 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика