Давлат болалар боғчаси васийлик кенгаши билан биргаликда болаларни ўқишга тайёрлаш бўйича («Почемучка») пуллик хизматлар кўрсатмоқчи. Шу мақсадда болалар боғчаси штатига кирмайдиган педагоглар таклиф этилди. Болалар боғчасида бюджетдан ташқари Ривожлантириш жамғармаси мавжуд. Хизматлар ҳақи ушбу Жамғарманинг махсус ҳисобрақамига ўтказилади.
Жалб этилган педагоглар хизматлари ҳақини ва солиқлар бўйича ажратмаларни бюджетдан ташқари Жамғарма маблағларидан тўлаш мумкинми?
Е.Ефремова.
– Йўқ, жалб этилган педагоглар хизматлари ҳақини тўлаш учун болалар боғчасини Ривожлантириш жамғармаси маблағларидан фойдаланишга ҳақли эмассиз.
Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармаси маблағлари фақат:
♦ аввало вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларни ва мавжуд кредиторлик қарзларини тўлашга;
♦ бюджет ташкилотининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тадбирларига;
♦ ижтимоий ривожлантириш ва бюджет ташкилотларининг ходимларини моддий рағбатлантириш тадбирларига сарфланади (ВМнинг 3.09.1999 йилдаги 414-сон қарори билан тасдиқланган Тартибнинг 26-банди).
Мактабгача таълим муассасаси ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан тузилган шартнома асосида асосий таълим дастурларидан ташқари қўшимча пулли таълим хизматлари кўрсатишга ҳақлидир. Бунда ушбу хизматлар муассис томонидан молиялаштириладиган асосий таълим фаолияти ўрнига ва унинг доирасида кўрсатилиши мумкин эмас (Низомнинг 15-банди, ВМнинг 25.10.2007 йилдаги 225-сон қарорига 1-илова).
Юқоридагиларни ҳисобга олганда сиз ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан тузилган шартнома асосида қўшимча пулли таълим хизматлари кўрсатишга ҳақлисиз. Бироқ юқоридаги сабабларга кўра жалб этилган педагоглар хизмати ҳақини Ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан тўлаш тақиқланади.
Бироқ болалар боғчаси тасдиқлаган ва тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметасида назарда тутилган бўлса, таклиф этилган педагоглар ишига ҳақни ушбу муассаса маблағлари ҳисобига тўлаш мумкин.
Жўрабек Муротов,
«Norma Online» эксперти.