Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 37 / Тадқиқот

Трансферт нархларнинг солиқ муаммолари

 

Тадбиркорлик фаолиятини олиб боришда мазкур фаолият субъектлари ўртасида тузиладиган битимларнинг аҳамияти жуда катта. Битимларда ўрнатиладиган нархлар тадбиркорлик фаолияти натижасида олинадиган фойда бўйича солиқларнинг тўланишига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Мазкур мақолада биз ўзаро алоқадор ҳисобланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан бозор нархларидан фарқли тарзда белгиланадиган трансферт нархларни қўллашнинг оқибатлари ва мазкур иқтисодий воқеликни тартибга солиш масалаларини ёритишга ҳаракат қиламиз.

 

Тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи иқтисодий операцияларини олиб боришнинг, яъни товар ва хизматлар экспорт-импорт операцияларини амалга оширишнинг икки хил турини кўрсатиш мумкин. Биринчи турда мазкур операцияларни амалга ошираётган ҳамда турли мамлакатлар солиқ резиденти ҳисобланувчи тадбиркорлик субъектларининг бир-бирига боғлиқ жойи мавжуд эмас, яъни «ўзаро алоқадор шахслар» ҳисобланмайди. Экспорт- импорт операциялари амалга оширилишининг иккинчи турида мазкур операция қатнашчилари турли давлатларда жойлашган бўлсалар-да, бир-бири билан улушларга ёки акцияларга эгалик қилиш орқали «ўзаро алоқадор» ҳисобланишади. Масалан, экспорт-импорт операцияларини амалга оширувчи субъектларнинг бири иккинчисининг шўъба корхонаси ҳисобланиши мумкин ёки иккала компания акцияларига ҳам битта юридик ёки жисмоний шахс эгалик қилиши мумкин. Мазкур икки турдаги экспорт-импорт операцияларининг бири-биридан фарқ қиладиган нарса ушбу амалга оширилаётган битимларнинг нархи ҳисобланади. Ўзаро алоқадор бўлмаган томонлар ўртасидаги экспорт-импорт битимларининг нархи албатта нормал ҳисобланади, яъни битим нархи товар ёки хизматнинг таннархи ва унга қўшилган қийматни ўз ичига олади. Кўпинча ўзаро алоқадор компаниялар ўртасида амалга ошириладиган экспорт-импорт операциялари бўйича битимларнинг нархи ўзаро алоқадор бўлмаган компаниялар ўртасида тузилиши мумкин бўлган битимлар нархидан фарқ қилади.

Ўзаро алоқадор компаниялар ўзаро тузилган шартномаларда трансферт нархлар ўрнатиб, солиқларни тўлашдан қочишга уринадилар. Халқаро солиқ ҳуқуқи соҳасидаги йирик олимлардан бири Ревен Ави-Йона (Reuven S. Avi-Yonah) таъкидлаганидек, резидентликка асосланган солиқ тизимидаги давлатлардан даромадларни олиб чиқиб кетишнинг энг осон йўли трансферт нархларни қўллаш ҳисобланади1.

Солиқ ҳуқуқи муносабатларида трансферт нархлар деганда ўзаро алоқадор компаниялар томонидан, асосан трансмиллий корпорациялар, яъни компаниялар гуруҳларига кирувчи юридик шахслар ўртасида бозор нархларидан фарқли нархларда битимлар тузиш орқали товарлар ёки хизматларни реализация қилиш тушунилади. Қисқача айтганда, трансферт нархлар тушунчаси ўзаро алоқадор юридик шахслар ўртасида тижорат битимларини нархлаш маъносини беради. Масалан, ягона компаниялар гуруҳига кирувчи ишлаб чиқарувчи компания ўз маҳсулотини мазкур гуруҳ аъзоси бўлган бошқа компанияга паст нархларда сотади, мазкур компания эса уларни истеъмолчиларга бозор нархларида реализация қилади. Ушбу ўзаро алоқадор компаниялар ўртасидаги маҳсулотларнинг реализацияси трансферт нархлар ҳосил бўлишига олиб келади.

Кўпинча бундай битимлардаги нархларни бошқариб туришдан асосий мақсад солиқларни тўлашдан бўйин товлашдир ва бу албатта, кўп давлатлар учун муаммолар туғдиради.

Трансферт нархларни ҳосил қилиш орқали компаниялар гуруҳининг умумий фойдасини солиқлар паст даражадаги давлатларда жойлашган компаниялар фойдасига қайта тақсимлаш ва шу йўл орқали тўланадиган солиқларни минималлаштиришга ҳаракат қилинади. Трансферт нархлар ҳосил қилишнинг асосий мақсади корпорациялар гуруҳига кирувчи компаниялар ўртасидаги битимларга бозор нархидан ўзгача бўлган ўз нархларини ўрнатиш орқали компаниялар гуруҳининг умумий фойдасини оширишдан иборатдир.

Юқорида кўриб ўтилганга ўхшаш ўзаро алоқадор юридик шахслар ўртасидаги операцияларда нархларни манипуляция қилиш мамлакат бюджетларига даромад келиб тушишининг камайишига олиб келади. 2004 йилда Буюк Британияда учта йирик япон автогигантлари – Ниссан, Хонда ва Тойота компанияларининг трансферт нархларни ҳосил қилиши бўйича текширув ўтказилган. Текшириш натижаларида ушбу япон автомобиль компанияларининг Буюк Британиядаги шўъба корхоналари орқали трансферт нархлар 2004 йил давомида Буюк Британия бюджетига қарийб 1 млрд фунт стерлинг миқдоридаги солиқлар келиб тушмаслигига олиб келган. Ўтказилган текширувлар натижасида Ниссан компанияси Буюк Британия бюджетига қўшимча 37 млн фунт стерлинг солиқ суммасини тўлашга мажбур бўлган2.

Трансферт нархларни ҳосил қилишдан асосий мақсад солиқ тўлашни минималлаштириш бўлганлиги сабабли бу ҳолат давлатлар томонидан назорат қилинади. Трансферт нархларни қўллаш натижасида бюджетга тушумлар йўқотилиши ёки камайишининг олдини олиш мақсадида давлатлар томонидан трансферт нархларга қарши курашувчи ҳуқуқий механизмлар татбиқ этилади. Бу механизмларни қўллаш натижасида ўзаро алоқадор компаниялар ўртасида нархларга тузатиш киритилади ҳамда тўланадиган солиқ базаси ҳам тегишлича кенгаяди.

Трансферт нархларни ҳуқуқий тартибга солиш асосан халқаро даражада иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида тузилган битимлар орқали ҳамда мамлакатлар даражасида эса ўз ички солиқ қонунчилиги асосида амалга оширилади.

Ихтиёржон ТЎРАБОЕВ,

Тошкент давлат юридик университети

«Молия, банк ва солиқ ҳуқуқи» кафедраси ўқитувчиси.

 

 


1Reuven S. Avi-Yonah, International Tax as International Law: An Analysis of the International Tax Regime, Cambridge University Press, 2007, page 102.

2Angharad Miller and Lynne Oats, Principles of International Taxation, (3rd edition) Bloomsbury Professional, 2012, page 353.

 

 

Трансферт нархларни қўллаш орқали солиқларни тўлашдан бўйин товлашга мисол

АҚШнинг Camera Inc компанияси фотоаппаратлар ишлаб чиқиш билан шуғулланиб келади. Унинг Orient фотоаппаратлари улгуржи нархларда ҳар бири $100 нархида сотилади, ҳолбуки унинг таннархи $20 ни ташкил этади. Camera Inc фотоаппаратларни унга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган компанияларга $100 дан сотади ва ҳар бир сотилган маҳсулотдан $80 солиқ солинадиган даромад олади. Айтайлик, Camera Inc фотоаппаратлари ўзининг 100% эгалигидаги Бермуд оролларида жойлашган Camera Inc, Bermuda компаниясига $100 дан эмас, балки $40 доллардан сотди. Кейинчалик эса Camera Inc, Bermuda мазкур фотоаппаратларни $100 дан реализация қилди. Мазкур операциялар натижасида АҚШнинг Camera Inc компанияси $20 доллар фойда кўрди холос (чунки фотоаппарат таннархи $20 ни ташкил этган). Camera Inc, Bermuda компанияси эса ҳар бир сотилган фотоаппаратлардан $60 даромад олади.

Юқоридаги битимни амалга ошириш натижасида Camera Inc компанияси ўзининг олиши мумкин бўлган даромадининг 75%ини бошқа солиқ юрисдикциясига ўтказиб юборди. Бермуд оролларининг оффшор зона эканлиги ва фойда солиғи паст даражадаги юрисдикция эканлигини эътиборга олсак, Camera Inc компанияси гуруҳи зиммасига тушадиган умумий солиқнинг анчагина қисмини тўлашдан қочишга эришганини кўриш мумкин.

Прочитано: 2592 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика