ВМнинг 15.03.2012 йилдаги 72-сон қарорига мувофиқ ижтимоий тармоқларда онлайн-контентни ва онлайн-ўйинларни сотиш учун лицензия керакми?
Т.Раҳмонов.
– Фаолиятнинг 4 тури: аудиовизуал асарларни, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, шунингдек фонограммаларни тайёрлаш лицензияланиши керак.
Аудиовизуал асар – бир-бири билан боғлиқ бўлган (овоз жўрлигида ёки овоз жўрлигисиз) тасвирларнинг ёзиб олинган туркумидан иборат бўлган, тегишли техника воситалари ёрдамида кўриб ва эшитиб (овоз жўрлиги бўлса) идрок этиш учун мўлжалланган ёзув, шу жумладан, кинематография, мультипликация ва анимация асарлари ҳамда кинематографияникига ўхшаш воситалар билан ифодаланган барча асарлар (теле-, кино– ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзувлари, мультфильмлар, аниме, хэнтай ва шу кабилар).
Фонограмма – бирон-бир ижронинг, бошқа овозларнинг ҳар қандай фақат овозли ёзуви, аудиовизуал асарга киритилган овозли ёзув бундан мустасно.
ЭҲМ учун яратилган дастур деганда муайян натижа олиш мақсадида ЭҲМ, ЭҲМ шохобчалари ва бошқа компьютер воситаларининг ишлаши учун мўлжалланган маълумотлар ва кўрсатмалар мажмуи тушунилади (Низом, ВМнинг 15.03.2012 йилдаги 72-сон қарорига 1-илова).
Шу тариқа, агар контент аудиовизуал асарлар, фонограммалар ёки ЭҲМ учун яратилган дастурлар тушунчаларига тўғри келадиган ахборотга эга бўлса, уни сотиш учун лицензия олиш керак бўлади.
Сабоҳат Султонова, «Norma Online» эксперти.