Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 50 / Иш берувчининг ён дафтарига

Декретдаги ходимани қачон ишдан бўшатиш мумкин

 

ВАЗИЯТ

Аёл билан вақтинча бўлмаган ходимнинг мажбуриятларини бажариш кўзланмаган муддатли меҳнат шартномаси тузилган. Унинг муддати тугагунча аёл ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилга чиқди. Кейинчалик ходима болани 2 ёшга тўлгунча парвариш қилиш таътилини расмийлаштирди. Бироқ унинг болани парвариш қилиш таътили даврида меҳнат шартномасининг муддати тугади.

Агар декретдаги ходима таътилдан чиққунча шартноманинг муддати тугаган бўлса, уни ишдан бўшатиш мумкинми, деган саволга жавоб беришга уриниб кўрамиз.

 

Муддатли меҳнат шартномасини муддати тугаши муносабати билан бекор қилиш

 

Болани 2 ёшга тўлгунча парвариш қилиш таътилида бўлган ходима билан меҳнат шартномасини у тузилган муддат тугаши муносабати билан бекор қилиш мумкин (МКнинг 105-моддаси). Меҳнат шартномаси муддатининг тугаши уни бекор қилиш учун иш берувчининг қарорига боғлиқ бўлмаган мустақил асос ҳисобланади. МКнинг ушбу қоидаларига қарамай, декретдаги ходималар меҳнат қонунчилиги соҳасидаги алоҳида имтиёзлардан фойдаланадилар. Чунончи, муддатли меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин иш берувчи бундай ходимани ишга жойлаштириши шарт (МКнинг 237-моддаси 2-қисми).

Чиқувчи хат-хабарлар журналида рўйхатга олинган, мавжуд муносиб бўш ўринлари таклиф этилган хатлар, ходиманинг кўриб чиқишига таклиф этилган бўш иш ўринларини рад этган ёзма жавоблари ва ҳ.к. иш берувчи ходимани ишга жойлаштириш чораларини кўрганлиги далили сифатида хизмат қилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида муддатли шартнома бекор қилингандан кейин декретдаги ходима қанча муддат ичида ишга жойлаштирилиши шартлиги қайд этилмаган. Бироқ ходима ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб 3 ой давомида меҳнат низолари комиссиясига ёки судга мурожаат этишга ҳақли эканлиги қайд этилган МКнинг 270-моддаси 1-қисми 4-хатбошиси маъносидан келиб чиқилса, у собиқ иш берувчисига меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейинги кундан бошлаб ишга жойлаштириш талаби билан мурожаат қилишга, рад жавоби олганда эса – 3 ой давомида унинг устидан шикоят қилишга ҳақли деган хулосага келиш мумкин. Узрли сабабларга кўра мурожаат қилиш муддатини ўтказиб юборганда у тикланиши мумкин. Агар иш берувчи ходимани ишга жойлаштириш чораларини кўрмаса, бу билан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузади, бунинг учун унга ЭКИҲнинг 2 бараваридан 5 бараваригача жарима солиниши мумкин (МЖТКнинг 49-моддаси).

Бундан ташқари, ишга жойлаштириш даврида ходиманинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб 3 ойдан ошмаслиги керак (МКнинг 237-моддаси 2-қисми). Тўғри, агар иш берувчи бу ходиманинг ишни давом эттиришини истаса, у билан меҳнат муносабатларини давом эттиришига ҳеч нима халал бермайди (МКнинг 105-моддаси). Бироқ бундай истаги бўлмаса, у қонунчиликда белгиланган қоидаларга амал қилиши шарт. Бундай вазиятда иш берувчи шартнома муддати тугашини кузатиши ва ходим билан меҳнат муносабатларини ўз вақтида бекор қилиши зарур. Зеро агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади (МКнинг 105-моддаси 2-қисми).

Меҳнат шартномасидаги муддат тугаши билан уни бекор қилишга қарор қилган иш берувчи ходимга бу ҳақда олдиндан хабар беришга мажбур эмас (ОСПнинг 17.04.1998 йилдаги 12-сон қарори 6-банди).

Бироқ меҳнат қонунчилигининг, хусусан, МКнинг 108-моддасида назарда тутилган бир қатор талаблар бузилишининг олдини олиш мақсадида иш берувчи ходимани шартнома муддати тугаши ҳақида олдиндан хабардор қилиши мумкин. Ходима жойлашган жой маълум бўлмаса, вазият қийинлашади. Одатда, иш берувчи ходимларнинг уй манзили, электрон почтаси, уй ва уяли алоқа телефонлари ҳақидаги маълумотларга эга бўлади. Кўп ҳолларда ушбу алоқа манбалари воситасида ходим билан алоқа боғлаш мумкин. Бироқ баъзан декретдаги ходималар меҳнат шартномаси бекор қилинмаслиги учун атайлаб раҳбарият билан ҳар қандай алоқадан қочадилар. Шу сабабли ходима жойлашган жойни аниқлай олмаганлик далилини қайд этган мақсадга мувофиқдир. Мисол учун, ходима телефон қўнғироқларига, электрон почта хабарларига жавоб бермаётганлиги, пропискадаги ёки илгари ўзи кўрсатган ҳақиқатда яшаётган манзилида йўқлиги ҳақида далолатнома тузиш мумкин. Шунингдек иш берувчи ходимага ишга жойлаштириш таклиф этилган хатни илова қилган ҳолда меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги буйруқ нусхасини* билдиришнома солинган буюртма хат билан почта алоқаси ёки экспресс-почта орқали жўнатиши мумкин.

Ҳатто кўрилган чоралар ҳеч қандай натижа бермай, ходиманинг жойлашган жойи аниқланмаса ҳам, судда иш кўрилган тақдирда иш берувчининг ходимани ишга жойлаштириш мажбуриятини бажариш, меҳнат дафтарчасини топширишни кўзлаб у билан алоқа боғлашга уринишлари ушбу мажбуриятларга виждонан ёндашганлиги сифатида талқин қилиниши мумкин.

 

Ходима алоқага чиқмаса, меҳнат дафтарчасини нима қилиш керак?

Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт (МКнинг 108-моддаси). Ишдан бўшаган ходимлар ушбу ҳужжатларни ўз вақтида олмаган тақдирда, улар корхона ходимлар бўлимида 2 йил давомида сақланади. Ушбу муддат давомида ҳам йўқлаб келинмаган ва олинмаган меҳнат дафтарчалари иш берувчи архивида 50 йил сақланади (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 5.2-банди).

 

Унга тайинланган нафақани тўлаш тўхтатиладими?

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи 2 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда нафақа тўланади (МКнинг 234-моддаси 1-қисми).

Кўрилаётган вазиятда ходима болани парваришлаш таътилига чиқиб бўлган. Бола туғилганда нафақа 1 марта тўланишини ҳисобга олсак, у ҳомиладорлик ва туғиш бўйича бир марта тўланадиган нафақани олиб бўлган ва иш берувчи уни тўлашга доир мажбуриятини бажарган бўлса керак.

Бола 2 ёшга тўлгунча тўланадиган ойлик нафақага келсак, меҳнат шартномасининг муддати тугаганлиги сабабли меҳнат муносабатлари бекор қилинган ҳолларда нафақа тўлаш тўхтатилади. Агар ходима иш берувчининг ишга жойлаштириш таклифини қабул қилган бўлса (МКнинг 237-моддаси 2-қисми), нафақа қонун ҳужжатларида белгиланган муддат – бола 2 ёшга тўлгунча ёки нафақа олувчи онаси ишга чиққунча тўланади (Низомнинг 38-банди, ВМнинг 15.02.2013 йилдаги 44-сон қарорига 1-илова).

 

Мария Колусева,

«Baker Tilly Tashkent» МЧЖ АТ
юристи ёрдамчиси.

 


*Меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқда уни бекор қилиш асослари МКнинг 97 ва 105-моддаларидаги формулировкаларга аниқ мувофиқликда қайд этилган бўлиши шарт.

Прочитано: 2374 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика