Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 43 / Амалий навигатор

Ортиқча тўловни қайтариш

 

Газетхонларимиз ва «Norma» электрон маҳсулотларидан фойдаланувчилар экспертларга мурожаат қилишар экан, кўпинча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ортиқча тўланган суммани бюджетга қандай қилиб қайтаришни тушунтириб беришни сўрашади. Тўланган ва ҳисобланган солиқ суммалари ўртасидаги ижобий фарқ ана шундай тўлов деб эътироф этилади.

Мурожаат қилувчиларнинг вазиятлари билан бу вазиятлардан чиқишни белгилайдиган қонун ҳужжатларини таҳлил қилиб, биз ортиқча тўланган суммаларни бюджетдан қайтаришга доир мўъжаз қўлланма-маслаҳатномани ­тайёрладик.

 

Ҳисоб бизнинг фойдамизга эмас

Ортиқча тўлов турли сабабларга кўра юзага келиши мумкин.

Биринчиси – энг кўп тарқалган сабаб. Солиқ тўловчи томонидан солиқни ҳисоблаш пайтида йўл қўйилган хатолар. Улар солиқ тўланганидан кейин, одатда, кейинги солиқ даврида аниқланади. Аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқларнинг ортиқча тўланган суммасини кўрсатади.

Иккинчиси – баъзи-баъзида учраб турадиган сабаб. Бироз эътиборсиз бухгалтер солиқни Интернет-банкинг орқали тўлаш пайтида тўлов суммасига ортиқча нолни қўшвориши мумкин. Агар бундай тўлов ўтса, ортиқча тўлов ҳосил бўлади.

Учинчиси – солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларидан келиб чиқадиган сабаб. У фойда, мол-мулк солиқлари, улгуржи сотувчилар томонидан эса – ягона солиқ тўлови бўйича бўнак тўловларини назарда тутади. Баъзан тўланган бўнак солиқ тўловчининг ҳақиқий оборотларидан ҳисобланган солиқ суммасидан ошиб кетади. Ана шунда солиқ ҳисоботи маълумотлари бўйича ортиқча тўлов ҳосил бўлади.

Тўртинчиси – эҳтиёткорлик юзага келтирган сабаб. Баъзи ташкилотлар олдиндан эҳтиёткорлик қилиб, бўш пулларини бўлғуси тўловлар ҳисобига солиқларни тўлаш учун ихтиёрий равишда йўналтирадилар ва уларнинг шахсий ҳисобварақларида ортиқча тўлов юзага келади.

Бешинчиси – тафтишчилар топган сабаб. Ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ текширувида аниқланиши мумкин. Ушбу ҳолда сиз назорат қилувчи органлар бюджетга тўлаш учун солиқларни нафақат қўшимча ҳисоблашлари, балки уларни қайтариш учун ҳам ҳисоблаб чиқара олишларига ишонч ҳосил қиласиз.

Олтинчиси – шахсий сабаб. Ортиқча тўлов жисмоний шахсларда ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Кўпинча бу нарса иш берувчи-корхона ўриндош ходимнинг аризасига асосан унинг даромадларидан солиқни энг юқори ставкада ушлаганда юз беради. Шунингдек, агар даромадларни ҳисоблаб ёзиш пайтида жисмоний шахсга тааллуқли солиқ имтиёзлари қўлланмаса, ортиқча тўлов юзага келиши мумкин. Иккала ҳолда ҳам ходим йил якунларига кўра жами даромади тўғрисида декларация топшириши ва солиқ органлари ЖШДСни белгиланган шкала асосида қайта ҳисоблашлари ва унга ортиқча тўланган солиқ суммасини қайтаришлари шарт.

Амалиётда солиқлар бўйича ортиқча тўловлар бошқа сабабларга кўра ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Амалдаги солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари солиқ тўловчиларга ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқлар, мажбурий тўловлар, шунингдек пеня ва жарималар суммаларини ҳисобга олиш ёхуд қайтариш ҳуқуқини беради. Солиқ тўловчилар ундан ортиқча тўлов юзага келган солиқ даври тугаганидан кейин 5 йил мобайнида фойдаланишлари мумкин (Солиқ кодексининг 31, 38-моддалари).

 

ДИҚҚАТ! Ортиқча тўловнинг сабаби қандай бўлмасин, уни бартараф этиш қуйидаги чизма бўйича амалга оширилади: тўловларни ҳисобга киритиш ва уларни бюджетдан қайтариш. Иккала операциянинг тартиби Солиқ кодекси (56–58-моддалар) ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бюджети ижросининг молия органларида бухгалтерия ҳисоби бўйича йўриқнома (АВ томонидан 10.04.2006 йилда 1560-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланади.

 

Ортиқча тўловни ҳисобга киритиш: амалий қадамлар

Ортиқча тўланган солиқлар ва мажбурий тўловларни ҳисобга киритиш муайян навбатлиликда амалга оширилади.

1

Биринчи навбатда, масалан, текширув натижалари бўйича ҳосил бўлган мазкур солиққа доир пеня ва жарималар сўндирилади. Ушбу ҳолда ортиқча тўловни солиқ органлари ўзлари – солиқ тўловчининг аризасисиз ҳисобга киритиб, уни бу ҳақда ҳисобга киритгандан кейин 3 кун ичида ёзма равишда хабардор қиладилар.

 

2

Кейин, агар молиявий санкциялар йўқ бўлса, ортиқча тўлов суммаси бошқа солиқ турлари бўйича қарзни сўндиришга йўналтирилади. Бунинг учун юридик шахс ҳисобга қўйилган жойидаги солиқ инспекциясига ортиқча тўланган солиқларни ҳисобга киритиш тўғрисида ёзма ариза топшириши керак. Унда қуйидагилар кўрсатилиши лозим: ариза берувчининг номи; унинг СТИРи; юридик манзили; ортиқча тўлов ҳосил бўлган солиқ тури; ҳисобга киритиладиган сумма; ортиқча тўлов ҳисобга киритилиши лозим бўлган солиқ тури. Ортиқча тўлов суммасини белгиланган шаклдаги солиштирма далолатнома билан тасдиқлаш лозим. У 2 нусхада тузилади ва ДСИ бошлиғи (ёки унинг ўринбосари) ҳамда солиқ тўловчи томонидан имзоланади.

ДСИ солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварақлари маълумотлари асосида унда кўрсатилган солиқ бўйича ортиқча тўлов борлиги ва уни бошқа солиқлар бўйича ҳисобга киритиш тўғрисида хулоса беради ҳамда уни ДСИнинг ҳисоб бўлимида юритиладиган Ҳисобга киритиш тўғрисида хулосалар реестрида рўйхатдан ўтказади. Кейин хулоса ариза билан бирга мазкур суммани ҳисобга киритиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун молия органига топширилади.

Агар бир солиқ тури бўйича ортиқча тўлов ва бошқалари бўйича боқимондаларга эга бўлган солиқ тўловчи солиқ ҳисоботини топширгандан кейин 10 кун ичида ҳисобга киритиш тўғрисида ариза топширмаса, солиқ органи молия органларига уни ўтказиш тўғрисида аризани мустақил равишда тақдим этиши мумкин. Унга асосан молиячилар 10 иш куни мобайнида солиққа доир ортиқча тўловни ҳисобга киритадилар.

 

3

Барча боқимондалар сўндирилган, бироқ мазкур солиқ бўйича жорий тўловларни киритиш муддати келган бўлса, ортиқча тўлов уларни сўндиришга йўналтирилади. Масалан, фойда солиғининг ортиқча тўланган суммаси ушбу солиқни навбатдаги тўлаш сифатида ҳисобга олинади. Бундай ҳисобга киритиш солиқ тўловчининг аризаси бўйича ҳам, солиқ органларининг ўзлари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.

 

4

Ва ниҳоят, ортиқча тўлов мазкур солиқ бўйича жорий тўловлар ҳисобварағига қайд этилганидан кейин қолган сумма бошқа мажбуриятлар бўйича ҳисобга киритилади. Масалан, фойда солиғи бўйича ортиқча тўлов суммаси солиқ тўловчининг ёзма аризасига кўра мол-мулк ёки ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқлари бўйича жорий тўловларга йўналтирилади. Бундай ҳисобга киритишни солиқчилар солиқ тўловчининг ёзма аризасисиз ҳам амалга оширишлари мумкин.

 

ДИҚҚАТ! Бир солиқ тўловчининг солиқлар бўйича ортиқча тўлови бошқа солиқ тўловчининг солиқ қарзини сўндириш учун ҳисобга киритилмайди.

 

Ҳисобвараққа тушиши учун

Ҳисобга киритишларнинг навбатлилиги тартибида қарздан кейингина солиқ тўловининг қолган суммаси солиқ тўловчига қайтарилади – унинг банкдаги ҳисобварағига ўтказилади. Бироқ бунинг учун ҳам қонун ҳужжатлари билан белгиланган талабларга риоя этиш лозим.

Даставвал ўз солиқ инспекциясига солиқлар бўйича ортиқча тўловни қайтариш тўғрисида ариза топшириш керак. ДСИ юридик шахснинг шахсий ҳисобварақлари маълумотлари асосида кўрсатилган тўлов бўйича ортиқча тўловнинг мавжудлиги тўғрисида хулоса тайёрлайди ва уни тўловчининг аризаси билан бирга молия органига суммани бюджетдан қайтариш тўғрисида қарор қабул қилиш учун топширади.

 

ДИҚҚАТ! Ортиқча тўлов ариза солиқ инспекциясига топширилгандан кейин 30 иш куни мобайнида қайтарилиши керак.

 

Жисмоний шахсларнинг даромадларидан ортиқча тўланган солиқлар ва тўловларни қайтаришга келсак, уларнинг суммалари фуқаролар томонидан Ўзбекистон банкларида махсус очилган шахсий ҳисобварақларга уларнинг аризалари бўйича ҳам ўтказилади.

Ўтган йили бюджетга келиб тушган, жорий йилда бекор қилинган ортиқча тўловлар тегишли маҳаллий ва республика бюджетининг даромадлари ҳисобварағига қайтарилади.

Агар ортиқча тўлов илгари амал қилган, кейин эса бекор қилинган солиқ ёки тўлов бўйича ҳосил бўлган бўлса, у ҳам солиқ тўловчига қайтарилиши ёки боқимондани сўндириш ёхуд бюджетга бошқа солиқлар ва тўловларни жорий тўлаш учун ҳисобга киритилиши мумкин. Ушбу операциялар Молия вазирлиги, ДСҚ ва Марказий банкнинг ўз ҳудудий бўлинмаларига биргаликдаги топшириғи асосида бюджетга янги солиқ ёки тўлов тушумлари ҳисобига амалга оширилади.

 

ДИҚҚАТ! ҚҚС бўйича юзага келган салбий фарқ ташкилотларга Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига қайтариш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 7.04.2016 йилда 2775-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосан қайтарилади.

 

Аризага асосан қайтариш

Бошқа мажбурий тўловлар бўйича қайтариш ҳам солиқ тўловчининг ёзма аризасига асосан, ариза уларни ундирган органларга топширгандан кейин 30 иш куни мобайнида амалга оширилади.

Чунончи, товарлар ва транспортни божхона чегараси орқали олиб ўтиш чоғида тўланган ҚҚС ва акциз солиғи божхона тўловларига киради. Шу боис уларнинг ортиқча тўлов суммаларини ҳисобга киритиш ва қайтаришни божхона органлари божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари томонидан белгиланган тартибда амалга оширадилар.

Давлат божини тўлиқ ёки қисман қайтариш ҳолларининг ёпиқ рўйхати Солиқ кодексининг 342-моддаси билан белгиланган. Улар жумласига талаб қилинганидан ортиқча миқдорда тўланган божлар; даъвогарнинг аризаси суд томонидан кўрилмаганда суд даъво аризалари бўйича тўловлар; хорижга чиқиш учун рухсатнома бериш рад этилганда тўланган божлар ва бошқалар киради. Ушбу ҳолларда маблағлар тўловчининг ёзма аризаси ёки суднинг ҳал қилув қарорлари асосида қайтарилади. Тўланган ёки ортиқча тўланган божни қайтариш учун аризачи уни ундирган давлат органи ёки ташкилотга мурожаат қилиши керак.

Бюджетга ИИВ, МХХ, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмончилик давлат қўмитаси ва бошқа давлат тузилмаларидан келиб тушган жарималарнинг ортиқча суммалари тўловчига молия органининг тўлов топшириқномаси бўйича қайтарилади. Санкция қўллашга ваколатли орган тақдим этган тўловчининг ёзма аризаси, шунингдек жарима бюджетга тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар ва уни тўлиқ ёки қисман қайтариш тўғрисидаги ҳал қилув қарори асос бўлиб хизмат қилади. Тўланган ва бюджетга қайд этилган суммалар ўртасидаги фарқ жарима солган орган ҳисобварағидан сўндирилади.

 

Суд харажатлари ҳам қайтарилади

Амалдаги қонун ҳужжатлари солиқ органларини тўловчининг аризасига биноан 30 иш куни мобайнида унга солиқларнинг ортиқча тўланган суммасини қайтаришга мажбур этади. Агар ташкилот бюджет олдида солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича қарзга эга бўлмаса, улар ортиқча тўловни қайтаришни рад этишга ҳақли эмаслар. Акс ҳолда аризачи юқори органга шикоят билан ёки судга даъво билан мурожаат қила олади.

Олий хўжалик судининг «Бюджетдан маблағларни ундириш (қайтариш) билан боғлиқ баъзи масалалар тўғрисида» ахборот хатида (ОХСнинг 28.11.2002 йилдаги 60-сон қарори билан тасдиқланган) тушунтиради: «ФКнинг 15-моддасига кўра давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар давлат томонидан ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тўланиши керак. Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларининг айби билан етказилган зарарларни қоплаш суднинг қарори билан шу мансабдор шахслар зиммасига юкланиши мумкин.

Ушбу ҳужжатга кўра давлат органларига (божхона, солиқ, монополиядан чиқариш хизматлари, маҳаллий ҳокимият органлари ва бошқа тузилмаларга) асоссиз ундирилган маблағларни сўзсиз қайтариш тўғрисида даъво тақдим этилганда судлар ХПКнинг 38-моддаси талабларига риоя этган ҳолда Молия вазирлиги ёки унинг ҳудудий органини шерик жавобгар сифатида жалб этишлари керак. Низони кўришда сўзсиз тартибда ундирилган маблағлар бюджетга тўлиқ қайд этилган-этилмаганлиги ёки уларнинг бир қисми турли идоравий фондларни тўлдириш учун ушбу органларнинг ҳисобварақларига ўтказилган-ўтказилмаганлигини аниқлаш лозим. Агар бундай қайд этиш амалга оширилган бўлса, даъвогарларнинг талаблари қондирилаётганда бюджетдан маблағларни қайтариш шуни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак.

Даъвогарга у судга мурожаат қилганда тўлаган суд харажатларини ҳар қандай ҳолда ҳам пул маблағларини ҳисобдан чиқариш пайтида қонун ҳужжатларининг талабини бузган давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳисобидан қоплаш керак».

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2966 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика