Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 3 / Долзарб мавзу

Акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги қонунчилик аниқлаштиришни талаб этади

 

«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунда шундай нормалар мавжудки, улар тўғри тушунилганда ва қўлланганда АЖда корпоратив бошқарув масалалари билан шуғулланувчи мутахассислар ишига ёрдам берган бўларди. Хусусан, АЖ тўғрисидаги Қонунга киритилган сўнгги янгиликлар: миноритар акциядорлар қўмитаси тўғрисидаги; акцияларнинг 50%и ва ундан ортиғининг эгасига айланган акциядорга акцияларни сотиб олиш мажбуриятининг юкланиши; акциялар номинал қийматини ошириш йўли билан устав фондини кўпайтириш тартибининг чиқариб ташланишини улар қаторига киритиш мумкин. Шу ва аввалбошдан амал қилаётган нормалар ўртасидаги зиддиятлар ҳанузгача бартараф этилмаган. Шу муносабат билан юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш амалиёти ҳақидаги мутахассислар фикрини билиш қизиқарлидир.

 

«Aleksta Yure» АФ адвокати Александр ЦОЙ ўз мақоласида иккита долзарб масала хусусидаги нуқтаи назарини ўқувчилар эътиборига етказади. Булар – АЖ тўғрисидаги Қонунга акциялар тақдим этадиган ҳуқуқлар қисмида ўзгартиришлар киритишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳамда АЖ тўғрисидаги Қонундан акциялар номинал қийматини ошириш йўли билан устав фондини кўпайтириш имкониятини чиқариб ташлашнинг эҳтимолий оқибатлари.

 

Тенг ҳуқуқлар доим тенг эмас

АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 3-моддасида акциядорлик жамияти устав фонди акциядорларнинг жамиятга нисбатан ҳуқуқларини тасдиқловчи муайян миқдордаги акцияларга тақсимланган тижорат ташкилоти сифатида белгиланган.

Жамиятнинг уставида акциядорлар олган акцияларнинг (жойлаштирилган акцияларнинг) сони ва номинал қиймати белгиланиши керак. Шунингдек жамият жойлаштирилган акцияларга қўшимча равишда жойлаштиришга ҳақли бўлган эълон қилинган акцияларнинг сони ва номинал қиймати белгиланиши мумкин (АЖ тўғрисидаги Қонуннинг ­25-моддаси). Тегишинча, 21-сон БҲМС «Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлари режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқнома» (АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган) рўйхатдан ўтказилган устав фондини ташкил этувчи акцияларни харид қилишдан олинган маблағларни «Хусусий капитал» бўлимининг устав фонди таркибига киритади.

У ҳолда эълон қилинган акциялар ҳисобига қўшимча равишда чиқарилган, жойлаштириш якунлари ҳали тасдиқланмаган ва устав фондига вақтинча кирмаган акцияларнинг ҳуқуқий мақоми қандай бўлади?

21-сон БҲМС якунлари тасдиқланмаган ва рўйхатдан ўтказилмаган, қўшимча равишда чиқарилган акцияларни харид қилишдан олинган маблағларни акциялар обуначиларидан олинган авансларга киритади («Жорий мажбуриятлар» бўлими).

Ушбу нормалар маъносидан шундай хулосага келиш мумкинки, устав фондини ташкил этувчи акцияларгина жойлаштирилган деб ҳисобланади ва фақат улар акциядорларнинг жамиятга нисбатан ҳуқуқларини тасдиқлайди.

Бироқ АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 21-моддасида қайд этилишича, бир турдаги акция унга эгалик қилувчи ҳар бир акциядорга шу турдаги акцияларнинг бошқа эгалари билан бир хил бўлган ҳажмдаги ҳуқуқларни беради. Яъни АЖ тўғрисидаги Қонун устав фондини ташкил этувчи акциялар ҳамда жойлаштириш якунлари тасдиқланмаган ва рўйхатдан ўтказилмаган, қўшимча равишда жойлаштириладиган акцияларга бўлган ҳуқуқлар ҳажмидаги фарқларни белгиламайди. Оқибатда АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 26 ва 27-моддалари барча акциядорларга фарқсиз равишда қуйидагиларга доир тегишли ҳуқуқларни тақдим этади:

уларни акциядорларнинг реестрига киритиш;

жамият фойдасининг бир қисмини дивидендлар тарзида олиш;

жамият тугатилган тақдирда ўзларига тегишли улушга мувофиқ мол-мулкнинг бир қисмини олиш;

акциядорларнинг умумий йиғилишларида овоз бериш орқали жамиятни бошқаришда иштирок этиш;

жамиятнинг молия-хўжалик фаолияти натижалари тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборотни белгиланган тартибда олиш;

олган дивидендини эркин тасарруф этиш;

акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши кун тартибига масалаларни киритиш ҳамда кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига номзодларни илгари суриш.

Жойлаштириладиган акциялар устав фондини ташкил этувчи акциялар билан тенг равишда қимматли қоғозлар бозорида чекловсиз эркин муомалада бўлиш ҳуқуқига эга. Сабаби акцияларга бўлган ҳуқуқлар акцияларни олувчига унинг депо ҳисобварағига тегишли кирим ёзуви киритилган пайтдан эътиборан ўтади, акция билан тасдиқланадиган ҳуқуқлар эса уларни олувчига акцияга бўлган ҳуқуқлар ўтган пайтдан ­эътиборан ўтади (АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 29-моддаси).

АЖ тўғрисидаги Қонундаги бу ва бошқа акцияларнинг ҳуқуқий мақоми унча ўхшаш эмасдек кўринади. Бунинг оқибатида, фикримизча, АЖ тўғрисидаги Қонунда мавжуд қуйидаги зиддиятларни бартараф этиш керак:

юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли сифатида акциядорлик жамиятига берилган таъриф қисмида;

устав фондини ташкил этувчи ҳамда жойлаштириш якунлари ҳали тасдиқланмаган, эълон қилинганлари ҳисобига қўшимча равишда чиқарилган акцияларнинг ҳуқуқий мақоми қисмида.

Амалиётда бу юзага келиши мумкин бўлган низолар ва ортиқча таомиллар, шу жумладан суд низоларининг олдини олади.

 

МИСОЛ. АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 33-моддасига мувофиқ, чиқариш тўғрисидаги қарорда белгиланган муддатда акцияларнинг 60%дан кам қисми ёхуд қимматли қоғозларнинг биржа бозорида ва уюшган биржадан ташқари бозорида 30%и ва ундан кам қисми жойлаштирилган тақдирда акцияларнинг чиқарилиши амалга ошмаган деб эътироф этилади. Бироқ чиқариш амалга ошмаган деб эътироф этилган пайтга келиб қўшимча равишда чиқарилган акцияларни сотиб олиб, акциядорга айланган шахс:

жамиятнинг бошқарув ва назорат органларига номзодларни илгари суриб бўлган ва улар сайланиб бўлган;

умумий йиғилиш кун тартибидаги муҳим масалалар бўйича овоз берган;

дивидендларни олган;

сотиб олинган акцияларни сотган;

АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 40-моддаси талабларини бажариш мақсадида бошқа акциядорлардан акцияларни сотиб олган ва жамият акциялари 50%идан ортиғининг эгасига айланган бўлади.

 

Акциядорлар жамиятнинг фаолияти билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини ўзларига тегишли акциялар қиймати доирасида қоплаш таваккалчилигини ўз зиммасига олади (АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 4-моддаси). Агар эмиссия жойлаштирилмаган ва акциялар қайтарилиши керак бўлса, нима қилиш керак: акциядорларда жавобгарлик юзага келадими? Мунозарали вазиятлар ва улар билан боғлиқ саволларни яна давом эттириш мумкин. Юзага келаётган вазиятлар оқибати узоқ вақт низолашув орқали бартараф этилишини тан олмай илож йўқ.

Буни 2 хил йўл билан ҳал этиш мумкин:

1) жойлаштирилаётган ва жойлаштирилган акцияларнинг ҳуқуқий мақомини тенглаштириш;

2) жойлаштирилаётган акциялар тақдим этадиган айрим ҳуқуқларни чеклаш.

Янги таҳрирдаги АЖ тўғрисидаги Қонуннинг устав фонди тўлиқ тўлаб бўлингунига қадар дивидендларни тўлашга доир чекловларни бекор қилган 54-моддасини таҳлил қилаётиб, бунда чекловлар фақат жамият таъсис этилганда амал қилишини эътиборга олгач, қонун чиқарувчи биринчи йўл – акцияларнинг ҳуқуқий мақомидаги фарқларни бартараф этишни афзал кўраётганини тахмин қилиш мумкин. Бунда, кетма-кетликка риоя қилган ҳолда, ҳеч бўлмаса:

АЖнинг амалдаги таърифини «Акциядорлик жамияти – акциядорларнинг жамиятга нисбатан ҳуқуқларини тасдиқловчи акцияларни эмиссия қилувчи тижорат ташкилоти» таърифига ўзгартириш;

жойлаштирилган акцияларнинг ҳақиқатдаги сонига қараб жойлаштириш якунларини ҳар гал тасдиқлаган ҳолда, акциялар тўлиқ жойлаштирилмаганлиги оқибатида уларнинг чиқарилишини амалга ошмаган деб эътироф этиш имкониятини бекор қилиш зарур.

Агар иккинчи йўл танланса, чиқариш якунларини тасдиқлагунга ва рўйхатдан ўтказгунга қадар ижросини ўзгартириш мушкул бўлган айрим масалалар юзасидан жойлаштирилаётган акциялар тақдим этадиган ҳуқуқларни чеклаш таклиф этилади, хусусан:

дивидендларни олиш;

бошқарув ва назорат органларига номзодларни илгари суриш;

уставга ўзгартиришлар киритиш;

йирик битимлар ва манфаатдор шахслар билан битимларни амалга ошириш;

учинчи шахсларга акцияларни сотиш ёхуд бошқача тарзда бериш (бериш имконияти) (рўйхатни тўлдириш мумкин).

 

Акцияларни «мажбурий» тақсимлашнинг эҳтимолий оқибатлари

АЖ тўғрисидаги Қонунга акцияларнинг номинал қийматини ошириш йўли билан устав фондини кўпайтириш имкониятини бекор қилган ўзгартиришлар киритилди. Бу нимани англатади?

Илгари, АЖ тўғрисидаги Қонун акцияларнинг номинал қийматини ошириш ҳисобига устав фондини кўпайтириш имкониятини берганда ушбу тартиб асосан хусусий капитал, яъни тақсимланмаган фойдани капиталлаштириш ҳисобига устав фонди кўпайтирилганда қўлланган. У тақсимланмаган фойда ҳажмидан қатъи назар, тақсимланмаган фойданинг капиталлаштирилган қисмини акцияларнинг умумий сонига бўлиш йўли билан устав фондини кўпайтириш имконини берган.

Бугун қўшимча акцияларни чиқариш йўли билан жамиятнинг хусусий капитали ҳисобига устав фондини кўпайтиришда АЖ тўғрисидаги Қонун қўшимча акцияларни барча акциядорлар орасида уларга тегишли акциялар сонига мутаносиб равишда тақсимлаш мажбуриятини қўяди ва устав фондини кўпайтиришга йўл қўймайди, бунинг натижасида ошиш суммасининг битта акция номинал қийматига мувофиқ келиши таъминланмайди – яъни касрга бўлинадиган акциялар бўлиши мумкин эмас.

Қабул қилинган тартиб тақсимланмаган фойдани капиталлаштириш ҳисобига устав фондини кўпайтириш имкониятини торайтиради, сабаби касрга бўлинган акцияларни олмасдан капиталлаштириш учун капиталлаштирилаётган тақсимланмаган фойданинг бир қисми устав фонди миқдорига кўпайтириладиган бўлиши зарур.

 

МИСОЛ. Устав фонди 160 сўм бўлганда тўртта акциядор битта акциянинг номинал қиймати 1 сўм бўлган 2, 25, 33 ва 100 та акция эгаси ҳисобланади. Нисбатни қандай чиқариш лозим? Бу мисолда тақсимланмаган фойда устав фондидан кам бўлмаган миқдор – 160 сўм бўлгандагина АЖ тўғрисидаги Қонун талабларига риоя этиш мумкин.

 

Айни пайтда акциядорлик жамиятлари кўп сонли акциядорларга ва катта миқдордаги устав фондларига эга, агар вазият келтирилган мисолдагига ўхшаса, акциядорлик жамиятлари капиталлаштиришни ўтказиш учун ҳар гал ўз устав фондлари ҳажмидан катта бўлган тақсимланмаган фойдага эга бўлишлари ёхуд акцияларни мутаносиб равишда тақсимлаш учун коэффициент чиқариш имконини яратиш мақсадида уларни 1 сўмдан кам миқдоргача бўлишлари керак бўлади.

Фикримизча, бундай вазият, биринчидан, тақсимланмаган фойдани мунтазам капиталлаштириш йўли билан ўзларига тегишли акцияларнинг умумий қийматини оширишга интилаётган акциядорлар (шу жумладан давлат) манфаатларига, иккинчидан эса, тақсимланмаган фойдани узоқ жамғаришдан (музлатиб қўйишдан) манфаат бўлмагани сабабли акциядорлик жамиятлари дивиденд сиёсати фойданинг дивидендларни тўлашга йўналтириладиган қисми ошиш томон ўзгариши оқибатида акциядорлик капитали капиталлаштирилишига салбий таъсир ўтказади.

 

Прочитано: 3037 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика