Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 43 / Солиқ солиш

Харидори йўқ товарни олиб кириш: сотиш вариантлари

 

Норезидент муайян харидори бўлмаган товарни Ўзбекистонга олиб киради. Тайин этилган пункт – очиқ турдаги божхона омбори, эгаси – ЎзР резиденти. Товар божхона омборидан: 1) хорижий компания (юқоридаги норезидент) билан корхона – ЎзР резиденти ўртасидаги олди-сотди контракти бўйича; 2) ЎзР резиденти билан худди шундай товарни олди-сотди қилиш контрактига эга бўлган бошқа норезидент номига ўзгартириб ёзган ҳолда сотилади.

1. Товарларни божхона омборидан фактура қийматидан юқори қийматда сотганда норезидент – товар етказиб берувчисида солиқ оқибатлари юзага келадими? Агар юзага келса, кимда – норезидентнинг ўзидами ёки тўлов манбаида?

2. Ушбу товарлар фактура баҳосидан юқори баҳода сотилганда солиқ оқибатлари юзага келадими?

3. Товарлар божхона омборида бошқа норезидентга ўзгартириб ёзилганда солиқ оқибатлари қандай бўлади?

4. Норезидентнинг, фақат шу норезидент номидан амалга ошириладиган ва фақат товарлар харид қилиш (олиш), шунингдек товарларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш билан боғлиқ ташқи савдо операциялари (шу жумладан товар айирбошлаш операциялари) бўйича олинган даромадлари (Солиқ кодексининг 155-моддаси) деганда нима тушунилади?

Д.Селимова,

молия бўлими бошлиғи.

 

Товарларни даромад олган ҳолда сотиш

Саволингизга жавобни шартли мисол ёрдамида кўриб чиқамиз.

Хорижий компания – ЎзР норезиденти муайян харидори бўлмаган товарларни Ўзбекистон божхона ҳудудига олиб кирди ҳамда божхона юк декларацияси ва товарнинг кузатув ҳужжатлари асосида уларни божхона омборига жойлаштирди (Божхона кодексининг 92-моддаси).

Декларация «Божхона омбори» (ИМ-74) режимида расмийлаштирилади, унинг 42-устунида товарларнинг ташқи савдо контракти валютасидаги фактура қиймати акс эттирилади.

Товарлар ташқи савдо контрактини тузмасдан етказиб берилганда уларнинг фактура қиймати товарнинг кузатув ҳужжатлари асосида кўрсатилади (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 25-банди). Уларга ҳисобварақ-фактура, инвойс, юклаб жўнатиш ва ўров варақлари, коносамент, юкхат ёки товарларни ташишда кузатиб борувчи бошқа ҳужжат киради (БКнинг 9-моддаси).

Масалан, товарларнинг кузатув ҳужжатларига кўра божхона омборига жойлаштириладиган товарларнинг қиймати 100 000 АҚШ долларини ташкил этса, БЮДнинг (ИМ-74) ­42-устунида уларнинг фактура қиймати – 100 000 доллар кўрсатилади.

Айтайлик, норезидент корхона – ЎзР резиденти билан илгари божхона омборига жойлаштирилган товарларни етказиб беришга доир импорт контрактини тузди. Контракт шартларига кўра товарлар 120 000 доллар баҳосида сотилиши керак. Айни шу қиймат норезидентга тўланадиган сумма ҳисобланади.

Эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириладиган товарлар БЮД (ИМ-40) бўйича расмийлаштирилади, унинг 42-устунида импорт контракти шартларига кўра тўланадиган (амалда тўланган) декларацияланаётган товарнинг фактура қиймати кўрсатилади. Бизнинг мисолда норезидентга тўланадиган сумма 120 000 долларни ташкил этади.

Норезидентнинг товарларни реализация қилишдан оладиган даромадлари норезидентга тўланадиган сумманинг олиб кирилган товарнинг контракт (фактура) қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади (Солиқ кодексининг 155-моддаси 3-қисми 4-банди).

Бизнинг мисолда норезидентга тўланадиган сумманинг (120 000 доллар) олиб кирилган товарнинг фактура қийматидан (100 000 доллар) ошган қисми 20 000 долларни ташкил этади. Айни шу сумма норезидентнинг Ўзбекистон ҳудудида товарларни реализация қилишдан оладиган даромади ҳисобланади.

Норезидентга тегишли товарларни норезидентнинг ўзи ёхуд резидент томонидан воситачилик (топшириқ) шартномаси асосида Ўзбекистон ҳудудида реализация қилишдан олинадиган даромадлар норезидентнинг тўлов манбаида солиқ солинадиган даромадларига киради (Солиқ кодексининг 155-моддаси 3-қисми 4-банди). Резидентлар тўлов манбаида олинадиган солиқни норезидентларга даромадларни тўлаш пайтида ушлаб қолишлари шарт (Солиқ кодексининг 165-моддаси 2-қисми).

Етказиб берилган товарларнинг контрактда назарда тутилган қийматини (120 000 доллар) норезидентга тўлаш пайтида резидент корхона норезидентнинг даромадидан (20 000 доллар) тўлов манбаида солиқни 20%лик ставкада ушлаб қолиши шарт (Солиқ кодексининг ­160-моддаси ­4-банди).

Бизнинг мисолда тўлов манбаида ушлаб қолинадиган солиқ суммаси 4 000 долларни (20 000 х 20%), солиқ ушлаб қолингандан кейин норезидентга тўланадиган сумма 116 000 долларни (120 000 – 4 000) ташкил этади.

Солиқ норезидентга тўловларни тўлаш санасидан кечиктирмай бюджетга ўтказилади (Солиқ кодексининг 165-моддаси 4-қисми ­1-банди). Солиқнинг суммаси даромадни норезидентга тўлаш санасида ЎзР МБ томонидан белгиланган курс бўйича ҳисоблаб чиқарилади (Солиқ кодексининг 155-моддаси 8-қисми).

Солиқнинг суммаси тўлов манбаида ушлаб қолинмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси резиденти солиқнинг ушлаб қолинмаган суммасини ва у билан боғлиқ пеняни бюджетга киритиши шарт (Солиқ кодексининг 165-моддаси 3-қисми). Агар норезидент ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ойлик давр ичида 183 календарь кунидан ортиқ вақт давомида Ўзбекистондаги божхона омборидан товарларни сотса, норезидентнинг бундай фаолияти доимий муассаса юзага келишига олиб келади (Солиқ кодексининг 20-моддаси 1-қисми, ­3-қисми 8-банди). Бунда у Солиқ кодексининг 154-моддасига мувофиқ солиқ органларида ҳисобга қўйилиши ва Ўзбекистон ҳудудида товарларни сотишдан олган даромадларидан солиқни мустақил равишда тўлаши шарт.

 

Товарларни фактура қийматида сотиш

Импорт контрактига кўра (норезидентга тўланадиган) товарларнинг қиймати улар божхона омборига жойлаштирилганда товарларнинг кузатув ҳужжатларида кўрсатилган фактура қийматидан ошмаслиги мумкин.

Бу ҳолда норезидент товарларни сотишдан даромад олмайди ва унда солиқ оқибатлари юзага келмайди. Масалан, норезидент қиймати 100 000 долларлик товарларни божхона омборига жойлаштирди. Кейинчалик у резидент корхона билан товарларни шу қийматда – 100 000 долларга етказиб бериш учун импорт контрактини тузди.

Бу ҳолда норезидент товарларни Ўзбекистонда сотишдан даромад олмайди, сабаби норезидентга тўланадиган сумма олиб кирилган товарнинг фактура қийматидан ошмайди.

 

Товарларни божхона омборида бошқа норезидентга ўзгартириб ёзиш

Божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган товарни бошқа шахсга ўтказиш, унга нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш ҳуқуқини бошқа шахсга бериш учун божхона органларини ёзма шаклда хабардор этиш ва божхона декларациясини тақдим этиш зарур. Товарга нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш ҳуқуқи божхона декларацияси божхона органига берилган пайтдан эътиборан бошқа шахсга ўтказилган деб ҳисобланади (БКнинг 96-моддаси).

Божхона омборига жойлаштирилган товарлар битта норезидентдан бошқа норезидентга ўзгартириб ёзилганда тегишли БЮД расмийлаштирилади, унинг 42-устунида товарларнинг кузатув ҳужжатларига асосан товарларнинг фактура қиймати акс эттирилади. Агар товар каттароқ қийматда берилса, ошган сумма норезидентнинг солиқ солинадиган даромади ҳисобланмайди. Товар эркин муомалага чиқариш (импорт) режимида расмийлаштирилган ҳолдагина Ўзбекистон ҳудудида сотилган деб ҳисобланади. Бунда божхона ҳудудига олиб кирилган товар уни қайтариб олиб чиқиш мажбуриятисиз шу ерда эркин муомалада қолади (БКнинг 55-моддаси).

Норезидент – товар ҳуқуқий ворисининг даромади у ЎзР резиденти ёки республика ҳудудида доимий муассаса сифатида рўйхатдан ўтказилган бошқа норезидент билан тузилган импорт контрактига асосан ушбу товарни сотганда аниқланади.

Норезидентдан олинадиган даромад солиғини тўлов манбаида ушлаб қолишни резидентлар, шунингдек Ўзбекистонда фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширувчи ва бошқа норезидентга даромад тўловчи норезидентлар амалга оширишлари шарт (Солиқ кодексининг ­155-моддаси 7-қисми).

Норезидент-ҳуқуқий вориснинг товарларни Ўзбекистонда сотишдан олган даромадлари юқорида кўриб чиқилган тартибда аниқланади.

 

Норезидентнинг ташқи савдо операциялари бўйича даромадлари

Ташқи савдо фаолияти халқаро товарлар, ишлар (хизматлар) савдоси соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятидир. Ташқи савдо фаолияти товарларни, ишларни (хизматларни) экспорт ва импорт қилиш йўли билан амалга оширилади («Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси).

Агар норезидентнинг фаолияти фақат товарларни импорт қилиш билан боғлиқ бўлиб, бунда Ўзбекистон ҳудудида даромад олган ҳолда товарларнинг сотилиши истисно этилса, олиб кирилган товарларнинг қиймати ҳисобига норезидентга тўланадиган тўловлар норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олган даромади деб қаралмайди (Солиқ кодексининг 155-моддаси 4-қисми).

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1588 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика