Norma.uz

Ортиқча тўловлар Йўриқномага биноан чегириб қолинади

 

Ушбу соннинг мавзуларидан бири – қарздор пенсионерлар билан муносабатлар. Хато равишда керагидан ортиқ пенсия тайинланганлар ҳам улар сирасига киради. Пенсия жамғармаси мутахассиси ортиқча тўловлар энди қандай ундирилиши ҳақида сўзлаб беради.

Ўқувчиларимизнинг саволларини ҳам эътиборсиз қолдирмадик – уларнинг ҳар бирига жавоб топасиз.

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.

 

 

Мутахассис тушунтиради

 

Ортиқча тўловлар Йўриқномага биноан чегириб қолинади

 

Молия вазирининг буйруғи билан Пенсия, нафақа ва бошқа тўловлардан чегирма қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 26.10.2016 йилда 2835-сон билан рўйхатдан ўтказилган) тасдиқланди.

ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаевдан ушбу ҳужжатни шарҳлаб беришини сўрадик.

 

– Бундай ҳужжат ишлаб чиқилишини нима тақозо этди?

– Маълумки, пенсиялардан чегирма қилиш масалалари «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (бундан кейин – Қонун) 65-моддаси билан тартибга солинади. Чегирма қилиш учун қуйидагилар асос бўлишини эслатиб ўтамиз:

суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ва ҳукмлари (мулкий ундиришлар борасида), нотариал идораларнинг ижро варақалари ҳамда Ўзбекистон қонун ҳужжатларига мувофиқ ижроси суд ҳал қилув қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга ошириладиган бошқа ҳал қилув қарорлари ва қарорлар;

пенсионерга пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорлари. Масалан, унинг томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида.

Меъёрларга кўра чегирмалар миқдори пенсиянинг ­50%идан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Айни пайтда Пенсия жамғармасининг таркибий бўлинмаларида ушбу миқдорлар турлича белгиланган, яъни ягона амалиёт мавжуд бўлмаган.

Шу сабабли пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловлардан чегирмалар миқдорини аниқлаштириш зарурати юзага келган. У ягона тартибга солиниши шарт эди. Йўриқноманинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, у ҳар бир пенсия ёки нафақа олувчининг имкониятларини ҳисобга олиб чегирма қилиш масалаларини ҳал этиш имконини берибгина қолмай, балки айрим тушунчаларга таъриф ҳам беради.

 

– Энди ортиқча тўловлар якка тартибда ёндашган ҳолда ундирилар эканда?

– Шундай деса ҳам бўлади. Йўриқномада пенсиялардан чегирмалар миқдори қатъий белгиланган. Улар қуйидаги миқдорларни ташкил этади:

♦ ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида – 10%;

♦ қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақаси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида, пенсия ва нафақалар тўланган вақтда ишга жойлашганлигини яшириш – 30%;

♦ ЭКИҲнинг 2 баробаридан кам миқдорда пенсия ёки нафақа олувчи шахслар бўйича – 5% (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақаси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик, ишга жойлашганлигини яшириш ҳолатларидан ташқари).

Чегирма миқдори суд қарори билан белгиланган ҳолатларда, чегирма суд қарорида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Кўриб турганимиздек, Йўриқномада ортиқча тўловларни тўлашнинг анча аёвчи режими таклиф этилган.

 

– Пенсионер тўлов фоизини ўзи белгилай оладими ёки ҳаммаси ҳужжатга қатъий мувофиқликда амалга ошириладими?

– Пенсионер ўзи учун Йўриқномада кўрсатилганидан камроқ чегирмалар миқдорини белгилай олмайди. Ортиқча тўловларни қоплаш миқдорини оширишга эса ҳақли. Бунинг учун ўзи белгилаган фоиз нисбатидаги миқдори ёхуд қатъий суммаси қайд этилган ёзма ариза бериши зарур.

Пенсионер ёки нафақа олувчи ёзма ариза тақдим этган ҳолда ўзи белгилаган суммалар миқдорини ўзгартиришга ҳам ҳақли.

 

– Пенсиянинг бир қисмини қайтариш далилига тўқнаш келган кишиларнинг хуноби ошади, бу ўринли бўлса керак, ахир улар бировнинг хатоси учун пул тўлашадику?

– Бу борада сизнинг фикрингизга қўшилмайман. Гап шундаки, бундай ҳолатда Пенсия жамғармаси муайян сабабга кўра ортиқча тўланган маблағларни фақат ушлаб қолишини ҳар ким тушуниши керак.

Дарвоқе, хатога келсак. Энди Йўриқномада ушбу тушунчалар тартибга солинди.

Ҳисоблашдаги хато деб пенсия ва нафақаларни ҳисоблашдаги арифметик ҳаракатлар (қўшиш, айириш, бўлиш, кўпайтириш) билан боғлиқ хатони тушуниш лозим.

Дастурий таъминотга маълумотларни киритишдаги механик хато, шунингдек, дастурий таъминот ишидаги бузилиш оқибатидаги хато тушунилади.

Техник хато деб дастурий таъминотга маълумотларни нотўғри киритиш билан боғлиқ хато эътироф этилади. Бундай хато деб, шунингдек пенсия таъминотига оид имтиёзларни қўллашда нотўғри шарҳлаш (услубий китоб, қўлланма ва кўрсатма хатлардан фойдаланган ҳолда), пенсия ҳисоблаш учун қўлланиладиган иш ҳақини қайта ҳисоблашда коэффициентларни нотўғри танлаш, пенсия ва нафақаларни ҳисоблаш учун бошланғич маълумотларни нотўғри кўрсатиш, пенсия ва нафақаларни икки маротаба ўтказиб юбориш, бир давр учун бир нечта асосларга кўра тўлашни амалга ошириш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳисоб-китоб қоидаларига риоя этмаслик ҳам тушунилади.

 

 

Маълумот учун!

Фуқароларнинг ШЖБПҲга БАДАЛЛАРИ бюджетга СОЛИҚЛАР ва мажбурий тўловларга тенглаштирилади. Улар ҳисобланган иш ҳақига солинадиган солиқ суммасининг 1%и миқдорида ҳисобланади.

 

 

 

Расмий жавоб

 

Навбат кутиш чоғидаги суҳбатлар

 

Ҳар биримиз кўпчилик қатнайдиган бирон жойда навбат кутаётиб, хилма-хил суҳбатларнинг ихтиёрсиз гувоҳига айланамиз. Ушбу материалда эътиборингизга ҳавола этилаётган воқеаларни мухбиримизга Пенсия жамғармаси бўлимларидан бирида сўзлаб бердилар. Пенсионерлар берадиган саволлар ҳар доим ҳам вақтида ва ижобий ҳал этилмаслиги сир эмас. Шу сабабли уларнинг айримларига жавобларни мутахассисларнинг ўзидан эшитишга қарор қилдик. Саволларга ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаев жавоб берди.

 

 

Пенсияни қаердан оламан: ишхонаданми ё почтадан?

 

Пенсионер билан 1 ой муддатга ишни бажаришга доир фуқаролик-ҳуқуқий шартнома (ФҲШ) тузилган. Бу ойда унга пенсия иш жойида тўланиши керакми ёки почтадами?

Д.Қосимова.

 

– Ҳаммаси ташкилот унинг пенсиясини Пенсия жамғармасидан маблағларни олишга талабномага киритишга улгуриш-улгурмаслигига боғлиқ. Гап шундаки, иш жойидан пенсиялар ўтган ой учун тўланади, маблағларни олишга талабнома эса жорий ойнинг 10-кунидан кечиктирмасдан тақдим этилган бўлиши зарур (АВ томонидан 3.11.2016 йилда 2836-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 22, 23-бандлари).

Масалан, агар киши ойнинг 5-санасидан кейин фуқаролик-ҳуқуқий шартномани тузган бўлса (пенсияларни тўлашга қайдномалар ойнинг 1–4-саналарида шакллантирилади), жорий ой учун пенсияни Пенсия жамғармаси бўлими орқали олади. Тегишинча, ташкилот бўлим томонидан тўлаб бўлинган ўтган ой учун унинг пенсияси суммасини кейинги ойда талабномага киритмайди.

Юқоридагилардан келиб чиқилса, ФҲШ тузилганда пенсияни Пенсия жамғармаси бўлими тўлайди. Агар фуқарога ФҲШ тузилган ойда пенсиянинг ортиқча суммаси тўланса, у келаси ойда тўланадиган пенсиядан ушлаб қолинади.

 

 

Пенсияни нақд олмоқчиман!

 

Пенсионер 6 ой ҳозир бўлмади. Табиийки, унга пенсия тўлашни тўхтатиб қўйдилар. У қайтиб келиши билан Пенсия жамғармаси бўлимига олинмаган пенсияни тўлашни сўраб мурожаат қилди. Пенсия жамғармасидагилар олинмаган бутун сумма пластик карточкага ўтказилишини айтиб, пенсияни тўламадилар. Пенсионер бунга рози бўлмаяпти, чунки пенсия ихтиёрий асосда карточкага ўтказилиши лозим.

Пенсия жамғармаси бўлими ходимлари ҳақлимилар? Бу муаммони қандай ҳал этиш мумкин?

Л.Сергачёва.

Тошкент ш.

 

– Бу вазиятда Пенсия жамғармаси ходимлари ҳақли эмаслар. Пенсионер пенсия тўлаш тури почта бўлинмаси орқали бўладими ёки пластик карточка воситасидами – буни ўзи белгилашга ҳақли. Айни вазиятда юқори ташкилотга (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармасига ёки бевосита бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижроия аппаратига) мурожаат этишингиз мумкин.

 

 

 

Шахсан келиши шарт

 

Кекса аёл (78 ёшда) чет элдаги болаларининг олдига кетди. Синглисига пенсия олиш учун ишончнома қолдирди. Муайян вақт ўтгач соғлиғи кескин ёмонлашди, энди Ўзбекистонга қайта олмайди. У пенсия олиш учун республикамиз Консуллигида расмийлаштирилган иккинчи ишончномани синглисига жўнатди.

Пенсия жамғармаси бўлими ходимлари ушбу ишончномага кўра пенсия беришдан бош тортяптилар. Айтишларича, қонун ҳужжатларига кўра ишончнома берган шахснинг ўзи келиб, яна ишончнома ёзиб бериши шарт экан. Бу масалани қандай ҳал этса бўлади? Ахир ишончномани кекса аёл ҳали шахсан бора оладиган чоғида Консуллик вакили тасдиқлаган.

А.Пахомова.

 

Ишончнома берган шахс пенсия тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига бир йилда камида 1 марта келиб, тайинланган пенсияга бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқлаши керак. Ишончли вакил пенсия тўлашга таъсир этиши мумкин бўлган, ўзига маълум барча ҳолатлар тўғрисида хабар бериши шарт (Низомнинг 160-банди 2-хатбошиси, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).

Доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетилганда пенсияни тўлаш тўхтатилади.

Бунда пенсияни тўлаш пенсионер ёки унинг васийси Пенсия жамғармаси бўлимига келгандан сўнг ва у ариза тақдим этгандан, шунингдек шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатгандан сўнг тикланиши мумкин (252-сон Низомнинг 171, 172-бандлари).

Пенсионер томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсиянинг ҳисобланган суммаси ўтган вақт учун Президентнинг фармонларига мувофиқ пенсиялар миқдорлари оширилиши ҳисобга олинган ҳолда бир йўла тўланади, бироқ пенсия олиш учун мурожаат қилишдан олдинги 12 ойдан ортиқ вақт учун эмас (252-сон Низомнинг 169-банди).

Тегишинча, бу вазиятда аёл Пенсия жамғармаси бўлимига шахсан келганидан кейин пенсиясини тўлаш тикланиши мумкин. У ўтган давр учун пенсиянинг бутун суммасини олиши мумкин.

 

 

Ихтиёрий асосда

 

Мен уй бекасиман. Иш стажим 5 йилдан ошмайди. Келгусида қанчадир пенсия олишим учун Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўласам бўладими? Агар мумкин бўлса, бунинг учун нима қилишим керак?

З.К.

 

Йўқ, бундай қила олмайсиз. Суғурта бадалларини ихтиёрий асосда қуйидагилар тўлайдилар:

♦ Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигидан чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома олган чет элда ёлланган ҳолда ишловчи Ўзбекистон фуқаролари;

♦ солиқ агенти бўлмаган иш берувчидан даромад олувчи ходимлар – Ўзбекистон Республикасидаги хорижий давлатлар дипломатик ваколатхонасида (элчихонасида ёки миссиясида), консуллик муассасасида (Бош консулликда, консулликда, вице-консулликда ёки консуллик агентлигида) ёки халқаро (ҳукуматлараро) ташкилотлар ваколатхоналарида ишловчи ЎзР фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

♦ якка тартибдаги тадбиркорни (оилавий тадбиркорлик субъектини) давлат рўйхатига олиш тўғрисида гувоҳномада кўрсатилган, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклидаги фаолиятни амалга оширувчи оила аъзолари, ўзлари учун ўзларидаги мавжуд имкониятлардан ва пенсия билан таъминланишнинг миқдоридан келиб чиқиб, бироқ ойига 1 ЭКИҲдан кам бўлмаган миқдорда (Солиқ кодексининг 311-моддаси);

♦ деҳқон хўжалиги аъзолари (унинг бошлиғидан ташқари) (Низом, ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова).

Ушбу ҳужжатда суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлайдиган бошқа тоифадаги шахслар назарда тутилмаган.

 

 

 

Аввал бадал

 

Якка тартибдаги тадбиркор суғурта бадалларини тўлашдан озод қилинадиган, бироқ бунда иш стажи ҳисобланадиган вақт даврлари мавжудми?

Каримжонов.

Тошкент ш.

 

– Якка тартибдаги тадбиркорнинг иш стажига у фаолият юритган ва Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган даврлар киритилади.

Пенсия тайинлаш учун унинг иш стажини ҳисоблаб чиқишда, агар Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари суммаси ушбу йилнинг барча ойлари учун белгиланган энг кам суғурта бадалларидан кам бўлмаса (тўланган пеняларни ҳисобга олмаган ҳолда) иш стажига календарь йил қўшилади. Уларнинг энг кам миқдори ойига 1 ЭКИҲга тенг (Солиқ кодексининг ­311-моддаси).

Бошқа барча ҳолатларда иш стажи суғурта бадаллари тўланган ойларга мутаносиб равишда ҳисобга олинади (46-сон Низомнинг 34, 37-бандлари).

 

 

 

Боқувчисини йўқотганлик учун тўловлар

 

Жияним ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса сабабли вафот этди. Унинг вояга етмаган фарзандлари қолди. Улар боқувчисини йўқотганликлари сабабли пенсия олишга ҳақли бўладиларми?

Кторова.

Тошкент ш.

 

Ҳа, ҳақли бўладилар. Вафот этганнинг болаларига боқувчисини йўқотганлик пенсияси 16 ёшгача тўланади, ўқувчилар эса 18 ёшга тўлгунга қадар уни олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Бунда меҳнатда майибланганлик ёки касб касаллигига чалинганлик оқибатида вафот этган боқувчининг оиласига, шунингдек марҳум пенсионернинг оиласига пенсия боқувчининг иш стажидан қатъи назар тайинланади (Қонуннинг 19-моддаси).

Башарти, боқувчи вафот этган кунга қадар унга ногиронлик пенсияси тайинланиши учун зарур иш стажига эга бўлган бўлса, умумий касаллик ёки иш билан боғлиқ бўлмаган майибланиш оқибатида вафот этган боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланади (Қонуннинг 17, 21-моддалари).

 

Абдурашид Исмоилов,

Тошкент шаҳар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бошқармасининг пенсиялар ва
нафақалар тайинланишини таҳлил ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи.

 

 

Маълумот учун!

Маъмурият билан ишловчи пенсионер ўртасидаги пенсияларни ТЎЛАШ билан боғлиқ НИЗОЛАРНИ ижтимоий суғурта бўйича КОМИССИЯ ҳал этади.

 

 

 

Экспертга савол

 

Бировнинг хатоси юзага келтирган муаммолар

 

Онам тиббиёт ходими, 1999 йилда имтиёзли пенсияга чиққан. Умумий иш стажи – 41 йил, пенсияга чиққунча стажи – 32 йил. Ўтган йили пенсияси миқдорини қисқартириб, 3 726 000 сўм тўлаш мажбуриятини юкладилар. Туман бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига юборилган расмий сўровга шундай жавоб олинди: «Пенсияни қайта кўриб чиқишда ... Қонунга шарҳ ва Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилмаган бошқа услубий кўрсатмаларга асосланилди». Бу хатти-ҳаракатлари қонунийми?

А.З.

Тошкент ш.

 

– Сизнинг ҳолатда чегирма бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими комиссиясининг қарорига асосан амалга оширилган бўлса керак.

Пенсиялардан чегирмалар:

а) суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ва ҳукмлари (мулкий ундиришлар борасида), нотариал идораларнинг ижро варақалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ижроси суд ҳал қилув қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга ошириладиган бошқа ҳал қилув қарорлари ва қарорлар асосида;

б) бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига биноан – пенсионерга унинг томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда қилиниши мумкин.

Пенсиялардан юқорида кўрсатиб ўтилганидан ташқари бошқа ҳеч қандай чегирмалар қилиш мумкин эмас (Қонуннинг 65-моддаси).

Шу тариқа, агар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими ходимлари Қонуннинг юқорида тилга олинган талабларини бузган бўлсалар, сиз уларнинг устидан прокуратура органлари ёки судга шикоят қилишга ҳақлисиз.

Шуни қўшимча қилиш лозимки, ойлик чегирмалар пенсия тўланиши лозим бўлган пулнинг 50%идан ортиқ бўлмаслиги керак. Сизга ойлик чегирмаларнинг аниқ миқдори белгиланган бўлиши керак. Масалан, ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида – 10% (2835-сон Йўриқнома).

Хатингизда қайд этилган ПЖ жавобидан кўринганидек, Йўриқномага биноан, пенсия таъминотига оид имтиёзларни қўллашда нотўғри шарҳлаш ҳам (услубий китоб, қўлланма ва кўрсатма хатлар фойдаланган ҳолда) техник хато бўлиши мумкинлиги ҳисобга олинса, ходимларнинг хатти-ҳаракатларини тўғри деб ҳисоблаш мумкин.

 

Абдусалом Рисқуллаев,

«Norma Online» етакчи эксперти.

 

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

ШЖБПҲ – бир умрга

 

Мен янги биометрик паспорт олдим. Шу муносабат билан ШЖБПҲни ҳам алмаштиришим керакми?

Раҳим С.

Тошкент ш.

 

– Йўқ, ШЖБПҲни алмаштириш керак эмас. Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари умрбод қилиб белгиланадиган доимий шахсий тартиб рақамга эга бўлади.

Фуқаронинг яшаш ёки иш жойи ёхуд паспортидаги маълумотлар ўзгарган тақдирда ШЖБПҲ тартиб рақами ўзгаришсиз қолади ва янгисини очиш талаб этилмайди («Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси).

 

 

Ёшликдаги хато

 

Меҳнат дафтарчамда ёзилган фамилиямга КБ инспектори тузатишлар киритган, бироқ «тузатилганига ишонилсин» деб қайд этилмаган. Пенсия жамғармаси ходимлари айни шу ташкилот менга меҳнат дафтарчасини берганлигини тасдиқловчи маълумотнома олиб келишимни талаб қиляптилар. ПЖ ходимларининг хатти-ҳаракатлари тўғрими?

Сулимов.

Тошкент ш.

 

– Агар иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжатда (сизнинг ҳолатда – меҳнат дафтарчасида) кўрсатилган исми, отасининг исми ёки фамилияси паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бўйича исми, отасининг исми ёки фамилияси билан мос бўлмаса, ушбу ҳужжатнинг айнан сизга тегишлилиги ҳолати фақат меҳнат дафтарчасини ёки иш стажи тўғрисидаги бошқа ҳужжатни биринчи марта сизга берган ташкилот томонидан тасдиқланиши мумкин. Бошқа барча ҳолларда ҳужжатларнинг тааллуқлилиги суд томонидан белгиланиши шарт (252-сон Низомнинг ­80-банди).

 

 

Тергов тугади. Маълумотнома олишни унутманг

 

Турмуш ўртоғим пенсияни расмийлаштириш учун ҳужжатларни тўплаяпти. Муайян вақт давомида у тергов остида бўлган ва ҳеч қаерда ишламаган. Унга нисбатан очилган иш тўхтатилган. Шу йиллардаги стажи қўшиб ҳисобланадими?

А.Р.

 

– Агар турмуш ўртоғингизнинг иши бўйича тергов тўхтатилган ва унда реабилитация (оқлов ҳукми, реабилитацияловчи асослар бўйича иш тўхтатилиши тўғрисидаги ажрим (қарор) ҳақидаги ҳужжатлар ва олдини олиш чораси сифатида қамоқда бўлиш вақти, лавозимдан ноқонуний четлатилганлиги муносабати билан ишламаган вақтини тасдиқловчи тергов органлари ёки ички ишлар органларининг маълумотномалари мавжуд бўлса, бу давр иш стажига ҳисобланиши мумкин (252-сон Низомнинг 67-банди).

 

 

Муддат чекланмайди

 

ОИВ инфекциясига чалинган болалар учун қандайдир ижтимоий тўловлар мавжудми?

Александр С.

Тошкент ш.

 

– Ҳа, Ўзбекистон қонунчилигида бундай болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш назарда тутилган. Хусусан, нафақа олиш ҳуқуқи Болаликдан ногиронларга ва ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 7.04.2011 йилдаги 107-сон қарорига 1-илова) билан тартибга солинади.

Бирор-бир муддат билан чеклашсиз, исталган вақтда нафақа тайинланиши учун мурожаат қилиш мумкин. У қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда тайинланади. Бунда 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган болаларга нафақа болаликдан ногиронлар учун белгиланган миқдорда тайинланади.

Нафақа олиш учун яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилиш зарур. Буни ОИВ инфекциясига чалинганнинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийси қилиши мумкин. Агар бола 16 ёшдан катта бўлса, унинг ўзи нафақа учун ариза тақдим эта олади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

♦ 16 ёшга тўлмаганда – туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси, яшаш жойини тасдиқлайдиган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси, соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан белгиланган тартибда бериладиган тиббий хулоса, ариза берган шахснинг паспорти нусхаси;

♦ 16 ёшдан катта бўлганда – паспортининг нусхаси ва соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан белгиланган тартибда бериладиган тиббий хулоса;

♦ муомалага лаётқатсиз деб эътироф этилган 16 ёшдан катта ОИВ инфекциясига чалинган боланинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийси унинг паспорти нусхаси, ариза берган шахснинг паспорти нусхасини тақдим этади.

Фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомий ариза билан мурожаат қилганда туман (шаҳар) ҳокимининг фарзандликка олиш, васийлик ёки ҳомийликни белгилаш тўғрисидаги қарорининг нусхасини ҳам тақдим этишлари зарур.

 

 

Буни билиш муҳим

 

Тадоригини кўриш лозим

 

Меҳнат фаолияти даврида ҳар бир ходимга шахсий йиғмажилд очилгани сингари пенсияга чиқаётганларга ҳам пенсионер йиғмажилди очилади. Унда нафақат пенсия тайинлаш учун зарур барча бошланғич ҳужжатлар, балки кекса кишининг ҳаётидаги ўзгаришлар – ишга жойлашиши, пенсияси қайта ҳисобланиши, турли қўшимча тўловлар ва бошқалар билан боғлиқ барча ҳужжатлар жамланади. Шу сабабли Пенсия жамғармаси ходимлари ҳам, пенсионерлар ҳам риоя этиши шарт бўлган бир қатор қоидалар мавжуд.

♦ Пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди Пенсия жамғармаси бўлими идоравий архивида сақланади, у уларнинг сақланишини таъминлаш юзасидан барча зарур чораларни кўриши керак.

Пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди йўқолган ва сақланмаган тақдирда, унинг дубликати тикланади.

♦ Ўзбекистон доирасида пенсионернинг яшаш жойи ўзгарган тақдирда, пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди Пенсия жамғармаси бўлимининг сўрови асосида почта орқали жўнатилади ёки пенсионернинг (ишончли вакилнинг) қўлига берилади.

Пенсия таъминоти соҳасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги қатнашчилари бўлган давлатларнинг фуқаролари ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида 1992 йил 13 мартдаги Битим қатнашчилари бўлган давлатларга ва ижтимоий таъминот (пенсия таъминоти) тўғрисидаги икки томонлама шартномалар қатнашчилари бўлган давлатларга доимий яшаш учун жўнаб кетаётган шахснинг пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди, агар аҳдлашаётган давлатлар томонидан ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса, пенсионерга (ишончли вакилга) берилиши мумкин.

Пенсионернинг давлат олдида у томонидан содир этилган суиистеъмолликлар натижасида пенсиялар суммасининг ортиқча тўланиши бўйича қарздорлиги мавжуд бўлганда пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди етказилган зарар тўлиқ қоплангандан сўнг берилади.

♦ Пенсионер ижтимоий таъминот (пенсия таъминоти) тўғрисида халқаро шартномалар тузилмаган давлатга Ўзбекистон Республикаси ташқарисига доимий яшаш жойига жўнаб кетаётганда пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди берилмайди ва у Пенсия жамғармаси бўлими архивида сақланади.

♦ Қария ва ногиронлар, шунингдек руҳий беморлар интернат уйларида яшовчи шахсларнинг пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилдлари ушбу муассасалар жойлашган жойдаги Пенсия жамғармаси бўлимида сақланади.

♦ Улар бўйича пенсия тўлаш тўхтатилган пенсияга оид ҳужжатлар (пенсия йиғмажилдлари, шахсий ҳисобварақлари, тўлов ведомостларининг йиртиб олинадиган талонлари ва бошқалар) Пенсия жамғармаси бўлимининг идоравий архивида, улар бўйича тўлов амалга оширилаётган пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилдидан алоҳида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда белгиланадиган муддатлар мобайнида сақланади.

♦ Қонун ҳужжатларида белгиланган сақлаш муддатлари тугагандан кейин пенсияга оид ҳужжатлар (пенсия йиғмажилдлари, шахсий ҳисобварақлари, тўлов ведомостларининг йиртиб олинадиган талонлари ва бошқалар) илмий-техник ишловдан сўнг Пенсия жамғармаси бўлимининг эксперт комиссияси қарорига биноан йўқ қилиниши мумкин. Пенсияга оид ҳужжатларни йўқ қилиш ҳолатини тасдиқлаш учун Пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи томонидан тасдиқланадиган тегишли далолатнома тузилади.

Пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилдида меҳнат дафтарчаси ва ўлим тўғрисидаги гувоҳнома мавжуд бўлган тақдирда ушбу ҳужжатлар пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилдидан олиб қўйилиши ва қонун ҳужжатларида белгиланган муддат мобайнида сақланиши керак.

 

Мавзувий сонни мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 1285 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика