Турмуш ўртоғим коллежда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Уни асосий ишидан бўшаган ҳолда кадрларни қайта тайёрлашга юбордилар. Бунда директор унга иш ҳақини тўламоқчи эмас.
Кадрларни қайта тайёрлаш даврида ходимнинг иш ҳақи сақланадими?
Д.Назиров.
– Ҳа, ишлаб чиқаришдан бўшаган ҳолда малака оширишда иш берувчи кафолатли тўловларни тўлайди. Уларнинг миқдори жамоа шартномасида белгилаб қўйилади, лекин ўртача иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак (МКнинг 166-моддаси).
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими муассасалари ўқитувчиларини педагогик қайта тайёрлаш ўқитишнинг қуйидаги шаклларида амалга оширилади:
асосий ишдан бўшаган ҳолда ўқиш;
асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда ўқиш (уйғунлаштирилган услуб);
асосий ишдан бўшамасдан масофавий шаклда ўқиш (Низомнинг 20-банди, ВМнинг 10.08.2012 йилдаги 242-сон қарорига 1-илова).
Асосий ишдан бўшаган ҳолда ва асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда (уйғунлаштирилган услубда) педагогик қайта тайёрлашнинг давомийлиги камида 16 ҳафта (576 соат) этиб белгиланади. Ўқув юкламасининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада 36 (54 академик) соатни, аудитория машғулотларининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада 24 (36 академик) соатни ташкил қилади (Низомнинг 25-банди).
Иш ҳақини тўламоқчи бўлмаган иш берувчи меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун МЖТКнинг 49-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Ўз ҳуқуқингизни амалга ошириш учун туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш маркази давлат ҳуқуқ меҳнат инспекторига ёки прокуратура органларига ариза билан мурожаат қилишингиз зарур.
Абдусалом Рисқуллаев,
«Norma Online»
етакчи эксперти.