Бешта муассиси бўлган масъулияти чекланган жамият (ЯСТ тўловчиси) 2013 йилда барпо этилган. Бугунги кунда тақсимланмаган фойда юзага келди. Муассислардан бири унга тегишли дивидендлар тўланишини талаб қилаяпти, қолган барча муассислар эса, аксинча, фойданинг тақсимланишини рад этиб, уни бошқа корхона устав фондига йўналтирмоқчилар.
Агар фойданинг бир қисми муассислардан фақат биттасига тақсимланса (ҳисобланса) ва тўланса, қолган қисми эса бошқа муассислар ўртасида тақсимланмай, бошқа корхона устав фондига киритиш учун жамиятда қолса, корхонада ва бошқа муассисларда қандай солиқ оқибатлари юзага келади? Ушбу операцияни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш лозим?
Т.Содиқов,
бухгалтер.
– Уставда белгиланган тартибга риоя этилганда жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг соф фойдани тақсимламаслик ҳақидаги қарори, ҳатто битта муассис қарши бўлса ҳам, қабул қилиниши мумкин.
Жамият соф фойдасини унинг иштирокчилари ўртасида тақсимлаш ҳақида қарор қабул қилиш иштирокчилар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатларига киради («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 30-моддаси).
Жамият уставида қайси масалалар бўйича умумий йиғилиш қарори бир овоздан, қайсилари бўйича – 2/3 ва ундан ортиқ қисми томонидан, қайсилари бўйича эса иштирокчиларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилиниши белгиланган бўлиши керак. Жамиятнинг ҳар бир иштирокчиси умумий йиғилишда унинг устав фондидаги ўз улушига мутаносиб овозлар сонига эга бўлади, уставда уларни белгилашнинг бошқача тартиби назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Соф фойдани тақсимлаш масаласи уставда белгиланган тартибга кўра ҳал этилиши керак. Фойда иштирокчиларнинг устав фондидаги улушларига мутаносиб тақсимланаётган экан, фақат битта иштирокчига дивидендларни ҳисоблаб бўлмайди. Шу тариқа, фойдани тақсимлаш ҳақида қарор қабул қилаётганда дивидендлар барча иштирокчиларга ҳисобланади.
Дивидендлар ҳисобланган ва улардан солиқ ушлаб қолингандан кейин бошқа корхона устав фондига инвестиция қилиш мумкин. Дивидендларни олишдан бош тортган муассислар бошқа корхона устав фондига йўналтириш орқали уларни тасарруф этишлари мумкин, бу уларнинг тўланишига тенглаштирилади.
Агар айрим муассислар дивидендларни корхонада қолдиришга қарор қилган бўлса, буни икки хил усул билан амалга ошириш мумкин. Иккаласида ҳам жамият қолдирилган дивидендларни ўз хоҳишига кўра тасарруф этишга, шу жумладан бошқа корхона устав фондига узоқ муддатли инвестициялар сифатида йўналтиришга ҳақли бўлади.
I усул. Жамият иштирокчилари фойда тақсимлангандан кейин олиниши лозим бўлган суммаларни жамият тасарруфида қолдиришлари мумкин.
Агар барча иштирокчиларга дивидендлар ҳисобланганидан кейин уларнинг тўртталаси даъво муддати давомида дивидендларни олмаса ёки уларни олишни дарҳол рад этса, жамиятда ЯСТ солинадиган бошқа даромад юзага келади.
Мазкур ҳолда ҳисобланган дивидендларни муассисларнинг қарорига кўра жамият тасарруфига йўналтиришга солиқни ушлаган ҳолда уларни тўлаш деб қаралади.
Қуйидаги бухгалтерия проводкалари қўлланади:
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Дебет
|
Кредит
|
Фойда ҳисобидан барча иштирокчиларга дивидендлар ҳисобланди
|
8710-«Ҳисобот даврининг тақсимланмаган фойдаси (қопланмаган зарари)» ёки 8720-«Жамғарилган фойда (қопланмаган зарар)»
|
6610-«Тўланадиган дивидендлар»
|
Тўлов манбаида дивидендлардан солиқ ушланди
|
6610-«Тўланадиган дивидендлар»
|
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (дивидендлардан солиқ)»
|
Битта иштирокчига дивидендлар тўланди (солиқни чегирган ҳолда)
|
6610-«Тўланадиган дивидендлар»
|
5110-«Ҳисоб-китоб счёти»
|
Қолган муассисларнинг дивидендлари (солиқни чегирган ҳолда) жамият тасарруфида қолади
|
6610-«Тўланадиган дивидендлар»
|
9390-«Бошқа операцион даромадлар»
|
Корхонанинг бошқа даромади суммасига ЯСТ ҳисобланди
|
9820-«Фойдадан ҳисобланган бошқа солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича харажатлар»
|
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (ЯСТ)»
|
II усул. Жамият иштирокчилари дивидендларини ўз жамиятлари устав фондига йўналтиришлари мумкин.
Агар қолган тўртта иштирокчи ўз фойдасининг бир қисмини устав капиталини оширишга йўналтирсалар, жамиятда солиқ мажбуриятлари юзага келмайди. Жисмоний шахснинг дивидендлар тарзида олинган ва уларни тўлаган юридик шахснинг устав фондига йўналтирилган даромадларига ҳам солиқлар солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 19-банди).
Қуйидаги бухгалтерия проводкалари қўлланади:
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Дебет
|
Кредит
|
Фойда ҳисобидан барча иштирокчиларга дивидендлар ҳисобланди
|
8710-«Ҳисобот даврининг тақсимланмаган фойдаси (қопланмаган зарари)» ёки 8720-«Жамғарилган фойда (қопланмаган зарар)»
|
6610-«Тўланадиган дивидендлар»
|
Битта иштирокчидан тўлов манбаида дивидендлардан солиқ ушланди
|
6610-«Тўланадиган дивидендлар»
|
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (дивидендлардан солиқ)»
|
Битта иштирокчига дивидендлар тўланди (солиқни чегирган ҳолда)
|
6610-«Тўланадиган дивидендлар»
|
5110-«Ҳисоб-китоб счёти»
|
Қолган иштирокчиларнинг дивидендлари (солиқларни ушлаб қолмаган ҳолда) устав капиталини оширишга йўналтирилди
|
6610-«Тўланадиган дивидендлар»
|
8330-«Бошқа операцион даромадлар»
|
Иштирокчиларнинг улушлари миқдорлари ўзгариши муносабати билан жамият таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ва уларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш зарур. Жамият устав фондининг оширилиши устав фонди оширилгани давлат рўйхатидан ўтказилган пайтда бухгалтерия ҳисобида (Кт 8330) акс эттирилади.
Анжелика НАМ,
«Norma Online» эксперти.