2016 йил якунларига кўра директорга дивидендлар ҳисобланган, улардан 10% миқдорида солиқ тўланган. У дивидендларни ўз эҳтиёжларига сарфлаган. Шунингдек иш ҳақи ҳисобланган, ундан даромад солиғи ушлаб қолинган.
Агар директор йил давомида дивидендлар ва асосий иш жойидан иш ҳақи олган бўлса, даромадлари тўғрисида декларация топшириши шартми?
И.Доркина,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Йўқ, агар директор фақат корхонангизда даромадлар олган бўлса, декларация топшириши шарт эмас.
Декларация асосида солиқ солинадиган даромадларга бошқалар қатори мулкий даромадлар, агар уларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса, киради (Солиқ кодексининг 189-моддаси).
Дивидендлар жисмоний шахснинг мулкий даромади ҳисобланади, тўлаш чоғида ундан ЖШДС ушланади (Солиқ кодексининг 176-моддаси 2-банди).
Шу тариқа, фақат асосий иш жойидан даромад ва тўлов манбаида солиқ солинган дивидендлар тарзида даромад олган жисмоний шахс олинган даромадлари тўғрисида декларация тақдим этиши шарт эмас.
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma Online» эксперти.