ЯСТ тўловчи кичик корхона маҳсулот ишлаб чиқаради, бутун ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмидан 15%ига акциз солиғи солинади. Акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқариш компаниямизнинг асосий (устунлик қилувчи) фаолият тури эмаслигини ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўлашга ҳақлимизми? Ёки Солиқ кодексининг 350-моддаси 2-қисмига амал қилган ҳолда корхонамиз умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиши шартми?
Бош бухгалтер.
– Афсуски, акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи кичик корхона ягона солиқ тўлови тўланадиган солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллаши ҳаққонийлиги масаласини ҳал қилишда ишлаб чиқариш ҳажми ҳам, ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни реализация қилишдан тушум ҳажми ҳам белгиловчи омил ҳисобланмайди.
Келинг, яна бир бор Солиқ кодексининг 350-моддаси 2-қисмидаги формулировкага мурожаат этамиз. Унга мувофиқ «ягона солиқ тўлови қуйидаги микрофирмалар ва кичик корхоналарга татбиқ этилмайди: акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқаришни ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни қазиб олишни...».
Демак, «ёки» эмас, «ва» экан. Бинобарин, ЯСТ тўланадиган солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллаш имконини берувчи ушбу қонуний чекловга мос келиш учун бир вақтнинг ўзида 2 та компонент мавжуд бўлиши зарур: акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқариш ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш.
Қонун чиқарувчи солиқ нормаларини яратиш доирасида ушбу боғловчиларни бир-биридан қанчалик ажратади? Умуман ажратадими? Бу саволга жавоб бериш учун Солиқ кодексининг 230-моддасига мурожаат этамиз. Чунончи, ушбу модданинг 5-бандига мувофиқ, «ишлаб чиқарилган ва (ёки) қазиб олинган акциз тўланадиган товарларни ўз эҳтиёжлари учун топшириш» акциз солиғи солинадиган объектлардан биридир. Кўриб турганимиздек, қонун чиқарувчи «ва» ҳамда «ёки» боғловчиларини атайин ажратмоқда.
Шуни ҳисобга олганда, фикримизча, ЯСТ фақат акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва («ёки» эмас) фойдали қазилмаларни қазиб олувчи микрофирмалар ва кичик корхоналарга (масалан, табиий газ ишлаб чиқарувчи ва қазиб олувчи корхоналарга) татбиқ этилмайди (АВ томонидан 9.01.2012 йилда 2310-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 1, 5-бандлари).
Шу тариқа, акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи, бироқ фойдали қазилмаларни қазиб олмайдиган кичик корхоналар ЯСТ тўлашда давом этишлари мумкин деган фикрдамиз. Солиқ кодексининг 349-моддаси маъносидан келиб чиқишича, солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби назарда тутилган солиқ тўловчилар учун акциз тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқаришда бюджетга акциз солиғи тўлаш мажбуриятлари сақланиб қолади. Шу сабабли бундай кичик корхона солиқ солиш объектларидан акциз солиғини тўлаши шарт.
P.S. |
Шунга эътибор қаратиш лозимки, ушбу масалани ўрганиш чоғида экспертлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан батафсил танишиб чиқдилар. Шунга қарамай, чоп этилаётган жавобни расман расмийлаштирилган малакали маслаҳат дея ҳисоблаб бўлмайди, у берилган саволни англаши асосида вазиятни ўрганган экспертлар фикрининг аниқ ифодасидир. У муҳокама учун имконият қолдиради. Уни қўллаш олдидан аниқ ҳолатларнинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олиш ҳамда вазиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ самарали ҳал этишни кўзлаб, расмий малакали маслаҳат сўраб мурожаат этиш лозим.
Екатерина АДЕЕВА,
«Ancora Consulting and Legal Service» АФ
бошқарувчи ҳамкорининг ўринбосари.