Кўпинча йирик корхоналарда биринчи имзо ҳуқуқига эга бўлган бир нечта шахс ҳужжатлар билан расмийлаштирилган бўлади. Баъзан ишончнома ёки шартномада раҳбар (директор) Ф.И.О. қайд этилган, имзони эса биринчи имзо ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахс қўйган ҳолатлар юз беради.
Ҳужжатларни шу тариқа расмийлаштиришга: бир шахс Ф.И.О. ёнига бошқа шахс имзосини қўйишга йўл қўйиладими? Агар йўл қўйилмаса, бу қандай қонун ҳужжати билан тартибга солинган?
Д.Селимова.
– Шартномада фамилияси ва исми кўрсатилган бошқа шахс ўрнига ҳужжатларни имзолашга йўл қўйилмайди.
Агар қонундан ёки миллий одатдан бошқача тартиб келиб чиқмаса, фуқаро ўз фамилияси ва номидан, шунингдек отасининг исми билан ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлади ҳамда уларни амалга оширади (ФКнинг 19-моддаси 1-қисми).
Қонун ҳужжатларида белгиланганидек, ишончномани юридик шахс раҳбари ёки унинг ишончли вакили бериши мумкин, шартномани эса тарафлар ёки уларнинг вакиллари имзолайдилар.
Юридик шахс номидан бериладиган ишончнома раҳбар томонидан имзоланиб, унга ушбу юридик шахснинг муҳри (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) босилади. Агар юридик шахс давлат мулкига асосланган бўлса, пул ва бошқа мулкий бойликларни олиш ёки топшириш учун бериладиган ишончнома унинг бош (катта) бухгалтери томонидан ҳам имзоланиши керак (ФКнинг 138-моддаси).
Товар-моддий бойликларни олишга ишончномани расмийлаштиришда ишонч билдирувчининг (ишончнома берувчи шахснинг) паспорт маълумотларини кўрсатиш талаб этилади (АВ томонидан 27.05.2003 йилда 1245-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга 1, 2-иловалар).
Ишончнома берилган шахс ўз ваколатидаги ҳаракатларни шахсан амалга ошириши шарт. Башарти, унга ишончнома билан ваколат берилган бўлса ёки уни ишончнома берган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилишга шароит мажбур қилса, у ҳаракатларни амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиши мумкин (ФКнинг 140-моддаси).
Масалан, ваколатли шахс тезкор тузилиши талаб қилинадиган шартномани имзолаш имконига эга эмас (сафардалиги, касаллиги ва ҳ.к. туфайли), шу сабабли ушбу ҳуқуқни учинчи шахсга ўтказишга мажбур.
Ёзма шаклда тузилган битимни, агар иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, тарафлар ёки уларнинг вакиллари имзолаши керак. Агар қонун ҳужжатларига ёки иштирокчилардан бирининг талабларига зид бўлмаса, битим тузиш чоғида имзодан факсимиле усулида нусха кўчириш воситаларидан фойдаланилишига йўл қўйилади (ФКнинг 107-моддаси).
Шу билан бирга, агар шартномани раҳбар ўрнига унинг фамилияси остида бошқа шахс имзолаган бўлса, раҳбар бундай ҳужжатни кейинчалик маъқуллаган тақдирдагина юридик кучга эга бўлиши мумкин (ФКнинг 132-моддаси). Битим тузишга ваколат берган шахс битимнинг ижрога қабул қилинганлигидан гувоҳлик берувчи ҳаракатлар қилган ҳолда ҳам бундай битим маъқулланган ҳисобланади (масалан, шартномада назарда тутилган ҳаракатлар бошлангани, норозилигини ўз вақтида ифодаламагани, контрагентдан маблағ олгани ва б.).
Маҳкам Воҳидов,
«Norma Online» эксперти,
юридик фанлар номзоди.