Norma.uz

Замонавий қонунчилик тизимида божхона ҳуқуқининг ўрни

 

Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб ҳуқуқ тизими, хусусан, божхонага оид қонунчилик кенг тарзда ислоҳ қилиб келинмоқда.

 

Хорижлик олимларнинг божхона қонунчилиги юзасидан олиб борган тадқиқотлари таҳлили шуни кўрсатадики, ушбу соҳадаги аксарият муносабатларни тартибга солувчи нормалар маъмурий ҳуқуққа тегишлидир. Маъмурий муносабатлар божхона қоидалари бузилишига оид маъмурий ишларни юритиш ва уларни кўриб чиқиш билан боғлиқ нормаларни ўз ичига олади. Ушбу ҳолатларда тадқиқотчи С.Халипов божхона ҳуқуқини маъмурий ҳуқуқ нормаларига асосланган ҳуқуқнинг махсус тармоғи сифатида қарашни таклиф этади1.

 

Бироқ, маъмурий ҳуқуқ нормалари фақатгина ҳуқуқбузарликларга тааллуқли жараёнларнигина тартибга солиб, у бутун божхона ишига оид муносабатларни тўлиқ қамраб ололмайди.

Бир қатор мутахассислар эса божхона ҳуқуқи замонавий ҳуқуқ тизимида янги тармоқ эканлигига алоҳида урғу беришади. Бу фикрдан келиб чиқиб, айрим тадқиқотчилар «халқаро божхона ҳуқуқи» тушунчаси бўйича ҳам турли ғояларни илгари сурганлар.

 

Божхона ишининг асосий вазифаларидан бири сифатида унинг давлат фискал сиёсатини амалга оширишини кўриш мумкин. Хусусан, товарларни импорт қилишда ундириладиган божхона тўловлари бевосита давлат бюджетига қаратилиб, уни тўлдиришга хизмат қилади. Шунингдек, айрим импорт товарларига бериладиган имтиёзлар маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантириб, маҳаллий товарларга нисбатан қўлланиладиган солиқ тўловлари орқали бюджет тушумларининг ўсишига омил бўлади. Мазкур жараённи тадқиқ этган тадқиқотчи А.Шорников халқаро божхона ҳуқуқини халқаро иқтисод ҳуқуқининг тармоғи ёки таркибий қисми сифатида кўради2.

 

Ўзбекистон миллий қонунчилиги тизимида ҳам божхона ҳуқуқи алоҳида ўринга эга. Ушбу соҳанинг асосий пойдевори бўлиб Божхона кодекси ҳисобланади. 2016 йилнинг апрель ойидан амалиётга жорий этилган янги таҳрирдаги Божхона кодексининг муҳим жиҳати шундаки, у божхона соҳасидаги деярли барча қонун ва қонуности ҳужжатлари нормаларини ўзида жамлаган.

 

Таҳлилларнинг кўрсатишича, божхона меъёрлари айрим ҳуқуқ тармоқлари ҳамда миллий қонунчилик билан доимий равишда алоқада бўлиб, божхона ишига оид муносабатларни тартибга солиб келмоқда. Жумладан, янги таҳрирдаги Божхона кодексида ҳам ҳаволаки нормалар мавжуд. Масалан, Кодекснинг 412-моддасида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгиланган. Жавобгарлик масалалари эса бевосита Маъмурий ва Жиноят кодекслари орқали тартибга солинади.

Муайян қоидабузарликнинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс билан тартибга солиниши қуйидагиларда ўз аксини топади. Масалан, чегара орқали товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтишда божхона назоратини амалга ошириш, божхона тўловларини ундириш ва божхона расмийлаштируви жараёнида содир этиладиган божхона қоидабузарликларига нисбатан жавобгарлик, агар улар таркибида жиноят аломатлари бўлмаса, 227, 2271–22727-моддалар асосида белгиланади. Агар содир этилган қоидабузарлик таркибида жиноят аломатлари аниқланса, улар Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан тартибга солинади.

 

Шу билан бирга ушбу ҳуқуқ Жиноят-процессуал кодекси билан ҳам боғлиқдир. Унинг 38-моддаси 8-бандига кўра, божхона хизмати органлари божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликка доир ишларни юритиш бўйича суриштирув олиб боришга ваколатли орган ҳисобланади.

 

Бундан ташқари, Божхона кодексининг 339-моддасида божхона тўловлари тўланишини таъминлаш усуллари келтирилган бўлиб, унга кўра, божхона тўловларини тўловчи шахс тўловлар тўланишини таъминлаш учун банк кафолати ва товарларни гаровга қўйиш усулларидан фойдаланиши мумкинлиги кўрсатилган. Бу тартиб «Банк ва банк фаолияти тўғрисида»ги ва «Гаров тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида ҳам белгиланган.

 

Лазиз Хўжақулов,

мустақил тадқиқотчи.

 


1Халипов С.В. Таможенное право М.: «Зерцало». 2004. с. 49-50.

2Шорников А.В. Указ. соч. с. 54; Валова Л.И. Международное таможенное право // Международное публичное и частное право. – 2004. – № 3.

Прочитано: 1596 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика