Ходимимиз даволаниш учун моддий ёрдам сўраб ариза ёзди.
1. Солиқ кодексининг 179-моддаси бўйича имтиёзни даволаниш учун моддий ёрдамга қўлласа бўладими?
2. Моддий ёрдам даволаниш учун сарфланганини тасдиқловчи қандайдир ҳужжатларни тақдим этиш керакми?
3. Солиқ кодексининг 178-моддаси 16-бандига кўра ходимга меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёхуд соғлиққа бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ моддий ёрдамни тўлаш мумкинми? Ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлиги деганда у меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлганларигина тушуниладими?
Л.Юнусова,
МЧЖ бош бухгалтери.
1 |
Агар ходим меҳнат мажбуриятларини бажариши чоғида соғлиғига шикаст етиши билан боғлиқ бўлмаган даволаниши учун пулли моддий ёрдам тўламоқчи бўлсангиз, Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-бандидаги имтиёзни қўллай олмайсиз.
Бироқ унга амбулаторияда ва (ёки) стационар тиббий хизмат кўрсатилганда, даволаниш ҳақини тўлаб, Солиқ кодексининг 179-моддаси 3-бандидаги имтиёзни қўллашга ҳақлисиз.
2 |
Ҳа, керак. Солиқ кодексининг 179-моддаси 3-бандида қуйидаги ҳолларда солиқ солишдан озод қилиш назарда тутилган:
ходимларни даволаганлик, уларга тиббий хизмат кўрсатганлик учун корхона томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларига нақд пулсиз ҳақ тўланган тақдирда;
соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан ёзиб берилган ҳужжатлар асосида ушбу мақсадлар учун мўлжалланган нақд пул маблағлари бевосита ходимга, ходим йўқлигида, унинг оила аъзоларига, ота-оналарига берилган ёки мазкур мақсадлар учун мўлжалланган маблағлар ходимнинг банкдаги ҳисобварағига киритилган тақдирда.
Даволашга ҳақ тўлаш ҳақидаги қарорни корхона раҳбари томонидан ходимнинг аризасига асосан қабул қилинади ва буйруқ билан расмийлаштирилади. Ушбу тўловларга ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари солинмайди.
3 |
Меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёхуд соғлиққа бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ моддий ёрдам (Солиқ кодексининг 178-моддаси 16-банди) касб касаллиги ёхуд меҳнатда майиб бўлиш ёки иш пайтида жароҳатланиш билан бевосита боғлиқ бўлган соғлиқни йўқотиш ёки вақтинча меҳнат лаёқатини йўқотиш чоғида тўланади. ЭКИҲнинг 12 бараваригача миқдордаги бундай моддий ёрдамга ЖШДС солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-банди).
Ходимнинг соғлиғига меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки у ўз меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли зарар етказилганда (МКнинг 189-моддаси) тўланиши лозим бўлган зарар миқдори Меҳнат кодексининг 190-моддасига мувофиқ белгиланади.
Бундай ҳолларда ходимга унинг даромади сифатида қаралмайдиган ва солиқлар солинмайдиган тўловлар тўланиши назарда тутилган (Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисми 9-банди).
Агар ходимингизни даволаш зарурати меҳнат вазифаларини бажариш чоғида соғлиғига шикаст етиши билан боғлиқ бўлмаса ва бунда ходим соғлиқни сақлаш ташкилотидан даволаш ҳақини тўлашга ҳужжатларни тақдим этмаган бўлса, моддий ёрдам рағбатлантириш хусусиятига эга тўлов ҳисобланади ҳамда унга ЖШДС, суғурта бадаллари ва ЯИТ солинади (Солиқ кодексининг 173-моддаси 4-банди).
Неля ВАЛИНИНА,
«Norma Online» эксперти.