Бизга компания логотипи туширилган сумкалар етказиб бериш учун етказиб берувчида улгуржи савдога лицензия бўлиши шартми?
Ф.Раҳматов,
юрист.
– Агар сумкаларни етказиб берувчи тайёрласа ва улар унинг ўзи ишлаб чиқарган товарлар ҳисобланса, у улгуржи савдони амалга оширишга лицензия олиши зарур эмас.
Тижорат мақсадларида фойдаланиш ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шаклида харид қилинадиган товарларни сотиш улгуржи савдо фаолияти деб эътироф этилади (Низомнинг 2-банди, ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган).
Қуйидагилар улгуржи савдо аломатлари ҳисобланади:
товарларни харид қилиш;
товарларни сотиш;
ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шакли (товарларни харид қилишда ҳам, кейинчалик уларни сотишда ҳам);
харидорнинг харид қилинган товарлардан тижорат мақсадларида ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланиши.
Ўзи ишлаб чиқарган товарларни сотиш улгуржи савдога кирмайди, сабаби унинг аломатларидан бири – товарларни харид қилиш мавжуд эмас.
Агар сумкалар етказиб берувчи ўзи ишлаб чиқарган товар ҳисобланмай, балки уларга тегишли логотип қўйиб, кейинчалик сотиш мақсадида нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича сотиб олинса, улгуржи савдони амалга ошириш учун лицензия олиш мажбурий ҳисобланади.
Элмира Сиразиева,
«Norma Online» эксперти.