Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 14 / Ҳисоботга тайёрланамиз

Ягона солиқ тўловини ҳисоблашга доир тавсиялар

 

2017 йил биринчи чораги учун

 

Ҳисоботларни топшириш даври бошланди, шаклланган анъанага кўра «Norma Ekspert» мутахассислари ягона солиқ тўловини ҳисоблаш ва солиқ ҳисоботини тўлдиришга доир тавсияларни тайёрладилар. Улар иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги корхоналар учун ЯСТни ҳисоблаш тартибини аниқ мисоллар ёрдамида тушунтирадилар.

2017 йил I чораги учун ЯСТга доир тавсияларни тайёрлашда «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (27.12.2016 йилдаги ЎРҚ-417-сон), Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарори (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон) ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ 2017 йил 1 январдан жорий этилган солиқ солишдаги ўзгартишлар ҳисобга олинди.

 

2017 ЙИЛДА ЖОРИЙ ЭТИЛГАН ЯСТга ДОИР АСОСИЙ ЎЗГАРТИШЛАР

 

*ЯСТни ҳисоблашга доир тавсиялар «Norma Ekspert» мутахассисларининг эксклюзив ишланмаси саналади, у «Практическое налогообложение» («Амалий солиқ солиш»), «Практическая бухгалтерия» («Амалий бухгалтерия») ва «Малое предприятие: учет, налоги, право» («Кичик корхона: ҳисоб, солиқлар, ҳуқуқ») электрон маълумотнома тизимлари асосида тайёрланди. Уларни «Norma» gazetalari birlashgan tahririyati» МЧЖ ёки «Norma Ekspert» ХКнинг ёзма рухсатномаси билангина, шу жумладан электрон ОАВларда қайта босишга рухсат берилади.

 

ЯСТни ТЎЛОВЧИЛАР БЎЙИЧА

2017 йил 1 январдан бошлаб корхоналарни ходимларнинг ўртача йиллик сонига қараб микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига киритиш мақсадида Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотларнинг таснифлагичига (ВМнинг 24.08.2016 йилдаги 275-сон қарорига 1-илова) амал қилиш лозим. Фаолиятнинг ҳар бир тури бўйича ходимларнинг чекланган сони Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичи (ИФУТ) кодига қараб белгиланган.

2017 йил 21 майдан бошлаб ходимларнинг ўртача йиллик сонини Тадбиркорлик субъектлари ходимларининг ўртача йиллик сонини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 17.02.2017 йилда 2858-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ аниқлаш зарур.

2017 йил 1 январдан бошлаб фаолият юритувчи корхоналар – ўтган йил якунлари бўйича ЯСТ тўлаш учун белгиланган мезонларга мос келадиган умумбелгиланган солиқларни тўловчиларнинг ЯСТни тўлашга ўтиши тўғрисидаги хабарномани тақдим этиш муддати ўзгартирилди. Хабарнома корхона ЯСТни тўлашга ўтаётган жорий ҳисобот даври биринчи ойининг 10-санасидан кечиктирмай берилади (ЎРҚ-417-сон Қонун таҳриридаги Солиқ кодексининг 351-моддаси 2-қисми). Яъни 2017 йилнинг I чорагидан бошлаб ЯСТни тўлаш учун хабарнома 10 январдан кечиктирмай тақдим этилган бўлиши керак. Илгари хабарнома кейинги ҳисобот даври бошланишига камида бир ой қолганда тақдим этиларди.

 

2017 йил 1 апрелдан бошлаб солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўлловчи солиқ тўловчилар учун қурилиши молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбаларини жалб этган ҳолда танлов савдолари асосида амалга оширилаётган объектлар бўйича ҚҚС тўлаш мажбурияти жорий этилди (ЎРҚ-417-сон Қонун билан Солиқ кодексининг 349-моддасига 4-хатбоши киритилмоқда). Яъни ушбу солиқ тўловчилар учун фақат мазкур объектлар бўйича ҚҚСни мажбурий тўлаш (ва ҳисобга киритиш) тартиби белгиланмоқда.

 

ЯСТга ДОИР СОЛИҚ СОЛИНАДИГАН БАЗАНИ АНИҚЛАШ БЎЙИЧА

Фоизли даромад тўлаш мажбуриятисиз заём (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдам) олинаётганда 2017 йил 1 январдан бошлаб қарз олувчининг даромади заёмни олиш санасидаги Марказий банк томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. 2017 йилда қайта молиялаштириш ставкаси 9%ни ташкил этади.

Агар қарз шартномасида заёмни олиш санасида белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлган ставкада фоизлар тўлаш назарда тутилган бўлса, қарз олувчида солиқ солинадиган даромад яна юзага келади, у қайта молиялаштириш ставкасида ҳисобланган фоизлар суммаси билан шартнома бўйича фоизлар суммаси ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.

Ушбу тартиб кредит ташкилотлари томонидан берилган кредитларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан, шунингдек Ўзбекистон норезидентлари томонидан берилган заёмларга (ссудаларга) нисбатан татбиқ этилмайди (ЎРҚ-417-сон Қонун билан Солиқ кодексининг 135-моддасига 4 ва 5-қисмлар киритилди).

 

ЯСТга ДОИР ИМТИЁЗЛАР БЎЙИЧА

ЯСТни тўлашдан озод қилиш тарзидаги имтиёзларнинг амал қилиш муддати узайтирилди:

 

2020 йил 1 январгача – Президентнинг ПҚ-2699-сон қарорига 35-иловага мувофиқ рўйхат бўйича хизматлар кўрсатувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар учун (ПҚ-2699-сон қарорнинг 26-банди).

Янгиланган рўйхатга кўра 1.01.2017 йилдан бошлаб маиший хизматлар қисмидаги имтиёз фақат қишлоқ жойларда пойабзал ва чармдан тайёрланган буюмларни таъмирлаш соҳасидаги хизматлар, маиший электрон ва электр ускуналарни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича хизматлар, соат таъмирлаш бўйича хизматларга татбиқ этилади. Яъни шаҳарларда кўрсатилган худди шу хизматларга имтиёз 2017 йил 1 январдан бошлаб татбиқ этилмайди.

Илгари амал қилган имтиёзли хизматлар рўйхатидан (10.05.2012 йилдаги ПҚ-1754-сон қарорга 5-илова) молиявий ва банк хизматлари, ветеринария, риэлторлик хизматлари, шунингдек қишлоқ жойларда йўлга туташ инфратузилма комплекслари хизматлари ва қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қуриш бўйича қурилиш хизматлари чиқариб ташланди;

 

2020 йил 1 январгача – Миллий реестрга киритилган дастурий таъминот ишлаб чиқувчи корхоналар учун (ПҚ-2699-сон қарорга 37-илованинг 11-банди);

 

2017–2019 йиллар даврига – Президентнинг 26.12.2016 йилдаги ПҚ-2698-сон қарорига 1-иловага киритилган Маҳаллийлаштириш дастурида қатнашувчи корхоналар учун (ВМнинг 28.02.2017 йилдаги 113-сон қарори билан киритилган тузатишларни ҳисобга олган ҳолда), маҳаллийлаштириш лойиҳалари экспертизадан ўтказилгандан кейин Махсус идоралараро комиссиянинг қарорларига биноан (ПҚ-2698-сон қарорнинг 7-банди). Имтиёз маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотишдан олинган тушум қисмида қўлланади.

2017 йилдан мезонлар ўзгартирилди, уларга мувофиқ келган лойиҳалар тасдиқланган Маҳаллийлаштириш дастурига қўшимча равишда киритилиши ёки Дастурда бўлиб туриш муддатлари узайтирилиши мумкин:

Дастурга киритилган пайтдан бошлаб биринчи йил ишлаб чиқарилаётган маҳсулот бўйича камида 36%, иккинчи йили камида 45% ва учинчи йил камида 50% маҳаллийлаштириш даражасига эришиш (машинасозлик ва металлни қайта ишлаш маҳсулотлари учун тегишли равишда – 36%, 40% ва 45%);

маҳаллийлаштирилган маҳсулот сотишдан тушган соф тушумда экспорт қилинган маҳсулотнинг улуши Дастурга киритилган пайтдан бошлаб иккинчи йили камида 20%ни ва учинчи йили камида 30%ни ташкил этиши лозим.

Мазкур мезонлар маҳаллийлаштириш даражасини камида 36% таъминлаётган республиканинг субвенция оладиган туманлари ва шаҳарларида амалга оширилаётган лойиҳаларга татбиқ қилинмайди.

 

МАҚСАДЛИ ИМТИЁЗЛАР ҲИСОБИ

2017 йил 1 январдан бошлаб имтиёзлар берилиши муносабати билан бўшаган ҳамда уларнинг амал қилиш муддати ичида фойдаланилмаган маблағларнинг суммаси имтиёзлар берилаётган чоғда белгиланган мақсадларга уларнинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин бир йил мобайнида йўналтирилиши мумкин. Бунда кўрсатилган муддатда фойдаланилмаган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига ўтказилади (ЎРҚ-417-сон Қонун таҳриридаги Солиқ кодекси 30-моддаси 4-қисми). Илгари бўшайдиган маблағлар имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугагунча мақсадли вазифаларни бажаришга йўналтирилиши шарт эди.

 

ЯСТнинг ЭНГ КАМ МИҚДОРИ БЎЙИЧА

ЯСТни ер солиғининг 3 баравар суммасини ҳисобга олган ҳолда тўловчи корхоналар энг кам ЯСТни Президентнинг ПҚ-2699-сон қарорига 20-иловада белгиланган ер солиғи ставкаларидан келиб чиқиб ҳисоблайдилар. Бунда 1.01.2017 йилдан бошлаб шаҳарлар ва посёлкалардаги ер участкаларидан фойдаланганлик учун ер солиғи ставкалари иқтисодий зоналар бўйича табақалаштирилмайди, Тошкент шаҳри бундан мустасно. Тошкентда 2017 йилги ер солиғининг энг кам ставкаси (5-зона) 1 га учун 22 813 125 сўмгача оширилди.

 

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда айрим турдаги солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқаришда уларнинг тўланиши лозим бўлган энг кам миқдори белгиланади.

 

Солиқ кодекси 28-моддасининг 4-қисми

 

АЛОҲИДА БЎЛИНМАЛАР БЎЙИЧА ЯСТни ТЎЛАШ

2017 йилдан бошлаб тайёр маҳсулот (юридик шахс томонидан реализация қилинадиган ҳар қандай маҳсулот) чиқарган ҳолда ишлаб чиқариш технологик жараёнининг якунловчи босқичлари амалга ошириладиган алоҳида бўлинмаларга эга бўлган корхоналар ушбу бўлинмаларга тўғри келадиган ЯСТни улар жойлашган жой бўйича тўлайдилар. Ушбу тартиб татбиқ этиладиган корхоналар рўйхати ҳар йили ДСҚ ва МВ томонидан тасдиқланади. Корхона ушбу рўйхатга киритилгани ҳақида хабарнома олинган кундан бошлаб 10 кундан кечикмай солиқ тўловчи сифатида унинг алоҳида бўлинмалари жойлашган жой бўйича ҳисобга туриши шарт.

Алоҳида бўлинмага тўғри келадиган ЯСТ суммаси умуман корхона бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш харажатларида ва асосий воситаларнинг бошланғич (қайта тиклаш) қийматида мос равишда бўлинманинг меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари ва асосий воситаларнинг бошланғич (қайта тиклаш) қийматининг ўртача салмоғидан келиб чиқиб аниқланади. Ҳисоб-китоб қилиш тартиби Юридик шахсларнинг алоҳида бўлинмалари бўйича солиқларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 27.02.2017 йилдаги 105-сон қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – 105-сон Низом) 2-боби 1-§и билан тартибга солинади.

Алоҳида бўлинма бўйича ЯСТ суммаси ҳисоб-китоби алоҳида бўлинма жойлашган жойдаги солиқ органларига 105-сон Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда тақдим этилади. Ушбу Ҳисоб-китоб нусхаси умуман корхона бўйича тақдим этиладиган Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобига (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) қуйидагиларни кўрсатган ҳолда илова қилинади:

190-сатрда – корхона солиқ бўйича ҳисобга олиш жойида тўланиши лозим бўлган ЯСТ суммаси, алоҳида бўлинмалар бўйича ЯСТ суммасини чегирган ҳолда;

200-сатрда – алоҳида бўлинмалар жойлашган жой бўйича тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси (сатрлар МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 14.03.2017 йилда 2439-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан Ҳисоб-китобга киритилди).

 

Ягона солиқ тўлови солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Ягона солиқ тўловининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.

Ягона солиқ тўлови:

микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан – Ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай;

микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган корхоналар томонидан – ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириш муддатидан кечиктирмай тўланади.

 

Солиқ кодекси 360-моддасининг 1, 4 ва 5-қисмлари

 

1-вазият.

ЧАКАНА САВДО КОРХОНАСИ УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ

Микрофирма Самарқанд шаҳрида рўйхатдан ўтказилган, озиқ-овқат маҳсулотлари билан чакана савдо қилувчи дўкон бор.

2017 йил I чораги якунларига кўра товарлар реализациясидан тушум 39 000 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан 23 000 минг сўм тўлов терминали воситасида олинди.

Мартда корхонага 10 000 минг сўм миқдорида дивидендлар ҳисоблаб ёзилди. Тўлов манбаида дивидендлардан солиқ (1 000 минг сўм) ушланди ва корхона 9 000 минг сўм олди.

 

I чорак учун ЯСТни ҳисоблашда қуйидагиларни инобатга оламиз:

чакана савдо корхоналари учун ЯСТ ставкалари савдо шохобчаси жойлашган жойга қараб белгиланади (ПҚ-2699-сон Қарорга 10-2-илова). Самарқанд шаҳрида у 4%ни ташкил этади. Тўлов терминали воситасида олинган тушумга ҳам худди шу ставкада солиқ солинади;

корхона олган дивидендлар бошқа даромадларга киради (Солиқ кодексининг 132-моддаси 14-банди). Дивидендлар тарзидаги даромадларга тўлов манбаида солиқ солинади, шу сабабли ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани ҳисоблашда улар Солиқ кодексининг 356-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан чегирилиши лозим. Шу тариқа, ЯСТни ҳисоблашда дивидендлар аввал бошқа даромадлар сифатида ҳисобга олинади (ушлаб қолинган солиқни чегирмаган ҳолда тўлиқ суммада), кейин эса солиқ солинадиган ялпи тушум дивидендлар суммасига камайтирилади.

Ҳисобда ҳисоблаб ёзилган дивидендлар суммаси қуйидаги ёзув билан акс эттирилади:

дебет 4840-«Олинадиган дивидендлар»;

кредит 9520-«Дивидендлар кўринишидаги даромадлар».

Дивидендлар олувчи корхона дивидендлардан солиқ ҳисобланиши ва тўлов манбаида ушлаб қолинишини қуйидаги ёзув билан акс эттиради:

дебет 9810-«Фойда солиғи бўйича харажатлар»;

кредит 6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)» (солиқ суммасига);

дебет 6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)»;

кредит 4840-«Олинадиган дивидендлар»;

корхонанинг асосий фаолият тури – якка тартибдаги тадбиркорлар реализация қилишига рухсат берилган товарлар билан чакана савдо қилиш. Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 2449-сон Низом) мувофиқ қатъий белгиланган солиқ суммаси кўринишидаги ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯСТ ҳисобланади.

ЯСТнинг энг кам миқдори қатъий белгиланган солиқнинг белгиланган ставкаси ва 2017 йил 1 январдаги ҳолатга кўра белгиланган ЭКИҲ – 149 775 сўмдан келиб чиқиб ҳар чоракда ортиб бормайдиган якун билан ҳисобланади. 2017 йилги қатъий белгиланган солиқ ставкалари Президентнинг ПҚ-2699-сон қарорига 12-иловада тасдиқланган. ЯСТнинг энг кам миқдори ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси билан солиштирилади, агар у ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммасидан ошса, ЯСТ қўшимча ҳисоблаб ёзилади. Акс ҳолда бюджетга ЯСТ ҳисоб-китоби бўйича ҳисоблаб чиқарилган сумма тўланади. Уларни солиштириш учун солиқ тўловчилар Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловининг маълумотнома-ҳисоб-китобини (2449-сон Низомга 1-илова) тўлдирадилар, у ЯСТ ҳисоб-китоби билан бирга тақдим этилади.

 

Ягона солиқ тўлови қуйидаги тартибда ҳисобланади.

Реализациядан соф тушум (39 000 минг сўм) ЯСТ ҳисоб-китобининг 010-сатрида кўрсатилади.

10 000 минг сўм суммасида олинган дивидендлар ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илова «Бошқа даромадлар» 150 ва 010-сатрларида акс эттирилади ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 030-сатрига бошқа даромадлар сифатида ўтказилади.

 

I чорак якунлари бўйича солиқ солинадиган ялпи тушум 49 000 минг сўмни ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри). У Солиқ кодексининг 356-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан олинган дивидендлар суммасига камайтирилади. Бунинг учун ЯСТ ҳисоб-китобига 4-илова «Солиқ солинадиган ялпи тушумнинг камайиши» ҳам 0202, 020 ва 010-сатрларда 10 000 минг сўм кўрсатилган ҳолда тўлдирилиши лозим. 010-сатр кўрсаткичи ЯСТ ҳисоб-китобининг 0502 ва 050-сатрларига ўтказилади.

Шу тариқа, солиқ солинадиган база 39 000 минг сўмни (49 000 – 10 000) ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 060-сатри).

 

2017 йилнинг 1 мартидан бошлаб чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар ўрнатиш мажбурий бўлган ҳисоб-китоб терминалларини ўрнатмаган тақдирда ўз фаолиятларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмайдилар. Сотилаётган товарлар нархини ҳамда кўрсатилаётган хизматлар ҳақини нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлаш шаклига қараб уларни сунъий равишда оширган ёки пасайтирган тақдирда, бундай хатти-ҳаракатлар ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш борасида ўрнатилган тартибни бузиш ҳисобланади ва уларга нисбатан ЭКИҲнинг 30 баравари миқдорида жарима солинади.

 

Президентнинг 15.02.2017 йилдаги ПҚ-2777-сон қарори

 

ЯСТ суммаси 1 560 минг сўмни (39 000 х 4%) ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 090, 120-сатрлари).

 

Сўнгра ЯСТнинг энг кам миқдори ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси билан солиштирилади (Маълумотнома-ҳисоб-китоб тўлдирилади).

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси солиқ солинадиган ялпи тушум (ЯСТ ҳисоб-китоби 040-сатридаги кўрсаткич) ва белгиланган ставка – 4%дан келиб чиқиб (ялпи тушумни олинган дивидендлар суммасига камайтирмасдан) аниқланади. I чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси 1 960 минг сўмни (49 000 х 4%) ташкил этади (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 030-сатри).

ЯСТнинг энг кам миқдори озиқ-овқат товарлари билан савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкасига қараб аниқланади, у Самарқанд шаҳрида 6 ЭКИҲни ташкил этади (ПҚ-2699-сон қарорга 12-илова). I чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори 2 695,95 минг сўмни (6 х 149 775 х 3) ташкил этади (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг ­050-сатри).

ЯСТнинг энг кам миқдори ЯСТ ҳисоб-китоб суммасидан 735,95 минг сўмга (2 695,95 – 1 960) кўп. Ушбу суммага ЯСТ қўшимча ҳисоблаб ёзилади, Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 060 ва 080-сатрларида 735,95 минг сўм кўрсатилади. Шу кўрсаткичнинг ўзи ЯСТ ҳисоб-китобининг 170-сатрига ўтказилади.

 

I чорак учун бюджетга тўланадиган ЯСТ суммаси қўшимча ҳисоблаб ёзишни инобатга олганда 2 295,95 минг сўмни (1 560 + 735,95) ташкил этади. Бу сумма ЯСТ ҳисоб-китобининг 180, 181-сатрларида кўрсатилади.

 

2-вазият.

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КОРХОНАСИ УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ

Корхона 2017 йил февралда рўйхатдан ўтказилган. Солиқ органига солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби (ЯСТни тўлаш) танлангани ва ихтиёрий асосда ҚҚС тўланиши тўғрисидаги хабарнома юборилди. Шунингдек «Камолот» Ўзбекистон ёшлар ижтимоий ҳаракатининг маҳаллий бўлинмалари билан ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисида шартнома тузилди.

Корхона умумий майдони 920 кв.м бўлган офис, ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналарни ижарага олади.

2017 йил I чорагида маҳсулот реализациясидан тушум 54 000 минг сўмни ташкил этди (шу жумладан ҚҚС – 9 000 минг сўм), таннархи 10 000 минг сўм бўлган товарлар туркуми 6 000 минг сўмга (шу жумладан ҚҚС – 1 000 минг сўм) реализация қилинди.

Ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун хом ашё ва материаллар сотиб олинди, чет ташкилотларнинг хизматларига 15 000 минг сўм суммасида, шу жумладан 9 600 минг сўмлик ҚҚС билан ҳақ тўланди. Олинган ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚС 1 600 минг сўмни ташкил этди.

I чорак учун ЯСТ ва ҚҚСни ҳисоблашда қуйидагиларни инобатга оламиз:

ишлаб чиқариш корхоналари ЯСТни 5%лик ставкада ҳисоблайдилар (ПҚ-2699-сон қарорга 10-1-илова). ЯСТ солиш объекти ялпи тушум ҳисобланади, унга ҚҚС чегирилган ҳолда маҳсулот реализациясидан тушум киритилади.

Маҳсулот таннархидан паст нархда реализация қилинганда ялпи тушумга реализация қилинган товарлар таннархи киритилади (Солиқ кодексининг 355-моддаси 2-қисми 1-банди);

ҚҚС ихтиёрий асосда тўланганда корхонага Солиқ кодексининг VII бўлимида назарда тутилган ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш, тўлаш ва ҳисобот тақдим этишга доир умумий тартиб татбиқ этилади.

Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни реализация қилишда ҚҚС солиш объекти, унга ҚҚСни киритмаган ҳолда, реализация қиймати ҳисобланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси). Маҳсулот таннархидан паст нархда реализация қилинганда ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база реализация қилинган маҳсулот таннархидан келиб чиқиб аниқланади.

Ўз эҳтиёжлари учун хом ашё ва материалларни, шунингдек хизматларни сотиб олишда тўланган ҚҚС Солиқ кодексининг 218-моддасида белгиланган шартларга риоя қилганда ҳисобга қабул қилинади. Бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммаси ҳисоблаб ёзилган солиқ суммаси билан ҳисобга қабул қилинган сумма ўртасидаги фарқ сифатида белгиланади. Корхона ҳисоблаб ёзилган ЯСТни бюджетга ўтказиладиган ҚҚС суммасига, лекин ЯСТ суммасининг 50%идан кўп бўлмаган миқдорга камайтиришга ҳақли.

ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини микрофирмалар ва кичик корхоналар ҳар чоракда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмай тақдим этадилар;

ЯСТ ҳисоб-китоби бўйича (ҚҚС суммасига камайтиришни ҳисобга олиб) ҳисоблаб чиқарилган ЯСТдан 8% «Камолот» жамғармасига ўтказилади, ҳисоблаб ёзилган ЯСТ ана шу суммага камайтирилади;

корхона янги ташкил этилган корхона сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 6 ой давомида ер солиғининг 3 баравар суммаси тарзидаги ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олмасдан ЯСТ тўлайди (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 2-банди «г» кичик банди, бундан кейин – 2203-сон Низом).

Корхона давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 6 ойлик муддат тугаган ойдан кейинги ойдан бошлаб ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯСТни тўлай бошлайди.

 

I чорак якунларига кўра ҚҚСни чегирган ҳолда реализациядан соф тушум 45 000 минг сўмни ташкил этди (ЯСТ ҳисоб-китобининг 010-сатри). Маҳсулотнинг бир қисми таннархидан паст нархда реализация қилинган, натижада 5 000 минг сўм миқдорида (10 000 – (6 000 – 1 000)) зарар кўрилган (ЯСТ ҳисоб-китобининг ­025-сатрида акс эттирилади).

 

Солиқ солинадиган ялпи тушум (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри) 50 000 минг сўмни (45 000 + 5 000) ташкил этади. Корхона ЯСТ бўйича имтиёзларга эга эмас, шу сабабли ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база ҳам шу суммага тенг бўлади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 060-сатри).

Ҳисоблаб ёзилган ЯСТ суммаси (ЯСТ ҳисоб-китобининг 090-сатри) 2 500 минг сўмни (50 000 х 5%) ташкил этади.

 

Сўнгра ҚҚС ҳисобланади. Солиқ солинадиган оборотлардан ҚҚС 9 000 минг сўмга тенг. Маҳсулотнинг бир қисми таннархидан паст нархда реализация қилинганлиги боис таннархидан паст нархда реализация қилинган товарларнинг таннархи билан ҚҚСсиз реализация қилиш қиймати ўртасидаги ижобий фарққа ҚҚС ҳисоблаб ёзилиши керак.

ЯСТ ҳисоб-китобига 4-иловада қуйидагилар кўрсатилади:

3-устун «Етказиб бериш қиймати» 0102-сатрида – 45 000 минг сўм, 4-устун «ҚҚС»да – 9 000 минг сўм;

3-устуннинг 0103-сатрида – 5 000 минг сўм (таннархидан паст нархда реализация қилинган маҳсулотнинг таннархи билан ҚҚСсиз реализация қилиш қиймати ўртасидаги ижобий фарқ), 4-устунда – 1 000 минг сўм;

3-устуннинг 010-сатрида – 50 000 минг сўм, 4-устунда – 10 000 минг сўм.

 

Солиқ солинадиган оборотлардан ҚҚС суммаси (10 000 минг сўм) ҚҚС ҳисоб-китобининг 040-сатрида кўрсатилади. ҚҚС 1 600 минг сўм миқдорида ҳисобга қабул қилинади (ҚҚС ҳисоб-китобининг 010, 030-сатрлари). Шу тариқа, чорак якунларига кўра бюджетга ҚҚС 8 400 минг сўмни (10 000 – 1 600) ташкил этади ҳамда ҚҚС ҳисоб-китобининг 050-сатрида ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 100-сатрида акс эттирилади.

 

ЯСТ суммаси ҚҚС суммасига, бироқ ЯСТ ҳисоб-китобининг 090-сатрида кўрсатилган сумманинг 50%идан ошмайдиган қисмига камайтирилади. ЯСТни камайтирадиган ҚҚС суммаси 1 250 минг сўмга (2 500 / 2) тенг (ЯСТ ҳисоб-китобининг 110-сатри).

 

Ҳисоб-китоб бўйича ҳисоблаб чиқарилган ЯСТ (ЯСТ ҳисоб-китобининг 120-сатри) 1 250 минг сўмга тенг. Чорак якунларига кўра «Камолот» жамғармасига ажратмалар (ЯСТ ҳисоб-китобининг 160-сатри) 100 минг сўмни (1 250 х 8%) ташкил этади.

«Камолот» жамғармасига ажратмалар чегирилган ҳолда ЯСТ (ЯСТ ҳисоб-китобининг 130-сатри) – 1 150 минг сўм (1 250 – 100).

 

3-вазият.

УМУМИЙ ОВҚАТЛАНИШ КОРХОНАСИ УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ

Корхона Бухоро шаҳрида 2 та умумий овқатланиш шохобчасига (қаҳвахонага) эга, майдони 80 кв.м бўлган битта қаҳвахона ижарага берилади. Корхонанинг ўзи умумий овқатланиш хизматларини кўрсатадиган қаҳвахона майдони 100 кв.м ни ташкил этади.

I чорак учун маълумотларга кўра умумий овқатланиш хизматлари реализациясидан тушум 46 500 минг сўмни, шу жумладан терминал орқали тўлангани – 38 000 минг сўмни ташкил этди.

Қаҳвахонани (майдони 80 кв.м) январь–март ойлари учун ижарага беришдан даромадлар 2 400 минг сўмни ташкил этди (ойлик ижара тўлови – 800 минг сўм).

 

Ҳисобот чораги учун ЯСТни ҳисоблашда қуйидагиларни инобатга оламиз:

умумий овқатланиш корхоналари учун ЯСТ ставкаси 10% миқдорида белгиланган (ПҚ-2699-сон қарорга 10-2-илова);

мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар Солиқ кодексининг 132-моддасига мувофиқ бошқа даромадлар сифатида ҳисобга олинади ва уларга асосий фаолият тури ставкасида солиқ солинади. Бироқ улар реализациянинг умумий ҳажмида устунлик қилса, мол-мулкни ижарага бериш асосий фаолият тури деб эътироф этилади. Бунда фаолиятнинг 2 тури (ижара ва умумий овқатланиш) бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш,  ижарадан даромадларга эса ЯСТнинг 5%лик ставкасини қўллаш керак бўлади.

Кўчмас мулкни ижарага беришдан даромадларга (улар бошқа даромадларга кириши ёки асосий фаолият тури бўйича даромадларга киришидан қатъи назар) шартномага кўра ижара тўлови суммасидан келиб чиқиб, бироқ кўчмас давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланган суммадан кам бўлмаган миқдорда солиқ солинади. Яъни энг катта сумма - шартномага кўра ижара тўловига ёки энг кам ставкалар асосида ҳисобланган суммага солиқ солинади (МВ ва ДСҚнинг 26.01.2012 йилдаги ММ/04-01-32-14/87 ва 13/1-954-сон тушунтириш хати). Агар энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланган ижара тўлови шартномада назарда тутилган ижара тўловидан кўп бўлса, ошган сумма солиқ солинадиган тушумга киритилади;

умумий овқатланиш корхоналари ер солиғининг 3 баравари кўринишидаги ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўлайдилар (2203-сон Низом). Энг кам ЯСТни ҳисоблашда 2 та умумий овқатланиш шохобчаси майдони, шу жумладан ижарага берилаётган қаҳвахона майдони ҳисобга олинади.

Энг кам ЯСТни ҳисоблашда Президентнинг ­ПҚ-2699-сон қарорига 20-иловада тасдиқланган 2017 йилги ер солиғи ставкалари қўлланади. 2017 йил 1 январдан бошлаб ер солиғи ставкалари иқтисодий зоналар бўйича табақалаштирилмайди (Тошкент шаҳри бундан мустасно). Бухоро шаҳрида юридик шахслар учун ер солиғи ставкаси 1 га учун 14 646 583 сўмни ташкил этади.

 

I чорак якунларига кўра реализациядан соф тушум 46 500 минг сўмни ташкил этди (ЯСТ ҳисоб-китобининг 010-сатри).

 

Ижарадан даромадлар (2 400 минг сўм) бошқа даромадларга киради ва ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илованинг 030-сатрида кўрсатилади. Бундан ташқари, қуйидагилар кўрсатилган ҳолда ЯСТ ҳисоб-китобига 1-илова ҳам тўлдирилади:

011 ва 010-сатрларда – ижарага берилаётган объект майдони – 80 кв.м;

021-сатрда – 1 кв.м учун бир йилги ижара тўловининг энг кам ставкаси – 10 800 сўм (Давлат рақобат қўмитасининг 16.12.2016 йилдаги 377/01-14-сон хатига илованинг 51-сатри маълумотларига кўра);

031-сатрда – 1 кв.м учун ҳисобот давридаги ҳисоб-китобда шартнома бўйича ижара тўловининг суммаси – 30 000 сўм (2 400 000 сўм / 80 кв.м);

041-сатрда – ижара тўловининг энг кам ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланган 1 кв.м учун ҳисобот давридаги ҳисоб-китобда ижара тўлови суммаси – 2 700 сўм (10 800 сўм / 12 ой х 3 ой);

051-сатрда «0» қайд этилади, сабаби энг кам ставкаларда ҳисобланган ижара тўлови суммаси шартнома бўйича ижара тўлови суммасидан кам.

Шу тариқа, ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илованинг ­035-сатрида ҳам «0» қайд этилади.

2 400 минг сўмлик бошқа даромадлар суммаси 2-илованинг 010-сатрида кўрсатилади ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 030-сатрига ўтказилади.

 

Солиқ солинадиган ялпи тушум ҳамда солиқ солинадиган база тенг ва 48 900 минг сўмни (46 500 + 2 400) ташкил этади. Ушбу сумма ЯСТ ҳисоб-китобининг 040 ва 060-сатрларида кўрсатилади.

 

ЯСТнинг ҳисоблаб ёзилган суммаси 4 890 минг сўмни (48 900 х 10%) ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 090, 120-сатрлари).

Сўнгра ЯСТнинг энг кам миқдори ва ҳисоб-китоб суммаси солиштирилади (2203-сон Низомга 3-иловага кўра шаклда Маълумотнома-ҳисоб-китоб тўлдирилади).

I чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси реализациядан ялпи тушум ва ижарадан даромадларни ўз ичига оладиган солиқ солинадиган ялпи тушумдан (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатридаги кўрсаткич) келиб чиқиб аниқланади. У 4 890 минг сўмни (48 900 х 10%) ташкил этади (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 030-сатри).

Энг кам ЯСТ қуйидагилардан келиб чиқиб ҳисобланади:

2 та умумий овқатланиш шохобчасининг умумий майдони, шу жумладан ижарага берилган қаҳвахона, яъни 0,018 га ҳисобидан;

ер солиғи ставкаси – 14 646 583 сўм/га.

Чорак учун энг кам ЯСТ 197 729 сўмни (3 х 0,018 х 14 646 583 / 4) ташкил этади (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 040-сатри). У ҳисоб-китоб суммасидан кам, шу сабабли ЯСТ қўшимча ҳисоблаб ёзилмайди ва Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 050-сатрида «0» қайд этилади.

 

Бюджетга I чорак учун ЯСТ 4 890 минг сўм миқдорида тўланади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 180, ­181-сатрлари).

 

4-вазият.

ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СОҲАСИДАГИ КОРХОНА УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ

Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтказилган микрофирма маиший электрон ва электр ускуналарни таъмирлаш хизматларини кўрсатади. «Камолот» жамғармаси билан шартнома тузилган.

Корхона балансида бино бор, ундаги хоналарнинг умумий майдони 240 кв.м ни ташкил этади. Кадастр ҳужжатларига кўра, бино учун ажратилган ер участкаси 0,110 гектарга тенг.

I чоракдаги маълумотларга кўра хизматларни реализация қилишдан тушум 32 600 минг сўмни ташкил этди.

Февралда 3 йил давомида талаб қилинмаган, 500 минг сўм миқдоридаги депонентланган иш ҳақи ҳисобдан чиқарилган.

Мартда бутловчи ва эҳтиёт қисмлар туркуми 1 800 минг сўм миқдоридаги чегирма билан сотиб олинган.

I чорак учун ЯСТни ҳисоблашда қуйидагиларни инобатга оламиз:

2017 йил 1 январдан бошлаб шаҳардаги маиший электрон ва электр ускуналарни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича хизматларга белгиланган тартибда ЯСТ солинади. Фақат қишлоқ жойларда кўрсатилган маиший электр ускуналарни таъмирлаш хизматларига 2017 йилдан бошлаб ЯСТ солинмайди (ПҚ-2699-сон қарорга 35-илова).

1.01.2017 йилгача микрофирмалар ва кичик корхоналар Президентнинг 17.04.2006 йилдаги ПҚ-325-сон қарори 7-бандига ҳамда Президентнинг ПҚ-1754-сон қарорига 5-иловага асосан, таъмирлаш хизматларини кўрсатиш жойидан қатъи назар, улар бўйича ЯСТ тўлашдан озод қилиш кўринишидаги имтиёзни қўллар эдилар;

хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхоналар учун ЯСТ ставкаси 5%ни ташкил этади (ПҚ-2699-сон қарорга 10-1-илова);

талаб қилинмаган, даъво муддати ўтгач ҳисобдан чиқарилган депонентланган иш ҳақи суммаси бошқа даромадлар таркибида ҳисобга олинади (Солиқ кодексининг 132-моддаси 7-банди).

Олинган чегирма суммаси (1 800 минг сўм) молиявий-хўжалик фаолиятидан даромадларга киритилади (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМСнинг 13-банди) ва солиқ солиш мақсадида бошқа даромад сифатида ҳисобга олинади (Солиқ кодексининг 132-моддаси ­16-банди). Бунда ЯСТ тўловчиларда солиқ солинадиган ялпи тушум етказиб берувчилардан сийлов сифатида олинган бошқа даромадлар суммасига камайтирилади (Солиқ кодексининг 356-моддаси 1-қисми 6-банди);

корхонанинг асосий фаолият тури хизматлар кўрсатиш ҳисобланади, шу сабабли ЯСТ 2203-сон Низомга мувофиқ ер солиғининг 3 баравар суммасини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланади. Ҳисоб-китобда 5-иқтисодий зона учун белгиланган ер солиғи ставкаси (Тошкент шаҳридаги энг кам ставка) – 1 га учун 22 813 125 сўм қўлланади. Бунда фақат бино учун ажратилган ер участкаси майдони (0,110 га) ҳисобга олинади, яъни бинонинг умумий хоналари майдони ҳисобга олинмайди.

I чорак якунларига кўра хизматларни реализация қилишдан соф тушум 32 600 минг сўмни ташкил этди (ЯСТ ҳисоб-китобининг 010-сатри).

Ҳисобот давридаги бошқа даромадлар 2 300 минг сўмни (500 + 1 800) ташкил этди (ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илованинг 010-сатри; ЯСТ ҳисоб-китобининг ­030-сатри), шу жумладан:

мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар – 500 минг сўм (2-илованинг 080-сатри);

чегирмалар суммаси – 1 800 минг сўм (2-илованинг 180 ва 1802-сатрлари).

Ҳисобот даври якунларига кўра солиқ солинадиган ялпи тушум (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри) 34 900 минг сўмни (32 600 + 2 300) ташкил этади.

Солиқ солинадиган базани аниқлашда солиқ солинадиган ялпи тушум Солиқ кодексининг 356-моддаси 1-қисми 6-бандига асосан сийлов суммасига камайтирилиши керак. Бунинг учун 010, 020, 0206-сатрларда 1 800 минг сўм кўрсатилган ҳолда ЯСТ ҳисоб-китобига 4-илова тўлдирилади. Илованинг 010-сатридаги кўрсаткич ЯСТ ҳисоб-китобининг 050 ва 0502-сатрларига ўтказилади. Шу тариқа, солиқ солинадиган база 33 100 минг сўмни ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 060-сатри).

Чорак якунларига кўра ЯСТнинг ҳисоблаб ёзилган суммаси 1 655 минг сўмга (33 100 х 5%) тенг (ЯСТ ҳисоб-китобининг 090, 120-сатрлари). Ушбу суммадан 8% – 132,4 минг сўм (1 655 х 8%) «Камолот» жамғармасига ўтказилади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 160-сатри). Ажратмаларни чегирган ҳолда ЯСТ 1 522,6 минг сўмни (1 655 – 132,4) ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 130-сатри).

Сўнгра ЯСТнинг энг кам миқдори ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси билан солиштирилади (2203-сон Низомга 3-иловага кўра шаклда Маълумотнома-ҳисоб-китоб тўлдирилади).

I чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси реализациядан ялпи тушум, мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар ва чегирма суммасини ўз ичига оладиган солиқ солинадиган ялпи тушумдан (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри маълумотларига кўра) келиб чиқиб аниқланади. Ҳисоб-китоб суммаси 1 745 минг сўмга (34 900 х 5%) тенг (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 030-сатри).

Чорак учун энг кам ЯСТ 1 882,083 минг сўмни (3 х 0,110 х 22 813 125 / 4) ташкил этади (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 040-сатри).

Энг кам ЯСТ унинг ҳисоб-китоб суммасидан катта, шу сабабли чорак якунларига кўра 137,083 минг сўм (1 882,083 – 1 745) суммасида қўшимча ҳисоблаб ёзилади (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 050-сатри; ЯСТ ҳисоб-китобининг 170-сатри).

I чорак якунларига кўра бюджетга 1 659,683 минг сўм (1 522,6 + 137,083) миқдорида ЯСТ (қўшимча ҳисоблаб ёзилган суммани инобатга олган ҳолда) тўланиши лозим.

 

«Norma Ekspert»

Прочитано: 2503 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2017-04-03 16:36:40, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика