Norma.uz

Таркибий бўлинмада меҳнат муҳофазаси

 

Ҳозирги пайтда ЎзР қонун ҳужжатларида таркибий бўлинмалар раҳбарларининг меҳнат муҳофазасига доир қандай вазифалари (мажбуриятлари) назарда тутилган? Бўлинма раҳбарининг лавозим йўриқномасига уларни киритиш мажбурийми?

А.Умаров,

мувофиқлаштирувчи.

 

Таркибий бўлинмалар раҳбарлари ёки қўл остида ходимлар ишловчи бошқа мутахассислар (масалан, бригадирлар, прораблар, усталар) ўз бўлинмаларидаги (участкаларидаги) меҳнат муҳофазаси (ММ) ҳолати учун жавобгар бўладилар. Шубҳасиз, улар ММга доир қонун ҳужжатларидан хабардор бўлишлари ва унга риоя этишлари ҳамда буни қўл остидагилардан талаб қилишлари шарт.

Айрим шундай раҳбарларнинг ММга доир бир қатор хизмат мажбуриятлари Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомда (АВ томонидан 14.08.1996 йилда 273-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган. Чунончи, унинг IV боби ­5-параграфида цех бошлиғи вазифалари, шу бобнинг айрим бошқа параграфларида эса – одатда тегишли бўлинмаларга (участкаларга) бошчилик қилувчи ва (ёки) уларнинг раҳбарларига тенглаштирилувчи бош механик (3-§), бош энергетик (4-§) ва уста (6-§) вазифалари назарда тутилган.

Бўлинмалар раҳбарларининг ММга доир у ёки бу мажбуриятлари бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам назарда тутилган.

Чунончи, бўлинмалар раҳбарлари зиммасига ўзлари бошчилик қиладиган бўлинмаларда (цехларда) ишчилар ва усталарни хавфсиз ишлаш усулларига ўргатиш мажбурияти юкланади (АВ томонидан 14.08.1996 йилда 272-сон билан рўйхатдан ўтказилган Намунавий низомнинг 5-банди).

Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса юз берганда раҳбарлар:

► жабрланувчига зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатиши ва уни тиббий-санитария қисмига ёки бошқа даволаш муассасасига етказишни ташкил этиши;

► текшириш комиссияси иш бошланишига қадар иш жойидаги вазиятни ва жиҳозлар ҳолатини ҳодиса юз берган дақиқада қандай бўлса, шундайлигича (агар бу атрофдаги ходимлар ҳаёти, саломатлигига таҳлика солмаётган бўлса ва ҳалокатга олиб келмаса) сақлаб қолиши;

► дарҳол ҳодиса тўғрисида иш берувчига ва касаба уюшмаси қўмитасига ёки корхона ходимларининг бошқа вакиллик органига хабар қилиши керак (ВМнинг 6.06.1997 йилдаги 286-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг II бўлими 1-банди).

Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 7.01.2000 йилда 870-сон билан рўйхатдан ўтказилган) бўлинмалар (хизматлар, участкалар) раҳбарлари зиммасига қуйидаги мажбуриятлар юкланган:

► қўл остидаги ходимлар ММга доир йўриқномаларга риоя этиши устидан доимий назорат қилиш (8-банд);

► ишловчилар учун ММга доир йўриқномаларни ишлаб чиқиш ва улар билан таъминлаш (20-банд), ушбу йўриқномаларни ўз вақтида текшириш ва қайта кўриб чиқиш (48-банд);

► ишловчиларнинг ушбу йўриқномалар билан танишуви осон ва қулай бўлишини таъминлаш заруратини ҳисобга олган ҳолда уларнинг жойлашган жойини белгилаш (58-банд).

Фикримизча, иш берувчи бўлинмалар раҳбарлари учун ММни таъминлашга доир аниқ мажбуриятларни «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонундан (ўз мажбуриятлари бўйича), юқорида тилга олинган ҳужжатлар ва бошқа манбалардан (махсус адабиёт, нашрлардан) ўзлаштиришга, бўлинмалар фаолияти хусусиятига қараб зиммаларига юклашга ҳақли. Юқорида санаб ўтилган вазифалардан ташқари, бўлинма раҳбарига ушбу мажбуриятларни юклаш мумкин деган фикрдамиз:

а) қуйидагиларни таъминлаш:

иш жойларидаги меҳнат шароитларининг ММ талабларига мувофиқлиги ва ушбу шароитларнинг ҳолатини, айниқса зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини назорат қилиш;

бўлинмага бириктирилган бинолар, иншоотлар, ускуналар, асбоблар, инвентарь ва мосламалар, юк кўтарувчи мосламалар ва транспорт воситалари, сақловчи ва ўровчи жиҳозлар, шамоллатиш ва ҳавони кондициялаш қурилмалари, иситиш ва ёритиш тизимлари, санитария-техник қурилмалар, ММ талабларига мувофиқ ишлаб чиқариш ва маиший хоналар, ўтиш жойлари ва йўлларни ташкил этишни тутиб туриш ва улардан фойдаланиш;

тез аланга оладиган, ёнувчи, портлаш хавфи бўлган, заҳарли ва агрессив моддалар, сақлаш ва суюлган газли баллонларни хавфсиз тарзда сақлаш, ташиш ва қўллаш;

бинолар, иншоотлар, ускуналардан фойдаланишда, технологик жараёнларни амалга ошириш, шунингдек ишлаб чиқаришда хом ашё ва материалларни қўллаш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш чоғида ходимларнинг1 хавфсизлиги;

ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солаётган носоз ускуналар (қурилмалар, асбоблар, аппаратлар) ишини тўхтатиб, бундан ташкилот раҳбарини хабардор қилиш;

меҳнат шароити, шу жумладан касб касалликлари ва бошқа касалликларга чалиниш хавфининг мавжудлиги, аниқ иш жойлари ва ишлаб чиқаришда ММ ҳолати, шунингдек шу муносабат билан бериладиган имтиёзлар ва компенсациялар, шахсий ҳимоя воситалари (ШҲВ) тўғрисида ходимларни ўз вақтида хабардор қилиш;

ходимларга ММ тўғрисида йўл-йўриқлар берилиши, ММ масалалари бўйича уларни қайта тайёрлаш, малакаларини ошириш ва билимларини текшириш;

ходимларни сут, даволаш-профилактика овқати, газланган шўр сув, ШҲВ ва гигиена воситалари билан нормалар бўйича таъминлаш, шунингдек уларнинг ШҲВни қўллаши;

б) ходимларнинг мажбурий дастлабки (ишга кираётганда) ва вақти-вақти билан тиббий кўриклардан ўтишини ташкил этиш;

в) ММ бўйича ўқитиш, йўл-йўриқ ва унга доир билимлар текширувидан ўтмаган ва талаб қилинадиган ШҲВдан фойдаланмайдиган шахсларни ишга қўймаслик;

г) қонунда назарда тутилган ҳолларда (масалан, ишга алкоголь, наркотик ёки токсик сархушлик ҳолатида келиш) ходимларни ишдан четлатиш;

д) улар юзага келган ҳолларда аварияли вазиятларнинг олдини олиш, ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолиш, шу жумладан жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш чора-тадбирларини кўриш;

е) ММ бўйича тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш, давлат назорати ва кўздан кечириш органларининг ММ талабларига, ММ хизмати ёки ММ бўйича мутахассис2 кўрсатмаларини бажариш, шунингдек касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари тақдимномаларини кўриб чиқиш.

Бўлинмаларнинг раҳбарлари зиммасига ММни таъминлаш масаласида ташкилот раҳбари бошқа мажбуриятларни юклаши мумкин.

Бўлинма раҳбарининг лавозим йўриқномасига меҳнат муҳофазаси бўйича вазифаларни (функцияларни) киритиш мажбуриятига келсак, қонун ҳужжатларида айни кўрсатилган йўриқномага уларни киритиш белгиланмаган. Бироқ иш берувчи МКнинг 176-моддаси 2-қисми ва унинг бошқа тегишли қоидаларининг маъносига амал қилиб, уларни корхона учун умумий бўлган ММ бўйича йўриқномага ёки алоҳида касблар ходимлари учун ва (ёки) айрим иш турларига доир ММ бўйича алоҳида йўриқномаларда, бундай йўриқномалар бўлмаган тақдирда эса – бўлинма аниқ раҳбарининг мансаб йўриқномасида қайд этиши керак.

 

Камол Музаффаров,

«Norma Оnline» эксперти.

 


1Бу ерда ва ундан кейин «ходимлар» деганда таркибий бўлинма ходимлари, унга хизмат сафарига юборилганлар ва у ерда амалиёт ўтаётган талабалар, коллежлар ва лицейлар ўқувчилари тушунилади

2Ходимларининг сони 50 киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ишлаб чиқариш ташкилотида ММ хизмати ташкил этилади ёки тегишли тайёргарликка эга бўлган ММ мутахассиси лавозими жорий этилади. Ходимларининг сони 50 нафардан кам бўлган ташкилотда кўрсатилган хизматни (лавозимни) ташкил этиш (жорий этиш) тўғрисидаги қарор иш берувчи томонидан мазкур ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусияти ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади («Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси).

Прочитано: 2694 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика