Корхона мотор мойи ишлаб чиқармоқчи.
Мувофиқлик сертификатини олгунга қадар ўзимиз ишлаб чиқарган маҳсулотни сифат паспорти асосида сотиш мумкинми?
З.Азизова.
– Мажбурий тартибда сертификатланадиган маҳсулотлар турлари махсус Рўйхатда (ВМнинг 28.04.2011 йилдаги 122-сон қарорига 1-илова) кўрсатилган. Агар тури ва ТИФ ТН кодига кўра Рўйхат таъсири остига тушадиган мотор мойини ишлаб чиқармоқчи бўлсангиз, сертификатлаштирувчи органларда товарга мувофиқлик сертификатини олишингиз шарт. Бундай маҳсулотни, ҳатто сифат паспорти бўлса ҳам, сертификатсиз сотиш ҳуқуққа зид («Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддаси 1-қисми 3-хатбошиси).
Мувофиқлик сертификати – сертификатланган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат («Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддаси 1-қисми 10-хатбошиси). Нефть маҳсулотининг сифат паспортида эса у тўлиқ ва назорат таҳлилларидан ўтказилганлиги натижалари ҳамда маҳсулотнинг кондиционлиги тўғрисидаги хулосани ўз ичига олади (АВ томонидан 3.10.2013 йилда 2513-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 47, 49-бандлари, унга 21–23-иловалар). У сертификат ўрнини боса олмайди.
Сабоҳат Султонова, «Norma Online» эксперти.