Бизнинг транспорт корхонамиз тезлик режимини назорат қилиш мақсадида корпоратив машиналарда ўрнатилган GPS-ускуна ёрдамида транспорт воситаларини мониторинг қилиш хизматларидан фойдаланади. Электрон тарздаги ҳисобот хизматлар етказиб берувчисининг сайтида шаклланади. Ҳисоботда ҳайдовчи қачон (вақти ва санаси) ва қаерда (координаталари) тезлик режимини бузганлиги кўриниб туради.
Электрон ҳисобот компания транспортини бошқариш вақтида тезликни оширгани учун ходимга нисбатан интизомий чораларни қўллашга асос бўладими? Агар бўлмаса, бундай назоратни қандай қилиб тўғри қонунийлаштириш мумкин?
А.Умаров.
– Ҳа, транспорт воситасини бошқариш вақтида тезлик оширилганини тасдиқловчи электрон ҳисобот, агар ускуна соз ҳолатда бўлса, ҳайдовчиларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллашга асос бўлади.
Қонун ҳужжатлари ва меҳнат тўғрисидаги бошқа норматив ҳужжатларда ходимларга ўз меҳнат вазифаларини ҳалол, виждонан бажариш, меҳнат интизомига риоя қилиш, иш берувчининг қонуний фармойишларини ўз вақтида ва аниқ бажариш, технология интизомига, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси талабларига риоя қилиш, иш берувчининг мол-мулкини авайлаб асраш мажбурияти юкланади (МКнинг 176-моддаси 1-қисми).
Бунда иш берувчи ходимлар меҳнатини ташкил қилиши, қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шароитларини яратиб бериши, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини таъминлаши, меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этиши шарт (МКнинг 177-моддаси 1-қисми).
Шу тариқа, иш берувчи ҳайдовчи ходимларнинг Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишини назорат қилишга ҳақлигина эмас, балки мажбурдир. Автомашиналардаги GPS-ускуна ёрдамида транспорт воситаларини мониторинг қилиш хизматидан фойдаланиш ушбу мажбуриятни амалга ошириш усулларидан бири бўлиши мумкин.
Ушбу ускунадан фойдаланиш шартини компаниянинг ички меҳнат тартиби қоидаларига, шунингдек меҳнат шартномасига киритиш ва компания ходимлари таништириладиган иш берувчининг буйруғида қайд этиш зарур (МКнинг 178-моддаси).
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma Online» етакчи эксперти.