Мамлакатимизга озиқ-овқат маҳсулотларининг қонуний тарзда импорт қилиниши нафақат иқтисодий хавфсизлигимизни ҳимоя қилишга, балки, энг аввало, аҳоли саломатлигини асрашга ва сифати кафолатланган маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилади.
Шунга қарамасдан, сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини ноқонуний йўллар билан республикамизга олиб киришга бўлган уринишлар учраб турибди.
Республикамиз божхоначилари мазкур ҳолатларга ўз вақтида чек қўйиш мақсадида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб, бу турдаги қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олишмоқда.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Розиқов, Алимова ва Исаевларнинг (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) қинғир қилмишларига чек қўйилди. Юртдошларимиз саломатлигини хавф остига қўйиб бўлса-да, ўз чўнтагини қаппайтиришни кўзлаган ушбу шахсларнинг сифатсиз ҳамда истеъмол муддати ўтиб кетган озиқ-овқатларни ички бозорда пуллаш режалари чиппакка чиқди. Юк эгалари оғирлиги 1,8 тоннадан, қиймати эса 57,5 млн сўмдан ортиқ бўлган мазкур озиқ-овқат маҳсулотларига божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжат тақдим қила олишмади. Маҳсулотларнинг ёрлиқлари кўздан кечирилганда, амалдаги тартибларга зид равишда товарлар давлат тилида маркаланмагани ҳам аниқланди.
2016 йил давомида республикамиз божхона ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда 3 400 дан ортиқ ҳолатда қиймати салкам 4 млрд сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларининг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.
Шу ўринда юртдошларимизга божхона қоидабузарликлари ёки божхона ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг 120-76-76 рақамли «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.