Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 50 / Хўжалик юритиш қоидалари

Солиқларни мулкдор тўлайди

 

Тегишли тармоқ жамоа келишувига кўра касаба уюшмаси ташкилотимиз давлат корхонаси биносидаги бир нечта хонадан текинга фойдаланади. Ижара шартномасига кўра у давлат корхонасининг коммунал хизматлар (электр, сув ва б.) бўйича харажатларини қоплайди. Бироқ ҳисоб-китоб қилиш чоғида корхона уларнинг қопланишига доир ҳисобварақ-фактураларга ер солиғини ҳам киритади. Шу тўғрими?

О.Раҳимов.

 

– Йўқ, нотўғри.

Маълумки, қонунга кўра давлат корхонаси мол-мулкка, шу жумладан кўчмас мулкка оператив бошқарув ҳуқуқида эгалик қилади. Ёзишингизга қараганда, у бино майдонларидан бир қисмини касаба уюшмаси ташкилотингизга текин фойдаланиш учун берган.

Фикримизча, бу вазиятда давлат корхонаси «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг ­22-моддаси ҳамда «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддаси 1-қисмига асосланган. Кўрсатганингиздек, бу тармоқ жамоа келишувида акс эттирилган. Текин фойдаланиш ёки ссуда шартномалари бўйича муносабатларни фуқаролик қонунчилиги нормалари тартибга солади (ФКнинг 36-боби). 

Шу муносабат билан касаба уюшмаси қўмитангизга у фойдаланадиган майдонга мутаносиб қисмида ер солиғини тўлаш мажбуриятини юкласа бўладими?

Солиқ мажбуриятини бажариш бевосита солиқ тўловчи томонидан амалга оширилади, Солиқ кодексига ва бошқа қонунларга мувофиқ солиқ мажбуриятини бажариш бошқа шахсга* юклатиладиган ҳоллар бундан мустасно (Солиқ кодексининг 35-моддаси 1-қисми).

Мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлган ташкилотлар, шу жумладан ЎзР норезидентлари юридик шахслардан ер солиғини тўловчиларидир (Солиқ кодексининг 279-моддаси 1-қисми). Бироқ нотижорат ташкилоти бўлган касаба уюшмаси ташкилоти тадбиркорлик фаолиятида фойдаланадиган ер участкаларидан ташқари ушбу солиқнинг тўловчиси ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 279-моддаси 4-қисми 2-хатбошиси).

Текин фойдаланиш шартномалари бўйича муносабатларни тартибга солувчи солиқ ва фуқаролик қонунчилигида ссуда олувчининг ссуда берувчи учун солиқларни тўлаш мажбурияти белгиланмаган. Қонун ҳужжатларида нотурар жойни текин фойдаланиш учун олган шахсларнинг, хусусан, фойдаланадиган майдонга мутаносиб ер солиғини тўлаш мажбурияти ҳам қайд этилмаган.

Шу муносабат билан кўрилаётган вазиятда ссуда берувчи – давлат корхонасида касаба уюшмаси ташкилотидан ўз маблағлари ҳисобига ер ёки бошқа биронта солиқни тўлашни талаб қилишга ҳеч қандай асос йўқ.

Шу билан бирга, солиқ ва фуқаролик қонунчилиги нормаларида мол-мулкдан текин фойдаланганда харажатларни қоплаш шартномаларига кўра солиқлар тўланганлиги муносабати билан чиқимлар суммаларини компенсациялаш тўғрисида келишувлар тузиш тақиқланмаган.

Маълумки, текин фойдаланиш шартномаси бўйича ссуда берувчи ссуда олувчига ашёни вақтинча текин фойдаланиш учун беради, иккинчиси эса бу ашёни муайян вақт ўтгач қайтариб бериш мажбуриятини олади (ФКнинг 617-моддаси 1-қисми). Бунда ссуда олувчи ашёни соз ҳолатда сақлаши ва, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, уни сақлаш билан боғлиқ ҳамма харажатларни тўлаши шарт (ФКнинг 623-моддаси).

ФКнинг ушбу қоидаларига асосланиб, текин фойдаланиш шартномасида ссуда олувчининг шартномага кўра топширилган хонани сақлаш харажатларини тўлаш, шу жумладан ссуда берувчининг тегишли солиқларни тўлаш билан боғлиқ чиқимлари суммасининг бир қисмини қоплаш мажбуриятини қайд этиш мумкин.

Шу тариқа, давлат корхонасининг (ссуда берувчининг) касаба уюшмаси ташкилоти (ссуда олувчи) эгаллаган майдонга мутаносиб қисмда ер солиғини қопланадиган тўловлар (коммунал хизматлар ва ҳ.к. бўйича) таркибига киритиши, агар улар бу ҳақда келишиб олмаган бўлсалар, нотўғри.

 

Камол Музаффаров,

«Norma Online» етакчи эксперти.

 


*Зиммасига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш, солиқ тўловчидан ушлаб қолиш ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига ўтказиш мажбурияти юклатилган солиқ агенти шундай шахс бўлиши мумкин (Солиқ кодексининг 13-моддаси 2-қисми). Солиқ тўловчи томонидан мол-мулк ва шу билан бирга солиқ мажбурияти ишончли бошқарувига топширилган субъект ҳам шундай шахс бўлиши мумкин (Солиқ кодексининг 35-моддаси 3-қисми).

Прочитано: 1511 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика