Учта фарзандим бор. Кўпинча улар билан автотранспортда юришимга тўғри келади. Болаларга қайси ёшидан бошлаб чипта сотиб олиш керак?
Зиятдинова.
Тошкент ш.
– «Автомобиль транспорти тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, йўловчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
йўловчилар ташиш учун очиқ бўлган ҳар қандай йўналишга чипта сотиб олиш, чиптада белгиланган жойни эгаллаш;
шаҳар ва шаҳар атрофи йўналишларидаги автобусларда 7 ёшгача бўлган болаларни ўзи билан бепул олиб юриш;
шаҳарлараро ва халқаро йўналишлардаги автобусда:
5 ёшгача бўлган бир болани алоҳида жой берилмаган ҳолда бепул олиб юриш;
5 ёшдан 10 ёшгача бўлган бола учун алоҳида жой берилган ҳолда чипта тўлиқ қийматининг 50 фоизини тўлаб чипта сотиб олиш;
10 ёшгача бўлган икки ёки ундан ортиқ бола олиб юрилганда улардан бири бепул олиб юрилади, қолганлари учун – алоҳида жой берилган ҳолда чипта тўлиқ қийматининг 50 фоизини тўлаб чипта сотиб олинади;
шаҳар ва шаҳар атрофи йўналишларида 20 килограммдан ошмайдиган оғирликдаги багажни; шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда – белгиланган ўлчамлардаги багажнинг бир ўрнини ўзи билан бепул, кўрсатиб ўтилган нормалардагидан ортиқча багажни эса – ҳақ эвазига олиб юриш;
ташиш бошланмасидан олдин чиптани топшириш ва унинг учун тўланган суммани қайтариб олиш. Тўланган сумманинг ташувчи томонидан қайтарилиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Алла Ромашко,
мухбиримиз.