Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 15 / Ташқи иқтисодий фаолият

Экспорт: бухгалтер нималарни билиши лозим

 

Агар ташкилот импорт товарларни экспорт қиладиган бўлса, ЯСТ тўловчи корхона бош бухгалтери қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан танишиб чиқиши зарур?

Замира,

МЧЖ бухгалтери.

 

Экспортнинг ҳуқуқий асослари

– Товарларни экспорт қилишга доир алоҳида масалаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талайгина. Уларнинг асосийлари сирасига қуйидагилар киради:

● Божхона кодекси;

● «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги Қонун;

● «Экспорт назорати тўғрисида»ги Қонун.

Экспорт божхона режими шундай режимки, бунда Ўзбекистон товари уни қайтариб олиб кириш мажбуриятисиз божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилади (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган Божхона режимлари таснифлагичи 10-коди).

Товарларни экспорт режимига жойлаштириш талаблари ва шартлари Божхона кодексининг 30-моддаси билан тартибга солинади.

Экспорт божхона режимига ҳар қандай товарлар жойлаштирилиши мумкин, республикадан олиб чиқилиши тақиқланган товарлар бундан мустасно.

Товарларни экспорт божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органларига тегишли Рўйхатда (ВМнинг 20.07.2015 йилдаги 197-сон қарори билан тасдиқланган) қайд этилган ҳужжатларни тақдим этади.

Ваколатли органлар томонидан берилган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар божхона органларининг ахборот тизимида мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади (БКнинг 31-моддаси).

Президентнинг «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон) билан 1997 йилнинг 1 ноябридан бошлаб барча турдаги товарлар (ишлар, хизматлар)га экспорт божхона божлари бекор қилинган. Бироқ экспорт чоғида божхона расмийлаштируви учун йиғимлар белгиланган тартибда ундирилади.

БЮД Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ тўлдирилади. Йўриқномада БЮДни тўлдиришда қўлланадиган, бухгалтерия ҳисобида операцияларни тўғри акс эттириш учун аҳамиятга эга бўлган барча белгиларнинг расшифровкалари келтирилган.

Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги ахборот тегишли Низомда (АВ томонидан 10.05.2016 йилда 2784-сон билан рўйхатдан ўтказилган) келтирилган.

Товарни савдо ваколатхоналари орқали олиб чиқишга доир масалалар Ўзбекистон Республикасининг хўжалик юритувчи субъектлари томонидан хорижий мамлакатлардаги улар ташкил этган савдо уйлари, ваколатхоналар, корхоналар орқали, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг хорижий мамлакатлардаги савдо-инвестиция уйлари орқали олиб чиқилаётган товарларни божхонада расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 9.08.2005 йилдаги 189-сон қарорига 1-илова) ёритилган.

Экспорт операциялари Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назорати тўғрисида низом (20.04.1994 йилдаги ПФ-837-сон Фармон билан тасдиқланган) ҳамда Ташқи савдо операцияларининг божхона мониторингини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 30.09.2003 йилдаги 416-сон қарорига 1-илова) билан назорат қилинади.

Валютадаги тушум Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибига (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон қарорига 1-илова) мувофиқ мажбурий сотилади.

Экспорт қилувчиларга имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида бухгалтер Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш қоидалари (АВ томонидан 16.02.2011 йилда 2195-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан танишиб чиқиши даркор.

Эркин алмаштириладиган валюта – бошқа хорижий валюталарга эркин ва чекланмаган равишда айирбошланадиган валюта. Конверсия (айирбошлаш) исталган хорижий валютага амалга оширилганда тўлиқ ҳамда ушбу мамлакат валютаси фақат айрим валюталарга алмаштириладиган ва халқаро тўлов айланмасининг барча операциялари бўйича қўлланмаганда қисман шаклда бўлиши мумкин (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган Битим хусусияти таснифлагичи). Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд хорижий валютани қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 12.08.2002 йилда 1165-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тўлов учун АҚШ доллари, инглиз фунт стерлинги, евро, Швейцария франки, япон иенаси каби валютани қабул қилиш тавсия этилганини ҳисобга олиб, солиқ органлари экспорт қилувчи корхоналар имтиёзларни қўллаётганда валюталарнинг айни шу рўйхатига амал қиладилар.

 

Солиқ солиш

Ўзи ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилувчи, ЯСТ тўловчилари ҳисобланган корхоналар учун унинг ставкасини камайтириш кўринишида имтиёзлар белгиланган (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорга 10-1-илова).

Умумий сотиш ҳажмида ўзи ишлаб чиқарган ва эркин алмаштириладиган валютага сотилган товарлар (ишлар, хизматлар) экспортидаги улуши қуйидаги миқдорларни ташкил этадиган экспорт қилувчи корхоналар учун:

● 15%дан 30 фоизгача бўлса – белгиланган ставка 30%га камайтирилади;

● 30% ва ундан кўп бўлса – белгиланган ставка 2 баравар камайтирилади.

Бунда сотишнинг умумий ҳажми деганда фаолиятнинг барча турларидан олинган тушум суммаси тушунилади. Экспорт улуши ортиб борувчи якун билан аниқланади.

ЯСТ бўйича имтиёзни экспорт маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ҳамда уни мустақил равишда ёки вазирликлар, идоралар, корпорациялар, уюшмалар ва компанияларнинг таркибий бўлинмалари ҳисобланувчи ихтисослаштирилган ташқи савдо бирлашмалари ҳамда фирмалар, шунингдек комиссия шартномаси (топшириқ) бўйича воситачи (ишончли вакил) орқали сотувчи барча мулкчилик шаклидаги корхоналар қўллайдилар (5.06.2000 йилдаги ПФ-2613-сон Фармоннинг ­3-банди).

Солиқ ставкасини камайтириш кўринишидаги имтиёзни қўллаш мақсадида экспорт улушини аниқлашда Президентнинг 26.03.2012 йилдаги ПҚ-1731-сон қарорига мувофиқ экспорт контрактларига тенглаштирилган контрактлар ҳам ҳисобга олинади.

 

Бухгалтерия ҳисоби

Экспорт операцияларининг бухгалтерия ҳисоби 21-сон БҲМС «Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлар режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқнома» (АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган), 22-сон БҲМС «Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг ҳисоби» (АВ томонидан 21.05.2004 йилда 1364-сон билан рўйхатдан ўтказилган), Чет эл валютасидаги операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 17.09.2004 йилда 1411-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ва бошқалар билан белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

Реэкспорт

Шуни қайд этиш лозимки, илгари олиб кирилган товарлар лозим даражада сифатли эмаслиги сабабли етказиб берувчи манзилига экспорт қилинса, реэкспорт режимини расмийлаштирган маъқул.

Реэкспорт шундай режимки, бунда божхона ҳудудига илгари олиб кирилган товар ёхуд божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган товарни қайта ишлаш маҳсулоти божхона ҳудудидан божхона божлари ва солиқлар тўланмаган (илгари импорт божхона режимига жойлаштирилган товар олиб чиқилаётганда – божхона божлари ва солиқлар суммалари қайтарилган ҳолда), товарга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда олиб чиқилади (Божхона режимлари таснифлагичи 11-коди).

Реэкспорт божхона режимидан фойдаланиш тартиби ва шартлари БКнинг 6-боби билан белгиланади.

Илгари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган товарни реэкспорт божхона режимига жойлаштиришга айни бир вақтнинг ўзида қуйидаги талаблар ва шартларга риоя этилган тақдирда йўл қўйилади:

● контракт (шартнома, келишув) шартлари бажарилмаган бўлса;

● товар божхона ҳудудида ишлатилмаган ва таъмирланмаган бўлса, бундан товарни қайтаришга сабаб бўлган нуқсонларни ёки бошқа ҳолатларни аниқлаш учун товардан фойдаланиш зарур бўлган ҳоллар мустасно;

● товар ўзгармаган ҳолатда турган бўлса, бундан унинг нуқсонлари аниқланган ҳоллар мустасно.

Реэкспорт божхона режимига жойлаштириладиган товар божхона божлари ва солиқлар тўлашдан озод этилади (БКнинг 35-моддаси). Бунда товарларни реэкспорт қилишда божхона расмийлаштируви учун йиғим белгиланган тартибда олиб киришда ҳам, олиб чиқишда ҳам алоҳида ундирилади.

Илгари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган товар реэкспорт қилинаётганда, товарнинг амалда реэкспорт қилинаётган қисмига нисбатан тўланган божхона божлари ва солиқлар суммаларини қайтариш, айни бир вақтнинг ўзида қуйидаги талаблар ва шартларга риоя этилган тақдирда амалга оширилади:

● товарнинг реэкспорти уни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш маълум қилинган кундан эътиборан 2 йил ичида амалга оширилаётган бўлса;

● товар божхона ҳудудида ишлатилмаган ва таъмирланмаган бўлса, бундан товарни қайтаришга сабаб бўлган нуқсонларни ёки бошқа ҳолатларни аниқлаш учун товарни ишлатиш зарур бўлган ҳоллар мустасно.

 

Лилия ХИСМАТОВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1899 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика