Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 50 / 2017 йил – халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Буюк мақсадлар билан яшаш саодати

 

Инсон ҳаётида ўтаётган куннинг қандай бўлгани, аҳамияти эришган ютуқлари билан белгиланса, Ватан ва халқ тақдирида йиллар муҳим роль ўйнайди. Йиллар сарҳисоб қилинади ва натижалар таҳлили олиб борилади.

 

Жорий йилда халқимиз улкан ютуқлар билан бирга катта йўқотишларни ҳам бошидан ўтказди. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти, мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов вафоти халқимизни оғир қайғуга солди. Аммо халқимиз йўлини йўқотмади, аксинча, янада бирлашди, аҳил-ҳамжиҳат халқ эканини жаҳон узра яна бир бор намоён этди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96, 117-моддалари, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ мамлакатимизда муддатидан олдин Президент сайлови ўтказилди.

Биринчи Президентимиз Ислом ­Каримов ҳар бир янги йилга муайян ном бериш анъанасига асос солган эди. Йилларга ном берилар экан, бу йўналишда давлат дастури қабул қилиниб, соҳадаги ишлар ривожида муҳим қадамлар қўйилади.

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда 2017 йилга «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб ном беришни таклиф этди. Бу Биринчи Президентимиз бошлаб берган инсон, унинг ҳаёти, озодлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқ ҳамда эркинликлари муқаддас саналиши каби ғоянинг мантиқий давоми бўлди.

«Бизнинг энг катта бойлигимиз бу меҳнатсевар халқимиздир», деган эди Биринчи Президентимиз. Дарҳақиқат, ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда амалга оширилган туб ўзгаришлар ва ислоҳотларни, барча ҳудудларда бажарилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари замирида халқ манфаати, аҳоли фаровонлиги мужассам.

Инсон манфаатлари, халқ фаровонлигини таъминлашда халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини билиш муҳим ҳисобланади. Одатда яхши таклиф ва муаммоли масалалар самимий мулоқот ва суҳбатларда етилади ва ечимини топади.

«Биз кейинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйдик. Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш бизнинг фаолиятимизда, афсуски, охирги ўринга тушиб қолди», деди Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида.

Жорий йил 25 сентябрда ташкил қилинган Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига фуқаролардан 218 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг қарийб 59 фоизи ечимини топган бўлса, 41 фоизи кўриб чиқилмокда. Бу халқ билан қилинган очиқ ва самимий мулоқот натижасида муаммолар ҳал этилиб, масалалар ечим топган, таклифлар такомиллаштирилиб, лойиҳалар амалиётга татбиқ этилишига олиб келди.

Халқ билан мулоқот инсон манфаатларининг юксалишига олиб келади. Яъни, мулоқот ва манфаат тушунчаси халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойилга асосланади. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидаги асосий вазифалар давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларининг тубдан такомиллашишига замин бўлиб, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини топиш учун имконият яратади.

«Бизнинг асосий мақсадимиз – «Халқ қабулхоналари»га қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратишдан иборат», деди Ш.Мирзиёев. Бу дегани ҳар бир туман ва шаҳарда ташкил этилиши кутилаётган «Халқ қабулхоналари» фуқароларнинг мақсад ва манфаатларини рўёбга чиқарадиган куч сифатида амалиётга жорий этилади.

Яна бир жиҳат: бу қабулхоналар ҳар бир ҳудуддаги вазиятни, аввало, қонун, фармон ва қарорлар ижросини аҳолининг кенг қатламига етказиш, уларнинг самарадорлигини янада оширишда муҳим қадам бўлади. Бу ишлар инсон манфаатларини таъминлашга, дунёдаги ривожланган давлатлар қаторига кириш, халқимизнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, Ватанимизнинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини юксалтириш йўлидаги ишларимизни изчил давом эттиришга асос бўлади.

Халқимиз буюк мақсадлар, эзгу ниятлар билан яшаш қандай юксак марраларга, саодатга мушарраф этишини яхши билади. Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, деган тамойил халқимиз ҳаётида, турмуш даражаси ва сифатининг изчил ўсиб бораётганида ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Шу боис Ватанимиз мустақиллигининг қадрига етиш, уни мустаҳкамлаш учун курашиш ҳар биримизнинг фуқаролик, фарзандлик бурчимиздир.

Мустақиллик йилларида эришилган улуғвор натижалар давомийлигини халқимиз ўзи танлаган, ўзи сайлаган Президенти раҳбарлигида давом эттиражак.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 2683 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика