Мен якка тартибдаги тадбиркорман. Яқинда банкимда жисмоний шахс картасини очдим, МБнинг қарорини рўкач қилган ҳолда ойига 10 ЭКИҲдан кўп бўлмаган миқдорда унга пул ўтказишимга рухсат беришди.
ЯТТ учун бундай чеклов белгилаш тўғрими?
С.Киселёв.
– Якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳисобрақамидаги пул маблағларини тасарруф этиш ҳуқуқларини чеклаш ҳуқуққа зид.
Тадбиркорлик фаолияти субъектлари барча ишлаб чиқариш харажатларининг ўрни қопланиб, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган даромадни (фойдани) ўз хоҳишига кўра тасарруф этади, бундан суд тартибидаги мажбурий ундирув ҳоллари мустасно («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддаси).
Шу тариқа, якка тартибдаги тадбиркор унинг фаолият тури учун назарда тутилган қатъий белгиланган солиқни тўлагандан кейин ҳисобрақамида бўлган пул маблағларини шахсий пластик картасига йўналтиришга ҳақли.
Марказий банкнинг 26.01.2017 йилдаги 10-16/218-сон хатига мувофиқ, мижоз банк ҳисобрақамида бўлган пул маблағларини мустақил равишда тасарруф этади, банк эса қонунда ёки шартномада назарда тутилмаган ушбу ҳуқуққа чекловларни белгилашга ҳақли эмас.
Жўрабек Муротов, «Norma Online» эксперти.